Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги: болалар масжидга намозга эмин-эркин киришлари мумкин O'zbekiston

Сурат манбаси, IIV
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Қурбон Ҳайити муносабати билан табригида вояга етмаганларнинг масжидга намозга киришлари ҳақидаги баёноти кўпчилик томонидан олқишланди.
Ички ишлар вазирлиги "ватандошларимизнинг дин эркинлиги соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳамда ушбу йўналишда бирор бир қонунга зид тўсиқлар ва сунъий чекловлар ўрнатилишига қарши курашишда давом этиши"ни таъкидлаган.
Ички ишлар вазирлигининг Қурбон Ҳайити табриги вазирликнинг Телеграмдаги каналида расмий баёнот дея видео кўринишида эълон қилинган.
"Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ватандошларимизни ва юртимиз меҳмонларини муқаддас Қурбон ҳайити билан муборакбод этади, дейилади табрикда.
"Албатта, дунё миқёсида кузатилаётган коронавирус пандемияси шароитида Ўзбекистонда ҳам бошқа давлатлардаги каби намозларни масжидларда жамоа билан ўқишда чекловлар жорий қилинди. Бу чекловларнинг барчаси вақтинча ўрнатилган бўлиб, мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг хавфи камайиши билан уларни босқичма-босқич ечиш кўзда тутилган.
Жумладан, карантин чоралари бекор қилинганидан сўнг Ўзбекистондаги барча масжидларда фуқароларнинг ҳеч қандай чекловларсиз намозларини жамоа билан адо этишлари учун зарур шарт-шароитлар таъминланади.
Шу ўринда, Ички ишлар вазирлиги масжидларга вояга етмаган фуқаролар ва болаларнинг ўз ота, ака-ука ва яқин қариндошлари ҳамроҳлигида намоз ўқиш учун эркин келиб-кетишлари мумкинлигини эслатиб, бунга қонунчилигимизда ҳеч қандай тақиқлар мавжуд эмаслигини алоҳида таъкидлайди.
Вазирлик ватандошларимизнинг дин эркинлиги соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳамда ушбу йўналишда бирор бир қонунга зид тўсиқлар ва сунъий чекловлар ўрнатилишига қарши курашишда давом этади", дейилади ИИВ расмий баёнотида.
Ўзбекистон ҳукуматининг намозхонларга нисбатан сиёсати кўп йиллар давомида халқаро ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан танқид қилиб келинган.
Президент Шавкат Мирзиёев қудратга келганидан кейин бу борада амалга оширилган ўзгаришлар халқаро миқёсда олқишланди, Ўзбекистоннинг диний эркинликларга оид халқаро ҳисоботлардаги ўрни яхшиланди.
Аммо болаларнинг масжидга киришларида тўсиқлар сақланиб қолаётгани, мамлакатда соқолли эркак кишининг ва рўмолли қизларнинг ўқув муассасалари ва жамоат жойларида бўлиши ҳамон хуш қаршиланмаслиги танқидларга сабаб бўлиб келади.
Ўзбекистонда уч йиллик "танаффусдан кейин" яна террорчи гуруҳлар аъзоларининг қўлга олинаётгани ҳақидаги хабарлар кўпайгани кузатилмоқда, бу, мамлакат раҳбариятининг яна Каримов замонидаги "алвасти ови" сиёсатига қайтаётгани аломати эмасмикан, деган хавотирларни ҳам уйғотган.
Шу манзарада Ички ишлар вазирлигининг болаларнинг яқинлари ҳамроҳлигида масжидга намозга киришларига қаршилик қилинмаслиги ҳақидаги баёноти аксар намозхонлар томонидан социал тармоқларда олқишланмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

































