Ўзбекистон: Шахсий маълумотни ошкор қилган одам жавобгарликка тортилиши лозим

Давлат Персоналлаштириш маркази веб сайтида эълон қилинган биометрик паспорт намунаси

Сурат манбаси, dpm.uz

Сурат тагсўзи, Давлат Персоналлаштириш маркази веб сайтида эълон қилинган биометрик паспорт намунаси
Published

Ўзбекистон фуқаролигидан чиқарилиши мумкин деб эълон қилинган 1150 кишилик рўйхатдаги бирорта шахс ушбу рўйхатни эълон қилган ташкилотни судга бериши мумкинми? Назарий жиҳатдан - ҳа. "Ўзим истамаган менинг шахсий маълумотимни эълон қилгани учун", деб.

Кимдир ўзининг туғилган йилини кўп одам билишини истамаслиги мумкин, тўғрими?

Ёки кимдир миллати ёки қаерда туғилгани ҳақидаги шахсий маълумотини бегоналарнинг кўзидан панада асрашни хоҳлаши мумкин.

Шахсий маълумот нима?

Муайян жисмоний шахсга бевосита ёки билвосита тегишли бўлган ҳар қандай маълумот шахсий маълумот ҳисобланиши мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёев шу йил 2 июлда имзолаган ва 2019 йил 1 октябридан кучга кирадиган Ўзбекистоннинг "Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги қонунига кўра, шахсий маълумот - муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ва уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот.

Шу кунларда Ўзбекистон фуқаролигини йўқотиш эҳтимоли бор 1150 инсон рўйхати ҳамда Ўзбекистондаги мактаб ўқувчилари, уларнинг ота-оналари ва маориф ходимларига ёрдам мақсадида ташкил қилинган Kundalik онлайн-платформасидаги шахсий маълумотлар кенг муҳокама мавзусига айланди.

Шахсий маълумот ўша инсоннинг ўзининг розилигисиз кенг оммага ошкор этилиши нотўғри экани айтилмоқда.

Kundalik онлайн-платформаси фойдаланувчиларидан бири бу платформада мактаб ўқувчилари, уларнинг ота-онаси ҳақидаги шахсий маълумот кўпчиликка очиқлиги ҳақида шикоят қилди.

kundalik.com screenshot

Сурат манбаси, kundalik.com screenshot

Kundalik.com маъмури эса унинг ёпиқ онлайн-платформа экани, у асосан Ўзбекистон мактаблари ўқувчилари ва она-оналарга мўлжаллангани, бу ерда банк ҳисоби сингари маълумотни киритиш талаб қилинмаслиги ҳақида ёзди.

Kundalik.com маъмури тушунтириши

Сурат манбаси, Kundalik.com тушунтириши

Сурат тагсўзи, Kundalik.com маъмури платформадан фойдаланиш тартиби, платформа мақсади ҳақида тушунтириш берди.

Аксар кузатувчиларнинг фикрича, инсон ҳуқуқлари вазияти абгор бўлган мамлакатда мутасадди органларнинг ходимлари ҳам шахсга оид маълумот сир сақланиши шартлигини унутганлар.

Шу боис ҳам шахсий маълумотга беҳурмат, эътиборсиз муносабат шаклланган, дейиш мумкин.

Бундан олдин Ўзбекистон фуқароларига оид ахборот Интернетда тарқалиб кетганлар ҳолатлар юз берди.

1 октябрдан кучга кирадиган "Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги қонунида инсоннинг ўзининг розилигисиз шахсий маълумотни ошкор этиш ва тарқатиш тақиқланиши таъкидланган, бу қонун бандларини бузганларга нисбатан жавобгарлик кўзда тутилган.

Ушбу қонунни бузганлар Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик кодекси ва Жиноят Кодексига биноан жарималарга тортилиши белгиланган.

Шахсий ҳаёт дахлсизлиги

Сурат манбаси, BBC Academy

Қонун бўйича кимнингдир шахсий ҳаётига дахл қилинган бўлса, у киши маҳкамага мурожаат қилиб, товон ундириб олишга ҳаққи бор. Шахсий ҳаётга тааллуқли ахборотни эълон қилаётганда, жамият манфаати нуқтаи назаридан келиб чиқиб иш кўриш маслаҳат берилади.

"Шу нарса жамият манфаатига хизмат қиладими?" Ҳар бир журналист шахсий ҳаётга доир ахборотни эълон қилишдан олдин ўзига ана шу саволни бермоғи лозим. Ахборотда шахсий ҳаётга тегишли маълумот қанча кўп бўлса, бу ахборот жамият манфаатига хизмат қилишини исботлайдиган далил шунча кўп талаб қилинади. Кўп одамлар етказилган зарар учун товон пулини қўлга киритишдан кўра исталмаган ахборотнинг тарқалиши олдини олишни афзал кўрадилар.

Бу журналистлар ўз кундалик фаолиятларида дуч келишлари мумкин бўлган шахсий ҳаёт қонунчилиги ва унга алоқадор айрим масалаларнинг умумий ва қисқа таништируви ҳисобланади. Бу батафсил эмас, қисқа таништирув ва шахсий ҳаёт қонунчилигига доир муайян ҳолатларда қўлланма вазифасини ўтай олмайди. Би-би-си журналистлари ҳар бир конкрет иш юзасидан Би-би-си юристлари бошқармаси билан маслаҳатлашишлари лозим.

Умуман олиб гапирганда, шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қонунчилик жисмоний шахсларга, бундай ахборот эълон қилинганида чора кўриш ёки агар эълон қилинган ахборот жамият манфаатига хизмат қилмаса, бундай ахборотни эълон қилиш олдини олишга имконият яратиш мақсадини кўзлайди.

Албатта, "жамият манфаати" деган тушунча билан "жамиятга қизиқарли" деган тушунчаларнинг маъноси бир хил эмас.

Содда қилиб айтиладиган бўлса, маҳкама кимнингдир шахсий ёки оилавий ҳаёти дахлсизлиги ҳуқуқи билан матбуотнинг сўз эркинлиги ҳуқуқи ўртасида мувозанатни сақлашга ҳаракат қилади. Бу борадаги Бирлашган Қироллик қонунчилиги 1998 йилдаги Инсон ҳуқуқлари Оврўпо Конвенциясини қабул қилганидан сўнг қатор ўзгартиришларга юз тутди.

Шахсий ҳаёт дахлсизлиги қонунчилиги

Шахсий ҳаёт дахлсизлиги қонунчилиги, агар сиз кимнингдир шахсий ёки жинсий ҳаёти, молияси, саломатлигига оид маълумот ҳақида ахборот тайёрлаётган бўлсангиз ёки кимнидир ўзининг уйида унинг рухсатисиз тасвирга олаётган бўлсангиз, қўлланади. Бу нарса бир шахснинг жамоат жойи, мисол учун дафн маросимидаги иштирокига ҳам тааллуқли.

Шахсий ҳаёт дахлсизлиги таъминланишига умид

Биринчи масала шуки, бир шахс ўзи ҳақида ахборот тарқатилаётган пайтда шахсий ҳаёти дахлсизлигига риоя қилинишини кутишга ҳаққи борми ёки йўқ. Ушбу масалага жавоб топишнинг бир йўли ўзингизга шу саволни беришдир: агар ўзингиз ҳақингиздаги ушбу ахборот тарқатилишига сиз қандай муносабат билдирган бўлардингиз? Умуман айтадиган бўлсак, ахборот аллақачон кўпчиликка маълум бўлса, энди у шахсий деб кўрилмаслиги мумкин.

Омма ёки жамият манфаати

Агар маҳкама бирор шахс бирор ахборот ёки вазият борасида ўзининг шахсий ҳаёти дахлсизлиги таъминланишини кутаётгани асосли деган қарорга келса, ундан кейин бу ахборот жамият манфаатига хизмат қиладими ёки йўқми, деган масалани кўриб чиқади. Бунинг ортидан маҳкама ушбу вазиятда нима муҳим - жамият манфаатими ёки шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқини таъминлашми, деган масалада қарор қабул қилади.

Кенг маънода бу ерда гап ушбу масаланинг жамоатчиликка аҳамияти нақадар муҳим экани ҳақида бормоқда.

Омма манфаатига хизмат қиладиган ахборот сифатида жиноятни фош этиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, бирор бир ташкилотнинг ёлғон баёнотини тарқатишга ҳаракат қилиниб, жамоатчиликдан яширишга ҳаракат қилинган фактларни аниқлаш ҳолатлари кўрилиши мумкин. Ахборотда шахсий ҳаётга тегишли маълумот қанча кўп бўлса, бу ахборот жамият манфаатига хизмат қилишини исботлайдиган далил шунча кўп талаб қилинади.

Шахсий ҳаётга дахл қилиш

Қонун бўйича кимнингдир шахсий ҳаётига дахл қилинган бўлса, у киши маҳкамага мурожаат қилиб, товон ундириб олишга ҳаққи бор. Бу жойда товон пулининг миқдори бўҳтон учун ундириладиган товон пулининг миқдоридан кам бўлади. Шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқи поймол этилгани учун Британия маҳкамаси ундирган энг сўнгги товон пулининг миқдори 60 минг фунт стерлингни ташкил этган. Бироқ бунга ўхшаган маҳкама харажатлари анча катта маблағни ташкил қилади ва бу харажатларни маҳкамада ютқазган тараф тўлайди.

Маҳкама тақиқи

Маҳкама тақиқлови шахсий ҳаёт дахлсизлиги таъминлашнинг энг самарали усули деб кўрилади. Чунки шахсий ахборот бир марта эълон қилинганидан кейин бу маълумотнинг сирлилигини таъминлашнинг иложи қолмайди. Шунинг учун ҳам одамлар ўзига тегишли шахсий маълумот учун товон пули ундиришдан кўра ҳам бундай ахборотнинг эълон қилиши олдини олишни афзал биладилар.

Маҳкама тақиқи - шахсий ҳаёт ҳақидаги ахборотни эълон қилиш олдини олиш ҳақидаги маҳкама қароридир. Кўпинча бундай қарор тезкорлик билан қабул қилинади. Одатда бирор материал нашр қилиниши ёхуд эфирга берилиши олдидан шундай қарор қабул қилинади. Чунки бу пайтда маҳкаманинг томонларнинг даъволарини чуқур ўрганиб чиқиши учун фурсати кам бўлади.

Бундай ҳолатларда маҳкама иш тўла кўриб чиқилгунича "вақтинчалик тақиқ" ҳақида қарор эълон қилади.

Вақтинчалик ва супер маҳкама тақиқлари

Агар кимдир вақтинчалик маҳкама тақиқловини талаб қилиб ариза билан мурожаат қилса, маҳкама бу кишининг тўлақонли суд жараёни давомида ғалабага эришиш имкониятлари қанчалар катталиги масаласини кўриб чиқади. Қисқа ва тезкор вазиятда маҳкама юқорида айтиб ўтилган масалаларни кўриб чиқади.

Баъзан тақиқдан кўзланган мақсадга путур етказмаслик учун маҳкама оммавий ахборот воситаларига ким ариза билан мурожаат қилганини эълон қилишни ҳам тақиқлайди. Вақтинчалик тақиқ жорий этилишини сўраб ариза билан маҳкамага мурожаат қилган шахс исми-шарифининг фақат бош ҳарфлари эълон қилиниши мумкин. Камдан-кам ҳолларда маҳкама тақиқ жорий қилингани ҳақида ҳам матбуотда эълон қилмаслик талаби ҳақидаги қарорни қабул қилиши мумкин. Бундай қарор Британияда супер маҳкама тақиқи деб аталади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek