"Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси тугатилади

Сурат манбаси, Uzbeknavo
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 15 февраль куни имзолаган фармонига мувофиқ, "Ўзбекнаво" ҳамда "Ўзбекрақс" бирлашмалари тугатилиб, уларнинг негизида "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси ташкил этилади.
Фармонга расмий шарҳда айтилишича, ушбу тузилмавий ўзгаришдан кўзланган мақсад бу бирлашмаларнинг самарадорлигини ошириш ва "юксак бадиий ва сифатли" асарлар яратишдир.
Янги муассаса ўзида 2,5 минг ижодий жамоа ва ижрочиларни бирлаштириши кутилади.
Ўзбек қўшиқчилари концерт фаолиятини амалга ошириш учун тўлайдиган лицензилар унинг асосий даромад манбаси қилиб белгиланган.
Ажралиш
Президент Мирзиёев ўз фармони билан Маданият ва спорт ишлари вазирлигини икки алоҳида тизим-Маданият вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасига ажратган.
Бу айни соҳада бошқарувнинг шўро даврида амал қилган тузилмасига қайтишни англатади.
Аввалроқ ҳукуматнинг йил якунларига бағишланган йиғилишида Президент Маданият ва спорт ишлари вазирлиги фаолиятини кескин танқид қилган эди.
У вазир Баҳодир Аҳмедов йиғилишга тайёрлаб келган ҳисоботни "жонсиз ҳисобот" деб атаган.
Фаолияти тугатилаётган "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси қўшиқчиларни лицензиядан маҳрум қилиш билан боғлиқ қатор шов-шувли можаролар марказида бўлган.
Санъаткорлар бу ижодий уюшма амалда жазоловчи органга айланганини танқид қилишган.
Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кўп ўтмай, "Ўзбекнаво" ўтмишда расман эълон қилинмаган сабабларга кўра катта саҳнадан четлатилган қатор таниқли санъаткорларга лицензияларини қайтариб берган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio
bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.





























