Ўзбекистон: Самарқандда орган ходимлари "мафия" тузганми?

Регистон майдонини томоша қилаётган ўзбеклар

Сурат манбаси, Getty Images

Published

Таниқли журналист Каримберди Тўрамуроднинг YouTube орқали тарқатган видеосида Самарқандда орган ходимлари ташкил этган гуруҳ йиллар давомида фуқароларга нисбатан сохта жиноят ишлари очиш билан шуғулланиб келгани айтилади.

Видеода Каримберди Тўрамурод ўзига охирги бир-икки ой ичида ўнлаб одамлар С.И исмли аёлнинг қурбонига айланиб, ноҳақ судлангани ва ишидан ажралганидан шикоят қилганини билдиради.

Пора таклифи ва қўлга солинган кишан

Журналистнинг сўзларига кўра, С.И ўзидан турли масалаларни ҳал қилиб беришда "пора талаб қилган" фуқаролар устидан Бош Прокуратура ҳузуридаги Самарқанд шаҳар Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департамент минтақавий бошқармаси ходимларига арз қилиб келган. Ишларнинг деярли барчаси эса Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди раиси томонидан кўриб чиқилган.

"С.Идан кимдир уни ўқишга, ишга киритиб қўяман, деб пора сўраган, кимдир боласини мактабга, боғчага жойлаштириб қўяман, деб пора талаб қилган. Аввалига бу аёлдан нега ҳамма пора сўрайди, деб унга ичим ачиди, аммо шикоятчилар тақдим қилган суд ҳукмлари ва айблов хулосаларини таҳлил қилиб чиқиб, шубҳаландим", дейди Каримберди Тўрамурод ўзи оммага тақдим қилган видеода.

"С.И таъмагирликка йўлиққанда, нимагадир, доимо Бош Прокуратура қошидаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига шикоят қилган. Доимо муайян ходимлар С.И шикоят қилган одамларнинг қўлига кишан таққан," давом этади у.

Шунингдек, журналист бундай бир хил тарздаги жиноий ишлар юздан зиёд фуқарога қарши очилганини эшитгани ва ўзи ўрганган ўндан ортиқ ишда гувоҳ фақат бир шахс бўлганини таъкидлайди.

Каримберди Тўрамурод видеода ўқиб берган айблов хулосалари ва суд ҳукмларида, асосан, турли олийгоҳларнинг мансабдор шахслари ўқишга киритиб қўйиш ваъдаси билан С.Идан катта миқдорда ($6000 дан $12000 га қадар) пора талаб қилгани ва уларнинг бари Самарқанд шаҳар Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департамент минтақавий бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олингани ҳамда Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди раиси бошчилик қилган суд маҳкамаси уларга тегишли жазо тайинлангани англашилади.

Видеода тилга олинган жиноят ишлари бўйича белгиланган жазолар, асосан, қисқа муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш, маълум вақтга мансабдор лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва жарималар кўринишида бўлгани маълум бўлади.

"С.И туфайли судланган фуқаролар сони юздан ортиқ, дейишмоқда. Уларнинг аниқ сони билан тегишли идоралар шуғулланишар, аммо унгача менинг чиқарган хулосам мана бундай бўлди: С.И, департамент, гувоҳ ва суд раиси тимсолида Самарқанд шаҳар суди янгича бизнесни йўлга қўйишган. С.И керакли одамларни овлайверади, департамент вакили С.И ушлаб берган одамнинг қўлига кишан солаверади, суд раиси эса уларни суд қилиб, жазолайверади. Бунинг отини "тандем" деса ҳам бўлади".

"Қолганларни катта айб билан айблай олмайман, аммо у С.И бу ишни касб қилиб олганига менинг ҳам, сизнинг ҳам ақлимиз етиб турибди. У бу ишидан қандай даромад топади, нима манфаат кўради - мен билмайман", таъкидлайди Каримберди Тўрамурод видеода.

'$12000 олган одам осон қутилиб кетиши мумкинми?ʼ

Каримберди Тўрамурод

Сурат манбаси, YouTube Karimberdi Toramurod

Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатлашган журналист Каримберди Тўрамурод ўз қўлида бир хил схема орқали жазога тортилган 15 га яқин фуқаронинг жиноят иши ҳужжатлари мавжудлигини билдирди.

"Сиз тилга олган гуруҳ бундай ишлардан қандай манфаат кўрган бўлиши мумкин?", деган саволга журналист шундай жавоб берди:

"$12000 миқдорида пора олган одам Ўзбекистон қонунлари бўйича қандай жазоланиши мумкин? У камида 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилиниши керак, тўғрими? $6 минг, $8 минг… суднинг ҳукмига қарангда - ҳаммаси бир йил, икки йил, олти ой, уч ой озодликдан чеклаш жазосини олган. Бирор нимани англаяпсизми?"

