Ўзбекистон: Вазир ҳоким бўлди ва ўзбек армияси минтақада ҳануз энг қудратлими? – янгиликлар, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон: Вазир ҳоким бўлди ва ўзбек армияси минтақада ҳануз энг қудратлими? Ўзбекистонда янги Омбудсман сайланди, Сенат янги биноли бўлади - таъмир остидаги бинони шахсан президент Шавкат Мирзиёев бориб кўрди. bbcuzbek.com дайжести.
Энг қудратли армия
Охирги 4 йилда Ўзбекистон армияси қурол-аслаҳаларининг 41 фоизи янгиланган.
Бу ҳақда 15 январь куни Мудофаа ўринбосари Алишер Норбоев гапирган.
Норбоев миллий армияга янги техникаларни олиш билан бирга, мавжудлари модернизация қилинаётганини айтган.
Вазир ўринбосари армияда мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқилган алоқа воситаларидан фойдаланилаётганини қўшимча қилган.
Қудратга келганидан буён президент Шавкат Мирзиёев миллий армиянинг жанговар тайёргарлиги, Ўзбекистон Қуролли Кучлари қудратини ошириш масаласига бир неча бор эътибор қаратган.
Президент сифатида у армия ҳақида илк бор 2017 йилнинг январь ойида чиқиш қилган.
Ўшанда Мирзиёев "Замонавий, қудратли армия — тинч-осойишта ҳаётлари кафолати" эканини айтган.
2017 йил августида президент раислигида ўтган видеоселекторда Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш масалалари ўртага ташланган.
Ўтган йиллар давомида президент бир неча бор шахсан ҳарбий полигонларга бориб, аскарларнинг жанговар тайёргарлиги, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларни кўздан кечирган.
Айниқса, 2018 йилдан бошлаб, Ўзбекистон ўз армиясини замонавий техника билан таъминлаш йўлида Россия билан яқиндан музокаралар бошлагани хабар қилинган.
2019 йил давомида Россия нашрлари Ўзбекистон музокаралар доирасида ҳарбий вертолёт, қирувчи самолётлар ва радар тизимларини сотиб олишга қизиқиш билдиргани ҳақида ёзган.
2019 йили Россияда ташкил этилган бешинчи "Армия-2019" Халқаро ҳарбий-техника форумида Ўзбекистон кўп мақсадли "Тигр" зирҳли автомобиллари партиясини сотиб олгани маълум этилган.
Шу йилнинг 12 январь куни президент Мирзиёев Қуролли Кучларни ривожлантириш ва мамлакат мудофаа қобилиятини яна мустаҳкамлашга кўрсатма берган.
Кузатувчилар Ўзбекистон ўз армиясини кучайтиришга эътибор қаратаётганининг асосий сабабларидан бири Афғонистондаги вазиятнинг ҳануз беқарор қолаётганида эканини билдиради.
2019 йил февраль ойида Ўзбекистон Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи Павел Эргашев ҳам Афғонистондаги беқарорлик ва қарама-қаршилик кайфияти кучайиб бораётгани, мамлакат шимолида кузатилаётган "беқарорлик ўчоқлари" эса Марказий Осиё давлатлари хавфсизлигига нисбатан таҳдид ошиб боришига сабаб бўлаётганини таъкидлаган эди.
Ўзбекистон ҳарбий қудрати Global Firepower 2021 рейтингида 138 давлат орасида 51-ўринга лойиқ кўрилган.
Сўнгги рейтингда ҳам Ўзбекистон миллий армияси Марказий Осиёда энг қудратли экани кўзга ташланади.
Янги Омбудсман

Сурат манбаси, official
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) сайланган.
Халқ вакиллари маъқуллови билан Феруза Эшматова Омбудсман лавозимига киришадиган бўлган.
Эшматова бунга қадар Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси сифатида ишлаб келган.
Депутатлар собиқ Омбудсман Улуғбек Муҳаммадиевга кўп йиллик фаолияти учун миннатдорчилик билдирганлар.
Қонунчиликка кўра, Омбудсман Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан беш йил муддатга сайланади.
Сенатнинг янги биноси

Сурат манбаси, official
15 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев Сенат учун ҳозирланаётган янги бино билан танишган.
Президент матбуот хизмати аввал Ташқи ишлар вазирлиги жойлашган олти қаватли бу бино юқори палатанинг қизғин ва мураккаб фаолиятини ҳисобга олган ҳолда тубдан реконструкция қилинаётганини хабар қилган.
Хабарда Сенат қачондан янги бинога кўчиб ўтишига ойдинлик киритилмаган.
Нурафшонда янги ҳоким

Сурат манбаси, official
Собиқ уй-жой коммунал хўжалик вазири Музаффар Солиев Нурафшон шаҳрининг ҳокими этиб тайинланган.
Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилган.
15 январь куни ўтган Нурафшон шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида вилоят ҳокими Рустам Холматов шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича йўл қўйилган хато-камчиликларни тилга олган.
Музаффар Солиев 5 январь куни президент фармони билан вазир лавозимидан озод қилинган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

































