Ўзбекистон: Одамларни иш билан таъминламаган раҳбарларни жавобгарликка тортамиз – Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

Shavkat Mirziyoyev

Сурат манбаси, official

Published

Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев oдамларни иш билан таъминламаган раҳбарлар жавобгарликка тортилишини айтди. Зироатхон Мирзиёева тоза ҳавонинг муҳимлиги урғуланган тадбирда шахсан иштирок этди. UzAutoMotors журналистларга босим ўтказилган, демоқда - bbcuzbek.com дайжести.

21 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида саноат тармоқларидаги 9 ойлик натижалар ва йил якунигача бажарилиши лозим бўлган вазифалар муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказган.

Президент пандемия шароитида кўрилган чоралар натижасида ЯИМ ўсиш суръати ижобий кўрсаткичда сақлаб қолинганини таъкидлаган.

"Лекин мана шундай оғир шароит, оғир йилда одамларни иш билан таъминлаш, ялпи ички ишлаб чиқаришимизни режаланган кўрсаткичга етказмаган тармоқ, ҳудуд раҳбарларини ишдан олиб, жиноий жавобгарликка тортамиз".

"Ҳамма шароитни яратиб бердик. Шундай имкониятлардан фойдаланмаган раҳбар қандай ишлаши мумкин?" деган Мирзиёев.

Президент, шунингдек, эндиликда, давлат корхоналари қолмаслигини ҳам маълум қилган.

"Давлат корхонаси қолдими - биз кўзланган марраларга ета олмаймиз. Рақобатбардош маҳсулот бўлмайди", билдирган у.

Мирзиёев саноат корхоналари бошқарув тизимида муаммолар борлиги, маҳсулотлар таннархини тушириш заруриятини ҳам тилга олган.

Йиғилишда йил якуни билан табиий газ қазиб олишни кўпайтириш, ички бозорга қўшимча газ етказиб бериш бўйича топшириқлар берилган.

UzAutoMotors: Журналистларга босим ўтказилган

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

"UzAutoMotors" АЖ Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан давом этаётган суд жараёнини ёритувчи оммавий ахборот воситалари вакилларига босим ўтказилиши фактларидан ташвишда эканлигини билдириб, баёнот тарқатган.

Компания 16 октябрь куни ўтган учинчи суд мажлисини ёритган ОАВга Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан босим ўтказишга уриниш бўлганини таъкидлаган.

"Қатор ҳолатларда бу уринишлар муваффақиятли бўлган: Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизматининг қатъий талабидан кейин айрим ОАВ холис маълумотлар акс этган мақолаларни ўз сайтларидан ўчириб ташлаган, бошқалари эълон қилинган матнлардан МҚКҚни қониқтирмайдиган қисмларини олиб ташлаб, ўзгартиришлар киритган. Мазкур суд ишидаги оппонентларимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 67-моддасининг қўпол бузилиши фактидан қутилишга уринишларининг олдини олиш учун, биз мақолалар аслининг скриншотларига ҳам, шунингдек, матбуотга босимнинг бошқа исботларига ҳам эга эканлигимизни айтиб қўймоқчиман", дейилади компания баёнотида.

Аммо баёнотда айнан қандай материаллар қўмита талаби билан интернет нашрларидан ўчириб ташланганига ойдинлик киритилмаган.

Россиядан яна ўзбекистонликлар олиб келинади

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Яқин кунларда Россиядан 8,5 минг нафар ўзбекистонлик поездларда олиб келинади.

Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати маълум қилган.

"Россиянинг Волгоград вилояти Волжский шаҳридан Ўзбекистон фуқароларини ватанга қайтариш мақсадида Волжский - Тошкент йўналишида поездлар сони тўққизтага етказилиб, жорий йил октябрь охири ва ноябрь бошида 8,5 мингга яқин ўзбекистонликни олиб келиш режалаштирилмоқда", дейилади хабарда.

"Тоза ҳаво барча учун"

Ziroatxon Mirziyoyeva

Сурат манбаси, official

Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева бўлган "Zamin" фонди ҳаво сифати, унинг мониторингига оид маълумотлар очиқ-ошкоралиги масалалари бўйича тадбир ташкил этилганини хабар қилган.

БМТнинг Атроф-муҳит дастури (YUNEP), БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси, БМТнинг Тараққиёт дастури, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича давлат қўмитаси иштирок этган тадбирда Зироат Мирзиёева ҳам қатнашган.

Фонд тарқатган хабарда йилдан-йилга ҳавонинг ифлосланиб бориши туфайли онкологик, нафас респиратор ва юрак-қон томир касалликларининг кўлами ортиб бораётганлиги, ушбу муаммоларни бартараф этиш учун ҳавонинг турли моддалардан ифлосланиш даражасини ўлчаш зарурлиги айтилади.

Хабарда "Zamin" фонди ҳамда YUNEP кўмагида Гидрометеорология хизмати маркази томонидан "Атмосфера ҳавоси ифлосланишининг мониторингини автоматлаштириш" лойиҳаси уч босқичда амалга оширилиши кўзда тутилгани қўшимча қилинган.

Вакцина синови ўтказилади

O'zbekiston

Сурат манбаси, Reuters

Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакцинанинг клиник синовлари ўтказилиши режалаштирилганини маълум қилган.

Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги маълум қилди.

21 октябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги коронавирусга қарши рекомбинант вакцинанинг клиник синовларини Ўзбекистонда ўтказиш масаласи бўйича Хитой Фанлар Академияси Микробиология институти ва "Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical" компанияси вакиллари билан музокаралар ўтказган.

"Музокаралар давомида ўтказиладиган клиник синовларнинг барча босқичлари муваффақиятли якунланган тақдирда, Ўзбекистон ушбу вакцинани биринчилардан бўлиб ҳамда арзон нархларда харид қилишда устуворликка эга бўлиши таъкидланди", дейилади вазирлик хабарида.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek