Куннинг саволи: Қирғиз-Тожик можароси Марказий Осиё учун нимани англатади - таҳлил Qirg‘iziston Tojikiston mintaqa dunyo yangiliklar

Қирғиз-тожик можаросининг жабрдийдалари

Сурат манбаси, Getty Images

Published

Ўзбекистон Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги сўнгги можаро юзасидан жиддий хавотир билдириб чиққан биринчи минтақа давлати бўлди. Вазиятни тезроқ ўнглаш учун расман ҳар томонлама ёрдамини ҳам таклиф қилди.

Аммо зиддиятли чегара ҳудудлари масаласи минтақадаги барча мустақил давлатларга бирдек хос муаммо бўлади.

Олиб борилаётган музокаралару, берилаётган ваъдаларга қарамай, бу муаммонинг, ўттиз йилдирки, ўзининг якуний ечимини топмай келаётгани кўрилади.

Қирғизистон ва Тожикистон минтақанинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош учта давлатидан иккитаси бўлишади.

Биргина Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида 9 та мунозарали ҳудуд мавжуд бўлиб, у ерда икки мамлакат фуқаролари ўртасида зиддиятлар тез-тез юз бериб келади.

Ўтган йили Сўхда юз бергани эса, Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан, Ўзбекистоннинг бир минтақа давлати билан ўзаро чегарасида юз берган энг йириги бўлган.

Шу йил март ойида Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти билан "чегара бўйича муносабатлари тарихида биринчи марта жуда қаттиқ ва аниқ келишиб олишган"ини расман баён қилган.

Аммо Қирғизистондан олинаётган хабарлар маҳаллий аҳолининг бу борадаги келишувлардан ҳам норози эканини кўрсатади.

Уларда фуқароларининг норозилик митинглари ортидан, Қирғизистон Кампиробод сув омбори яқинидаги ҳудудлар бўйича келишувни ўзгартириш ниятида экани айтилади.

Марҳум президент Ислом Каримов ўз вақтида сув туфайли минтақада уруш бошланиб кетиши мумкинлигини ҳам таъкидлаган.

Мавжуд вазият Москва собиқ Совет Иттифоқи давлатларининг баҳсли чегара масалаларидан ўзининг глобал геосиёсий амбициялари йўлида фойдаланиши мумкинлигига оид жиддий хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Ҳам Тожикистон ва ҳам Қирғизистон Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатлар саналишади.

Икки давлат чегарасидаги сўнгги можаронинг мазкур ташкилот Мудофаа вазирларининг Тожикистон пойтахти Душанбедаги расмий учрашувидан кун ўтиб юз бергани ҳам кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортмай қолмаган.

Шундай экан, ўзаро чегарада бу яқин йиллар ичида сув юзасидан келиб чиққан энг ёмони экани айтилаётган сўнгги қуролли тўқнашув минтақа учун нимани англатади?

Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов

Сурат манбаси, facebook/kamoliddinrabbimov

Камолиддин Раббимов,

Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон-Франция

Камолиддин Раббимов: Бу можаронинг бир қанча ўлчамлари мавжуд.

Марказий Осиё давлатлари сиёсий элиталарида минтақавий узвийлик ва ягона тақдирни англашдан кўра, ўзаро рақобат ва ишончсизлик руҳияти нисбатан устивор бўлиб қолмоқда.

2010 йилги воқеалардан сўнг, Ўзбекистон жамияти ва дунё ўзбеклари "жароҳатланган миллат" сифатида кўрилади.

Сўнгги йиллардаги "Сўх воқеалари" Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ишончсизликни қайтадан янгилади.

Гарчи Ўзбекистон бу каби совуқлик шакллантирувчи воқеаларни ёпишга, текислашга уринса-да, Бишкекдаги сиёсий қараш ва интилишлар бошқача эканлиги, икки давлат ўртасидаги кичик масалалар расмий Тошкентга "босим воситаси" сифатида кўрилиши кузатилади.

Яъни, чегара муаммоларини, можароларни инструментлаштиришга интилиш ва бу орқали қўшни давлатга таъсир қилишга интилиш, афсуски, мавжуд.

Натижада, бу каби тўқнашув ва можаролар қўшни давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорликка жиддий салбий таъсир қилади, улар ўртасидаги рақобат ва тарафкашликларга туртки беради.

Оқибатда, бу зиддиятлар минтақанинг геосиёсий парокандалигига, ташқи қудратли давлатлар ва ҳалқаро ташкилотларнинг минтақага таъсир қилиш имкониятини оширади.

Минтақанинг асосий давлатлари бўлмиш Ўзбекистон ва Қозоғистон Россиянинг ҳарбий-стратегик лойиҳаси ҳисобланмиш КХШТнинг Фарғона водийсига кириб келиши ва ўрнашиб олишини ўзларининг узоқ муддатли геосиёсий мустақиллигига таҳдид, деб билишади.

Қирғизистон-Тожикистон ўртасидаги чегара можаролари эса, КХШТ каби ташкилотларнинг минтақага кириб келиши учун ўта қулай "маънавий-ҳуқуқий асос" сифатида талқин қилиниши мумкин.

Сўнгги можарода ўт қўйилган уйлардан бири

Би-би-си: Шундай экан, бу каби ҳолат қайтиб такрорланмайди, дейишга қанчалик асос бор?

Камолиддин Раббимов: Ҳозирги пайтда на Қирғизистон ва на Тожикистон можарони давом этишидан, унинг тўлақонли урушга айланиб кетишидан манфаатдор эмас.

Томонлар бир-бирига керакли сигналларни беришди, ўзларининг "чекинмаймиз" қабилидаги сиёсий иродаларини изҳор қилишди.

Лекин икки тарафда ҳам уруш ва давомли можарони кўтара оладиган ресурслар мавжуд эмас.

Тожикистон аҳоли ресурсларига кўра Қирғизистондан жиддий фарқ қилади. Тожикистон аҳолиси 9.5 миллиондан ортиқроқ экани айтилса, Қирғизистон аҳолиси эса 6.5 миллион атрофида, деб билинади.

Ҳарбий жиҳатдан ҳам, Тожикистон нисбатан қудратли ва марказлашган армияга эга.

Қирғизистондаги асосий муаммо - олий ҳокимият жамиятдаги барча жараёнларни тўлиқ назорат қила олмайди, айниқса, жамиятдаги инқилобчилик руҳияти ниҳоятда кучли.

Бугунги кунда Қирғизистон "заиф давлат" унсурларига эга. Шу сабаб, Қирғизистонда аҳоли кутилмаганда бош кўтариб, қўшни Тожикистон аҳолиси, давлати ёки ҳудудига нисбатан ҳеч қандай даъволар қилмайди, деб кафолат бериш имконсиз.

Худди шундай даъво ёки можаролар Ўзбекистонга қарши ҳам бўлиши мумкин.

Лекин қўшни Тожикистондаги марказлашган ва кучли ҳокимият оддий тожикистонликлар томонидан қўшни Қирғизистон давлати ёки аҳолисига қарши мана шундай можароларнинг бўлишини истисно қилади.

Тошкентдаги музокаралар

Сурат манбаси, official

Би-би-си: Бу муаммонинг якуний ечими борми, бўлса, нима? Зиддиятли чегара масаласини ҳал қилиш учун минтақа давлатларида етарлича сиёсий хоҳиш-ирода борми? Ёки бу муаммонинг ечими яна ва аслида нималарга боғлиқ?

Камолиддин Раббимов: Аслида, чегараларни аниқлашдан ташқари, минтақа давлатлари ва халқлари зеҳниятида салбий рақобат, миллатчилик ва ишончсизлик руҳияти анча кучли.

Собиқ СССР парчалангач, минтақа давлатлари иҳоталаниш ва миллиятчилик сиёсатини парваришлашди.

Натижада, сиёсий элиталардаги рақобат руҳияти оддий одамлар онгигача етиб келди.

Қолаверса, минтақа давлатлари, халқлари ва уларнинг ресурслари, истиқболдаги имкониятлари ҳар хил тақсимланган.

Шу сабаб, баъзи давлатлар ва халқлар ўзларини вазмин ва салобатли тутишга имкон топса, бошқалари вазият билан суришишга, ўз имкониятларини миллатчилик билан бўлса-да, кенгайтиришга интилишади.

Лекин, минтақа давлатлари раҳбарлари билишадики, агар минтақада миллатчилик ва давлатлараро салбий рақобат, можаролар кучайиб борса, минтақанинг барча давлатлари ютқазади.

Чунки минтақа давлатлари ва халқлари ягона цивилизацияга, узвий ўзликка мансуб.

Ички низолар минтақанинг геосиёсий, сиёсий парокандалигига, иқтисодий таназзулига сабабчи бўлади.

Айни пайтда, ҳозирги паллада минтақа лидерларида ягона стратегик қараш мавжуд эмаслиги, қадриятлар турфахиллиги, минтақанинг тақдири ягона эканлигини англаш даражаси ҳар хил эканлиги кўринади.

Лекин Ўзбекистон ва Қозоғистондаги олий ҳокимият алмашинуви, минтақада янги геосиёсий вазият шаклланишига, минтақадаги олдинги ўта ашаддий рақобат руҳи бугунга келиб, анча юқори ҳамкорлик ва оҳиста дипломатия руҳиятига ўрин бўшатганини кузатиш мумкин.

Қирғизистон-Тожикистон ўртасида бўлиб ўтган можаро минтақа давлатлари ўртасидаги дипломатияни жадаллаштирди. Чегараларни аниқлаш тезлашади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek