Самарқанд: Ўлсам ҳам уйимга қайтмайман деган аёл қаерга борсин? - O'zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

Сурат манбаси, BBCuzbek
Самарқанд: Ўлсам ҳам уйимга қайтмайман деган аёл қаерга борсин? - Самарқанддаги Бибисора опа бизга келсин, демоқда. У ер қаер?:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Самарқандлик 41 яшар Дилором ҳаётининг сўнгги уч йили турмуш ўртоғининг зўравонликлари остида кечгани ва узоқ вақт борарга жой топа олмаганини айтади.
Ўзбекистонда сўнгги пайтда аёлларга нисбатан зўравонлик мавзуси кун тартибидан тушмаётир.
Бироқ оиладаги зўравонликка учраган ва бош уриб боришга борар жойи қолмаган аёлларни вақтинчалик бошпана билан таъминлаш масаласи унданда долзарб.
Самарқанд шаҳрида ана шундай оғир вазиятга тушиб қолган аёлларга беғараз ғамхўрлик кўрсатадиган бир маскан мавжуд - «Раҳмдиллик» шелтери.
Бу шелтер ёки бошпана ҳақида кўпчилик одам эшитмаган - бунинг ўзига яраша сабаблари бор.
Бибисора Орипова ушбу шелтерга бундан 20 йил муқаддам асос солган ва ҳалига қадар унга бошчилик қилиб келади.
Бибисора опа Би-би-сини бу маскандаги ҳаёт билан таништирди.
Шифокор-асосчи

Сурат манбаси, courtesy
Шелтердан зўравонликка учраб, борарга жойи қолмаган аёллар қўним топади ва уларга кўрсатилаётган барча ижтимоий ёрдам беғараз тарзда амалга оширилади.
Ушбу жой бир вақтнинг ўзида 30 аёлни ўз бағрига олиши мумкин.
Асл касби шифокор бўлган Бибисора Орипова аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш йўлидаги фаолияти 1990 йиллар ўрталарида бошланганини билдиради.
"Шифокор бўлганим учун ҳамма соғлом бўлиши, ҳеч қийналмай яшаши керак, чунки ҳаёт бир марта берилади, айниқса, оналар соғ бўлиши керак деган жуда катта иштиёқ билан яшар эдим", хотирлайди Бибисора опа.
Унинг ҳикоя қилишича, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг мамлакатда нодавлат-нотижорат ташкилотлар очила бошлагач, у шундай ташкилотларнинг бирида руҳшунос сифатида ишлай бошлаган.
Бибисора опа ушбу фаолияти давомида тақдир зарбасига учраган аёллар жамиятда мавжуд менталитет ва анъаналар туфайли ўз яқинлариникига қайтиб бора олмагани ёки нохуш муҳит мавжуд уйида чидаб яшашига гувоҳ бўлгани ҳақида сўзлайди.
Бунинг ортидан тушкунликка тушиб қолган аёлларни вақтинча бошпана билан таъминлаш ғояси пайдо бўлгани ва 1998 йилда Қизил ярим ой жамияти кўмагида тўрт нафар аёлга мўлжалланган шелтер очишга муваффақ бўлганини қўшимча қилади.
Ҳозирда, шелтерга келган аёллар ўз ҳаёти изига тушгунга қадар бу ерда чекланмаган муддат яшашлари мумкин.
«Йиллар давомида яшаган аёлларимиз бўлган. Уларни қаерга ҳам чиқариб юбора оламан?» дейди Бибисора опа.
Бибисора опа аёллар бу жойда нафақат вақтинча қўним топиши, балки мунтазам ташкил этиладиган ўқув курсларига қатнашиб, жамиятга мустақил шахс сифатида қайтиши борасида сўзлайди.
«10 йил жим ишладик»

Сурат манбаси, BBCUzbek
Бибисора Орипова яқин ўтмиш давомида ҳукумат Ўзбекистонда аёлларга нисбатан зўравонлик мавжудлиги, уларнинг ҳуқуқлари топталаётганини билвосита рад этиб келганини айтади.
"Андижон воқеасидан кейин ҳукуматнинг нодавлат ташкилотларга нисбатан муносабати ўзгарди. 10 йил жим ишлашга мажбур бўлдик. Асосан, ҳомийлар кўмаги билан кун кўрамиз. Шу ўн йил давомида ўз касбимиздан топган даромадимизни шелтерни сақлаб қолишга сарфладик", эслайди у.
Аммо Шавкат Мирзиёев келиши ортидан вазият тубдан ўзгарди, дейди у.
Бибисора опа, айниқса, 2019 йилда «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинганидан сўнг ҳукумат мамлакатда саноқли ҳисобланган бундай шелтерлар билан яқиндан ҳамкорлик қила бошлагани, ҳозирда зўравонликка учраган аёлларнинг асосий қисми маҳаллий ҳокимликлар томонидан бу жойга юборилаётганини билдиради.
Бугунги кунда Ўзбекистон жамоатчилиги ҳам аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига жиддий қарамоқда.
Бу масалада кўпчиликнинг эътиборига тушган сўнгги воқеа, албатта, самарқандлик Мустаҳкам билан содир бўлди.
8 йил давомида турмуш ўртоғи томонидан тазйиқларга тутиб келинганини айтган Мустаҳкам ҳикояси жамоатчилик орасида нақадар акс-садо бергани муаммонинг қанчалик оғриқли эканидан дарак бермоқда.
Самарқанддаги мазкур масканнинг аниқ манзилини эса очиқ маълумотлардан топиш мушкул.
Бибисора Орипованинг сўзларига кўра, бундан асосий мақсад шелтердаги аёлларни зўравон яқинларидан ҳимоя қилишдир.
«Ўлсам ҳам уйга қайтмайман»

Сурат манбаси, BBCuzbek
Дилором иккинчи турмуш ўртоғи томонидан уч йил давомида таҳқирлаб келиниши ортидан бу маскандан қўним топган.
Унинг қарийб беш ойга яқин умри шу ерда ўтмоқда.
«Мени яраштирмоқчи бўлишди, лекин мен ўлсам ҳам у ерга қайтмайман, дедим. У азобларга чидагандан кўра, кўчада ўлганим яхши», таъкидлайди у.
Дилором мазкур шелтерни маҳаллий ҳокимлик орқали топгани ва бу ерда ўтган вақти давомида руҳий саломатлиги деярли қайта тикланганини маълум қилади.
Ўзбекистонда 2020 йил январь ойидан бери зўравонликка учраган аёлларга ҳимоя ордери бериш тартиби жорий этилиб, улар давлат ҳимоясига олина бошлаган, 200 га яқин зўравонликка учраган шахсларни реабилитация қилиш марказлари очилгани расман хабар қилинган?
Бибисора Орипова аёллар ҳуқуқлари ҳимоячиси ўлароқ ҳукуматнинг бундай қадамларини олқишлаши, аммо кун келиб, аёлларнинг ҳуқуқлари тўлиқ таъминланиши, уларга нисбатан зўравонлик барҳам топиши ва ўзи асос солган шелтер каби масканларга эҳтиёж қолмаслигини исташи ҳақида гапиради.
"Бу доим истаганман. Майлида, ҳамма нарса ҳам ўзининг вазифасини ўтаб бўлади. Аёлларни бахтли кўрсам, бундай шелтерларнинг кераги йўқ, деб ўйлайман".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek































