Ўзбекистон: Шахсий отхонасини тозаламаганим учун раҳбардан калтак едим

Ака-ука Файзиевлар маҳкумни ерга думалатиб аёвсиз тепкилашган

Сурат манбаси, Courtesy

Сурат тагсўзи, Ака-ука Файзиевлар маҳкум Тоҳиржон Комиловни ерга думалатиб аёвсиз тепкилашган
Published

48-манзил муассасасида жазони ўтаётган Тоҳиржон Комилов яқинларига ўзи ишлаётган корхона раҳбарларидан бирнинг отхонасини тозалашдан бош тортгани учун таҳқирлангани ва калтак еганини айтмоқда.

Би-би-сигат гапирган маҳкум яқинларининг айтишича, ҳодиса 17 август куни Олмазор туманида содир бўлган.

Маҳкумлар CERAMICA PLUS корхонасида ишлаётган бўлган. Уларни корхона ижрочи директори Миркомил Файзиев ўзининг шахсий отхонасини тозалатиш учун олиб кетгани айтилмоқда.

"Отхонада Миркомил Файзиевнинг укаси Миролим Файзиев маҳкумларга қулларга қилгандек муомала қилган.

Унинг таҳқирловчи муомаласига чидай олмаган маҳкум Тоҳиржон Комилов эътироз билдирган. Бу эътирозга нисбатан Миролим Файзиев Тоҳиржон Комиловни урган. Тоҳиржон ўзини ҳимоя қилган ва буни кўрган Миркомилбой югуриб келиб, Тоҳиржоннинг юзига резина қувур - шланг билан уриб йиқитган ва ака-ука маҳкумни ерга думалатиб аёвсиз тепкилашган", дейилади соф.уз сайтида чиққан хабарда.

Ҳолатнинг соф.узда ёзилганидек бўлганини Би-би-сига воқеадан бевосита хабардор икки манба тасдиқлади.

Ҳодиса рўй берган ерда манзил-муассаса ходими бўлмаган ва маҳкум ҳимоясиз қолгани айтилмоқда. Бошқа маҳкум Комиловни ҳимоя қилишга журъат қилолмаган.

Би-би-си 48-манзил муассаса раҳбари Шарофиддин Абдуллаев билан боғланди.

Абдуллаев уни Би-би-сидан сўрашаётганини билганидан сўнг, "яхши эшитилмаяпти", деб телефон гўшагини қўйиб қўйди.

У қўнғироқларга бошқа жавоб бермади.

Калтак еган Тоҳиржон Комиловнинг яқинлари у билан алоқа узилгани ва тақдиридан хавотирда эканлигини айтишди.

Би-би-си манбасининг айтишича, ҳодиса шов-шув бўлиб кетган ва жазони ижро этиш бошқармасидан расмийлар келиб калтак еган Тоҳиржон Комиловни сиқувга олган.

Комиловдан корхона Миркомил Файзиев уни урмагани, балки маҳкумлар билан урушиб калтак егани, тўғрисида тушунтириш хати ёздириб олган.

Бу каби тушунтириш хати бошқа маҳкумлар ҳам ёзиб берган.

Би-би-си CERAMICA PLUS корхонасии ижрочи директори Миркомил Файзиевга боғлана олмади.

Соф.уз сайтининг ёзишича, Юнусобод тумани ИИБ собиқ тезкор ходими Миркомил Файзиев маҳкумларга нисбатан қаттиққўллиги билан танилган.

Ушбу заводда ишлаётган маҳкумлар бир неча ойдан бери маошларини ололмаётгани айтилмоқда.

CERAMICA PLUS заводидан бозорга DELUXE бренди билан раковина, унитаз чиқади.

Тоҳиржон Комилов 1991 йил Андижон вилоятида туғилган ва 2016 йил Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159- ва 244-моддалари билан айбланиб 5 йилу 6 ойга қамалган.

Яқинлари айтишича, 2016 йили Тоҳиржонни ишлаб турган дўконидан махсус кучлар томонидан ўғирлаб кетишган. Унинг дараги бир неча ой чиқмаган. Улар Тоҳиржонга нисбатан айблар қийноқлар ва таҳдидлар ёрдами билан қўйилганини таъкидлашмоқда.

Маҳкама Тоҳиржон Комиловнинг қийноққа тутилдим, деган гапларини эътиборсиз қолдирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek