Янгиланмоқда, ким – Трамп ёки Байден? АҚШ сайлови ва ўзбекистонликлар, видео, O'zbekiston, Mirziyoyev, AQSH, Rossiya, dunyo, yangiliklar

Published
Ўқилиш вақти: 7 дақ

Ким олдинда бормоқда - Трамп ёки Байден? Нью-Йорк вақти билан соат кечки 20:00 ни кўрсатиши билан шарқий штатларнинг кўпчилигида сайлов якунланиб, илк натижалар кела бошлади, демоқда Америка Қўшма Штатларидан асли ўзбекистонлик социолог Баҳодир Файз.

Американинг бўлғуси ва 46-президентига овоз бериш жараёни маҳаллий вақт билан 3 ноябрь куни эрта тонгдан бошланди.

Сайлов қутилари ёпилгунига қадар икки номзод - АҚШ собиқ вице-президенти, демократчи Жо Байден ва амалдаги президент, республикачи Дональд Трамп орасидаги кураш кескин кечди.

Бу галгиси Қўшма Штатлар тарихидаги энг рақобатбардош сайловлардан бири сифатида баҳо топиб бўлган.

Глобал коронавирус пандемияси боис, бу йил овоз бериш жараёни муддатидан олдин ва асосан почта орқали амалга оширилди.

Эрта овоз бериш жараёнида эса, сайловчиларнинг 100 миллиондан ортиғи овоз бериб бўлишди.

35 миллиондан зиёд сайловчи сайлов бюллетенларини тўғридан-тўғри сайлов шохобчаларига топширишган бўлишса, почта орқали берилган овозлар сони 65 миллионга яқинлашди.

Ҳар бир штатда овоз бериш тартиб-қоидалари турлича бўлса, бугун почта орқали овоз бермаган америкаликлар сайлов участкаларига боришди.

Америка бўйлаб ўтказилган "экзит-пол" дастлабки натижаларига кўра, мамлакат иқтисоди сайловчилар учун энг муҳим омиллардан бўлган.

АҚШ иқтисоди яхши ривожланаяптими, деган саволга уларнинг фикрлари иккига бўлинган.

Аммо "экзит-пол" иштирокчиларининг ярмидан кўпи молиявий қийинчиликларга глобал коронавирус пандемияси сабаб бўлганини таъкидлашган.

Овоз беришлар

Биринчи бўлиб овоз бериш жараёни АҚШ нинг Кентукки ва Индиана штатларида якунланди.

Ўтган сайловларда бу икки штатда ҳам Республикачиларнинг қўллари баланд келган.

Навбати билан Американинг бошқа шарқий штатлари - Нью Ҳэмпшир, Виржиния, Жанубий Каролина, Шимолий Каролина, Мичиган, Жоржиа, Вермонт ва Флоридада ҳам сайлов қутилари ёпилиб, илк натижалар кела бошлади.

Дастлабки натижаларга қараб, номзодларнинг қай бири ғалаба қозонишини тахмин қилиш жуда мушкул, албатта.

Айниқса, бу сайловларда почта орқали берилган овозлар ва уларни санаш жараёни натижаларни олишни янада кечиктиради.

Юқоридаги штатларнинг барчасида номзодлар ўртасидаги фарқ бир-бирига жуда яқин.

Бироқ янги президент ким бўлишини сайлов оқшоми куни кеч соатларда келаётган натижалар ва сўнгги, 2016 йилги сайлов натижаларига қиёслаш билан тахмин қилишга ҳаракат қилинади.

Нью-Йорк вақти билан соат кечки 20:00 ни кўрсатиши билан шарқий штатларнинг кўпчилигида сайлов якунланиб, илк натижалар бўй кўрсата бошлади.

Кутилганидак, бу сайловда энг муҳим аҳамиятга эга, сайлов ғолибини аниқлаб берувчи Пенсильвания, Мичиган, Висконсин ва Оҳайо штатларидан ҳам Байден ва демократлар учун яхши хабарлар олинмоқда.

Бу штатлардан олинаётган дастлабки натижаларга кўра, демократлар номзоди Жо Байден амалдаги президент Дональд Трампга қараганда анча устун мавқеъга эга.

Сўнгги натижаларга кўра, Пенсильвания ва Оҳайо штатларида Трамп олдинга ўтиб кетди. Бу, албатта, таъбир жоиз, Байденнинг ишини анча қийинлаштиради.

Висконсин ва Мичиган штатларида ҳам Трaмп илғорлик қилмоқда, лекин ҳали кўп сайлов қутилари очилмаган.

Шу соатларда ғолиб қай бир номзод эканини айтиш имконсиз.

Оҳайо, Техас ва Флоридада алал-оқибат Трампнинг қўли баланд келди.

Аммо умумий ҳисоблар бўйича(220-213) ҳозирча Байден олдинда бормоқда.

Демократчи номзод бироз аввал чиқиш қилди, ғалаба сари йўлда эканини айтди.

Сайлов шохобчалари ёпилди.

Янги АҚШ президенти тақдирини ҳал қилувчи уч штат - Пенсильвания, Висконсин ва Мичиган кимни маъқул кўргани ҳозирча маълум эмас.

Бу штатлардаги сайлов натижаларининг тез орада имконли бўлмаслиги айтилмоқда.

Менимча, сайловда қай бир номзод ютишини бу яқин соатларда била олмасак керак.

АҚШ президент сайлови

Сайловчилар томонидан сайланадиган "Electorate College", яъни президент ва вице-президентни сайловчи штат делегатлари декабрь ойида президент ва унинг ўринбосарини сайлашади.

Агар бирон бир номзод сайловда ғолиб бўлиш учун зарур бўлган камида 270 сайлов делегатининг овозини ололмаса, АҚШ Вакиллар Палатаси учта номзод орасидан энг кўп овоз олган номзодни, АҚШ Сенати эса қолган икки номзод орасидан вице-президентни танлайди.

Сайловлар Вакиллар Палатаси, Сенат ва турли маҳаллий сайловлар билан бир вақтда ўтказилади.

Бу президентлик сайловлари нафақат Америка халқи учун, балки бутун дунёда муҳим аҳамиятга эга, дунёдаги сиёсий жараёнларни ўзгартирувчи муҳим омил ҳисобланади.

АҚШ сайлови: Пенсильвания, ўзбекистонликлар кимни танлайди - АҚШ ва Ўзбекистон

АҚШ сайлови: Пенсильвания, ўзбекистонликлар кимни танлайди - йигирма мингга яқин ўзбекистонлик яшовчи Пенсильвания янги АҚШ президенти тақдирини ҳал қилувчи, унга президентлик курсисини кафолатловчи саноқли штатлардан биттаси бўлади. АҚШ президент сайлови тугашига саноқли соатлар қолди. Пенсильваниядаги ўзбекистонликлар нима дейди?

Баҳодир Файз, социолог

Ўзбекистон-АҚШ(Пенсильвания)

"Бугун 3 ноябрь куни АҚШ президенти ва Конгресси учун овоз бериш жараёни якунланади.

Икки номзод - Дональд Трамп ва Жо Байден сайловолди кампанияларининг сўнгги икки кунини янги АҚШ президенти тақдирини ҳал қилувчи учта энг муҳим штат - Пенсильвания, Мичиган ва Висконсинда ўтказишди.

Бу штатларнинг сайлов жараёни учун аҳамияти шундаки, уларда ким ғалаба қозонишини олдиндан тахмин, башорат қилиш мушкул бўлиб келган.

Уларда баъзан демократлар, баъзида эса республикачиларнинг қўллари баланд бўлган.

Сўнгги, 2016 йилги АҚШ президентлиги сайловида Дональд Трамп ва Ҳиллари Клинтон қўлга киритган овозлар ўртасидаги фарқ жуда ҳам оз бўлган.

Бу галги икки номзоднинг сўнгги саъй-ҳаракатлари ҳам ана шу муҳим штатлардаги 2-3 фоизни ташкил этувчи қарорсизларнинг овозини олишга қаратилган.

Айнан 2016 йилги сайловда Дональд Трамп Пенсильвания штатида сайловчиларнинг кўпроқ овозларини олган ва бу унинг президентлик курсисига ўтиришини таъминлаган эди.

Тошкент: Ўзбекистон учун ким яхши - Трамп ёки Байден? Таҳлил, O'zbekiston, Mirziyoyev, AQSH, Rossiya, dunyo, yangiliklar

Аммо бу йилги сайловларнинг олдингисидан анча фарқли бўлиши кутилмоқда.

Сайловдан бир неча кун олдин ўтказилган сўров натижалари бунга далолат қилади.

Улар бу гал мазкур штатлар, жумладан, Пенсильванияда демократчи номзод Жо Байденнинг амалдаги президент ва республикачи номзод Дональд Трампдан 5-6 фоизга олдинда эканлигини кўрсатмоқда.

Пенсильваниянинг муҳимлиги шундаки, агар, бу штатда ғалаба қозонгудак бўлса, Жо Байден келаси тўрт йилга ўзига АҚШ президентлиги курсисини кафолатлай олади.

Пенсильваниянинг этник рангбаранг, турли иқтисодий-ижтимоий қатламларига бой бўлган йирик метропол шаҳарлари - Питтсбург, Филадельфия ва Ҳаррисбург сиёсий жиҳатдан демократларнинг қалъаси ҳисобланади.

Лекин штатнинг нисбатан бир хиллик кучли бўлган чекка туман ва қишлоқлари аҳолиси кўпроқ республикачи номзодларни дастаклаб келган.

Охирги йилларда демократларнинг иқтисодий масалаларда глобал тижорат, атроф- муҳит, иқлим ўзгаришининг олдини олишга қаратилган дастурлари Пенсильваниядаги оғир саноатда банд ишчиларни кўпроқ бу соҳаларда иш ўринлари яратишга ваъда берган Трамп томонига оғишларига сабаб бўлди.

Бироқ, ҳозирга келиб, кўпчилик сайловчилар назарида, Американинг Трампни президентликка олиб келган иқтисодий, ижтимоий ва маданий асосдаги ички муаммолари ҳалигача ўз ечимини топмаган.

Пандемия сабаб бўлган иқтисодий инқироз натижасида янада чуқурлашган даромадлар тенгсизлиги ва Трампнинг халқбоз сиёсати келтириб чиқарган ижтимоий қутблашманинг олдини олиш бўйича кенг қамровли сиёсат ишлаб чиқилмаса, 2024 йилги сайловларда Трампга қараганда кучлироқ номзод билан трампизмнинг қайтиши эҳтимоли ҳам демократ ва оддий қарорсиз сайловчиларни хавотирларига сабаб бўлмоқда.

Бу галги сайловлардаги яна бир муҳим жиҳат, сайловда иштирок этиш даражаси паст бўлган (50-55% оралиғида) АҚШда эрта овоз бериш бу йил рекорд даражада десак бўлади.

Пандемия туфайли жорий сайловда истаган сайловчилар учун почта орқали овоз бериш йўлга қўйилган.

Почта орқали овоз бериш тадбири асосан пандемия шароитида хавфсизлик юзасидан Америка тарихида энг катта кўламда қўлланилмоқда.

Бугунга келиб сайловчиларнинг деярли 70 фоизи почта ва эрта овоз бериш орқали ўз танловларини қилиб бўлишган.

Фақат почта орқали овозларни саралаш ва ҳисоблаш кўпроқ вақт талаб қилиши сабабли, агар номзодлардан бири катта фарқ билан сайловчиларнинг овозини ололмаса, сайловнинг якуний натижаси бир неча ҳафтага кечикиши мумкин.

Ҳозирда Американинг барча штатларида бўлгани каби, Пенсильванияда ҳам минглаб ўзбекистонлик ватандошларимиз яшаб, ишлаб, таҳсил олиб келишади.

Агар, тахминий ҳисоб-китобларга таянилса, Пенсильваниянинг биргина икки йирик шаҳри бўлган Филадельфия ва Питтсбургнинг ўзида ўзбекистонликлар сони қарийб йигирма мингга етади.

Албатта бу ҳамюртларимиз орасида бундан аввал бўлиб ўтган уч сайловга нисбатан Америка фуқаролигини олган, сайловларда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган ватандошларимиз талайгина.

Кўп йиллардан бери Қўшма Штатларда яшаб келаётган кўплаб ўзбекистонликларнинг бу мамлакат фуқаролигини олаётганликларининг асосий сабаблардан бири эса, уларнинг Америка сиёсатидаги ўзгаришларга бефарқ эмасликларида, деб ўйлайман.

Президент Трампнинг миграция сиёсатидаги популизм, мамлакатга келаётган муҳожирлар сонини чекловчи мавқеи, диний-маданий озчиликларга бўлган салбий муносабати ҳам ватандошларимиз орасида эҳтиёткорликка, баъзан хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Бу хавотирлар эса, албаттаки, сиёсий танловда ўз натижасини кўрсатаяпти, ватандошларимизнинг АҚШ президент сайловларида янада фаол иштирокларига сабаб бўлмоқда.

Қолаверса, пандемия шароитида ишсизликнинг ортиши, турмуш шароитидаги қийинчиликлар ҳам ватандошларимизнинг асосий ташвишларидан бири ҳисобланади.

Кам таъминланган, ишини йўқотган оилаларга ижтимоий-моддий имтиёзлар ва бу ёрдам ҳажми ҳам ҳамюртларимиз эътиборида.

Ўз кузатишларим ва ватандошларимиз билан ўзаро суҳбатларимиздан келиб чиқиб шуни айтишим мумкинки, ҳозир юртдошларимиз орасида Трамп сайловчиларини ҳам, қарорсизларни ҳам учратаяпмиз.

Сиёсий-ижтимоий мавзуларга ҳушёр бўлган, ирқий камситишлар ва аксилмуҳожир дастурлардан хавотир олаётган, диний-миллий қадриятлар, эркинликларга боғлиқ ўзбекистонликлар демократ Байденга овоз бермоқчи бўлишса, иқтисодий ташвишлар қайғусида юрган ҳамюртларимиз кўпроқ Трампни танлаганлар.

Барча америкаликлар қатори биз ўзбекистонликларнинг ҳам, келажак президент ким бўлишидан қатъиназар, биринчи навбатда давлатдан, бўлғуси президентдан умидлари - Ковид пандемиясига қарши курашда самарали чоралар кўриши, айни вақтда, иқтисодни жонлантириш ва Американинг энг муҳим қадриятларидан бири бўлган имконлар тенглигини таъминлаш, деб ўйлайман".

Би-би-си: Америка Қўшма Штатлари жорий пайтда дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар яшаб, ўқиб, ишлаб келаётган тўртта давлатидан биттаси бўлади.

Айрим ҳисоб-китобларга кўра, ўзбекистонликлари дохил Америкадаги ўзбекларнинг тахминий сони ҳозир деярли уч юз минг кишига етай, деб қолган.

Улардан аксариятини эса, Грин-карта ёрдамида Америка Қўшма Штатларида яшаш ҳуқуқини қўлга киритганлари ташкил этишади.

Америкада яшаб, меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар орасида етакчи олимлар, ишбилармонлар, турли халқаро ва жамоат ташкилотлар вакиллари мақомида бўлганлари, нуфузли университетларида таҳсил олаётганлари озмунча эмаслиги айтилади.

Ўзбекистондаги "Ижтимоий фикр" тадқиқот марказининг сўнгги сўровларидан бири Америкага кетиш истагида бўлган ўзбекистонликлар сони ортиб бораётганига далолат қилган.

Бугун хорижда турли иш, юмуш ва таҳсилда банд ўзбекистонликлар сони миллионларга нисбат берилади.

Бу каби ҳолат Марказий Осиёнинг қолган бирор бир давлати мисолида кўрилмайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek