Ўзбекистон, Афғонистон, Шотландия, АҚШ – Туркманистон нима сотди? Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, kun.uz
Ўзбекистон, Афғонистон, Шотландия, АҚШ - Туркманистон нима сотди? Расмий Ашхободнинг билдиришича, сўнгги ҳафталарда миллионлаб доллар савдо-сотиқ қилган. Савдода туркман бензини ва керосини ҳам бўлган.
Туркманистон Давлат товар ва хом-ашё биржасида ўттизга яқин битим имзоланган.
Туркманистон томонининг расмий хабари эса, "Битимлар жўғрофияси: Ўзбекистондан ва Афғонистондан тортиб, Шотландия ва АҚШ гача", деб номланган.
Унда айтилишича, Ўзбекистон, Афғонистон ва гонгконглик тадбиркорлар Туркманистоннинг ўзида ишлаб чиқарилган бензин, авиация ва ёритиш керосинига қизиқиш билдиришган.
Туркманистоннинг бу ёқилғи маҳсулотларини хорижий валютага харид қилишган.
Аммо расмий хабарда олди-сотди кўлами ва қиймати очиқланмаган.
Ўзбекистонликлар Туркманистондан қанча бензин, авиация ва ёритиш керосини сотиб олгани ноаён қолган.
Лекин хабар Ўзбекистон энергия инқирозини бошидан кечираётгани айтилаётган бир пайтга тўғри келган.

Сурат манбаси, official
Сўнгги ҳафталарда Ўзбекистонда бутунбошлик шаҳар ва туманлар электр токисиз қолгани кўрилган.
Ўзбекистонда Энергия тизимининг ишдан чиқиши нафақат мамлакатнинг ўзи, балки минтақанинг бошқа давлатларига ҳам таъсир қилган.
Қозоғистон, Қирғизистон ва Афғонистонда ҳам электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар юзага келган. Улар бунинг сабабини Ўзбекистонга боғлашган.
Бўҳрон Ўзбекистонда аномал совуқ ҳукмрон бир пайтга тўғри келган, ижтимоий тармоқларда оддий ўзбекистонликларнинг газ ва чироқ сўраб, қилаётган мурожаатларининг сони яна ортган.
Уларнинг орасида ўз аҳволларини видеотасвирга олиб, жойлаганларининг постларидан аҳвол нақадар жиддий экани англашилган.
Энергия инқирозидан хонадонлар қолиб, ҳатто, шифохоналар ҳам зиён чекаётгани кўрилган.
Ўзбекистон 4 январдан бошлаб, автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларининг маҳаллий вақт билан соат 15:00 дан сўнг ишлашига тақиқ қўйишга ҳам ўтган.
Масъуллар бунинг сабабини ҳавонинг кескин совиб кетиши ортидан, табиий газ истеъмолнинг ошганлиги ва иссиқлик электр станцияларига газ етказиб бериш зарурияти билан изоҳлашган.
Чеклов вилоятлар қолиб, пойтахт Тошкентдаги метан заправкаларида ҳам узундан-узоқ навбатларни пайдо қилгани кўрилган.

Сурат манбаси, videograb
Орада айрим вилоятларда бу каби навбатлар чоғида ҳалокатлар юз берганига оид хабарлар олинган.
Аммо тақиқ манзарасида газда юрувчи машина эгалари ёқилғининг муқобил манбалари билан таъминланиши ёки йўқлиги саволи очиқ қолган.
Ҳали бундан уч йил бурун эса, Ўзбекистондаги автомобилларнинг деярли 60 фоизи айнан табиий газда ҳаракатланиши айтилган.
Газ ва чироқ берилишини сўраб, қатор вилоятларда одамлар яна йўлларни тўсиб қўяётганликлари ҳам кўрилган.
Ўтган йили кузатилган энергия бўҳрони фонида Ўзбекистон Туркманистон билан электр энергияси импорти бўйича келишувга эришишга муваффақ бўлган.
Аммо 1 декабрдан бошлаб кучга кирган битим фақат 2019-2020 йилларни кўзда тутиши айтилганди.
Туркманистон билан ёқилғи маҳсулотлари хариди Ўзбекистондаги энергия бўҳронини қанчалик енгиллатиши ҳозирча маълум эмас.
Туркманистон Қозоғистон билан бирга минтақанинг табиий энергия захираларига энг бой иккита давлатидан биттаси бўлади.

Сурат манбаси, Getty Images
Кўрилишича, Туркманистон сўнгги ҳафталарда Россия, АҚШ, Хитой, БАА, Туркия ва Озарбайжон билан ҳам олди-сотди қилган.
Бу давлатларга пахта толаси, қизилмия илдизи ва илдизпояларини сотган.
Битимнинг умумий қиймати қарийб $5 миллион АҚШ долларини ташкил этган.
Хабарларга кўра, Туркманистон четга қарийб 775 тонна қизилмия сотган.
Президент Гурбангули Бердимуҳаммедов ўтган йил охирида қизилмия коронавирусга қарши курашишда ёрдам беришини айтиб чиққанди.
Туркманистон раҳбари бундан аввал ўзининг исириқ коронавирусга даво, деган гаплари билан кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган.
Туркманистон шу пайтгача дунёнинг коронавирус расман қайд этилмаган саноқли, минтақанинг эса, ягона давлати бўлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

































