Ўзбекистон: Ибодат либосидан олиб ташланган тақиқ, тўхтатилган оммавий тадбирлар ва рус ҳарбийлари Самарқандда машқ бошлади O‘zbekiston koronavirus dunyo yangiliklar

- Президент "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонунни имзолади;
- ССВ пневмония ҳолатлари статистикасини ҳам юрита бошлади;
- "Ўзекспомарказ"даги тақсимловчи марказ қайта очилди;
- Россиялик ҳарбийлар Самарқандда ҳарбий машғулот ўтказмоқда;
Олиб ташланган тақиқ
Президент Шавкат Мирзиёев "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонунни имзолаган.
Қонун билан виждон эркинлиги меъёрлари янада аниқлаштириб қўйилмоқда.
Хусусан, қонунда мамлакатда диннинг сиёсатга аралашиши ва диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмаслиги аниқ кўрсатилган.
Шунингдек, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш билан боғлиқ тартиб соддалаштирилган.
Эндиликда, маҳаллий диний ташкилотлар, жумладан, масжидлар ва бошқа конфессияларнинг ибодатхоналарини ташкил этиш бўйича ташаббускор фуқаролар сони икки баробарга қисқартирилмоқда.
Қонунда диний таълимнинг профессионал мақоми ҳам расман эътироф этилган.
Диний таълим муассасасидан ташқарида диний таълим бериш ноқонуний фаолият ўлароқ белгиланган.
Жамоат жойларида ибодат либосида юришга оид тақиқнинг қонундан чиқариб ташланиши эса энг муҳим ўзгаришлардан бири сифатида кўрилган.
Қонунга берилган расмий шарҳда бунга қонунчилик ҳужжатларида "ибодат либоси" тушунчасининг ҳуқуқий таърифи мавжуд эмаслиги сабаб қилиб кўрсатилган.
Бундан ташқари диний ташкилот тузиш учун талаб этиб келинган маҳалла фуқаролар йиғинлари розилигини олиш тартиби бекор қилинган.
130 дан зиёд ортиқ миллат ва элат вакиллари 16 конфессияга амал қилиб келаётгани айтилувчи мамлакатдаги тинч-тотувликни таъминлашга давлатнинг кафил экани қонунда қайд этиб ўтилган.
Коронавирус ва пневмония

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Соғлиқни сақлаш вазирлиги илк бор расмий коронавирус статистикасини аниқланган пневмония ҳолатлари билан биргаликда тақдим эта бошлаган.
Вазирликнинг маълум қилишича, 5 июль куни мамлакат бўйлаб 496 инсонда коронавирус, 172 нафар кишида пневмония аниқланган.
3 нафар бемор вафот этган.
Ўтган вақт давомида ковид белгилари мавжуд, аммо тест натижалари коронавирус инфекцияси мавжудлигини аниқламаган ҳолатлар нега умумий статистикага қўшилмаётгани бир неча бор савол остига олинган эди.
Ўзбекистоннинг айрим қўшнилари ўтган йили бу ишга қўл урган.
Масалан, Қозоғистонда 2020 йил 1 августдан бошлаб лабораторияда коронавирус инфекцияси аниқланмаган, лекин касаллик белгилари ковид билан бирдек бўлган пневмония ҳолатлари коронавирус статистикасига бирлаштирилган.
Айни ўзгариш Ўзбекистонда кунлик коронавирус кўрсаткичлари юқори ҳолда қолаётган бир пайтда бўй кўрсатмоқда.
Мамлакатда эпидемияга қарши кураш йўлида 5 июль куни қатор чекловларни жорий қилинган.
Жумладан, барча турдаги оммавий тадбирлар - спорт мусобақалари, концерт, фестиваль, театр ва кино дастурлари дохил - вақтинча тўхтатилган.
1 августдан бошлаб тўй ва маросимларни 50 кишидан кўп бўлмаган ҳолда ўтказиш белгиланган.
"Ўзекспомарказ" "қайта очилди"

Сурат манбаси, official
"Ўзекспомарказ"даги тақсимлаш маркази ўз фаолиятини қайта бошлаган.
Марказ 750 ўринли экани хабар қилинган.
Бундан аввал Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 5 июнга қадар пойтахтдаги барча ковид-марказларини қайта очишга кўрсатма берган эди.
Шаҳар ҳокимлигининг маълум қилишича, тақсимлаш марказларига беморларни нафақат тез тиббий ёрдам машиналари, балки шахсий автомашиналарда етказиш мумкин.
Ҳамкорликдаги машғулот

Сурат манбаси, official
Самарқанддаги "Сазаган" дала-ўқув майдонида россиялик ҳарбийлар билан ҳамкорликда жанговар тайёргарлик машғулотлари бошланган.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги икки ҳафта давом этувчи машғулотлар мобайнида икки давлат ҳарбийлари ўзаро тажриба алмашишини маълум қилган.
Ҳарбий зирҳли транспортининг мўлжалга олувчи оператор ва механик ҳайдовчиларини тайёрлаш, ўқчи, мерган ва артиллерия мутахассислиги бўйича ҳамкорликда жанговар тайёргарлик машғулотлари олиб борилиши хабар қилинган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


































