Қиладиган бошқа иши йўқми? – Танқидий фикри ортидан қамалган ёш блогерга муносабат O’zbekiston

Усмонжон Қодиров блогерлик фаолиятидан ташқари Vodiy 24 телеканалининг мухбири бўлиб ишлаб келади

Сурат манбаси, Facebook/Usmonjon Qodirov

Сурат тагсўзи, Усмонжон Қодиров блогерлик фаолиятидан ташқари Vodiy 24 телеканалининг мухбири бўлиб ишлаб келади
Published

"Фарғона вилоятида Президент ташрифига тайёргарлик юқори даражада. Лекин, карантин вақтида, иссиқ ҳавода завод ходимларининг «хашар»га чиққани ачинарли. Фарғона Нефтни қайта ишлаш заводининг йўлида ходимлар меҳнатда. Улар қайси завод ишчилари эканлигига ойдинлик кирита олмадик. Чунки у ерда заводлар кўп… Қачонгача бундай ишлар давом этади. Қонуний йўл билан, ҳеч кимни мажбур қилмасдан қилиш мумкинми бундай ишларни? Ёки биз рахбарлар айтмаса, ён атрофимизни тоза, покиза қилимаймизми? Албатта катта раҳбар келса, шунга тайёрланиш керакми?"

Ёш журналист ва блогер Усмонжон Қодиров ижтимоий тармоқларда шу хабарни ёзиши ортидан ғойиб бўлди. Фарғонада иш сафари билан бўлган бошқа журналист Мавжуда Мирзаева уни қидира бошлагач, Усмонжон 15 суткага қамалгани ҳақидаги суд ҳукмини қўлга киритди.

Усмонжонга суд ҳукми ўқилишидан бироз аввал у Фарғона вилояти ҳокимлигига чақирилган ва ҳокимликнинг матбуот котиби Муҳаммаджон Обидов у билан суҳбатлашган. Обидовнинг айтишича, журналист нотўғри маълумот тарқатганини тан олгач, уни ҳокимликда узр сўраганини видеога олганлар. Обидов унинг сўнг судга тортилганига алоқаси йўқлигини айтади.

Усмонжон жазоси 15 суткадан 2 суткага ўзгартирилиб, у уйига қайтган, аммо ўз бошидан ўтганларини очиқлашни истамаган.

«Оила даврасидаман. Тез орада янги лойиҳалармизни "Youtube" тармоғида эълон қиламиз. Турли гап сўзлар ортда қолди. Барча, барчага ўз миннадорчилигимни билдираман,» - деб ёзди Усмонжон Қодиров ўз Фейсбук саҳифасида.

Қароргоҳи АҚШда жойлашган Freedom House ташкилотининг охирги ҳисоботида Ўзбекистон яна «озод эмас» дея тамғаланди.

Ҳисоботда, хусусан, шундай дейилади:

«Қонун чиқарувчи ва суд тизими аслида ислоҳотларни буйруқ асосида тадбиқ қиладиган ижрочи ҳокимиятнинг қўлидаги қурол бўлиб хизмат қилади, матбуот эса давлат томонидан қаттиқ назорат қилиниши давом этяпти.»

Муносабат

Би-би-си Усмонжон Қодировнинг иши бўйича ўз суриштирувини чоп қилиши ортидан, ижтимоий тармоқларда ушбу мақола қизғин баҳсларга сабаб бўлди.

Бир қатор шарҳловчилар 22 яшар блогернинг амалларини қоралашди:

«Шу блогерлар ҳам сал вазминроқ бўлса яхши бўларди.. Хашар - бу азалий уфр-одатимиз-ку. Тозалик хам элга фойдалику... Бунча майда гап бўлмасалар блогерлар.. Ахир глобал муаммоларни кўтаришсин.»

«Ҳамма блогер, лекин ақл йўқ. Қиладиган бошқа иши йўқми?»

«Ақллилик қилган-да ўзича аҳмоқ.»

«Оҳ оҳ, қанийди бу иш Марҳум президентимиз Ислом Каримовнинг замонида бўлганда эди, ҳаммага ибрат бўлган жазо оларди, ва бу ибрат қолган ҳамма бетайин блоггер ва озодлик радиоси ҳойинларига дарс бўлар эди, афсус ота эрта ўлди.»

Аммо, айни дамда аксар шарҳловчилар журналистнинг ўз фикрини изҳор қилгани учун ҳокимлик томонидан жазоланган бўлиши мумкинлигига ишора қилишди:

«Халқдан бир воқеани яширяпти булар. Блогерни қўрқитган бўлиши мумкин, чунки у ҳам унча очиқ гапирмаяпти. Блогерга ҳужум бу халққа ҳужум. Бу ишни шундай қўймаслик керак, агар халқ индамаса эртага яна бошқасини олиб бориб тиқиб қўяди. Кистасига бир нарса тиқиб, туҳмат қилиб ҳам қўяверади.»

«Ҳаммаси ёлғон-ку! Нима бу эртакларга 6 ёш бола ёки мияси қурт босган манқуртлар ишонади холос-ку! Мақсад қандай қилиб бўлса ҳам блогерни тиқиш бўлган 15 суткага. 15 суткага кириб кетган одамни этта қандай қилиб миясини қоқишини, қанақа қилиб жисмоний азоблашини эшитганман ўтириб чиққанлардан. Бу эртакларини бориб Ўзбекистон 24 қўйсин! Хақиқат йўқ Ўзбекистонда.»

«ИИБчилар шунақа замон яратаяптики агар ИИБ да эмас, оддий фуқарода "боди камера" бўлмаса , бўлди тамом, ҳохлаганча туҳмат қила олади, Суд? Ҳмм нима у? Ейдиган нарсами?»

«Ёшлар келажагимиз дейишади, ёшларни 15 суткага обориб тиқишади. Ундан кейин бу ёшларда қанақасига ватанга нисбатан меҳр-муҳаббат деган туйғулар бўлиши мумкин?»

«Болани синдиришди энди, у бундан буёғига ҳаётини қурқиб ҳеч нарсага уринмай ўтқазади! Бунақа синган ёшлардан келажакда ҳеч нарсани кутиб ҳам бўлмайди!!!!»

«Ҳокимият олдидан ички ишлар ходими чиқиб қолибти. Бўрининг олдидан қуён чиқиб қолгандек.»

«Кимни танқид қилган бўлса ўшалар қаматган-да, буни тушуниш учун кўп ақл керак эмас!!! Лекин журналистга бўлган тажовузлар ортиб бориши, қолаверса блогерларни жазолаш кўпаймоқда. Шунга қармай ўз ватани равнақига бефарқ бўлмаган ёш блогер ва журналистлар ҳам кўпайиб бормоқда!!! Акс таъсир қонунияти бор ва қанча кўп таҳқирланишлар бўлган сари шунча кўп танқидий фикрлар билдирилаверади!»

«Болани қўрқитибди. Афсус, яна бир ҳақиқатни айтувчи мухбир биттага камайди.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek