You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.

Take me to the main website

Дунё Буча ва Ирпин кўчаларидаги манзаралардан даҳшатда

Россия қўшинлари бир ой давомида пойтахт Киевни қўлга киритиш мақсадида ҳаракат қилган ҳудудларидан чиқиб кетгач, тинч фуқароларнинг ўлдирилгани билан боғлиқ даҳшатли манзаралар очилмоқда. Киев ғарбидаги Ирпин, Буча ва Гостомель шаҳарлари кўчаларида ҳали март ойи бошида отиб ўлдирилган инсонларнинг жасадлари ётгани аниқ бўлди.

Жонли ёритиш

  1. Туркияда Украина-Россия музокаралари бошланди

    Истанбул шаҳрида Россия ва Украина ҳайъатлари ўртасида тинчлик музокаралари бошланди. Музокаралар олдидан нутқ сўзлаган Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Путин ҳам, Зеленский ҳам унга “қадрли дўст” эканлигини айтган.

    У зудлик билан ўт очишни тўхтатиш кераклиги ва фожиани тўхтатиш икки томонга ҳам боғлиқ эканлигини таъкидлаган.

    "Иккала давлатнинг ҳақли хавотирларини бартараф этадиган ва халқаро ҳамжамият томонидан ишончли деб қабул қилинадиган ечимга эришиш мумкин. Музокаралардаги муваффақиятингиз кейинги қадамни, етакчилар даражасидаги мулоқотни амалга оширишга имкон беради. Биз бундай учрашувга мезбонлик қилишга тайёрмиз”, - деди Туркия президенти. Туркиянинг музокараларда воситачилик ролини ўйнамаслигини эслатган Эрдўғон, “лекин сиз сўраганингизча имкониятларни тақдим этишда давом этамиз” деди.

    Туркия НАТО аъзоси, аммо Россия билан алоқаларини сақлаб қолган. Эрдўғон Ғарбнинг Россияга нисбатан жорий қилган санкцияларига қўшилишдан бош тортган.

    Олдинроқ Украина томони музокаралардан бош мақсади оташкесимга эришиш бўлишини айтган.

    Икки ҳафталик узилишдан сўнг томонлар илк маротаба бир стол атрофига ўтирган.

    Би-би-сининг Яқин шарқдаги мухбири Том Бэтмeннинг айтишича, музокараларда бирор келишувга эришиш умидлари жуда оз.

  2. Катта еттилик давлатлари Россияни газига рублда тўлашдан бош тортмоқда

    Катта еттилик давлатлари душанба куни Россия президенти Владимир Путиннинг газга рублда тўлов қилиш талабини рад қилди.

    “Катта еттиликнинг барча вазирлари бу шартномани бир томонлама, яққол бузиш деган фикрда якдил бўлди”, деган Германия Иқтисод вазири Роберт Хабек.

    Унинг айтишича, Россиянинг бу талаби Путин “бурчакка тиқилиб” қолганини кўрсатади.

    “Рублда тўлаш талабини қабул қилиб бўлмайди ва биз манфаатдор ширкатларни Путин талабига бўйсунмасликка чақирамиз”, деган у.

    Душанба куни Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Европа Путиннинг газга рублда тўлаш талабидан бош тортса, нима бўлади, деган саволга шундай деди:

    “Муаммони ўрни келганда ечамиз. Бир нарса аниқки, биз газни текинга етказиб бермаймиз”.

    Ўтган ҳафта президент Владимир Путин “дўст бўлмаган давлатлар” Россия гази экспорти учун тўлов рублга ўтказилишини маълум қилди.

    Бу каби давлатлар рўйхати Россия Украинага бостириб кириши ортидан киритилган санкциялар ортидан март ойида кескин кўпайди. Ушбу чора тахминан 50 давлатга нисбатан қўлланиши мумкин.

  3. Эрдўғон Путинни сулҳ тузишга чақирди

    Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон якшанба куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали галашган ва сулҳи тузиб, тинч фуқаролар учун инсонпарварлик йўлаклари очишга кўндиришга уринган.

    “Эрдўғон Россия ва Украина ўртасидаги оташкесим ва тинчлик ўрнатилиши ҳамда минтақада инсонпарварлик шароитларини яхшилаш муҳимлигини урғулади”, дейилади Туркия президент матбуот хизмати хабарида.

    Хабарда айтилишича, Путин ва Эрдўғон тинчлик музокараларининг навбатдагиси Истанбулда ўтказилишига келишиб олган.

  4. Мариупол иккинчи Ҳалабга айланди: Франция зудлик билан ёрдам беришга чақирди

    Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ив Дриан Россия қўшинлари томонидан қамал қилинган Мариупол шаҳридаги инсоний инқироз кўлами халқаро ҳамжамият зудлик билан аралашишини талаб қилишини айтди.

    Қатар пойтахти Дохада ўтган анжуманда у Мариуполдаги вазиятни Суриянинг Ҳалаб шаҳри ишғоли билан солиштирди.

    Асосан мусулмон суннийлар яшайдиган Ҳалаб шаҳри Россия ва шиа Башар Асад бошчилигидаги Сурия ҳукумати ҳарбийлари томонидан ўтказилган амалиёт давомида деярли ер билан яксон қилинганди.

    “Мариупол иккинчи Ҳалабга айлангани яққол кўриниб турибди. Агар бирор чора кўрмасак ҳаммамизда оммавий айбдорлик ҳисси бўлишига умид қиламан. Мариупол Россия бир ойдан бери олиб бораётган қамал уруши услубига мисол бўла олади. Балки улар шаҳарни қамал қилишни режалаштирмагандир. Аммо бугун бу нарса содир бўлаяпти ва Мариупол бунга яққол мисол. Қамал уруш олиб боришнинг энг даҳшатли услубларидан бири, чунки унда тинч фуқаролар оммавий қирилади ва ўлдирилади”, дейди у.

    Украина ҳукуматининг айтишича, Мариупол биноларининг катта қисми вайрон бўлган ва уларнинг кўпини қайта тиклаб бўлмайди.

    Шаҳардаги ҳалок бўлганларнинг аниқ сони номаълум, бироқ Мариупол маъмурияти Россия самолётлари шаҳардаги бомбапаноҳ сифатида фойдаланилаётган театрни бомбардимон қилиши натижасида 300 одам ҳалок бўлганини айтган.

  5. Россия-Украина: Путин ҳамшаҳри уни "уруш" деб атади

    Президенти Владимир Путин Украинага босқинини ҳеч ҳам уруш деб атамади. Буни у қўшнисини қуролсизлантириш мақсадидаги "махсус операция" дейди. Иқтисодий санкциялар россияликларнинг ҳаётини кескин ўзгартираётган бир пайтда одамлар кўчаларга норозилик намойишларига чиқдилар, бу намойишчилар орасида санкт-петербурглик 76 яшар рассом Елена Осипова ҳам бор эди.

  6. Қозоғистон: Россия босқинига қарши чиққанларга “Вова амакини ёрдамга” чақирмоқчи бўлган журналист ишдан бўшатилди

    Қозоғистонда ижтимоий тармоқлардаги баҳсларда Россиянинг Украинага бостириб киришига қарши бўлганларни “Вова амакини ёрдамга” чақириш билан таҳдид қилган “Европа плюс Қозоғистон” радио канали бошловчиси Любов Панова ишдан бўшатилди. Бу ҳақда КазТаг агентлиги хабар бермоқда.

    “Европа плюс Қозоғистон” радиоканали расман маълум қиладики, радиобошловчи Любов Панова билан тузилган меҳнат шартномаси шу йилнинг 28 март куни бекор қилинди”, дейилади радиостанциянинг ижтимоий тармоққа қўйилган хабарида.

    КазТаг манбасининг айтишича, Панова ўз хоҳишига кўра ариза ёзган.

    Олдинроқ Россиянинг Украинага бостириб кириши манзарасида Панова Россия агрессиясига қарши бўлганларни изоҳларда “Вова амакини ёрдамга чақириш” билан қўрқитмоқчи бўлганди.

    Унинг ушбу изоҳи Қозоғистондаги ижтимоий тармоқларда норози оҳангдаги муҳокамаларга сабаб бўлганди.

  7. Зеленский Франция президенти Макронни қўрқоқликда айблади

    Economist нашрига интервю берган Володимир Зеленский ғарбий Европа давлатлари Россияга қарши урушда Украинага ёрдам бериб бермаётгани ҳақида гапирди

    У Франция президенти Эммануэль Макронни ҳарбий ёрдам бермаганликда айблаб қаттиқ танқид қилган. “Чунки улар Россиядан қўрқишади. Сабаби шу.”, деган у.

    Зеленский Британия Бош вазири Борис Жонсон қурол юборишда анча жон куйдираётганини айтган.

    “Ҳа, ростини айтсам, Жонсон кўп ёрдам бераётган лидер. Давлатлар раҳбарлари сайловчилари ҳаракатига қараб реакция билдиради. Бу борада Жонсон ўрнак”, деган у.

    Президент Зеленский Германия кутиш позициясида турганини ва мувозанатни сақлашга ҳаракат қилаётганини айтган.

    “Уларнинг Россия билан узоқ йиллик муносабатлари бор ва вазиятга иқтисодий ўлчов орқали қарашмоқда. Улар вақти-вақти билан ёрдам беришяпти. Менимча, улар вазиятнинг ривожланишига қараб мослашишга ҳаракат қилишмоқда”, деган у.

  8. Украина нейтрал мақомни қабул қилиш масаласини кўриб чиқмоқда

    Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский Россиянинг мустақил нашрига берган интервюсида айтган.

    Зеленский Россия билан тинчлик музокараларининг бир қисми сифатида Украина нейтрал мақомни қабул қилиш масаласини муҳокама қилиши мумкин деган.

    Аммо ушбу масалага учинчи томондан кафолат бериши ва референдумга қўйилиши керак, деган у.

    “Давлатимизга хавфсизлик кафолати ва бетарафлик, атомдан ҳоли мақоми. Биз бунга тайёрмиз. Бу жуда муҳим нуқта”, деган Зеленский.

    Рус тилида гапирган Зеленский Россия босқини Украинадаги русийзабон шаҳарларни вайрон бўлишига сабаб бўлганини айтган.

    У Украинада рус тилини ишлатиш музокараларда муҳокама қилингани, айтган. Бироқ Украина Президенти Россиянинг Украинани демилитиризация қилишни муҳокама қилишдан бош тортганини таъкидлаган.

  9. Украина уруши: Россия қўшинини Киевдан узоқлаштирдик

    Украина ва Ғарб ҳарбийлари айтишларича, Россиянинг босқини барча фронтларда "ботиб қолди".

    Украина Мудофаа вазирлиги эса пойтахт Киевдан 35 километр шарқда контр ҳужумга ўтиб, Россия қўшинларини чекинишга мажбур қилганлар.

  10. Россия энди бор эътиборини Донбассни озод қилишга қаратмоқчи

    Украинада уруш бошлаганидан бир ой ўтиб Россия қуролли кучлари энди бор эътиборларини Украина шарқидаги Донбасс минтақасини “озод қилишга” қаратишини айтмоқда. Донбасс Луганск ва Донецк вилоятларидан ташкил топган минтақа.

    Россия Қуролли кучлари Бош штаби Бош тезкор бошқармаси раҳбари Сергей Рудской жума куни ўтказган брифингда Россия босқинининг кейинги режалар ҳақида маълум қилди.

    У Россия кучлари энди бор эътиборини Украина шарқидаги Донбасс минтақасини “тўлиқ озод қилишга” қаратишини айтди.

    Мудофаа вазирлиги, Россия “махсус ҳарбий амалиёт” давомида олдига икки мақсадни қўйгани - бутун Украинани қамраб олиш ва иккинчиси Донбасс минтақасига эътибор қаратишни маълум қилган.

    Россия давлат матбуоти томонидан берилган хабарлар Россия урушдаги мақсадларини камайтирганига ишора қилади. Россия кучлари Украина шимоли ва Киев атрофида қаттиқ қаршиликка учраган.

    Россия Қуролли кучлари Бош штаби Бош тезкор бошқармаси раҳбари Сергей Рудской Луганск вилоятининг 93 фоизи ва Донецк вилоятининг 54 фоизи Россия назоратига эканлигини айтган.

    Унинг айтишича, Россия Украинанинг аксар ҳаво кучлари ва денгиз кучларини йўқ қилган ва можаронинг биринчи босқичида мувафаққиятга уришган.

    Россия Мудофаа вазирлиги масъули эътиборини Донецк ва Луганск вилоятлари жойлашган Донбасс минтақасига қаратишини айтган бўлса-да, қамалда қолаётган Украина шаҳарларини ишғол қилиш имкониятини истисно қилмаган.

    У Украина осмонини ёпишга бўлган ҳар қандай ҳаракатга Россия зудлик билан жавоб беришини айтган.

    Масъул Путин томонидан қўйилган вазифа бажарилмагунча Россия жанглардан тўхтамаслигини билдирган. Сергей Рудской Путин томонидан берилган вазифа нима эканлигини айтмаган.

  11. Мариупол маъмурияти: Бомбардимон қилинган театрда 300 киши қурбон бўлди

    Мариупол шаҳри кенгаши шаҳардаги драма театрни бомбардимон қилиш натижасида 300 киши ҳалок бўлганини айтди.

    “Мариуполдаги драма театр Россия самолёти томонидан бомбардимон қилиниши натижасида қарийб 300 киши ҳалок бўлганлиги борасида гувоҳларда маълумотлар пайдо бўлди”, дейилади хабарда.

    Шаҳарликлар ертўласини бомбапаноҳ сифатида фойдаланиб келаётган театр 16 март куни вайрон қилинганди. Украина ҳукумати ҳужумда Россия ҳарбийларини айблади.

    Россия Мудофаа вазирлиги фақат ҳарбий инфратузилмаларга зарба бераётганини айтади.

    Шу ҳафта бошида Украина президенти Владимир Зеленский Росси ҳарбийлари қамалга олган Мариупол шаҳрида 100 мингга қадар аҳоли озиқ-овқатсиз, сув ва дори-дармонсиз қолаётганини айтганди.

  12. Россия урушда 1351 ҳарбийси ўлганини айтди

    Россия Қуролли кучлари бош штаби Украинага бостириб кирганидан бошлаб иккинчи марта ҳалок бўлган ҳарбийларининг сонини маълум қилди.

    Хабарда 1351 ҳарбий ўлгани ва 3825 ҳарбий яралангани айтилади.

    2 марта куни Россия Мудофаа вазирлиги вакили 24 февралдан сўнг 498 россиялик ҳарбий ҳалок бўлганини айтганди.

    Украина 14 мингдан ортиқ россиялик ҳарбий ўлганини таъкидлайди. Россия Мудофаа вазирлиги ушбу рақамларга изоҳ бермаган. Би-би-сида ушбу рақамларни мустақил текшириш имконияти йўқ.

  13. Россия отган 60 фоизгача ракеталар иш бермаяпти

    Reuters агентлиги Америка маъмуриятидаги манбаларига таяниб хабар беришича, Россия армияси томонидан Украинага учирилган аниқ нишонга олувчи қанотли ракеталарининг 60 фоизигача қисми иш бермаяпти.

    Ушбу маълумотлар расмий Москва нима учун кўплаб вазифаларни бажара олмаганини англатиши мумкин. Украина ҳаво ҳужумига қарши тизимларининг ҳамон ишдан чиқарилмагани ана шундай вазифалар жумласига киради.

    Вашингтон ҳисоб китобларига кўра, омадсиз ракета учиришлар сони ҳар куни ўзгариб туради, аммо баъзан 50-60 фоизга етади.

    Агентлик мурожаат қилган уч манба ракеталарнинг нима сабабдан нишонга тегиб портламаётгани борасида тахминларини айтмаган.

    Пентагон уруш бошланганидан буён Украинага қараб 1000 дан ортиқ ракета учирилганини маълум қилган.

    Ҳарбий таҳлилчилар ракеталарнинг 20% кўпроғи ўз вазифасини бажара олмаса жуда кўп қисми яроқсиз, деб қабул қилинишини айтган.

  14. Британия: Украина Киев шарқидаги Россия ҳарбийларини сиқиб чиқарди

    Британия Мудофаа вазирлиги украиналиклар Киев шарқидаги Россия ҳарбийларини ортга чекинишга мажбур қилганини айтмоқда. Натижада Украиана пойтахтдан 35 чақиримлик масофагача бўлган ерларни ўз назоратига қайтариб олган.

    Британиялик ҳарбий разведкачилар Украина армияси Киев шимоли-ғарбидаги Гостомел аэродромига қарши ҳужумларни давом эттиришини айтган.

    Украина жанубида эса Россия армияси Николаев шаҳрини айланиб ўтишга ва Одессага қараб юришга ҳаракат қилмоқда. Аммо бунга Украина кучларининг қаршилиги ҳамда ҳарбий таъминот етиб келмаётганини тўсқинлик қилмоқда.

  15. Уч саммит кун тартибида Украина

    24 март куни Брюссель шаҳрида уч халқаро ташкилотнинг фавқулодда мажлислари бўлиб ўтди.

    Эрталаб НАТО саммитида гапирган Украина Президенти Владимир Зеленский яна бир бор Украина атрофида осмонни ёпишни сўради.

    Шунингдек, НАТОнинг бир фоиз танк ва самолётини Украинага беришни сўради.

    Саммит тугаганидан кейин журналистлар НАТО Бош котиби Йенс Столтенбергдан "бир фоизлик танк ва самолёт"лар ҳақида сўрашди.

    "Биз ҳаммамиз Президент Зеленскийни диққат билан тингладик ва НАТО иттифоқчилари Украинага салмоқли дастак берди", деди жаноб Столтенберг.

    "Украина ўзини мудофаа қила олиши мумкин бўлган қурол-яроғ билан қўллаб-қувватлашда НАТО қўлидан нима келса ҳаммасини қилади", деди бош котиб.

    Президент Зеленский, Россия Украинани босиб олиш билан тўхтамайди ва яна Ғарбга, НАТО аъзолари бўлган Болтиқбўйи мамлакатлари, Польшага қараб юриш қилади, деди.

    Бу марта Зеленский Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши ҳақида бир оғиз ҳам гапирмади.

    Саммитда Британия Украинага 6000 та аксилтанк ракетаси, Швеция 5000 та, Германия яна 2000 та аксилтанк гранатомётлари бериши айтилди.

    Йирик 7 лик саммитида гапирган Президент Зеленский Россияни GPSсунъий йўлдош навигация тизимидан узиб қўйишга чақирди.

  16. Йенс Столтенберг яна бир йил НАТО Бош котиби бўлади

    Брюсселдаги НАТО саммитида аъзо давлатлар раҳбарлари Бош котиб Йенс Столтенбергнинг муддатини яна бир йилга узайтиришга қарор қилдилар.

    Жаноб Столтенбергнинг муддати шу йил 30 ноябрида тугаши керак эди.

    Кейин унинг Норвегия Марказий Банки раиси лавозимига таклиф этилгани ва ўзи бунга розилик бергани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди.

    Йенс Столтенбергнинг ўзи Твиттердаги саҳифасида ёзишича, ўзининг НАТО бош котиби лавзимидаги муддати 2023 йил 30 сентябргача узайтирилган.

    Бунинг сабаби, Россиянинг Украинага босқини экани айтилди.

    НАТО саммитидан кейин Йенс Столтенберг журналистларга қуийдагиларни айтди:

    Россиянинг Украинага босқини "бир неча авлод мобайнидаги энг йирик хавфсизлик инқирози" бўлди ва бу инқирозда "ўз иттифоқимизни кучли ва халқларимизни хавфсиз сақлаш йўлида биз бирдам турамиз»

    Жаноб Столтенберг айтишича, Россиянинг босқинига жавобан НАТО 40 минг қўшин юбориш билан иттифоқнинг шарқий чегараларини мустаҳкамлаш қарорини маъқуллаган.

    Словакия, Венгрия, Болгария ва Руминияга тўртта янги жанговар гуруҳ юборилишини тасдиқлади НАТО бош котиби.

    Жаноб Столтенберг сўзларига кўра, кибер мудофаа ҳам мустаҳкамланади, НАТО Украинага ўзини «биологик, кимёвий, радиологик ва ядровий таҳдидлардан» ҳимоя қилишга кўмаклашади.

    НАТО бош котиби Россияни кимёвий қуролларни қўллашдан тийилишга чақирган, унинг сўзларига кўра, кимёвий қуролларни ишга солиш «можаронинг табиатини буткул ўзгартиради ва халқаро қонунчиликни қўпол бузиш бўлади, кенг миёқсли оқибатларга етаклайди».

    Путиннинг Украинага босқини «бизнинг хавфсизлик муҳитимизни узоқ муддатга ўзгартирди ва НАТО энди бунга узоқ бош қўшади», деди Бош котиб Йенс Столтенберг.

  17. Мудофаа вазири Шойгу Россия ТВида кўринди

    Россия телевидениеси Мудофаа вазири Сергей Шойгу кўринган овозсиз видеони намойиш этди.

    Афтидан, бу Президент Путиннинг энг юқори лавозимдаги амалдорлар, шу жумладан, Мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳам виртуал қатнашган Хавфсизлик Кенгашининг мажлисидан олинган видео бўлган.

    Шойгу 11 мартдан буён жамоатчилик кўзига кўринмаган, вазир ёки хаста ёки ҳибсга олинган деган гап-сўзлар тарқалишига сабабчи бўлган эди.

    Эрталаб Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга Президент Путин Хавфсизлик Кенгаши мажлисини ўтказиши ҳақида хабар берган, сўнг журналистлар ундан Мудофаа вазири Шойгунинг нега кўринмаётгани сабаби ҳақида сўрашган эди.

    "Қиладиган ишлари кўп, махсус ҳарбий операция кетаяпти. Медиа фаоллик учун вақт йўқ", деб айтган Песков журналистларга.

  18. Қора денгиз қирғоғида Россия ҳарбий кемаси портлатилди

    24 март куни Украина ҳарбийлари Россиянинг бир кемаси портлатилгани, яна икки кемасига шикаст етказилгани хабарини ва видеосини тарқатдилар.

    Украинанинг Қора денгиз соҳилидаги Бердянск шаҳри портида турган "Орск" кемаси портлаган, портлашдан кейин келиб чиққан ёнғин яқинда турган икки кема, ёнилғи ва қурол-яроғ омборига ҳам ўтгани хабар қилинди.

    Украина ҳарбийлари "Орск" ракета билан урилдими ёки бошқа қўпорувчилик ҳаракати биланми, очиқлаганлари йўқ.

    Украина расмийларига кўра, портдаги портлаш оқибатида ёнилғи ва қурол-яроқ ҳам йўқ қилинган.

    Бердянск Қора денгизда Мариуполдан жануброқда, Қримга яқинроқ жойлашган шаҳар ва уни Россия қўшинлари Украина босқини бошланганидан тўрт кун ўтиб қўлга киритишга муваффақ бўлган эдилар.

    "Орск" Россия қўшинлари ва ҳарбий техникасини ташиб келтиришда фойдаланилган йирик кема, унинг ўтган ҳафта Бердянск портига киргани Россия матбуотида муҳим воқеа сифатида тақдим этилган.

    "Орск" 2014 йилни Қримни босиб олишда фойдаланилган кема экани хабар қилинган.

  19. Путин ўз истагининг тескарисига эришди - Британия бош вазири

    Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон айтишича, Россия Президенти Владимир Путин истаганининг буткул қаршисига рўпара келди.

    Президент Путин Россия чегарасига НАТО яқинлашиб қолганидан норози бўлган, Украинанинг НАТО иттифоқига аъзо бўлиши олдини олиш Украинага ишғоли мақсадларидан бири деб кўрилди.

    Борис Жонсон айтишича, Украинага бостириб кириш билан Россия Президенти Владимир Путин Россиянинг ғарбий чегараларида аввалгига қараганда камроқ эмас, янада кўпроқ НАТО жойлаштирилишига дуч келди.

    НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг НАТОнинг янги тўрт жанговар гуруҳи Словакия, Венгрия, Болгария ва Руминияга жойлаштирилишини эълон қилди.

    23 март куни Украина Президенти Владимир Зеленский Британия Бош вазири Борис Жонсон билан телефон орқали суҳбатлашган.

    Борис Жонсон сўзларига кўра, Зеленский "охирги пайтдаги энг қобилиятли уруш лидерларидан биридир" ва у "жаҳон фикрини бошқара олди ва ўз мамлакатини сафарбар эта олди".

    Британия Бош вазири сўзларига кўра, Зеленский Путин режимига қарши иқтисодий санкцияларни янада қаттиқлаштирилишини, махсус мудофаа ҳарбий дастакларини қўлга киритишни истайди.

    "Ва биз буларни таъминлаш қарорида қатъиймиз", деган Британия Бош вазири Борис Жонсон.

  20. Брюсселда НАТО саммити бошланди

    НАТОга аъзо давлатларнинг раҳбарлари Брюсселга етиб бордилар.

    Фавқулодда мажлисда Россиянинг Украинага босқинига жавобан яна бундан кейин қандай қадамлар қўйиш муҳокама қилиниши кутилмоқда.

    24 март куни Россия Украинага уруш бошлаганига роппа-роса бир ой бўлди.

    Брюсселдаги саммит НАТО тарихидаги энг муҳим йиғилиш деб кўрилмоқда.