"Булар ҳаммаси уюштирилган. Турли институт, университетларнинг юқори лавозимли профессорлари, катта ўқитувчилари қўпол қилиб айтганда,"соғин сигир" сифатида роса "соғилган". Бўлмаса, $12000 АҚШ доллари миқдорида пора билан қўлга тушган одам қанчадир жарима, қанчадир озодликдан чеклаш жазоси билан қутилиб кетмаслиги керак", дея ўз фаразларини илгари суради журналист Би-би-си билан суҳбатда.

Унинг сўзлашича, ўзи ўрганиб чиққан барча ишларда С.И судланган фуқароларга ўзини ўқишга киритиб қўйиш эвазига пора бериш таклифи билан келган.

"Домлалар ҳам нафси бузуқлик қилиб унга розилик билдириб қўйган. Мен, аслида, пора олганларни ёмон кўраман, лекин бу ерда бошқа иш бўляптида - қанийдики, улар яхши ниятда порахўрларга қарши курашишганда. У бошқа гап эди. Агар улар $12 минг пора олган одамни 12 йилга қамашганда, раҳмат, дердим. Йўқ, уларнинг пулини олиб қўйворишяпти. Мақсад пул ишлаш. С.Ига ўхшаганлар бу ерда пул эвазига ишлайдиган ёлланма ишчилар, холос", давом этади Каримберди Тўрамурод.

'$10000 берсанг, қўйиб юборамиз…ʼ

Би-би-си С.И шикояти асосида судланган фуқаролардан бири билан боғланишга муваффақ бўлди.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан исми ва иш жойини ошкор этишни истамаган бу фуқаро бўлган воқеани шундай тасвирлайди:

"С.И маълум ишни қилиб бериш эвазига пора таклиф қилиб, бир ярим ой тинмай ортимдан юрди. Бу ишни қилиш қўлимдан келмайди, дейишимга қарамай, бир ярим ой ялиниб-ёлворди. Ишимни бошқа судья кўриб чиқди, ундан хурсандман. Уч йилга озодликдан чеклаш ва икки йилга мансабдор лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинлашди".

"Мендан бевосита пора талаб қилишмади, лекин терговчи менга "сенинг жиноятинг одам ўлдиришдан оғир, 15 йилга қамаласан", деб босим ўтказди. Қўрқитишга уринди. Ноқонуний бўлса ҳам, маълум муддат машинамни олиб қўйишди, нимадир таклиф қилишимни кутишди. Улар мени ишни ёпди-ёпди қилиш учун пора таклиф қилишга билвосита ундадилар, деб ҳисоблайман", сўзлайди суҳбатдош.

У ўзи хабардор бошқа ишлар бўйича ҳам фуқаролар айни тартибда сўроқ қилинганини билдиради.

"Эшитишимча, бошқаларни ҳам мен каби қўрқитишга уринишган. Кўпчиликка жиноий иш очишдан аввал 10 соат ёки бир сутка муддат беришган. Бу вақт ичида уларни қўрқитишган анча йилга қамаласан, деб. Агар бу вақт ичида эс-ҳушини йўқотиб қўйган гумонланувчи пул берса, ишни босди-босди қилиб, пулни бўлишиб олишар экан. Бир йигит менга терговчилар $10 минг берсанг, қўйиб юборамиз, деганини айтди".

Би-би-си мазкур иддаолар бўйича Бош Прокуратурадан изоҳ сўради. Идора вакили масала ўрганиб чиқилгандан сўнг муносабат билдирилишини маълум қилди.

Би-би-си, шунингдек, бундай схема орқали фуқаролардан пул ундириш Ўзбекистонда қанчалик кенг тарқалганини сўраб, таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Сурат Икромовга мурожаат қилди.

Орган ходимлари томонидан ташкил этилган қўрқитиш орқали фуқаролардан пул ундириш схемаси Ўзбекистонда СССР давридан бери мавжуд одат эканини билдирган ҳуқуқ ҳимоячиси бундай ишларга чек қўйиш учун қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш лозим эканини таъкидлайди.

"Фирибгарликда айблаб, қўрқитиш орқали орган ходимлари жуда катта фойда кўриб келишган. Бундай ҳолатлар жуда кўп бўлган. Жиноят ва Жиноят Процессуал Кодексига сохта ишларни уюштирган ходимларни жавобгарликка тортиш бўйича ўзгартиришлар киритиш керак. Уларнинг кўпи жазосиз қолиб кетади. Агар қонунчиликда бундай ўзгариш юз берса, улар бир иш қилишидан олдин ўйлаб олади", дейди Икромов.

"Ҳозирча, бундай механизм йўқ, афсуски".

Шунингдек, у бир шахс томонидан турли фуқароларга нисбатан бир хил мазмундаги кўплаб шикоятлар келиб тушганда, ўша шахснинг ўзига нисбатан орган ходимларида шубҳаланиш пайдо бўлиши зарурлигини ҳам тилга олади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek