Хавф Ўзбекистон чегарасига яқинлашмоқдами? – Россия ва Ўзбекистон, O‘zbekiston, Putin, Mirziyoyev, koronavirus, yangiliklar

Rossiya

Сурат манбаси, Getty Images

Published

Хавф Ўзбекистон чегарасига яқинлашмоқдами? - Хабарларга кўра, Британияда топилган "ўта юқумли"янги коронавирус штамми Россияга ҳам "кириб борган". Россия дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.

Расмий маълумотларда уларнинг сони бир миллиондан ортиши, норасмий ҳисоб-китобларда эса, бир неча миллионга етиши айтиб келинган.

Коронавируснинг бу штамми эса, қолганларидан ўзининг "ўта юқумли" экани билан ажралиб туриши айтилади.

Россия ҳозир шундоқ ҳам жаҳоннинг коронавирус билан боғлиқ вазият энг ёмон тўртта мамлакатидан биттаси бўлади.

Мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони жами уч ярим миллион кишига яқинлашган. Ўлим ҳоллари эса, 61 мингтадан ортган.

Бу рақамларнинг қанчаси Ўзбекистон фуқаролари ҳисобига тўғри келиши маълум эмас, расмий рақамлар ҳали-ҳануз имконсизлигича қолмоқда.

Сўнгги янгилик ҳақида Роспотребнадзор раҳбари Анна Попова маълум қилган.

Маълум бўлишича, у бу хусусда кеча, якшанба куни "Россия 1" телевизион каналига интервью берган.

Худди шу суҳбат чоғида коронавируснинг янги штамми Буюк Британиядан қайтган россияликда аниқлангани айтилган.

Масъул билан суҳбат

Vaksina

Сурат манбаси, Reuters

Попованинг сўзларига кўра, Россияда "британ" штаммини юқтирганларнинг борлиги ўзларига ҳали ўтган йили маълум бўлган.

Россия Буюк Британия билан ҳаво қатновларини ўтган йил 22 декабрда расман тўхтатган.

Аммо, Роспотребнадзор раҳбарининг айтишича, "ўтган йил ноябрь ойи охиридан худди шу санагача Россияга Буюк Британиядан 7 мингдан ортиқ киши учиб келган".

"Ўшанда йўловчиларнинг барчасидан намуналар олинган, муфассал текширувлар ортидан, 32 нафарида вирус аниқланган. Уларнинг барчаси топилган".

Анна Попованинг бу сўзларидан Россиянинг етакчи Интерфакс ахборот агентлиги иқтибос келтириб ўтган.

Роспотребнадзор раҳбарига кўра, коронавируснинг "британ" штамми қаттолроқ эмас, аммо янада юқумли бўлиши мумкин.

Унинг қайд этишича, Россиядаги тест тизимлари ва расман қайддан ўтказилган вакциналар бу штаммга қарши самарали.

Ўтган сентябрь ойида Англия жануби-шарқида топилган янги штамм коронавируснинг бошқа турларига қараганда 70 фоизга юқумлироқ экани айтилади.

Россия Буюк Британия билан ҳаво қатновларига қўйилган чекловларни яқинда 12 январга қадар узайтирган.

26 декабрдан эса, қиролликдан келаётган барча учун икки ҳафталик карантинни шарт қилиб қўйган.

Сўнгги янгилик Ўзбекистон Россиядан ўз фуқароларини олиб қайтишда давом этаётган бир пайтга тўғри келган.

Россия дунёнинг коронавирусга қарши вакцинани биринчи бўлиб расман қайддан ўтказган биринчи, оммавий вакцинацияни бошлаган саноқли давлатларидан бири бўлади.

Ўзбекистон ва янги штамм

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Ҳозирча бирор бир Марказий Осиё давлати ўзларида коронавируснинг "британ" штамми аниқланганига оид баёнот билан чиқишмаган.

Аммо шу вақт оралиғида вируснинг янги штамми билан боғлиқ янгилик ўзбекистонлик масъулларнинг ҳам эътиборларидан четда қолмагани кўрилган.

Ўзбекистон ҳам 21 декабрдан бошлаб, Буюк Британия, Германия, Италия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка билан халқаро авиарейслар - кириш, чиқиш, транзит рейслари орқали мамлакатга киришни тўхтатган.

Республика махсус комиссияси 22 декабрь куни бу хусусда махсус баёнот билан чиққан.

Сўнгги 14 кун давомида бу давлатларда бўлган ҳолда учинчи мамлакат орқали Ўзбекистонга кириб келаётган ўз фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг 14 кун давомида карантинга олинишини ҳам маълум қилган.

Жорий йилнинг 10 январига қадар амалда бўлиши айтилган чекловларнинг ушбу давлатлардаги эпидемиологик вазият барқарорлашгани сари босқичма-босқич бекор қилиб борилишини айтилган.

Шу соатларда пойтахт Тошкентдан олинган хабарларга кўра, Ўзбекистон бу давлатлар билан авиақатновларга қўйилган тақиқ муддатини 10 январдан кейин яна 1 февралгача узайтиришга қарор қилган.

Карантинга олиниши тартиби ҳам давом этдирилиши айтилган.

Республика махсус комиссиясининг янги қарорида ҳам яна бир бор жорий этилаётган бу чекловларнинг ушбу давлатлардаги эпидемиологик вазият барқарорлашгани сари босқичма-босқич бекор қилиб борилиши айтилган.

Ўзбекистон жорий пайтда Қозоғистон ва Қирғизистондан кейин минтақанинг коронавирус энг кўп тарқалган учинчи давлати бўлиб турибди.

Агар, расмий маълумотларга таянилса, мамлакатда жами коронавирус ҳоллари ҳозирга келиб 77600 дан сал ортган.

Масъуллар яқинда беморларнинг 98 фоизи соғайганини баён қилишганига оид хабарлар ҳам олинган.

Британиянинг ўзида коронавирус билан боғлиқ аҳвол сўнгги бир неча ойнинг ўзида жиддий ёмонлашган.

Жами ҳолатлар уч миллионни ортда қолдирган, ўлим ҳоллари 80 мингдан ошган. Қолган бирор бир Европа давлатида бу каби аҳвол кузатилмайди, ҳозирга келиб, Британия ҳаммсини ортда қолдирган.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти куни-кеча коронавирус янги штаммлари дунёнинг 40 дан ортиқ давлатига кириб борганини расман маълум қилган эди.

Яқинда коронавирус янги штаммининг Туркияда ҳам аниқланганига оид хабарлар ҳам олинган.

Туркия ҳам дуёнинг ўз минглаб ўзбекистонликлар турли иш, юмуш ва таҳсилда банд тўртта давлатидан биттаси бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek