Ўзбекистон: Давлат корхонаси нега йўловчилар автобус йўлагида ташимоқда?

Йўловчилар

Сурат манбаси, fayzbog.uz

Published
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Тошкент-Урганч йўналиши бўйича автобус йўлагига одам олинган ҳолатни ўрганаётганини билдирди. Кузатувчилар йўловчи ташиш хизматини давлат корхонаси бажариши бундай ҳолатларнинг урчишига сабаб бўлишини айтмоқда.

Facebook даги Файзбоғ.уз саҳифаси мухлислари 22 август куни олган суратда Тошкентдан Урганчга қараб йўлга чиқаётган автобус акс этган. Унда Uzautotrans Service корхонасига тегишли автобуснинг йўлагида ўтириб кетаётган йўловчиларни кўриш мумкин.

"Расмлар айнан "Тошкент-Урганч" йўналишидан олинган. Аҳвол ниҳоятда ачинарли. Бирор турист бу автобусларга бу ҳолатда чиқса, давлатимиз ва юртимиз ҳақида бирор бир ижобий фикрга келмаслиги ва қайтиб бу каби авто хизматлардан фойдаланмаслиги аниқ. Автобус камера билан жиҳозланган. Лекин, адашмасам ўчирилган. Автовакзал операторига ҳам шикоят билан мурожаат қилишган, ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган", деб ёзади йўловчи.

Маълум бўлишича, йўлакда ўтирган йўловчилар автобус автовокзалдан йўлга чиққанидан сўнг, йўл-йўлакай олинган. Улар Урганчга кетишдаги турли масофаларда тушиб қолган.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги аҳолига қулайликлар яратиш, йўловчиларни ўз вақтида манзилларига хавфсиз етказиб қўйиш мақсадида вазирлик қошида Uzautotrans Service корхонаси ташкил қилинганини айтади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Транспорт вазирлигининг матбуот котиби Наврўз Ашурматов Би-би-сига ҳолат ўрганилаётганини маълум қилди.

"Биз ўша ҳолатни ўрганяпмиз. Ўша автобуснинг ҳайдовчиси рейсдан қайтиб келганидан кейин ҳамма нарса аниқлаштирилади. Бу бўйича ҳозир вазирликда иш олиб бориляпти. Олдин ҳам шунга ўхшаш бир ҳолат бўлганди. Ўшанақа ҳолатларнинг олдини олиш, бошқа ноқонуний - ўзининг маршрутидан четлашиб одам олаётган ҳолатларда юз берганда ўзимиз мурожаат билан чиққанмиз. Ишонч номерларимизни бериб қўйганмиз. Бу ҳолатда автобус йўлга чиқиб кетганидан кейин назорат қилиш имкони йўқ. Бу ҳайдовчиларнинг нимасида у", дейди Наврўз Ашурматов.

Би-би-си вазирлик томонидан шикоят учун берилган рақамларга Тошкент вақти билан соат 19:40 да қўнғироқ қилди. Аммо кўрсатилган 3 рақамнинг бирортасига ҳам тушиб бўлмади.

Вазирлик бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳайдовчиларнинг ҳатти ҳаракатини марказий диспетчер кўриб туриши учун онлайн видео регистрация хизматини йўлга қўйиш устида иш олиб бораётганини билдирди. Бироқ жойларда интернет билан боғлиқ муаммолар ушбу назорат хизматига тўсқинлик қилиб турибди.

Uzautotrans Service корхонасига тегишли автобуслар билан боғлиқ чипта сотмасдан одамларни арзонроқ нархда олиб кетиш муаммолари олдин ҳам ижтимоий тармоқларга чиқган эди.

Шокиржонов каналининг ёзишича, давлат ихтиёридаги корхоналарда бу каби муаммолар учрайверади.

"Токи бундай хизматлар тўлиқ хусусийлаштирилмас экан, давлат ихтиёрида қолаверар экан, «СССРча подход»дан қутила олмаймиз. Суриштирсангиз - ўша ҳайдовчи ва кассирлар песмири маошга ишлашади. Бунақа пайт қўшимча ўринлар учун чипта сотувини кирим қилмасдан, пулини чўнтакка уриб, кун кўришади. Наилож?", деб ёзади Шокиржонов.

Транспорт вазирлиги матбуот котиби Наврўз Ашурматовга кўра, Ўзбекистондаги автотранспорт соҳасининг 90 фоизи хусусий тадбиркорлар қўлида. Йўналишлар бўйича эса тендерлар ўтказилади ва унда ютиб чиққанлар одам ташиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Uzautotrans Service давлат корхонаси эса тадбиркорларнинг қатнов йўналишларини олиб қўйишни режаламаган.

"Uzautotrans Serviceнинг автобуслари келгунча, корхона ташкил этилгунча, маълум йўналишларда тадбиркорлар фаолият юритган. Бевосита ўша тадбиркорларнинг фаолиятига тўсқинлик қилмаслик, уларнинг рейси устига давлат ташкилоти автобусининг рейси тушиб қолмаслигини таъминлаш мақсадида мутахассислар ўрганиб чиқиб, энг оптимал нималардан келиб чиқиб, уларнинг фаолиятига таъсир этмайдиган ҳолатда йўналишларга қўйилган".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek