Ўзбекистон, Самарқанд: Депутат свет ва газни ёқиб берадиган инсон эмас - номзод

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Самарқандлик Шоҳрух Алибеков - тадбиркор. У вакиллик органлари маҳаллий бюджетларни назорат қилиши лозим, деган ишончи сабабли Самарқанд шаҳар кенгаши учун сайловда ўз номзодини илгари сурган. Би-би-си мухбири Аваз Тоҳиров Алибеков билан декабрда бўлиб ўтган сайловлар ва бошқа ижтимоий масалалар юзасидан суҳбатлашди.

Сурат манбаси, BBCuzbek.com
Алибеков ўз номзодини қўйган сайлов округида бирор номзод овозларнинг 50 фоиздан зиёдини ололмагани туфайли мазкур округда 5 январ куни иккинчи тур сайлов ўтказилиши режаланган.
У Ўзбекистонда аввал ўтган сайловлардаги давомат фоизларда юқори кўрсатилган бўлсада, аслида у пайтлар одамлар бундай жараёнларга у қадар қизиқиш билдирмагани ҳақида сўзлайди.
Алибеков ўзининг сайловолди кампанияси давомида одамлар билан суҳбатлашиб, уларнинг қарашлари ўзгаргани, қизиқишлари ортганини ҳис қилганини айтади.
«Одамлар бу сайлов натижаларидан жуда кўп нарсаларни кутяпти», дейди у.
'Марказий Сайлов Комиссияси мустақил эмасʼ
Шоҳрух Алибеков 22 декабр кунги сайловлардаги қонунбузарликлар, овозларни сохталаштиришлар каби ҳолатлар бўйича юзага чиққан хабарларнинг негизида марказий ва маҳаллий сайлов комиссиялари, сайлов участкалари раисларининг тўлиқ мустақил эмаслиги билан изоҳлайди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
«Участка раислари ким? Улар давлатдан ойлик оладиган оддий одамлар улар ҳам эртага каттароқ мартабага эга бўлишни истайдилар ва буни тўғри тушуниш керак», таъкидлайди у.
Алибековнинг сўзлашича, сайлов жараёни шаффоф ўтиши учун «ўзига тўқ» одамлар участка раислари этиб тайинлаши зарур.
«Бундай одамлар айнан блогер ё журналист бўлиши шарт эмас. Булар тадбиркор, санъат арбоблари бўлиши мумкин. Уларда сайловлардан бирор ютқазадиган нарса ёки кимгадир ён босиш учун манфаат йўқ, дейишимиз мумкин», билдиради Алибеков.
Би-би-сининг «Ўзбекистондаги аксар тадбиркорлар сиёсий жараёнларга бош қўшишдан ўзларини тийишади; уларни сайловларни назорат этишга қандай жалб этиш мумкин», деган саволига Алибеков шундай жавоб қайтаради:
«Сайлов жараёнидаги қоғозбозлик тадбиркорларнинг ҳафсаласини пир қилиши мумкин. Шундай экан, агар улар участка раислари этиб тайинланса, уларни қоғозбозликдан озод қилиш зарур. Ҳужжат ишларини комиссия ва участка котиблари юритсин, тадбиркор-раислар эса овозларни санаш жараёнида иштирок этса бас. Ишонаман, ватаним, дейдиган ўзига тўқ тадбиркорлар сайловларнинг ҳалол ўтишида бажонидил ёрдамчи бўладилар».
Халқнинг дардини тадбиркор билади...ми?

Шоҳрух Алибеков тадбиркор ўлароқ одамлар орасида кўп юргани, халқни қийнаётган муаммолардан яхши бохабар бўлгани сабабли ҳам сиёсатга бош қўшишга қарор қилганини маълум этади.
"Давлат идоралари вакиллари ҳар хил қатлам инсонлар билан учрашмаслиги мумкин, лекин халқнинг дардини тадбиркор билади. Одамлар билан гаплашганингизда, уларнинг муаммосидан хабар топганингизда, халқнинг дардини енгиллатишни истаб қоласиз.
Худога шукур - мен ўзимга тўқман. Депутатлик мандати имкониятларига қараб қолган жойим йўқ. Фақат шу халққа бўлган меҳрим туфайли сиёсатга бош қўшишга қарор қилганман", сўзлайди у.
Алибековнинг давом этишича, одамларнинг абгор ижтимоий вазиятга тушиб қолишига асосий сабаблардан бири - бу маҳаллий бюджетнинг нооқилона сарфланишидир.
У бундай муаммонинг ечими сифатида депутатларнинг маҳаллий бюджетларни ўз назоратига олиши заруриятини кўрсатади.
Бироқ у одамларнинг ўзи ҳам депутат тушунчасини яхши англамаслигини айтади.
"Ўзи кўпчилик депутат тушунчасини нотўғри талқин қилади. депутат - бу газ ва светни ёқиб берадиган инсон эмас. Депутат, умумий маънода, одамларнинг турмуш шароитини яхшилаш учун курашадиган шахсдир", изоҳлайди у.
«Биздаги асосий муаммо бюджетдан бемақсад фойдаланишдир. Шу сабабдан Олий Мажлис депутатлари республика бюджети, вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари эса маҳаллий бюджетнинг ўз вақтида тўғри ва оқилона тақсимланишини назорат қилса, ривожланишимиз янада тезлашади, деб ишонаман».
'Дастуримни ўзим ёзганманʼ
Шоҳрух Алибеков 22 декабрь куни ўтган сайловларда кўпчилик ўз номзодини истар-истамас илгари сурганини тилга олади.
Унинг сўзларига кўра, буни номзодларнинг сайловолди дастуридан ҳам кўриш мумкин.
«Менинг дастуримнинг бошқаларникидан фарқли жиҳати - уни ўзим ишлаб чиққанман», таъкидлайди у.
дастурларнинг бир-биридан фарқ этмаслиги, умумий гаплардан иборат бўлиб қолиши сабабини Алибеков кўплаб номзодлар ўз партияси таклиф этган сайловолди дастурларни шунчаки ўзгартиришсиз қабул қилиши билан изоҳлайди.
«Партиялар ўз номзодларига сайловолди дастурларини таклиф этади, номзоддан бирор ўзгартириш ёки қўшимчалар киритишини сўрайди. Кўпчилик ўзгартиришсиз уларни қабул қилади. Мен эса ўз дастурим устида узоқ вақт ишлаб, уни мукаммаллаштирдим».
У шу сабабдан ҳам бу йилги сайловда зўраки иштирок этган «номуносиб номзодлар» кўплаб кузатилгани ҳақида гапиради.
Алибеков бундай номзодлар одамларни шаффоф ва ҳаққоний сайловлардан чалғитаётганини таъкидлайди.
«Энди улар кимнингдир ёқимтойи, эркатойи бўлиши мумкин», тахмин қилади у.
Марказий Сайлов Комиссияси баёнотига кўра, 22 декабрда ўтган сайловларда мамлакат бўйлаб 22 округда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бирор номзод етарлича овоз тўплолмагани, 3 округда эса овозларни санаш жараёнида арифметик хатоларга йўл қўйилгани боис 5 январь куни қайта сайлов ўтказилади.
Айни вақтда, такрорий овоз бериш ўтказиладиган маҳаллий кенгашлар сони бўйича аниқ маълумот мавжуд эмас.
Шоҳрух Алибеков такрорий сайлов бўйича ҳам ўз фикрларини илгари суради.
«Айтайлик, бешта округда кимнингдир эркатойи ўтмаганидан, яна бешта округда сайлов ҳақиқатан шаффофлик, тортишувлар сабаб қайта сайлов ташкилланаётгандир», дейди у.
"Лекин бу сайлов инсонларнинг қарашларини ўзгартирди, мен номзодимни қўйсам, ҳақиқатан ютиб чиқа оларканман, деган ишончни шакллантирди, деб ўйлайман. Бундан кейин бунданда чиройли сайловлар бўлиши, одамларнинг лоқайд бўлмаслигидан умид қилиб қоламан".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
































