Мажбурий меҳнат кузатувчилари ҳибсга олинганлар

Сурат манбаси, fb/малохат эшанкулова
Ўзбекистондаги норасмий Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Альянси хабар тарқатишича, бу йилги пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнат кузатилаётгани-кузатилмаётганини мониторинг қилиш мақсадида Тошкент вилоятидаги Бўка тумани далаларига чиққан фаоллар милиция томонидан ҳибсга олинган.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Альянси раҳбари Елена Урлаева, фотомухбир Тимур Карпов ва Германиянинг "Штерн" журнали мухбири Беттина Зенглинг Бўка туман Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан қўлга олинганлар.
Кузатувчилар Бўка туманидаги 44-мактаб биносида пахта теришга сафарбар этилган Ангрен шаҳрилик пахта ҳашарчилари учун яратилган яшаш шароити билан танишаётган пайтларида ҳибс этилганлар.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Альянси раҳбари Елена Урлаеванинг Би-би-сига айтишича, "Кўкорол" қишлоғидаги милиция бўлимида икки соат савол-жавоб қилинганларидан кейин қўйиб юборилганлар.
Елена Урлаеванинг айтишича, Бўка туманидаги 44-мактабда Ангрен шаҳрилик шахтёрлар ётиб пахта термоқдалар.
Шунингдек, Бўка тумани пахта далаларига Ангрен шаҳридаги бошқа саноат корхоналари ходимлари пахта йиғим-теримига жалб этилганлар.

Сурат манбаси, fb/малохат эшанкулова
Елена Урлаева бу жойда ҳашарчиларнинг ётиб-туришлари учун яратилган шароит ўта абгор эканини таъкидлайди.
Бу йил Ўзбекистон ҳукумати оммавий пахта йиғим-теримига сафарбар этилган талаба, ўқитувчи ва тиббиёт ходимларини 22 сентябрдан ортга қайтарди.
Расмийлар бу йил мамлакатда ўз ихтиёрига қарши инсонларни пахта теришга мажбурламоқчи эмасликларини айтишмоқда.
Бунинг ўрнига ўзи хоҳлаб далага чиққан ўзбекистонликлар ҳосилни йиғиб-териб олишга кўмаклашаётганларини айтадилар.
Бироқ Қашқадарё, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари далаларида мониторинг ўтказган Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Альянси, ҳукумат сиёсатига қарши равишда жойларда мажбурий меҳнат ҳолатлари кузатилмоқда, дейди.
Асосан қишлоқ жойларда истиқомат қиладиган вақтинчалик ишсиз ёшлар, давлат ташкилотларида ишловчилар пахта теримига жалб қилинганлар, бу ишларни молиялаштириш хусусий тижорий ширкатларининг зиммасига юкланмоқда.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02































