Ўзбекистон, HRW: Шавкат Мирзиёев 2016 йилда ҳокимиятга келганидан буён жиддий ўзгаришлар бўлди, аммо... O'zbekiston

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш билан шуғулланувчи нуфузли Human Rights Watch ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими директори Ҳю Виллиамсон февраль ойида бошида Ўзбекистонга келди. Би-би-си Ўзбек Хизмати мухбири Аваз Тоҳиров у билан Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида бўлаётган ўзгаришлар ва камчиликлар борасида суҳбатлашди.
Ҳю Виллиамсон минтақавий директор ўлароқ Human Rights Watch ташкилотини Европа, Марказий Осиё, Туркия, Жанубий Кавказ, Россия, Украина ва Беларусда тамсил этади.
HRW'га қўшилгунга қадар Виллиамсон узоқ йиллар Financial Times нашрининг мухбири ўлароқ меҳнат қилган.
У Манчестер Университети ва Лондон Иқтисодиёт Мактабини тамомлаган.
«Ўзбекистон ҳали янги мамлакат»
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Би-би-си: Жаноб Виллиамсон, келинг суҳбатимизни умумий саволдан бошласак. Мамлакатни, асосан, четдан кузатувчи хорижлик эксперт сифатида сиз ўтган уч йил ичида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига доир бирор арзирли ўзгаришни пайқадингизми?
Ҳю Виллиамсон: Мен суҳбатлашишни таклиф қилганингиз учун раҳмат. Охирги уч йил ичида Ўзбекистонда катта ўзгаришлар юз берди. Мен бу мамлакатга илк бор 2014 йилда келганман ва ўша даврга қиёслаганда, ўзгариш анча катта. Шавкат Мирзиёев 2016 йилда ҳокимиятга келганидан буён жиддий ўзгаришлар бўлди.
Очиқлик нисбатан таъминланди, одамлар фикрини очиқ билдира бошлади. Нодавлат ташкилотлар бироз эркин ҳаракат қилишга эришди.
Албатта, муаммолар ҳали жуда кўп, лекин Ўзбекистон ҳозир янги президент келган янги мамлакатдир.
«Ўзбекистонда асл демократия ҳали мавжуд эмас»
Би-би-си: Аммо сиз ўтган декабрдаги мақолангизда Ўзбекистонда ҳали ҳам авторитар бошқарув сақланиб қолмоқда, деб ёзган эдингиз. Бу билан нимани айтишни истагансиз?
Ҳю Виллиамсон: Чиндан ҳам авторитар ҳукуматнинг сақланиб қолаётгани Ўзбекистондаги муаммоларнинг илдизидир. Бу ҳукумат фақат президент Мирзиёев қўлида экани, мамлакатда асл кўринишдаги демократия мавжуд эмаслигини англатади. Буни ўтган сайловларда ҳам кўрдик. Кузатувчи гуруҳлар сайловларни эркин ва адолатли ўтмаганини таъкидладилар.
Бундан ташқари Ўзбекистонда қудратли хавфсизлик тизими ҳам сақланиб қолмоқда. Оддий одамлар қўлида эса етарли қудрат йўқ, улар ўз ҳуқуқларини очиқ талаб қилиш имконига эга эмас. Масалан, одамлар газетада тўғридан-тўғри президентни танқид қилувчи мақола ёза олмайди. Улар ўзларининг мустақил нодавлат гуруҳларини туза олмайди. Танқид қила олмайди ёки кўчада норозилик намойиши уюштира олмайди. Ҳамон бундай нарсалар Ўзбекистонда расман имконсизлигича қолмоқда.
Эркин фикрни осонлик билан бостира оладиган авторитар бошқарув мавжуд, деганимда шуни назарда тутганман.
«Одамлар ҳануз далага ҳайдалмоқда»
Би-би-си: Шавкат Мирзиёев қудратга келганидан сўнг мажбурий меҳнат, айниқса, болалар меҳнати сезиларли чеклангани айтилади. Бу фикрга қўшиласизми?
Ҳю Виллиамсон: Албатта. Болалар меҳнати бир неча йил аввал Ўзбекистоннинг жиддий муаммоси эди, ҳозир у деярли қолмади.
Президент Мирзиёев 2017 йилда БМТда мажбурий меҳнатга чек қўйишимиз зарур, деганидан бери пахта далаларида одам кам қолди. Олдин ўқитувчилар, талабалар пахтага мажбуран чиқарилган бўлса, бу ҳолат ҳозир чиндан тўхтади.
Аммо Cotton Campaign ҳаракатининг текширувлари шуни кўрсатмоқдаки, ҳатто, ўтган 2019 йилда ҳам фавқулодда хизматлар ҳамда банклар каби хусусий компанияларнинг ўн минглаб ходимлари пахта даласига мажбуран чиқарилган. Бу масалада мамлакатда муаммолар кўплигича қолмоқда.
«Журналистлар президентни танқид қила олмайди»
Би-би-си: Матбуот ва сўз эркинлиги билан боғлиқ мавжуд ҳолатни қандай баҳолайсиз? Ўтган уч йилдаги ўзгаришлар Ўзбекистонда очиқ демократия шаклланаётганидан даракми ёки аксинча?
Ҳю Виллиамсон: Human Rights Watch бундан икки йилча олдин Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги бўйича ҳисобот тайёрлаган эди. Унда биз очиқлик, матбуот учун имкониятлар кескин ўзгаргани, янги сайтлар дунёга келгани, ижтимоий тармоқ ривожлангани, кўплаб фаол блогерлар пайдо бўлгани ҳақида ёзган эдик.
Бошқа томондан эса цензура кенг тарқалганча қолмоқда. Кўплаб газеталар нимани ёзиш борасида ўзини цензура қилмоқда.
Журналистлар эса ўзини босим остида ҳис қилмоқда. Улар нозик мавзуларда ёза олмайди, сиёсий масалаларни кўтара олмайди, Бош вазир ёки президентни очиқ саволга тута олмайди. Журналистлар хатлаб ўта олмайдиган қизил чизиқлар ҳануз катта муаммо.
Лекин матбуот ҳам жонланган. Охирги бир неча кун ичида журналистлар бизни ортимиздан юрганда буни кўрдик. Вазият ўзгармоқда. Ижобий жиҳат шундаки, Human Rights Watch, Би-би-си ва Америка Овози каби танқид қила олувчи вебсайтлар кўпайган. Ўзбекистонликлар бундай сайтлар орқали халқаро хабарларни ўқий олаётгани ижобий ҳолат.
"Ҳукумат гейлар учун шароит яратиши лозим"
Би-би-си: Human Rights Watch'нинг World Report 2020 ҳисоботида ЛГБТ ҳамжамият вакиллари Ўзбекистонда хавф остида яшаётгани таъкидланади. Бундан ташқари гейларни жазолашни кўзда тутувчи расмий модда ҳам мавжуд. Бир вақтнинг ўзида ўзбек жамияти ЛГБТ ҳамжамиятига нисбатан ўта бетоқат. Бундай вазиятни юмшатиш учун Ўзбекистон ҳукуматига нималарни тавсия қилган бўлардингиз?
Ҳю Виллиамсон: Ўзбекистон ЛГБТ муносабатлар тақиқланган Осиёдаги кам сонли мамлакатлигича қолмоқда. Бу мутлақо нотўғри. Ҳукумат қонунга ўзгартириш киритиши ва эркаклар ҳам, аёллар ҳам гей муносабатда бўла олиши қонунийлаштирилиши лозим.
Бироқ биз бу Ўзбекистонда жуда нозик мавзу эканини тушунамиз. Балки одамларнинг муносабати ўзгариши учун бироз вақт керакдир. Биз бу муаммога ҳукумат эътиборини қарата олишимиз муҳим. Шу сабабдан ҳам уни ўз ҳисоботимизга киритганмиз.
Ўзбекистон гейларга тоқатли бўлган муҳит яратиш йўлида тез орада бу муаммони ҳал қилиши зарур, деб ўйлаймиз. Чунки ҳозир мамлакатда гей бўлиш жуда қийин. Яшириниб юришга, ўзингни гей эмасдек тутишга мажбур бўласан. Бу эса қабул қилиб бўлмас ҳолат.
Ўзбекистон очиқ, тоқатли жамиятга айланишни истамоқда. Бу каби қонунлар эса бундай интилишга мос келмайди.
«Тўлиқ диний эркинликка эришишга ҳали анча бор»
Би-би-си: Айни вақтда Ўзбекистонда диний эркинлик қанчалик кафолатланган ёки поймол этилган?
Ҳю Виллиамсон: Диний эркинлик масаласи Ўзбекистонда - жиддий мавзу. Бироз ижобий ўзгаришлар ҳам бўлди. БМТнинг диний эркинлик бўйича махсус эксперти бир неча йил аввал мамлакатга келган эди. Ҳукумат эса уни хуш қарши олди. Ҳукумат унинг тавсиялари асосида йўл харитаси ишлаб чиқди. Бу жуда муҳим қадам бўлди.
Бироқ Ўзбекистонда ҳозир ҳам диний қарашлари Исломнинг кенг қабул қилинган кўринишидан ўзгача бўлган минглаб инсонлар қамоқхонада сақланмоқда. Яна кўплаб инсонлар шундай қараши туфайли қора рўйхатда қолмоқда, иш топа олмаяпти ва бошқа чекловларга учрамоқда.
Бизнингча, ҳукумат хавфсизлик ва экстремизм масаласини одамларнинг диний эркинлик ҳуқуқлари билан чалкаштириб юбормоқда. Ҳукумат бу икки масалада керакли мувозанат нуқтасини топа олиши зарур.
Ҳукумат экстремизмга ёпишиб олган, аслида эса бундай хавф юқори эмас. Оддий одамлар диндор бўлиши, эътиқодига амал қилиши мумкин, аммо бу улар экстремист, дегани эмас.
Шунингдек, Ўзбекистонда бошқа динлар ҳам муҳим. Ўзбекистон диний жиҳатдан тоқатли мамлакат эканини биламиз. Насронийлик, яҳудийлик эркинроқ бўлиши керак, кичик черковлар муаммоси ҳал қилиниши зарур.
Умуман олганда, Ўзбекистон диний эркинлик масаласида ижобий қадамларни ташлади, лекин тўлиқ эркинлик таъминлангунга қадар ҳали узоқ йўл бор.





























