Нуқтаи назар: Ўзбекистон судлари қандай ислоҳ қилинсин? Суд залидаги қафас, ҳарбий суд ва судялар маошлари O'zbekiston

Россия Олий иқтисодиёт мактабининг ҳуқуқ факультети суд ҳокимияти кафедраси битирувчиси Алишер Акмалов

Сурат манбаси, Alisher Akmalov

Сурат тагсўзи, Россия Олий иқтисодиёт мактабининг ҳуқуқ факультети суд ҳокимияти кафедраси битирувчиси Алишер Акмалов
Published

Би-би-си ҳуқуқшунос-процессуалист, юриспруденция магистри, Россия Олий иқтисодиёт мактабининг ҳуқуқ факультети суд ҳокимияти кафедраси битирувчиси Алишер Акмаловнинг Ўзбекистонда суд тизимини қандай яхшилаш ва судлар фаолиятининг сифатини ошириш ҳақидаги мақоласини чоп этмоқда.

Ҳаммаси, ниҳоят, яхши бўлиши учун суд тизимини қандай ўзгартириш мумкин?

Ҳуқуқий давлат учта алоҳида ҳокимият ўртасидаги мувозанатсиз мавжуд бўла олмайди. Демак, у мустақилликни ва одил судлов нуфузини тан олиши шарт. Мустақиллик ва нуфуз - одил судловга ўзининг демократик тизимдаги вазифасини амалга ошириш имконини берадиган сифатлар.

Фуқароларнинг қонун олдида тенглигини ва шахсий эркинликларини ҳимоя қилиш судлар мустақиллиги асосида ётувчи тамойиллардир, ушбу мустақилликсиз судлар ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Шу боис, бу мустақилликни суднинг манфаатлари позициясидан эмас, балки, аксинча, фақат фуқароларнинг манфаатлари позициясидан қабул қилиш зарур.

Ривожланган демократик жамиятларда судьянинг фаолияти олийжаноб иш ва, умуман олганда, олий юридик касб маҳорати ҳисобланади. Шу сабабли, бундай лавозимга, ҳуқуқ - бу эзгулик ва адолат санъати эканини тушунадиган ўз ишининг моҳир усталарини тайинлаш лозим. Ундай одамар ҳуқуқ идеалларини муҳофаза қилишга, ҳамма ишни "телефон ҳуқуқи" имкониятлари билан ҳал қилишга ўрганган кабинет хўжайинларининг ҳар қандай ғайриқонуний ҳаракатларига қатъий қаршилик кўрсатишга тайёр одамлардир.

Судьялар ўзларидан юқори турувчи амалдорлар олдидаги ҳуқуқсизлигини даъвогарларга, жавобгарларга ва судланувчиларга нисбатан шафқатсизлик билан тўлдиради. Ҳокимият вертикалида фрунтга қўйилган судьялар ўзларининг қарорларига шикоят келтиришга ваколати бор прокурорлар олдида лаганбардорлик қилади, ҳукмларни ва бошқа суд ҳужжатларини бошлиқлар билан олдиндан келишиб олади. Ҳукм ёки қарорнинг бекор қилинишидан қўрқиш - маҳаллий судьянинг инсоний қиёфасини бузувчи яна бир фобия.

Қуйида баён этадиган янгиликлар одил судлов сифатини бир неча баравар яхшилаш имконини беради, чунки улар дунёнинг кўпгина мамлакатларида ўзининг амалий самарасини исботлаган.

•"Суд маслаҳатчилари тўғрисида"ги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарур. Агар Жиноят кодекси Махсус қисмининг моддасида уч йилга озодликдан маҳрум қилиш кўринишидаги жазо ёки ундан ҳам қаттиқроқ жазо кўзда тутилган бўлса, фуқаронинг жиноят иши "суд маслаҳатчилари" томонидан кўриб чиқилишини йўлга қўйиш керак.

Қафас - айби ҳали исботланмаган судланувчига нисбатан салбий муносабатни келтириб чиқарадиган айбсизлик презумпциясига тўғридан-тўғри зид нарса.

Сурат манбаси, IIV

Сурат тагсўзи, "Қафас - айби ҳали исботланмаган судланувчига нисбатан салбий муносабатни келтириб чиқарадиган айбсизлик презумпциясига тўғридан-тўғри зид нарса."

Суд маслаҳатчиларининг афзалликлари ҳақида гапирилар экан, одатда унинг катта коллегиаллигига, шубҳасиз мустақиллигига ва, демакки, суиистеъмолликлар ва суд хатолари камроқ бўлишига ишора қилишади. Суд маслаҳатчиларини суднинг ҳисобот кўрсаткичлари эмас, балки судланувчининг тақдиригина ташвишлантиради.

•Ҳозирги кунда Ўзбекистонда амалдаги судларга қўшимча равишда янги, интеллектуал мулк масалаларига ихтисослашган судларни ва тергов судьялари институтини шакллантириш керак. Ҳозир интеллектуал мулк объектларини самарали ҳимоя қилишга объектив эҳтиёж пайдо бўлган, Ўзбекистонда эса, бу масалаларни синчковлик билан ўрганишга қодир судьялар жуда кам.

Шунингдек, Интеллектуал ҳуқуқлар бўйича суднинг яратилиши, биринчидан, интеллектуал ҳуқуқларни муҳофаза қилиш тизимини халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ҳолатга келтириш зарурати билан, иккинчидан эса, учинчи Ренессанс иқтисодиётининг инвестицион мафтункорлигини оширишга бўлган эҳтиёж билан шартланган.

Ҳозирги Жиноий-процессуал кодекснинг асосий нуқсони - бу айбловчи томоннинг судгача бўлган босқичлардаги устунлиги ва ҳимоя томоннинг процессуал тенгсизлигидир, бунинг натижасида суд далиллари аслида фақат биргина айбловчи томонидан шакллантирилади, бошқа, яъни ҳимоя томони эса, бундай имкониятга эга эмас.

Маълумотнома: тергов судьялари ўзи ким?

Тергов судьяси — бу ЖПКда кўзда тутилган ваколатлар доирасида жиноий иш қўзғатиш ва дастлабки тергов босқичида фаолият кўрсатувчи ҳамда жиноий ишларни моҳияти бўйича кўриб чиқишда, суд қарорларининг апелляция, кассация, назорат тартибида ёки янги очилган ҳолатлар муносабати билан қайта кўриб чиқилишида қатнашмайдиган биринчи инстанция судьяси. У шахснинг конституциявий ҳуқуқларига амал қилинишини, жиноий ишни судга тақдим этиш учун қонуний асослар мавжудлигини назорат қилади, ҳамда суд тергов ҳаракатлари орқали томонларга далилларни тўплашда ёрдам кўрсатади. Яқиндан бошлаб тергов судьясининг лавозими қатор постсовет мамлакатларида ҳам пайдо бўлди. Аммо уларда ушбу лавозимнинг номланиши турлича. Масалан, Грузияда бу "судья-магистрат", Молдовада - "жиноий таъқиб бўйича судья", Эстонияда - "дастлабки тергов бўйича судья"ва ҳоказо.

•Ҳарбий судларни тугатиш, улар кўриб чиқадиган ишларни эса жиноий, фуқаролик ва ихтисослашган судлар орасида тақсимлаш зарур.

Ҳарбий судларнинг юрисдикцияси чекланган бўлиб, уларга тушадиган юклама ҳам нисбатан катта эмас. Ҳарбий хизматчилар ҳам шу мамлакатининг фуқаролари, шу боис уларни алоҳида суд фаолияти тоифасига ажратиш учун енгиб бўлмас сабаблар йўқ. Ҳарбий жиноятлар "алоҳида" деган аргумент мутлақ эмас.

Sud

Сурат манбаси, kun.uz

Сурат тагсўзи, "Ўз меҳнати учун муносиб иш ҳақи оладиган суд ходимлари солиқ тўловчилар олдидаги масъулият юкини ҳис қилади - улар бажарадиган иш сифати бевосита иш ҳақи миқдорига боғлиқ."

•«Ҳарбий» ишларга ихтисослашадиган судьяларни тайёрлаш унчалик қийинмас, чунки жаҳон амалиётида тергов судьялари ҳам, маъмурий ишлар бўйича судьялар ҳам бор. "Ҳарбий" жараёнларда давлат сири тўғрисидаги аргументнинг ўзи бундай ишларни жиноий, фуқаролик ва ихтисослашган судларда кўриб чиқиш учун тўсиқ бўлолмайди, чунки процессни ёпиқ қилиш ва унинг иштирокчиларига суд сирини бузмаслик юридик мажбуриятини юклаш мумкин. Бунинг устига ҳамма "ҳарбий" ишларда ҳам давлат сири мавжуд эмас. Масалан, агар гап бошлиққа бўйсунмаслик ҳақида бораётган бўлса, унда бу масала давлат сири эмас, балки ҳарбий интизом масаласи бўлади. Натижада, суд тизими ихчамлашади, арзонлашади, кўп ҳолларда ишсиз туриб қоладиган судлар тугатилади.

•Туманлараро фуқаролик судларини туманлар судларига ажратган маъқул. Судьяларга ёзги жазирамадаги қишки қор сингари фуқаролик ишларининг улкан оқими келади. Бироқ судьялар нолимайди, чунки турли процессуал ҳийлалар мавжуд — масалан, кўриб чиқилаётган ишни ҳар сафар кейинга қолдириш. Асоссиз ва мотивациясиз кейинга қолдиришлар суд фаолиятининг оқилона муддатларини тўғридан-тўғри бузади.

Туманлараро фуқаролик судларини ажратиш фуқаролик ишларини кўриб чиқиш сифатини бир неча бараварга ошириш имконини беради. Судьяларда фуқаролик иши материалларини ҳар томонлама ва чуқур ўрганиш орқали асосланган ва тўғри қарорлар чиқариш учун бўш вақт пайдо бўлади. Ҳозир оддий фуқаролар туман фуқаролик судлари йўқлиги туфайли катта масофаларни босиб ўтишга мажбур. Бундай манзарани чекка ҳудудларда, вилоятлар, қишлоқлар, қўрғонлар, туманлар ва овулларда кузатиш мумкин.

•Мамлакатнинг ҳар бир суди учун унинг расмий сайтини яратиш. Сайтларда суд таркиби ҳақидаги ахборотни, судьяларнинг қисқача таржимаи ҳолини, ишнинг ҳудудий судловга тегишлилигини кўрсатиш ва давлат божлари калькуляторини жорий этиш лозим. Ҳозир барча суд қарорлари public.sud.uz расмий порталида ўзбек ва рус тилларида чоп этилади. Афсуски, портал жиддий камчиликларга эга.

Ушбу тизим қандай ташкиллаштирилиши кераклигига яққол мисол сифатида аввалроқ ишлаб чиқилган ва Россия арбитраж судлари тизимига жорий этилган kad.arbitr тизимини кўрсатиб ўтиш ва ундан фойдаланиш мумкин. Ушбу тизимнинг катта ижобий томони шундаки, унда иш бўйича якуний қарор чоп этилгунга қадар оралиқ суд ҳужжатлари ҳам pdf форматида чоп этилади. Суд ҳужжатлари кўриб чиқилаётган иш тоифаси бўйича чоп этилади.

Суд қарорларини чоп этиш мамлакатнинг юридик ҳамжамиятига ва бошқа фуқароларга чоп этилган у ёки бу ҳужжатни муҳокама қилиш имконини беради, яъни судьялар тўғри ва асосланган қарорларни ёза бошлайди. Қонундан ҳар қандай чекиниш омма муҳокамасига тушиши мумкин, шу боис судья у ёки бу қарорни қабул қилишдан олдин бир неча марта яхшилаб ўйлаб кўради. Бунинг устига талабалар ва одил судлов соҳасида тадқиқотчилик ва илмий ишлар билан шуғулланувчи академик ҳамжамият учун амалий материал пайдо бўлади.

•Суд мажлислари баённомаларини замонавий технологиялар ёрдамида, масалан аудио форматда қайд этиш лозим. Ушбу талаб Ўзбекистоннинг барча амалдаги процессуал кодексларида мустаҳкамланган ошкоралик тамойилидан келиб чиқади. Шунингдек, суд мажлисларининг ёзма баённомалари қалбакилаштирилишига йўл қўймаслик учун аудиобаённомаларга юридик куч бериш жуда муҳим.

