Ҳолва деган билан оғиз чучимайдими - Ўзбекистон, дунё ва сиёсат

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Reality Check
- Role, BBC News
- Published
Ҳолва деган билан оғиз чучимайдими - бугун худди ана шундай савол дунёнинг энг йирик ва коронавирус энг кўп тарқалган иккита давлатидан биттаси бўлган мамлакатда ўртага чиққан. Глобал аҳамият касб этган. Ўзбекистон учун ҳам муҳим воқеъликка айланган. Аммо нега?
Ҳиндистонда дунёнинг 60 фоиз вакцинаси ишлаб чиқарилади. Айни чоғда, бу давлат коронавирусга чалинганлар сони бўйича ҳам дунё етакчилари орасида - АҚШдан кейинги иккинчи ўринда.
У нафақат мамлакатнинг ичидаги вакцинага бўлган талабни қондириши, шу билан бирга глобал миқёсда ишлаб чиқариладиган вакциналардаги улушини ҳам кутилган даражага етказиши керак.
Хўш, эҳтиёжни қондира оладими?
Ҳиндистон қанча миқдорда вакцина ишлаб чиқара олади?

Сурат манбаси, EPA
Ҳозирда Ҳиндистонда Ковидга қарши икки тур вакцина фойдаланиш учун тасдиқланди - "Covishield" (Британияда яратилган Оксфорд ва "AstraZeneca" вакцинасининг Ҳиндистондаги номи) ва "Covaxin".
Яна бир нечтаси синовдан ўтяпти, улар ҳам Ҳиндистонда ишлаб чиқарилади.
Ҳиндистон фармацевтика компаниялари янги ишлаб чиқариш мажмуаларини қуриш ёки мавжудларини қайта мослаштириш орқали келгуси ойларда ишлаб чиқариш ҳажмини оширмоқчи экани ҳақида хабар берилди.
Энг катта ишлаб чиқарувчи Ҳиндистон Серум институти (ҲСИ) ойига 60-70 миллион дозада вакцина ишлаб чиқаришга тайёрлигини маълум қилди.
"Bharat Biotech" компанияси ҳозиргача 20 миллион "Covaxin" дозаси ишлаб чиқаришга улгурган бўлса-да, бир йилда 200 миллион доза вакцина ишлаб чиқаришни кўзлаётганини билдирди.
Синовларни ўтказаётган бошқа вакцина ишлаб чиқарувчилар улар тайёр бўлганда етказиб бериш буйича Ҳиндистон ва бошқа давлатлар расмийлари билан музокаралар олиб боряпти.
Аммо ҳозиргача қанча миқдорда ишлаб чиқарилиши ҳақида тафсилотлар йўқ.
Ҳиндистоннинг ўзи қанча вакцина талаб қилади?

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳиндистон ҳукумати эпидемияни жиловлашнинг бошланғич режасининг бир қисми сифатида вакцина олишга биринчилардан имтиёзли бўлган 300 миллион одамни июлга қадар эмлаш режасини маълум қилган.
Эмлаш дастури 16 январда бошланган ва соғлиқни сақлаш хизмати ходимлари биринчи галда олиши режаланган.
Бунда етти ой давомида одамларга 600 доза вакцина қилиниши - ойига тахминан 85 миллиондан - кўзланяпти.
Ҳозирча энг йирик ишлаб чиқарувчи ҲСИ 50 миллион вакцина сифат текширувидан ўтиб, тайёр турганини билдирди.
Компаниянинг бизга айтишича, ишлаб чиқарилган вакцинанинг қанча қисми маҳаллий қўлланиши, қанчаси экспорт қилиниши ҳали аниқ эмас.
Ҳиндистоннинг глобал роли қандай?

Сурат манбаси, AFP
ҲСИ Жаҳон соғлиқ ташкилоти кўмагида ишлаб чиқилган "Covax" халқаро дастурида аҳамиятли ўрин тутади. Ушбу дастур паст ва ўрта даромадли мамлакатларга вакцина сотиб олишларига ёрдам бериш учун ишлаб чиқилган.
Ўтган сентябрь ойида ҲСИ 2021 йилда 200 миллион доза Оксфорд AstraZeneca вакцинаси ёки АҚШда яратилган "Novavax"ни ушбу дастур учун ишлаб чиқаришга розилик берган эди.
ҲСИ Бош ижрочи директори Адар Пунавалланинг Би-би-сига айтишича, "Covax" битими яна 900 дозага оширилиши мумкин.
Бу эса ҲСИ ўз бўйнига олган мажбурият бир миллиарддан ортиқ доза вакцина ишлаб чиқаришга етади.
Компаниянинг билдиришича, вакцина ишлаб чиқаришни март ойида ҳар ойда 100 миллион дозага етказмоқчи.
Ҳиндистоннинг бошқа компаниялари нима қилмоқчи?

Сурат манбаси, Getty Images
"Covax" дастуридан ташқари ҲСИ бир неча давлат билан Оксфорд AstraZeneca вакцинасини етказиб бериш бўйича тижорий битимлар имзолаган.
Аммо ҲСИ раҳбари жаноб Пунавалланинг вакцина экспорт қилмаслик шарти билан тасдиқлангани ҳақидаги гапидан сўнг бироз саросима кузатилди.
Ҳиндистон ҳукумати кейинроқ аниқлик киритиб, Бангладеш 30 миллион дозага шартнома тузиб бўлгани сабабли пайдо бўлган хавотирлардан сўнг экспортга рухсат берилганини айтди.
Ташқи ишлар вазирлиги расмийсининг Би-би-сига айтишича, Ҳиндистон "дунёнинг йирик вакцина ишлаб чиқарувчиси сифатида ўз қўшнилари ва бутун дунё олдидаги мажбуриятларни бажаради".
Ҳозирда ҲСИ Саудия Арабистона, Мьянма ва Марокаш билан шартнома имзолаган. Аммо уларга қанча вакцина етказиб берилиши ва бу қачон амалга ошиши маълум қилинмаган.
Непал, Бразилия ва Шри Ланка ҳам Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган Оксфорд AstraZeneca вакцинаси ёки "Bharat Biotech" ишлаб чиқарадиган "Covaxin" вакциналарига қизиқиш билдирган.
Аммо Пунавалланинг айтишича, ҲСИ учун аввало маҳаллий эҳтиёжни қондириш муҳимдир.
"Биз бошланғич талабларни қондиргач, тезда бошқа малакатларга экспортни бошлаймиз."
"Gavi" глобал вакцина альянси сўзчиси Би-би-сига айтишича, альянс Ҳиндистон расмийлари ва ҲСИ билан доимий алоқада бўлиб турибди.
У "Covax" бўйича мажбуриятларни бажаришда ҳеч қандай кечикиш бўлмаслигига "ишонишини" билдирди.
Вирусолог доктор Шаҳид Жамилнинг таъкидлашича, "Covax" дастури халқаро мажбурият бўлиб, Ҳиндистон компаниялари бошқа давлатлар билан аввал имзолаган битимларини бекор қилиши ҳам яхши бўлмайди.
Аммо унинг қўшимча қилишича, ҳозирги ҳолатда "Ҳиндистонда вакцина етишмовчилиги бўлиб қолишидан хавотирим йўқ."
"Асосий тўсиқ биз қанчалик тез одамларни эмлай олишимиздир", дейди у.
Яна бир тўсиқ вакцина учун ишлатиладиган шиша флаконларнинг қанчалик етарли бўлишидир. Бу борада ҳам тақчиллик бўлиши мумкинлиги ҳақида глобал хавотирлар бор.
Аммо ҲСИнинг Би-би-сига айтишича, бу нарсаларда ҳозиргача тақчиллик сезмаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek































