ИИВ: Ўзбекистон намойиш қонунининг Беларусга алоқаси йўқ O'zbekiston

Ички ишлар вазирлиги ходими униформаси

Сурат манбаси, official

Published

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига кўра, ЕХҲТ фуқароларининг ижтимоий фаоллигини тартибга соладиган норматив ҳужжат йўқлиги сабаб Ўзбекистонни танқид қилган, "Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ЕХҲТ тавсиясини инобатга олиб тайёрланган. Аммо лойиҳа муҳокамасининг аксар иштирокчиларига кўра, бу лойиҳанинг Ўзбекистон Конституциясига зид бандлари бор.

Ички ишлар вазирлигининг қонун лойиҳаси борасидаги расмий баёноти вазирлик веб-сайтида эълон қилинган.

Вазирликка кўра, "Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисида"ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилишининг Беларусдаги намойишларга алоқаси йўқ.

"Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг "Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисида"ги қонуни лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилгандан сўнг, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг, ушбу қонунни қабул қилиш зарурати Белорусияда ўтказилаётган оммавий норозилик намойишларидан сўнг вужудга келганлиги тўғрисида турли ноўрин фикрлари шаклланиб бормоқда", дейилади ИИВ расмий баёнотида.

Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон қонунчилигида шу кунгача ҳам "йиғилиш, митинг ва намойишлар тушунчалари, уларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас"лигини эслатган.

"Мазкур ҳуқуқий бўшлиқ ҳанузгача, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33-моддасида кўрсатилган қоидаларни тўлиқ рўёбга чиқаришга имкон бермасдан келмоқда", дейилади баёнотда.

"Шунингдек, Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти қошидаги Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг 2019 йил 22 декабрда мамлакатимизда ўтказилган парламент сайловлари бўйича якуний ҳисоботидаги камчилик сифатида ҳам республикамизда фуқароларнинг ижтимоий фаолликларини тартибга солувчи бирорта норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги кўрсатилган эди", дейилади ИИВ расмий баёнотида.

Вазирликка кўра, оммавий чиқишларга бағишланган халқаро тажриба ўрганиб чиқилганидан кейин ушбу қонун лойиҳаси тайёрланган.

"Вазирлик томонидан мазкур йўналишдаги халқаро (РФ, АҚШ, Германия, Франция, Эстония, Озарбайжон, Туркманистон, Тожикистон Қирғизистон, Қозоғистон) тажрибани чуқур ўрганган ҳолда юқорида кўрсатилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган", дейилади баёнотда.

Аммо аксар кузатувчилар юқорида тилга олинган ҳамма мамлакатлар ҳам ўз фуқароларининг ўз хоҳиш-иродасини эмин-эркин норозилик шаклида ифодалашларига изн берадиган мамлакатлар деб кўрилмаслигига эътиборни қаратадилар.

regulation.gov.uz расмий веб-сайтидаги қонун лойиҳаси ҳақида фикр-мулоҳаза билдираётганлар нега қонун лойиҳаси фақат Ички ишлар вазирлиги томонидан тайёрланди, деган саволни ҳам бермоқдалар.

YAVIDOV BAHRAM YANGIBAEVICH шундай ёзган:

Qonun loyihasi IIV tomonidan ishlab chiqilgan ekan. Nima uchun qonun loyihasi faqat bir vazirlik tomonidan ishlab chiqilib, muhokamaga qo'yilmoqda? Bu ishga Adliya vazirligini, Prokuraturani, Inson huquqlari tashkilotlarini, siyosiy partiya vakillarini va boshqa mutasaddi jamoatchilik tashkilotlarini ham jalb qilish kerak edi. Keyin "Miting" so'zi nima u? Bu o'zbek tilida yig'ilish va to'planish emasmi? Shunda qonun "Miting (yig'ilish), yig'ilish, ....." deb o'qilish kerakmi? Bu qanday chalasavodlik?

Гера Грузин: Фукаролар манфаати ва демократик тамойилларга асосланмаган конун! Барчаси митинг утказишга карши моддалар билан тулиб кетган! Инсон хукукларига зид! Тасдикланмаслик тарафдориман.

Таклиф этилаётган қонуннинг бир неча бандлари Ўзбекистон Конституциясига зид эканини бир неча муҳокама иштирокчилари айтганлар.

Ушбу қонунни митингларни назорат қиливчи орган томонидан ёзилгани жуда катта нохолисликга ва узига мослаб ёзилгани учун бу купроқ митингни тақиқлаш қонунига ухшаб қолибти. Шунча чекловларни ўрнига бир гап билан Ўзбекистон республикасида митингларни ўтказиш тақиқланади десангиз етарди.

Аноним: Хуқуқий бахо -0: Ушбу қонуннинг 5 ва 15 моддаларида Узбекистон Республикаси Конститциясининг 18 ва 33 моддалари очиқдан очиқ бузилган. 5 ва 15 моддаларга асосан давлат органлари ва ташкилотлар, корхона ва муассасаларнинг ходимлари умумий графикдан келиб чиқиб умуман митингда қатнаша олишмайди.

Қонун муҳокамасига 2 сентябргача муддат берилган.

Лойиҳа муҳокамасига 2 сентябргача муҳлат берилган.

Сурат манбаси, Regulation.uz

Ушбу қонун лойиҳаси 2019 йил августида ҳам муҳокамага қўйилган эди.

Шу кеча-кундузда намойишлар масаласи Ўзбекистонда долзарб мавзуга айланганини кўрган аксар кузатувчилар "бунинг Беларусдаги протестларга алоқаси борми ёки яқинлашиб келаётган Ўзбекистон президентлик сайловигами?" деган саволни бермоқдалар.

"Бу, ҳойнаҳой, Беларусь ва Хабаровскдаги норозилик намойишлари билан боғлиқ. Ҳокимият ана шундай протестлар имконияти мавжудлигидан хавотирда ва қўшимча чекловлар киритишга ҳаракат қилаяпти. Шу мақсаддаки, кейинроқ норозилик намойишлари олдини олгани ва бостириш учун куч қўллаганини оқлаш учун. Чунки Ўзбекистоннинг ўзидаги президентлик сайловига ҳам унча кўп вақт қолмади. Аҳолида эса ҳокимиятдан норози бўлиш сабаблари анча кўп", дейди сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek