Ўзбек аёли 20 кунлик эгизакларини нега бировга бериб юбормоқчи бўлди?

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
21 ёшли Нодира ижтимоий тармоқлардаги гуруҳларнинг бирига 20 кунлик эгизак қизчаларини савоб учун бирон яхши инсонга бериб юборишини ёзиб эълон қолдирди. Бу ноодатий эълон кўпчиликнинг эътиборини тортди. Миттигина Фотима-Зуҳраларни асраб олишга талабгорлардан кўра, уларнинг ёш онасини ҳақоратлаб изоҳ қолдирувчилар кўп бўлди. Шу боисми, эълон тезда ўчирилди.
Аммо Москвадаги влогер Маҳаммадраби Рахматов эълон эгаси билан боғланишга улгурганди. У вазиятни ўрганиб, кўнгиллилар билан бирга оғир аҳволга тушиб қолган оилага кўмаклашишга киришди.
Би-би-си ўзбек хизмати муҳожир, асли тожикистонлик бўлган Нодира Худойбердиева чақалоқлари билан ижарада яшаб турган хонадонига бориб, у ва онаси билан суҳбатлашди. Ёш аёл нима учун бу қарорга келгани ва муҳожирликда кечаётган ҳаёти ҳақида гапириб берди.
Эрим болалар уйига топшир, деди
-Мен тушкунликка тушиб қолгандим. Ўзим касал, онам ёши ўтган, на ишимиз, на пулимиз бор. Болаларим 7 ойда туғилди, улар жуда нимжон. Тиббий ёрдам, қаров, парвариш керак. Бизда ақалли озиқ-овқатимизга пулимиз йўқ. Уй ижараси ва туғруқхона ҳаражатлари учун қарзга ботиб кетганмиз. 1 март куни уйимизнинг ижара пулини тўламасак, ҳайдаб чиқаришади. Нима қилишимни билмай қолдим: мен хато қилдим.
-Болаларнинг отаси қани?, - сўрайман Нодирадан.
-Ҳомиладорлигимда ташлаб кетди. УЗИ га кўрсатдик, эгизаклар - 2 та қиз, деди. Менга ўғил керак эди, қиз фарзанд керакмас деди. Эрим "хоҳла болалар уйига топшириб юбор, ёки истасанг ўзинг катта қил", деди. Мен ўзим туғиб катта қиламан, дедим. Шундан кейин Москвага ишлагани кетаман, деди. Ҳамма хужжатларини олди-да, талоғимни берганидан кейин кетди. Эшитишимизча, уйига кетиб уйланибди, хотини ҳозир ҳомиладор экан. Мен эзилдим, касалхонага, нарсаларга кўп пул кетди. Ҳомилам 6 ойлигидан бери текширтираман. Таҳлиллар топширдим, камқон эдим, қон олдим. Чақалоқлар туғилгач, шифохонада ётди. Ҳар куни қатнадим.
"Болаларни боқишга кучимиз етмайди"

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Нодира чақалоқларини яхши оилага бериб юбориш ҳақидаги эълонини бошқача изоҳлади.
-7 ойлик бўлганида шифохонага тушдим, эгизакларим дунёга келди. Дори-дармон, озиқ-овқатга пулимиз йўқ. Қийналганимдан шу гапларни ёзишга мажбур бўлдим. Лекин болаларни бериш ниятим йўқ. Одамлардан ёрдам учун, озгина маблағ учун сўрагандим. Аям касал бўлдилар, шифохонага пул кетди. Қишлоққа кетишимиз учун уйимиз йўқ, ёниб кетган. Бола боқишга ўзимизни кучимиз етмайди. Масалан, мен ишламасам, онам ёшлари ўтиб қолган, касаллар, ишламайдилар. Оиламизда эркак йўқ, 2 аёл ҳеч нима қилолмаймиз.
Қайтай деса, бошпана йўқ
Нодиранинг онаси экранда кўринишни истамади, аммо биз билан суҳбатда 4 йил олдин бахтсиз ходиса туфайли уйлари ёниб кетгани, уй ичида турмуш ўртоғи алангадан чиқа олмай қурбон бўлганини сўзлаб берди.
Бошпанасиз ва оила боқувчисиз қолган она билан қиз тирикчилик ва уй олиш мақсадида Тверь вилоятига ишлашга келишган. Картошка тозалов цехида ишлаётган она-болалар иш оғирлигидан Москвага келишади. Улар ҳозирда яшаётган хонадонни Нодира шаръий эри билан бирга ижарага олганини айтади. Аммо эри ташлаб кетгач, ишсиз она-болалар ижара пулини тўлашга қурбилари етмаган.
Ҳозирда уй эгаси ҳам она-болаларни хонадондан чиқиб кетишларини талаб қилаётганини айтишди.
-Биз ундан қарз бўлиб кетдик, март ойидан чиқиб кетинглар, деган. Шароитимизни шунча айтаяпмиз, аммо уй эгаси тушунмаяпти, - дейди Нодира.
Айни пайтда бу оилага блогер Муҳаммадраби ва асли ўзбекистонлик тадбиркор Шахобиддин ёрдам бера бошлади. Улар оилага озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон, чақалоқларга егулик ва тагликлар, зарур буюмларни келтиришди.
-Агар ватанга қайтиб кетаман, дейишса самолётга чипталарни ҳам олиб беришга тайёрмиз, - дейди Шаҳобиддин.
Аммо Нодира ватанга қайтса яшашга уйи йўқлиги, бунинг устига шаҳарда кекса онасини ёлғиз ташлаб кета олмаслигини билдирди.
-Ёрдамингиз учун рахмат, онам билан маслаҳатлашиб бир қарорга келамиз, - миннатдор бўлди ёш она.
"Кунимизни кўриб кетамиз"
Нодира биз билан суҳбатда ҳаётда қоқилгани ва пушаймонда эканини билдирди. Ҳозирда 1 ойлик ҳам бўлмаган чақалоқлар совуқ уйда ётишибди, онанинг ҳам соғлиги яхши эмас. Бу воқеалардан Нодиранинг онасининг ҳам қон босими безовта қилиб турибди. Аммо ҳеч бирларининг тиббий ёрдам олиш учун имконлари йўқ. Шунга қарамай, икки қизалоқ бу хонадонга бирозгина яхши кайфият таратиб турибди.
-Чақалоқларимнинг бири 1,60 килограмм, иккинчиси 1,80 килограмм туғилди. Бирининг сочи пешонасигача келган, иккинчисида йўқ. Бири иккинчисисдан кўра қорачароқ, шулардан ажратаман. Яна Фотима уйқучироқ, Зуҳра бироз йиғлоқ, - дея эгизаклари ҳақида гапиради Нодира.
Суҳбатимиз сўнгида эса тақдирга тан берганини айтди:
-"Шу болаларим ва онам учун яшайман энди, бошқа иложим ҳам йўқ. Ўз кунимизни бир амаллаб кўриб кетамиз"
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek






























