Ўзбекистонга ҳозир қандай хавф бор? – Ўзбекистон ва Мирзиёев, O‘zbekiston, Afg‘oniston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Published

Ўзбекистонга ҳозир қандай хавф бор? - Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қуролли Кучларини ривожлантириш ва мамлакат мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлашга кўрсатма берди. Хавфсизлик Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишини ўтказди. Ўзбекистон Армияси шундоқ ҳам минтақада энг кучлиси бўлади.

Ўзбекистон президенти 4 январь куни қисқа меҳнат таътилига чиққан, ўзининг илк иш кунини эса, 11 январь куни айнан Жиззахдаги ҳарбий полигонга ташриф билан бошлаган.

Бунинг ортидан, кеча, 12 январь куни Ўзбекистон раҳбарининг Қуролли Кучлар Академиясига боргани ҳам кўрилган.

Ташриф расман Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил топганининг 29 йиллиги ва кириб келаётган Ватан ҳимоячилари куни билан изоҳланган.

Худди шу Академияга ташрифи чоғида президент Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишини ўтказган.

Ўзбекистон Қуролли Кучларини ривожлантириш ва мамлакат мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлашга кўрсатма берган.

Йиғилишда aмалга оширилган тизимли ва стратегик комплекс чора-тадбирлар натижасида қисқа давр ичида Ўзбекистон Армиясининг жанговар шайлиги ва умуман мамлакатнинг мудофаа қобилияти сезиларли даражада ошгани ҳам таъкидланган.

Президент Мирзиёевнинг айтишича, мамлакат Қуролли Кучларини янада ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар, биринчи навбатда, халқнинг хавфсизлиги, тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга қаратилган янги Ўзбекистонни барпо этишнинг бош талаби бўлади.

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг ўтган йил якунида бўлиб ўтган мажлисидан эса, мамлакат Мудофаа вазирлиги штатида мавжуд бўлган қурол-яроғ ва техникаларнинг 27 фоизи янгилангани маълум бўлган.

Аммо бунга нима сабаб бўлгани, янгиланган қурол-яроғ ва техникаларнинг қай бир давлатники экани ноаён қолган.

Йиғин чоғида Ўзбекистондаги қатор полигонлар ва дала-ўқув марказларининг янги кўринишда таъмирлангани ҳам айтилган.

Ўзбекистон Армияси эса, қанчалик жанговарлиги бўйича, йилларки, халқаро рейтингларда минтақада энг пешқадами бўлиб келади.

Агар, globalfirepower.com веб сайти рейтингига таянилса, Ўзбекистон Россия ва Украинадан кейин Қуролли Кучлари энг қудратли учта МДҲ давлатидан биттаси бўлади.

Ўтган йилги рейтингда эса, дунёнинг 138 давлати орасидан 52-ўринни эгаллагани кўрилади.

Ўзбекистоннинг умумий ҳарбий бюджети мазкур веб сайтда худди ўша йили $975.000.000, ташқи қарзи $16.900.000.000 (16 миллиард 900 миллион) доллар, деб кўрсатилган.

Ўзбекистон мамлакат мустақиллигидан кейин профессионал армия тузишга қарор қилган.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати

Сурат манбаси, COURTESY

Мамлакат, йилларки, қуролли низолар ичида қолаётган Афғонистон билан бевосита чегарадош.

Афғонистон Покистон билан бирга Ўзбекистон Исломий Ҳаракати фаолият юритиб, бошпана топиб келган иккита минтақа давлатидан биттаси ҳам бўлади.

Ялпи Ички Маҳсулот кўлами назарда тутилганда, аҳолиси энг катта сонда эканига қарамай, Ўзбекистон Қозоғистон билан бирга минтақадаги иккита иқтисодий қудратдан бири саналади.

Аммо, шунга қарамай, Ўзбекистон, йилларки, айнан мамлакатдаги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий вазият сабаб, энг кўп сондаги фуқаролари муҳожиратга юз тутган ягона Марказий Осиё давлати бўлади.

Бошқа томондан, таҳлилчиларга кўра, дунё тажрибаси Ўзбекистонда яқин-яқингача амалда бўлганига ўхшаш тузумларда "ички ва ташқи душман" тушунчаси аксаран аҳолини қўрқувда тутиб туриш, вазиятни, одамларни назорат қилиш ва сиёсий мухолифатга зарба беришни мақсад қилганини кўрсатган.

Бу эса, орада Ўзбекистонга шунча катта сондаги армияга эҳтиёж борми, деган саволларни пайдо қилмай қўймаган.

Айрим минтақавий сиёсий таҳлилчиларга кўра, мустақил Ўзбекистонда бу каби қудратли армиянинг ташкил қилиниши Ислом Каримов бошқаруви даврида амал қилган тузумнинг инъикоси бўлган. Яъни, ўша пайтда амалда бўлган режим, барибир, куч тизимларига таянган.

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Аммо, бошқа томондан, аксарият минтақа давлатларининг бирдек эътироф этишларича, минтақа давлатларига яхши жиҳозланган армия, барибир, керак, лекин катта сонлиси эмас.

Уларга кўра, ҳозир урушларнинг моҳияти ўзгариб бормоқда, худди шу боис ҳам, кичик бўлса-да, ҳарбий стратегиялардаги ўзгаришларга мос пишиқ-пухта тайёрланган, яхши қуролланган бир армия лозим.

Яъни, афғон фактори назарда тутилса, Марказий Осиё хавфсизлигини таъминлаш ҳақида сўз кетганда, сиёсий эмас, энг аввало ҳарбий мақсадларни ўз олдига қўйган жанговар армия керак.

Чунки, бирор бир можаро эҳтимоли юзага келганида, Ўзбекистонники бўладими ёки Қозоғистонники, Қуролли Кучларининг Россия ёки Хитойникидан устун келиши барибир ақлга сиғмайдиган гап, дейишади улар.

Ўзбекистон илова Марказий Осиёнинг аксарият давлатлари эса, узоқ йиллик урушлар ичидаги Афғонистонга бевосита чегарадош бўлишади.

Аммо, айрим минтақавий сиёсий таҳлилчиларга кўра, агар, бюджети унча катта бўлмаган давлатлар ижтимоий, айниқса, таълим соҳасидан кўра, куч тизимларига кўпроқ маблағ ажратадиган бўлишса, улар эртами-кечми, аввалига ижтимоий-иқтисодий, кейин эса, ҳатто, ҳарбий соҳада ҳам бошқалар билан рақобат қила олмайдиган аҳволга келиб қолишади.

Улар бунга мисол қилиб, Туркманистонни келтиришади.

Бу каби таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, шу боис ҳам, бу масалада рисоладагидек, мутаносиб мувозанат бўлиши зарур.

Ўзбекистон минтақанинг энг йирик давлати бўлади, аҳолисининг сони расман 34 миллиондан ортади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek