Ўзбекистон: Энди одамлар Абдуллоҳга ўхшаб йўқолиб қолмайдими?

Сурат манбаси, Courtesy
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 13 декабрда эълон қилган қарори амал қиладиган бўлса, 2020 йилнинг биринчи апрелидан бошлаб шахсни ушлаш, унга ҳуқуқларини тушунтириш, ҳимоячидан воз кечиш жараёнлари мажбурий равишда видео тасвирга тушириш тартиби жорий қилинади.
20 ёшли жалақудуқлик деҳқон Абдуллоҳ Тоҳиров ҳодисасига ҳали кўп бўлгани йўқ.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
26 октябр куни Андижон вилояти Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Эргашев машинаси билан тўқнашиб кетган Тоҳиров милиция идорасига олиб кетилгач қарийб 15 кун дараги чиқмаган эди.
Президент қарори айнан Тоҳиров ишига ўхшаш ҳолатлар яна содир бўлмаслиги учун ёзилгандек тасаввур уйғотади.
Тоҳировнинг қаерда эканлиги ва нима учун ушланганлиги 15 кун унинг яқинларидан сир тутилди.
Президент қарорида айтилишича, энди ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари бирор шахсни ушласа унинг ушлангани ва ушлаб турилган жойи тўғрисида шахснинг оила аъзоларидан бирини, улар бўлмаган тақдирда эса, бошқа яқинларини дарҳол хабардор қилиш бўйича мажбурият юкланади.
Тоҳиров ишини олиб борган "Симай" адвокатлик фирмаси юристи Умид Давлатовнинг айтишича, босимлар бўйича кўргазма берганлик тўғрисида аризалар кўпайиб кетганлиги учун бу қарор бу каби тазйиқларнинг олдини олишга қаратилган.
"Ижтимоий тармоқлар орқали, ҳамда фуқаролар жисмоний ҳамда руҳий тазйиқлар остида кўрсатма берганлик ҳолати бўйича аризалар кўпайиб кетган. Видеотасвирга олинадиган бўлса шахсга нисбатан руҳий ёки жисмоний тазйиқ ўткизганлик ҳолати ҳам шу ерда ўз аксини топади. Қай даражада қонун нормаларига амал қилинганлиги шахсга нисбатан руҳий ёки жисмоний тазйиқ бўлган ҳолатларини аниқлаб олиш имконияти пайдо бўлади"
'Лазейка'
Шахс ушланганидан 48 соат ўтиб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилса, яқинларини хабардор қилиш қонунчиликда мавжуд.
Бироқ айрим ҳуқуқшуносларнинг айтишича, бу меъёрни айланиб ўтишни истаган терговчилар ишга махфийлик даражаси беради.
Биз билан гаплашган бир адвокатнинг айтишича, Давлат сири тўғрисидаги қонунга тўғри келмаса ҳам жуда кўп ишларга махфийлик даражаси берилади.
Орган ходимларининг тили билан айтганда бу уларга қонунни айланиб ўтиш учун "лазейка", яъни тирқиш очиб беради.
Судлар ҳамон мустақил бўлмагани сабаб терговчилар томонидан махфийлик даражаси берилган ишларни рад қилолмаслиги айтилади.
Қонунлар ишламайди
Мирзиёев йиғилишларидан бирида қарорларни чиқариш билан иш битганида, ҳар куни қарор чиқаришини айтганди.
Ўзбекистон Президенти қарор ва қонунларнинг ишламаслигига шама қилган.
Масалан, тергов жараёнидаги қийноқларнинг олдини олиш учун уни видео олишни кераклиги Президент Мирзиёевнинг 2017 йил 18 апрелида қабул қилган қарорида кўрсатилган.
Аммо ҳуқуқ тартибот органи ходимлари айбни тергов вақтида эмас, балки тергов хонасига киргунча қийноқ, таҳдид ва таҳқирлашлар орқали қўйишга уриниши айтилади.
2017 йилнинг декабрида диний айбловлар билан айбланган Умида Узоқова ва унинг онаси Насиба Узоқоваларнинг айтишича,уларни тергов хонасида уришмаган.
Балки Насиба Узоқовани камера ўрнатилмаган бошқа бир хонада боласи тенги тезкор ходимлар оёқлари остига олиб тепган. Унинг қизи Умидани эса кийимларини ечиб, Терроризм ва экcтремизмга қарши курашиш бошқармаси йўлагида яланғоч ҳолатда юришга мажбурлашган.
Умида Узоқованинг айтишича, йўлакда камералар бўлган. Бироқ ушбу камераларга ёзиб олинган тасвирлар бир кундан сўнг ўчиб кетади, деган важ билан судда ашёвий далил сифатида иштирок этмаган.
Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова фикрича, қийноқлар йўқотиш учун Бош прокуратура ҳаракат қиляпти, аммо уни буткул йўқотиш утопия, яъни етишиб бўлмас орзу.
Кузатувчилар айтишича, Ўзбекистонда судлар мустақиллиги тўла таъминланмагани, прокуратура, ИИВ ва ДХХнинг ваколатлари кенглиги ҳамда қийноқ қўллаган орган ходимларига жазо берилмагани бу борада қабул қилинаётган қарор ва фармонлар тўлиқ ишлаб кетишига тўсқинлик қилмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek





























