Ўзбекистон Россиядагилар қайтаверишига тайёрми? Россия ва ўзбекистонликлар, Мирзиёев, Rossiya, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

Published

Ўзбекистон Россиядагилар қайтаверишига тайёрми? - Шу йил Москвадаги мигрантлар сони "қарийб тенг ярми"га камайибди. Москва Россиянинг энг кўп сондаги Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд шаҳри бўлади.

"Москвада меҳнат муҳожирлари сони 40%га камайди... Бу асосан қўл меҳнати ишчилари... Аксар москваликлар рози бўладиган иш эмас. Биз бу муаммони механизациялаштириш ва бошқа ҳудудлардан ишчи қўлларни жалб қилиш орқали ҳал қиляпмиз", - деган Москва шаҳрининг мэри Сергей Собянин яқинда "Россия-1" телеканалига берган интервьюсида.

Россиядаги ўзбекистонлик мигрантлар сони эса, яқин-яқингача биргина расмий ҳисоб-китобларнинг ўзида икки миллиондан ортиқрооқни ташкил этган.

Ўзбекистон Россиядагилар қайтаверишига тайёрми?

Жамшид Муслимов,

Иқтисодий таҳлилчи, Москва

"Асосан пандемия боис ватанларига қайтаётган кўп сонли муҳожирлар у ерда янги иш жойларини топа оладиларми?

Ўйлайманки, 2020 йилнинг қишидан бошлаб, мигрантлар яна Россияга қайта бошлашади.

Албатта, янги вазиятда иш ўринлари учун рақобат кучаяди, рублнинг қадрсизланиши давом этади.

Бу дегани мигрантларнинг даромадлари аввалгига нисбатан анча тушиб кетади.

Муҳожирликка авваллари уй қуриш, тўй қилиш каби катта мақсадлар ундаган бўлса, бу сафар улар оддийгина кун кечириш, қорин тўйғазиш учун паст даромадга рози бўладилар.

Ўзбекистонда етарли даражада таркибий ислоҳотлар олиб борилмади. Хорижий инвестициялар исталгандек кириб келмади.

Давлат бошқарув услуби маъмурий анти-кризис бошқарувидан тизимли бошқарув, ислоҳотчилик амалиётига ўтганича йўқ.

Асосий эътибор ривожланган мамлакатлар аттрибутлари бўлмиш "сити"лар қуришга қаратилди.

Қишлоқ хўжалик секторида, таъбир жоиз, мажбурий колхозлаштириш - эски одатлар билан "кластерлаш" сиёсати юритиб кўрилди, фермерлар ўз ерларининг мулкдори бўла олмадилар.

Туризмбопликни ошириш учун тадбирлар ташкил қилинди.

Пандемия бўлмаган тақдирда ҳам, ушбу лойиҳалар Ўзбекистонда миллионлаб янги иш жойларини ярата олмас эди.

Бандлик билан таъминловчи саноат ва инфратизилма барпо этилиши катта сармоялар талаб қилади.

Сармоялар эса, таркибий ислоҳотлар муваффақиятли амалга ошган, мулк қонунлар ва суд орқали ҳимояланадиган мамлакатларга келади.

Таркибий ислоҳотларни сиёсий эркинликларни таъминлашни бошлаш ва коррупцияни бартараф қилишсиз амалга ошириб бўлмайди.

Коронавирус инқирози мавжуд ҳолатни янада оғирлаштириб юборди.

Натижада ишсизлик сураъати ортмоқда, бу эса, ўз навбатида, камбағал оилалар сонининг ортишига олиб келмоқда.

Бу эса, ижтимоий норозилик кайфиятини пайдо қилиш потенциалига эга фактор бўлади.

Шунинг учун ҳукумат бу вазиятни маъмурий ва куч ишлатар тизимлар ёрдамида тартибга солишга уриниб, меҳнат муҳожирлигига кетишни рағбантлантиришга ўтади (мисол учун, кўплаб "оқсочлар", "мардикорлар", рус тили ўргатиш курслари ташкил этилади, турли кафолатлар ваъда қилинади).

Албатта, бундай сиёсат вақтинчалик муаммони енгиллатгандек кўринади.

Аммо юқорида айтганимиздек, Россия муҳожирлари энди аввалгидек етарли даромад топа олишмайди, Ўзбекистонга юборадиган ёрдам пуллари кўпида ярим баробар қисқаради. Бу Ўзбекистонда камбағаллик ўсиш суръатини камайтира олмайди.

Давлат ижтимоий тангликни юмшатиш йўлида янги кредитлар олиш ҳамда олтин заҳираларини сотишни давом этади.

Яъни, урғу касалликнинг асоратларини енгишга берилади, уни даволашга эмас.

Яна бир қизиқ услуб, кўрсаткичларни манипуляция қилиш орқали камбағаллик сонини қисқартиришга уринилиши мумкин.

Бундай ёндашувни Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов жамоатчиликка тақдим этиб кўрди, унингча, (у Жаҳон Банки ҳисоб-китобларига боғламоқчи бўлди) кунига 5600 сўм топаётган фуқаро камбағал эмас.

Йилнинг бошида президент Мирзиёев камбағаллик муаммосини биринчи марта очиқлаб, шундай дейди: "Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 12-15 фоиз ёки 4-5 миллион аҳолимиз камбағал. Бу уларнинг бир кунлик даромади 10-13 минг сўмдан ошмаяпти, дегани. Ёки бир оилада машина ҳам, чорва ҳам бўлиши мумкин, лекин бир киши оғир касал бўлса, оила даромадининг камида 70 фоизи уни даволатишга кетади. Хўш бундай оилани ўзига тўқ дейиш мумкинми? Президент сифатида мени одамларимизнинг овқатланиши, даволаниши, болаларини ўқитиши, кийинтириши каби ҳаётий эҳтиёжлари нима бўлаяпти, деган савол ҳар куни қийнайди".

Агар кўпгина шаҳар ва қишлоқларда иссиқлик ва электр таъминоти давлат монополияларидан оддий фуқароларнинг таппи ясаш, қўлбола кўмир иситгичлари ва электр генераторларини сотиб олишларига юклатилишини инобатга олсак, жон бошига бир кунлик 10-13 минг сўмлик даромади камбағалликни эмас балки қашшоқликни англатиши мумкин.

Ўзбекистон жорий раҳбариятининг жиддий ислоҳотларга қанчалик истаги ва иродаси борлиги ҳозирча номаълум қолмоқда.

Демак, ўзбек йигит ва қизи ўзининг энг зарурий эҳтиёжларини қондира оладиган юртларга дарбадар бўлишга мажбурлигича қолади".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek