Қора моғор Афғонистон шимолида ҳам аниқланди, вазият қанчалик хавотирли? Hindiston koronavirus dunyo yangiliklar

Published

Афғонистон қора моғор аниқлангани расман тасдиқланган Ўзбекистонга бевосита чегарадош биринчи минтақа давлати бўлди. Қора моғор касаллиги ўзбекистонликлар учун қанчалик хавфли, деган савол ҳали май ойидаёқ ўртага чиққанди. У одамларни кўзларидан айириши, ўлдириши мумкин.

Қора моғор оғир инфекцион хасталиб бўлиб, қарийб 50 фоизга яқин ҳолатда фожеий якун топиши айтилади.

Агар, расмий маълумотларга таянилса, Афғонистонда қора моғор ҳоллари саноқли кунларнинг ўзида қарийб ўнтага етган.

Қора моғор билан боғлиқ илк ҳолатларнинг бири эса, Афғонистон шимолида аниқланган.

Афғонистон ва Қозоғистон - ҳозирда коронавируснинг ҳиндча, деб ҳам танилган Дельта штамми кириб келгани расман тасдиқланган минтақадаги икки давлат.

Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирининг куни-кеча келтирган маълумотларига таянилса, жорий пайтда пойтахт Кобулдаги жами коронавирус ҳолларининг 60 фоизи айнан дельта штаммини юқтирганлар ҳисобига тўғри келади.

Вазир Важид Мажруҳнинг айтишича, мамлакат пандемия тарихидаги энг юқори кундалик кўрсаткичлар ҳам шу йил июнь ойида қайд қилинган.

Ҳар куни икки мингдан зиёд инсонда коронавирус аниқланган ҳолатлар ҳам бўлган.

Биргина расмий статистиканинг ўзиёқ Афғонистонда ҳозир ҳам кунига бир ярим мингга яқин одамнинг коронавирусга чалинаётганини кўрсатади.

Бу Марказий Осиё давлатларидаги билан солиштирганда фақат Қозоғистондан кейинги энг йирик кўрсаткич бўлади.

Афғонистон Соғлиқни сақлаш вазири қора моғорга қарши курашиш учун махсус чоралар кўриш, пойтахт Кобул ва вилоятлардаги тиббиёт марказларида унга чалинган инсонлар учун махсус бўлинмалар ажратишга буйруқ берган.

Аммо бу беморларнинг айнан ким эканликлари, бошқа сурункали хасталиклардан азоб чекишганми-йўқлиги, ковиддан қандай даволанишгани ва қора моғорни қай йўл билан юқтиришгани тафсилотлари ҳозирча ноаён қолган.

Дельта штамми ва минтақа

Қозоғистонда ҳам худди Афғонистондаги каби коронавируснинг дельта - ҳиндча штамми ўтган ой аниқланган.

Қозоғистоннинг ортидан Ўзбекистонда ҳам бу штамм топилганига оид хабарлар бўй кўрсатган.

Аммо Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази матбуот хизматига таяниб тарқатилган айни мазмундаги хабарлар мамлакат соғлиқни сақлаш масъуллари томонидан ҳалича ўзининг тўлиқ тасдиғини топмаган.

Улар бунинг эҳтимоли катта эканини айтишаркан, фақат текширувларнинг якуний натижасига қарабгина қатъий бир хулосага келиш мумкинлигини айтишган.

Афғонистонда қора моғор ҳолларининг ортиб бораётганига оид расмий хабарларга ҳозирча унга қўшни давлатлар масъулларининг бирор бир муносабат билдириб чиқишгани кўзга ташланмайди.

Ковиддан тузалган беморларда хавфли қора моғор юқтириш ҳолларининг кескин ошаётгани Ҳиндистонда шу йил май ойида маҳаллий шифокорларнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлган.

Қора моғор билан боғлиқ ташвишли ҳолат Ҳиндистонда катта эҳтимол билан айнан ҳиндча штамм сабаб бўлгани айтилган даҳшатли коронавирус инқирози фонида бўй кўрсатганди.

Сўнгги расмий статистикага кўра, ҳозир Ҳиндистонда қора моғорга чалинганларнинг жами сони қарийб 12 минг кишига яқинлашган.

Уларнинг аксарияти айнан ковиддан тузалган собиқ беморлар экани айтилади.

Ўзбекистон "дельта" штамми сабаб, ҳали май ойи охиридаёқ Ҳиндистон билан мунтазам авиарейсларни вақтинчалик чеклаган.

Бунинг ортидан яна қўшимча карантин чораларига қўл урган.

Мамлакатга кириб келаётган барчанинг коронавирусга тест топшириши, жамоат транспортларида ниқобда юришни қайта шарт қилиб қўйган.

Коронавирусга қарши эмланаётган тоифалар кўламини ҳам кенгайтирган.

Айнан коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашаётгани изоҳи билан 21 июнь куни Афғонистон билан чегарасини ҳам вақтинчалик ёпган.

Қора моғор ва Ўзбекистон

Қора моғорнинг Ўзбекистон аҳолиси учун қанчалик хавфли экани саволи эса, мамлакатда ҳали Ҳиндистонда жиддий хавотирларга сабаб бўлган май ойидаёқ кун тартибига чиққани кўрилган.

Бу ҳақдаги саволга Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, тиббиёт фанлари доктори Севара Убайдуллаева расман ва ошкора жавоб берган.

У ҳам "мукормикоз" касаллиги ҳиндистонлик коронавирусга чалинганлар орасида аниқланаётгани ва ўлим ҳолатини кучайтираётгани ростлигини таъкидлаган.

Ўзбекистонлик масъул ўз жавобида "мукормикоз"нинг аслида қандай касаллик экани ва уни келтириб чиқарадиган асосий омилларга ҳам тўхталиб ўтгани кўрилган.

"Мукормикоз бу замбуруғлар туркумига мансуб инфекцион омил бўлиб, у иссиқ ўлкаларда кўп учраши"ни айтган.

Инсон организмида касаллик бўй кўрсатиши сабабини иммунитетнинг пасайиши билан изоҳлаган.

Бунга коронавирус инфекцияси баробарида, олимларнинг фикрларига таяниб, антибиотикларни узоқ муддат ёки ноўрин қабул қилинишининг таъсири борлигини билдирган.

Севара Убайдуллаева бунинг ортидан мамлакат аҳолисидан "доимий равишда карантин қоидаларига риоя қилишларини талаб қилишлари"ни айтган.

Шу билан бирга, "вакцинация касалликдан ҳимояловчи ишончли омил эканини яна бир бор таъкидлашлари"ни баён қилган.

Ўтган ой охирида эса, қора моғор масаласига Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари ҳам эътибор қаратгани маълум бўлган.

Ботир Қурбонов маҳаллий журналистлар билан савол-жавоб чоғида бу касаллик ўзбекистонликларга хавф солмаётганини айтган.

У Ўзбекистонда аниқланган ҳиндча штаммни қора моғор касаллиги билан боғлаш нотўғри эканлигини ҳам билдирган.

"Қора моғор касаллиги британча штаммда ҳам, уҳан штаммида ҳам бўлиши мумкинлиги"ни айтган.

Шундай экан, "қора моғор ўзбекистонликлар учун ҳеч қандай хавфли эмас"лигини таъкидлаган.

Бунинг сабабини эса, масъул "қора моғорнинг четдан келмаслиги, унинг даволаш воситаларининг зарарсизлантирилмаслиги оқибатида келиб чиқадиган замбуруғли касаллик ҳисобланиши" билан изоҳлаган.

Қора моғор

Қора моғор иммунитети заиф одамлар учун ҳаётларига хавф солиш даражасида ўта хавфли ҳисобланади.

Бу замбуруғ инсоннинг бурун шиллиқ қавати, ўпка ва ҳаттоки миясига ҳам таъсир қилади.

Ҳиндистонлик шифокорлар орада қора моғорнинг айнан мияга ўтишига йўл қўймаслик учун айрим беморларнинг зарарланган кўзларини олиб ташлашгача борганликларини ҳам айтишган.

Ушбу замбуруғлар органик моддалар билан озиқланади ва кенг тарқалган: улар тупроқда, ўсимликларда, чириётган мева, сабзавотлар ва ҳайвонларнинг гўнгида учрайди.

Ҳиндистонлик шифокорлар қора моғорнинг ривожланишида ковид беморларини даволашда фаол қўлланилаётган стероидлар сабаб эканини тахмин этишган.

Улар қора моғор, айниқса, қанд хасталигидан азоб чекувчи ковид беморларига жиддий хавф туғдиришини айтишган.

Шифокорларга кўра, айнан стероидлар бу каби беморлар иммунитетини заифлаштириб, уларнинг қонидаги қанд миқдорининг ошишига олиб келади.

Яқинда эълон қилинган халқаро тадқиқот натижалари ҳам худди шу нарсага далолат қилган.

Натижалар дунё бўйлаб қора моғор юқтирганларнинг 94 фоизи қандли диабетдан азоб чекувчи инсонлар эканини кўрсатган.

Энг кўп ҳоллар эса, айнан диабет хасталиги кенг тарқалган Ҳиндистон ҳисобига тўғри келиши маълум бўлган.

Глобал коронавирус пандемиясига қадар қора моғор дунёнинг камида 38 давлатида аниқланган.

Бунга ҳам асосий сабаб қандлик диабет хасталиги экани айтилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek