Дайжест. Россия: Навальнийнинг Қуръон ўқишига Рамзан Қодиров нега қарши? Танзила Норбоева муҳожир аёлларни олиб кетишга келдими? O'zbekiston Rossiya migrantlar

Сурат манбаси, ANADOLU AGENCY
Навальний Қуръонни киритмаганликлари учун колонияни судга бермоқчи, Рамзан Кодиров унга Қуръонни бермасликларини сўради. Танзила Норбоева Россияда, мигрант аёлларни ватанга қайтарадими?
- Навальний номусулмон сиёсатчилар орасида Қуръон чемпиони бўлмоқчи;
- Рамзан Қодиров мухолифатчини мусулмонларни ўзига оғдирмоқчи деди;
- Матвиенко Ўзбекистонни ҳамиша кузатаётганини билдирди;
- Танзила Норбоева гендер тенгликда Россиядан ўрганаётганини айтди;
Очликдаги файласуфона кайфият
Алексей Навальний сешанба куни Instagram даги сўзида ҳозирда жазони ўташ жойида бўлган колония маъмуриятини судга беришини ёзди. Мухолифатчига кўра, улар Навальнийга бир ойдан буён ўз китобларини, жумладан, Қуръонни беришни рад этишмоқда. Бунинг сабаби китобларни экстремизмга текширилаётгани билан изоҳланган.
Навальнийнинг ёзишича, у колонияга келмасидан аввал ўз устида ишлаш учун қиладиган ишлари рўйхатини тузган ва улар орасида "Қуръонни ўқиб, хатм қилиш ва пайғамбар (Муҳаммад с.а.в) суннатларини чуқур ўрганиш" ҳам бўлган. Мухолифатчи китобларни киритмаганлик учун судлашишга ҳам тайёрлигини билдирган.
"Ахир қанча чидаш мумкин, энди мен ўзимнинг шахсий Қуръонимни ўқишим ҳам мумкинмасми? - деб ёзган Навальний. - Айниқса, ҳозир, очликнинг 13-чи кунида кайфиятим жуда файласуфона".
"Путин аскари" "исломофоб"га қарши

Сурат манбаси, YELENA AFONINA/TASS
Рамзан Қодиров эса Навальнийга Қуръонни бермасликни талаб қилди.
Чеченистон раҳбари Навальний жазо муддатини ўтаётган 2-колония маъмуриятидан сиёсатчига Қуръонни бермасликларини сўради.
Ўзини "Путиннинг аскари", деб атаган Рамзан Қодиров ўзининг Telegram каналида Навальний "ҳатто муқаддас Қуръонни тилга олишга ҳаққи йўқ"лигини ёзди.
Қодировга кўра, муҳолифатчи шу вазиятдан ҳам фойдаланиб, мусулмонларнинг эътиборини қозонмоқчи ва ўзига оғдирмоқчи.
Чеченистон раҳбари Навальний ҳақида Қуръонни ўзининг сиёсий мақсадларида фойдаланишга уринаётган "исломофоб" деб атаган.
У маҳкум чиндан пушаймон бўлиб, Ҳақ йўлига кирмоқчи бўлса, тавба қилиб Исломни қабул қилишини, аксинча бўлса, "ифлос қўли билан Қуръонни ушламаслиги"ни айтган.
Рамзан Қодиров Навальнийни ўзига эътиборни жалб қилиш учун "ватанини сотган ва ҳар қандай провакацияга тайёр хоин ва душман", деб атайди.
Яхши христианлик учун Исломни ўрганиш

Сурат манбаси, videograb
Навальнийнинг ўзи эса Қуръонни ўқиш истагини уни чуқур ўрганиш билан изоҳлаган.
"Aхир атрофимизда ҳамма Ислом ва мусулмонларни тинимсиз муҳокама қилмоқда ва албатта, уларнинг 99 фоизи бу борада ҳеч нарсани тушунмайдилар. Мен эса россиялик номусулмон сиёсатчилар орасида Қуръон чемпиони бўлишга қарор қилдим", деб ёзади мухолифат етакчиси.
Навальний христиан сифатида ривожланиши учун ҳам Қуръонни ўрганиш талаб этилишини тушуниб етганини ёзган.
"Мен хатто уни тўлалигича ёд оламан дея ўзимга умид билан қарор қилдим", - дейди Навальний.
Алексей Навальнийнинг Қуръон китобини ўқиб-ўрганиш истаги ва колонияга киритиш талабини билдириши мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойи бошланиши манзарасида юз бермоқда.
Президент ташрифи олдидан учрашув

Сурат манбаси, official/arxiv
Ўзбекистонлик аёлларни меҳнат муҳожирлигидан қайтариш ҳақида сўзлаган Cенат раиси Танзила Норбоева Москвага расмий сафар билан келди.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Москвада Россия Федерация Кенгаши спикери Валентина Матвиенко билан учрашди.
Матвиенко маҳаллий ОАВларга Россия ва Ўзбекистон парламентлари икки давлат президентлари томонидан имзоланиши кутилаётган икки томонлама шартномаларни амалга оширишда иштирок этишни режалаштиришаётганини маълум қилди.
Россия Федерация Кенгаши спикерига кўра, буларнинг барчаси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга амалга оширилиши режалаштирилаётган давлат ташрифи арафасида жуда муҳим аҳамиятга эга.
"Ташриф муносабати билан бир қатор муҳим ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда. Парламентларимиз ҳам бунга ўз ҳиссасини қўшади деб ўйлайман", деган Валентина Матвиенко.
"Россиядан ўрнак олаяпмиз"
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева эса Ўзбекистон кўп соҳаларда Россиядан ўрнак олаётганини таъкидлаган.
"Иқтисодий муносабатлар, ижтимоий ва гендер тенглиги масалаларида биз кўп соҳада Россиядан ўрнак олмоқдамиз. Сизнинг ишингизни кузатиб туриб ҳукуматни назорат қилиш борасида янги йўналишлар киритмоқдамиз", - дейди Cенат раиси Танзила Норбоева.
Унга жавобан Матвиенко "Россияда ҳам Ўзбекистонда содир бўлаётган ўзгаришларни диққат билан кузатиб бораётганини" маълум қилди.
Меҳнат миграцияси назорати

Спикерларнинг Москвадаги учрашуви якунида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева ва Россия Федерация Кенгаши спикери Валентина Матвиенко томонидан меҳнат миграцияси соҳасини назорат қилишга оид меморандум имзоланган.
Мазкур меморандумда Россия Федерацияси ва Ўзбекистоннинг "миграция масалалари бўйича қонунчилик фаолиятидаги маълумотларнинг ўзаро алмашинуви, икки давлат қонунларининг яқинлашуви бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши ва миграция соҳаси ҳуқуқий-шартнома базасини такомиллаштириш" кўзда тутилган.
Ҳужжат парламентлараро Россия-Ўзбекистон комиссияси фаолияти доирасида тайёрланган ва қатъий келишилган. Матвиенко алоҳида ушбу тизимнинг "жуда самарали ишлаши"га эътибор қаратган.
Муқаддам Сенат раиси Танзила Норбоева меҳнат муҳожирлигида бўлган ўзбекистонлик аёлларни хориждан қайтариш тўғрисида маълум қилганди. Гендер тенглик мавзуси кўтарилган спикерлар учрашувида муҳожир аёлларни ватанга қайтариш бўйича хабарлар кўринмади.
Норбоева ўзбекистонлик мигрант аёллар билан учрашадими?

Сурат манбаси, BBCUZBEK
Би-би-си Ўзбек хизматига етиб келган маълумотларга кўра, Танзила Норбоева Россияга сафари чоғида асли ўзбекистонлик маданият вакиллари билан учрашган.
Аммо ҳозирча меҳнат муҳожирлари билан учрашувлар ташкиллаштилгани ҳақида маълумотлар билдирилмаган.
Айни пайтда Россиянинг ўзида расмий рақамларга кўра, ярим миллионга яқин ўзбекистонлик хотин-қизлар меҳнат муҳожирлигида бўлиб, уларнинг катта қисми хизмат кўрсатиш соҳаларида ишлайди.
Марказий Осиё мамлакатларидан Россияга ишлашга келган аёллар орасида сон жиҳатдан юқори бўлган ўзбекистонликлар энг ҳуқуқсизлари ҳамдир.
Таҳлилчиларга кўра, Россияда мажбурий қуллик, одам савдоси, жинсий зўравонлик, фирибгарлик қурбонлари борасида ҳам катта кўрсатгичлар ўзбекистонлик хотин-қизлар улушига тўғри келади.
Ўзбекистонлик мигрант аёлларнинг оғир иш ва яшаш шароитлари борасида Би-би-си Ўзбек хизмати мунтазам ёритиб келади.
Ўзбекистонда хориждаги мигрант аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларининг ҳимояси ва бу борадаги алоҳида хужжатлар, қилинган ишлар борасида очиқ манбалардан маълумот топишга ҳозирча муваффақ бўлмадик.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek




