Аудиоёзувларни жорий этиш бошқа яна иккита муҳим ижобий жиҳатга эга: судьяларнинг ёрдамчилари баённомаларни батафсил ёзишига, уларни томонларга таништиришига ва фикр-мулоҳазаларни қабул қилишига, судьялар эса бу фикр-мулоҳазаларни кўриб чиқишига ва тегишли ажримларни чиқаришига тўғри келмайди. Бундан ташқари, суд мажлисининг тўлиқ ёзма баённомасини тайёрлашдан воз кечиш юқори турувчи инстанцияларга шикоятларни тайёрлаш ва тақдим этишда томонлар учун кутиш вақтини ва, умуман, иш бўйича муҳокама муддатларини сезиларли даражада қисқартиради.

•Жиноий жараённинг асосий салбий атрибути - суд мажлислари залларидаги қафаслардан халос бўлиш муҳим. Биринчи қафас совет серияли қотили Чикатилонинг иши кўриб чиқилаётганида жабрланувчилар уни ўзбошимчалик билан жазолашига йўл қўймаслик учун қўлланган эди. Қафас - айби ҳали исботланмаган судланувчига нисбатан салбий муносабатни келтириб чиқарадиган айбсизлик презумпциясига тўғридан-тўғри зид нарса.

Мамлакат Жиноят-процессуал кодексининг мантиғи ҳар қандай кишининг айби холис суд муҳокамасида исботланиши кераклигига ва, агар у айбдор бўлса, уни қафасга жўнатиш мумкинлигига ишора қилади. Суд залидаги қафас эса - бу жазоланиш атрибути. Судланувчи муҳокама пайтида ўз ҳимоячисининг ёнида ўтириш имконига эга бўлиши лозим, жараён иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш эса - соқчилар хизмати ходимларининг вазифаси.

•Суд аппарати ходимлари ва судьяларнинг иш ҳақи миқдорини ошириш зарур. Бошқа мамлакатлар билан солиштирганда бизнинг маҳаллий Фемида хизматчилари ўз меҳнати учун унча катта бўлмаган маош олади, уларнинг иш ҳақи миқдорини ошириш эса, "тизим" ичида коррупция даражасининг пасайишига кескин таъсир кўрсатади.

Юридик олий ўқув юртларининг кечаги битирувчилари судларда ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ишлашга интилади, бироқ, бироз вақт ишлагандан сўнг, меҳнатларига тўланадиган ҳақ жуда кам эканини англайди. Бундай маош билан оиласини боқиш ва фарзандининг ўқиши учун контракт пулини тўлаш - осон иш эмас. Мана шу ерда коррупцияга замин яратилади, чунки суд аппаратининг оддий ходимлари ва судьялар "аввал иқтисод, кейин сиёсат" деган мантиқдан келиб чиқади. Ўз меҳнати учун муносиб иш ҳақи оладиган суд ходимлари солиқ тўловчилар олдидаги масъулият юкини ҳис қилади - улар бажарадиган иш сифати бевосита иш ҳақи миқдорига боғлиқ.

Вақт - ягона ҳакам, фақат у учинчи Ренессансда амалга оширилаётган ислоҳотларга ўзининг холис баҳосини бериши мумкин. Ўзбекистоннинг барча суд органлари ва мамлакат раҳбарияти таклиф қилинган ғояларни жорий этишдан тўлиқ манфаатдор бўлиши зарур, чунки ушбу реал ҳаракатлардан кейингина жаҳон ҳамжамияти ва ҳақиқий инвесторлар ислоҳотларнинг сифатига ишонади.

Агар амалдаги суд ҳокимиятида мавжуд бўлган муаммолар ҳал қилинмаса, ислоҳотларнинг муваффақиятига умид қилмаса ҳам бўлади.

Мазкур мақолада кўтарилган фикрлар таҳририят ( BBC News O'zbek ) нуқтаи назарини англатмайди. Айни мавзу юзасида BBC News O'zbek барча томонларнинг фикрлари учун очиқ

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Таҳририятдан: Муаллиф фикри ББС нуқтаи назарини акс эттирмайди.