Украина Киев атрофидаги Россия қўшинларини сиқиб чиқармоқда, Россия отган ракеталарнинг 60 фоизи яроқсиз, Мариуполдаги театрда жон сақлаган 300 киши ўлгани айтилмоқда

Британия Мудофаа вазирлиги украиналиклар Киев шарқидаги Россия қўшинларини сиқиб чиқаргани ва Украина ҳарбийлари пойтахтдан 35 чақирим масофагача ерларни қайтариб олганини маълум қилди. Мариупол ҳокимлиги 16 март куни қилинган бомбардимон натижасида қарийб 300 одам ҳалок бўлганини айтмоқда. Россия армияси отган 1000 дан ортиқ ракеталарнинг 60 фоизи нишонга тегмаган.

Жонли ёритиш

  1. Россия Европани қўрқитди, Можаронинг 13-куни

    Расмий Москва янги таҳдид билан чиқди.

    Агар Ғарб Россия нефтини тақиқласа, Германияга узанувчи энг муҳим газ қувурини ёпиб қўйишини айтди.

    Россия Бош вазири бунинг оқибатларига ҳам батафсил тўхталиб ўтди.

    Александр Новакнинг айтишича, Ғарбнинг режаси глобал таъминотга ҳалокатли таъсир қилади.

    Жаҳон бозорида бир баррель нефтнинг баҳосини $300 долларга чиқариб юборади.

    АҚШ Украина ишғоли боис, ўз иттифоқчилари билан бирга Россияга қарши бу чорани қўллаш масаласини ҳам ўйламоқда.

    Аммо кеча, душанба куни бунга Германия ва Голландия қарши чиқишди.

    Европа Иттифоқи ўз газининг 40 фоизчаси, нефтининг эса, 30%ини Россиядан олади.

    Шу боис ҳам, таъминотда узилишлар бўлса, унинг ўрнини қоплаши қийин бўлади.

    Россия Бош вазирининг муовини жавоб чорасини қўллашга тўла ҳақли эканликларини билдирди.

    Газ қувурлари

    Сурат манбаси, AFP

    Сурат тагсўзи, Европа Иттифоқи ўз газининг 40 фоизчаси, нефтининг эса, 30%ини Россиядан олади
  2. Украина: Инсоний талафотлар ортмоқда, Можаронинг 13-куни

    Украина томонига кўра, Россия тонгга қадар ўз ҳужумларини давом эттирган.

    Мамлакатнинг қатор шаҳарларига яна зарба берган.

    Киев ғарбидаги Черняховдаги нефтебаза ёниб кетган. Ёнғин фақат саҳарга келиб ўчирилган.

    Россиянинг ҳаво ҳужумлари шарқий Суми шаҳрида турар-жой биноларини вайрон қилган. Айримларига ўт кетган. Тўққиз киши қурбон бўлган. Бир аёл яраланган. Қурбонлардан икки нафарининг болалар экани айтилмоқда.

    Жанубий Николаев шаҳрида қатор турар-жой мавзеълари ўт ичида қолган. Ҳужум натижасида тўрт киши қурбон бўлган. Вайроналар остидан қутқариб олинган беш одам касалхонага ётқизилган.

    Россия шарқий Харьковда ҳам ўзининг артиллерия ҳужумларини давом эттирган. Бир турар-жой биносининг тўққиз қаватига ўт кетган. Ўт ўчирувчилар тўрт соат деганда ёнғинни ўчиришган. Бу ерда ҳам камида 4 киши ҳалок бўлган.

    Қочқинлар

    Сурат манбаси, official

    Сурат тагсўзи, Украинада инсоний талафотлар сони ортмоқда
  3. Украина: Зеленский қаердалигини айтди, Можаронинг 13-куни

    Ўтган тун Украина президенти яна бир видеосини эълон қилди.

    Бу гал пойтахт Киевдаги президент идорасининг ўзида кўриниш берди.

    Зеленский ўзининг қўрқиб-писиб ўтирмаганини айтди.

    Украина президентининг қаерда эканини очиқ намойиш этиши Путинга ишора сифатида талқин этилди.

    Пойтахт Киевга Россиянинг йирик ҳужуми кутилмоқда.

    Украина кучлари шаҳарни қаттиқ ҳимоя қилишаётир.

    Украина президенти

    Сурат манбаси, screenshot

    Сурат тагсўзи, Зеленский ўзининг қўрқиб-писиб ўтирмаганини айтди
  4. Россия Гаагага бормади, Можаронинг 12-куни

    Россия Халқаро Жиноят Маҳкамаси тингловида қатнашишдан бош тортди.

    Украина бу тингловда ҳам ишғолга чек қўйишга чақираётир.

    Россиянинг Гаагадаги элчиси Александр Шулгиннинг айтишича, мамлакатининг жараёнда ҳозир бўлиш нияти йўқ.

    БМТ Халқаро Жиноят Маҳкамаси Бош ҳаками Россиянинг бу қароридан афсус билдирди.

    Украинанинг вакили Антон Кориневичнинг айтишича, “Россия ўрнининг бўшлиги кўп нарсадан далолат беради”.

    “Уларнинг бу ерда эмас, жанг майдонида эканликларини англатади”.

    Украина вакили Россияни ишғолини оқлаш учун геноцид ҳақидаги бўлмағур даъволардан фойдаланиб, Геноцид тўғрисидаги Ковенцияни бузганликда ҳам айблади.

    “Путин алдаётир, Украина фуқаролари ўлмоқда”, - деди.

    Украина Халқаро Жиноят Маҳкамасидан вазиятга тезда аралашиш, Россиядан ўз ҳарбий амалиётига зудлик билан чек қўйишини сўраш, инсоний талофатлар, ҳар қандай геноцид ҳаракатлари ёки шундай ниятни ифодаловчи риторикаларнинг олдини олишни сўраган.

    Россия ва Украина Халқаро Жиноят Маҳкамасининг аъзолари саналишмайди.

    Аммо ҳар икковлон ҳам Геноцид тўғрисидаги Конвенцияга имзо чекишган.

    Ukrainadagi urush oqibatlari

    Сурат манбаси, Getty Images

    Сурат тагсўзи, Россия ва Украина Халқаро Жиноят Маҳкамасининг аъзолари саналишмайди
  5. Моди Путинни мулоқотга ундади, Можаронинг 12-куни

    Ҳиндистон Бош вазири Путинни Украина президенти билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб боришга ундади.

    Бу ҳақда Рейтер ахборот агентлиги ҳинд ҳукуматидаги манбага иқтибосан хабар берди.

    Манбанинг айтишича, “Президент Путин Модини Россия ва Украина вакиллари ўртасидаги музокараларнинг ҳозир қандай босқичда эканидан бохабар этган”.

    Аммо манба бу хусусда расмий баёнот чиқмай туриб, ўзини танитишни истамаган.

    Ҳиндистон ҳам Хитой каби Россиянинг анъанавий иттифоқчиларидан бири сифатида кўрилади. Дунёнинг саноқли ядровий қудратларидан биттаси бўлади.

    Шу соатларда олинаётган хабарларга кўра, россиялик айрим йирик миллиардерлар ҳам Украинада тинчликка чақириб чиқишган.

    Украина вакиллари эса, Россия томони билан учинчи давра музокараларини ўтказиш учун Беларусь билан чегарага етиб боришган.

    Қочаётган одамлар учун "инсонпарварлик йўлаги"ни яратиш бу гал ҳам кун тартибидаги энг асосий масала бўлиши айтилмоқда.

    Муваққат сулҳга оид бундан аввалги уч келишув ҳам иш бермаган.

    Душанба кунгисини ҳам Россиянинг ҳужумлари бузганига оид даъволар бор.

    Президент Путиннинг матбуот котиби тинчлик учун яна бир бор ўз шартларини такрорлаган.

    Бунинг учун Украина Қримни Россияники, Донецк ва Луганскни эса, ўзидан мустақил алоҳида давлат, деб тан олиши шартлигини айтган.

    Бундан ташқари, Украина ўз конституциясини ўзгартириши ва НАТОга аъзо бўлиш даъвосидан воз кечиши лозимлигини таъкидлаган.

    Дмитрий Песковнинг қўшимча қилишича, Россия Украинани "демилитиризация" қилади ва худди шу шартлар бажарилиши биланоқ "ҳарбий амалиётларига чек қўяди".

    Rossiya va Hindiston prezidentlari

    Сурат манбаси, Getty Images

    Сурат тагсўзи, Ҳиндистон ҳам Хитой каби Россиянинг анъанавий иттифоқчиларидан бири сифатида кўрилади
  6. Қозоғистонда урушга қарши намойиш, Можаронинг 12-куни

    Қозоғистонда Украинадаги Россия босқинини қоралаб, намойиш ўтказилди.

    Намойишчилар урушни тўхтатишга чақирдилар.

    Олма-отадаги бир неча юз киши тўпланган тадбирда Россия етакчилигидаги иттифоқ ва гуруҳларга қарши фикрлар ҳам янграган.

    Олма-ота Қозоғистоннинг энг йирик шаҳри бўлади.

    Қозоғистон президенти яқинда томонларни тил топишишга чақирган.

    Қасим-Жомарт Тоқаев яхши жанжалдан ёмон тинчлик яхши эканини айтган.

    У, "бундан бошқа йўл йўқ"лигини таъкидлаган.

    "Тинчликсиз тараққиёт ҳам бўлмаслиги"ни айтган.

    Агар лозим бўлса, бу музокараларга ўзлари воситачилик қилишга тайёр эканликларини ҳам қўшимча қилгани хабар берилганди.

    Қозоғистон Марказий Осиёнинг Россияга чегарадош ягона давлати бўлади.

    Икки давлатнинг узлуксиз чегараси дунёдаги энг узуни саналади.

    Бунга ўхшаш намойиш ҳозирча қолган бирор бир Марказий Осиё давлатида кузатилмаган.

    Россия барча минтақа давлатларининг бирдек стратегик шериги, яқин иттифоқчиси, энг муҳим савдо-иқтисодий, ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорларидан бири бўлади.

    Ўтказиб юборинг YouTube пост
    Google YouTube контентига рухсат бериш

    Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

    Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

    Охири YouTube пост

  7. Хитой Украинага ёрдам беради, Можаронинг 12-куни

    Расмий Пекиннинг янги режаси ҳақида Хитой Ташқи ишлар вазири маълум қилган.

    Ванг Ининг айтишича, кўмак Хитойнинг Қизил Хоч ташкилоти томонидан етказилади.

    Хитой Ташқи ишлар вазири томонларни музокараларини давом эттиришга ҳам чақирган.

    У Россия билан дўстликлари “жуда мустаҳкам” эканини билдирган.

    Ҳамкорлик истиқболлари ҳам кенг эканини таъкидлаган.

    Хитой Ташқи ишлар вазирининг айни мазмундаги баёноти Австралия Ташқи ишлар вазирининг ўзларига қаратилган даъватидан қисқа вақт ўтмай янграган.

    Скотт Моррисон Хитойни Россиянинг амалларини қоралашга чақирган.

    У Сиднейда ташқи сиёсат масаласида узоқ гапирган.

    Хитой суверенитет ва ҳудудий яхлитлик борасида кўп гапиришини эслатган.

    Австралия Бош вазирининг айтишича, дунёда ҳеч бир давлат “Хитойчалик Россияга кучли таъсирга эга эмас”.

    “Тарихнинг ҳозирги бурилиш нуқтасида Хитой бунинг қуруқ гап эмаслигини амалда намойиш этиши лозим”.

    Шу пайтгача Хитой Россиянинг Украинага урушини на-да қоралаган ва на-да ёқлаган.

    Уни “ишғол”, деб аташдан ҳам ўзини тийган.

    Аммо Ванг И ўтган ҳафта бошида Хитой ўт очишни тўхтатиш бўйича воситачилик қилишга тайёр эканлигини баён қилган.

    Xitoy va Rossiya prezidentlari

    Сурат манбаси, Getty Images

    Сурат тагсўзи, Шу пайтгача Хитой Россиянинг Украинага урушини на-да қоралаган ва на-да ёқлаган
  8. Россиянинг режаси “мутлақ ахлоққа зид”ми?, Можаронинг 12-куни

    Украина Россиянинг режасини кескин танқид қилиб чиқди.

    Расмий Киев Россиянинг қочқинлар учун “инсонпарварлик йўлаги” очиш режасини “мутлақ ахлоққа зид”, деб атади.

    Россиянинг режаси қочаётган одамларни Беларусь ва Россияга ҳам чиқаришни кўзда тутади.

    Президент Владимир Зеленскийнинг айтишича, украиналикларга ўз ҳудудлари бўйлаб уйларини тарк этишга рухсат берилиши керак.

    Зеленскийга кўра, “улар Украина фуқаролари ва бунга ҳақли”лар.

    Рейтер ахборот агентлиги Украина президенти матбуот котибининг ёзма пайғомидан иқтибос келтирган.

    Унда, “Бу мутлақ ахлоққа зид. Одамларнинг азоб-уқубатларидан ўзлари истаган телевизион тасвирлар учун фойдаланилмоқчи”, - деб айтилган.

    Украина томонига кўра, бугун ҳам мамлакатнинг қатор шаҳарларида аҳоли турар-жойларига қаратилган ҳужумлар давом этган.

    Томонлар бундан аввал Мариуполда икки бор ўт очишни тўхтатиб туришга ҳаракат қилишган.

    Аммо ҳар икки гал ҳам бу уринишлар иш бермаган, дам олиш кунларида чиппакка чиққан.

    Одамлар қочаётган пайтда очилган ўт натижасида тўрт киши қурбон бўлган. Улардан икки нафарининг болалар экани айтилган.

    Украина президенти Россияни тинч фуқароларни ўлдираётганликда айблаган, буни бежавоб қолдирмаслигини таъкидлаган.

    Владимир Зеленскийнинг айни мазмундаги баёнотига расмий Москванинг муносабати ҳозирча имконсиз.

    Мавжуд инқироз туфайли жаҳон нефть бозорида нарх-наво кескин кўтарилиб кетган.

    Бунақаси ўтган 13 йил бадалида кузатилмагани айтилмоқда.

    Ukraina prezidenti

    Сурат манбаси, Reuters

    Сурат тагсўзи, Расмий Киев Россиянинг қочқинлар учун “инсонпарварлик йўлаги” очиш режасини “мутлақ ахлоққа зид”, деб атади
  9. Янги Зеландиянинг янги режаси, Можаронинг 12-куни

    Янги Зеландия россиялик 100 нафар олигархни янги санкцияларга тортмоқчи.

    Ўз мамлакатининг Ғарб жазо чораларидан қочган Россия фуқаролари учун бошпанага айланишининг олдини олмоқчи.

    Янги Зеландия Бош вазири Жасинда Ардерннинг айтишича, янги рўйхатларига тушган олигархларга саёҳат чекловлари киритилади.

    Уларнинг Москвада қайддан ўтган суперяхталари, кемалари ва самолётларининг Янги Зеландия ҳаво ҳудуди ва сувларига кириши тақиқланади.

    Янги Зеландия Бош вазири

    Сурат манбаси, Getty Images

    Сурат тагсўзи, Янги Зеландия россиялик 100 нафар олигархнинг ўзларига киришини тақиқламоқчи
  10. Чугуев ҳозир кимнинг қўлида?, Можаронинг 12-куни

    Украина томонига кўра, Чугуевни қайтариб олган.

    Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари штаби маълум қилган.

    Пост Facebook да ўтган тунда қолдирилган.

    Унда айтилишича, шаҳар кеча яна Украина кучлари назорати остига ўтган.

    Жанглар чоғида Россия қўшинларига жиддий талафот етказилгани ҳам даъво қилинган.

    Украина томонига кўра, шаҳар учун курашда Россиянинг икки юқори мартабали қўмондонини ҳам ўлдиришган.

    Чугуев Украина шарқида жойлашган.

    Шаҳарда 31 мингга яқин одам яшайди.

    Россия Украина томонининг айни мазмундаги иддаоларига ҳалича муносабат билдирмаган.

    Би-би-си ҳам бу хабарларни мустақил манбалар орқали тасдиқлай олганича йўқ.

    Чугуев Украинанинг иккинчи йирик шаҳри – Харьков яқинида жойлашган.

    Ўтган бир ҳафта давомида Харьков ҳам Россиянинг оғир ҳужумлари остида қолган.

    Чугуев

    Сурат манбаси, Getty Images

    Сурат тагсўзи, Украина Чугуев учун жангларда Россияга оғир талафот етказганини айтмоқда. Россия ҳозирча жим
  11. Николаев (Миколаев)га яна ҳужум, Можаронинг 12-куни

    Хабарларга кўра, Россия Украинанинг жанубий Николаев шаҳрини яна артеллериядан ҳужумга тутишни бошлаган.

    Бу ҳақда шаҳар мэрининг ўзи ҳам айтган.

    Николаев Украинанинг яна бир бандаргоҳ шаҳри бўлади.

    Олександр Сенкевич бу ҳақда Facebook да пост қолдирган.

    Унинг ёзишича, Россия кучлари шаҳардаги турар-жой мавзеъларини нишонга олишган.

    У ўз постига ўт ичида қолган кўп қаватли уйнинг видеосини ҳам илова қилган.

    Яна, "Шаҳарда портламай қолган снарядлар кўп. Уларга яқинлашманг, кўтарманг ва жойидан силжитишга уринманг", - дея огоҳлантирган.

    Николаевга қарши янги ҳужумларга оид хабарларга Россиянинг муносабати ҳозирча маълум эмас.

    Николаевда 500 мингга яқин одам яшайди.

    Бир кун аввал Украина кучлари Россиянинг шаҳарга ҳужумини қайтаришган.

    Россия босиб олган маҳаллий аэропорт назоратини яна ўз қўлларига олишганди.

    Украина ҳарбийси

    Сурат манбаси, Reuters/illyustrativ tasvir

    Сурат тагсўзи, Россия Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилмоқда. Украинани денгиздан узиб қўйиш ҳаракатида
  12. Россия муваққат сулҳга рози, Можаронинг 12-куни

    Россия Украинанинг ўз ҳужумлари остида бўлган шаҳарларида тинч аҳоли эвакуациясига изн бермоқчи.

    Ўт очишни вақтинча тўхтатиб, инсонпарварлик йўлаклари очмоқчи.

    Бу ҳақда Россиянинг давлат медиаси хабар тарқатган.

    Расмий хабарларга кўра, муваққат сулҳ Москва вақти билан бугун, душанба куни эрталабки соат 10:00 да кучга киради.

    Пойтахт Киев, Харьков, Мариуполь ва Сумахда одамларни хавфсиз ерга кўчириш мумкин бўлади.

    Украина томони ҳозирча айни мазмундаги хабарларни тасдиқламаган.

    Шу дам олиш кунларида ҳам бу ишга икки бор уринилган.

    Россиянинг қақшатқич ҳужумлари остида бўлган Мариуполдан аҳолини эвакуация қилиш ҳаракатлари алал-оқибат чиппакка чиққан.

    Украина томони бунда Россияни айблаган.

    Муваққат сулҳ чоғида Россия шаҳарни ўққа тутишда давом этганини иддао қилган.

    Украинанинг айни мазмундаги даъволарига Россиянинг муносабати ҳозирча имконсиз.

    Қочаётган одамлар

    Сурат манбаси, Getty Images

    Сурат тагсўзи, Қарийб икки ҳафтанинг ўзида Украинани бир ярим миллиондан ортиқ одам тарк этган
  13. Украина: Путин мамнун. Россия Украинада нималар қилаяпти?

    Бугун Россия урушининг 9-куни.

    Путиннинг айтишича, Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиёти режага мувофиқ кетмоқда.

    "Барча юкланган вазифалар муваффақиятли адо этилмоқда".

    Россия президенти бу ҳақда Хавфсизлик Кенгашининг йиғинида айтди.

    Россиянинг ҳарбий карвони Украина пойтахти Киевга етиб қолган.

    Путиннинг аниқ режаси нима эканини ҳеч ким билмайди.

    Ўтказиб юборинг YouTube пост
    Google YouTube контентига рухсат бериш

    Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

    Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

    Охири YouTube пост

  14. Россияда Би-би-си интернет саҳифалари тўсилди

    Россия расмийлари Би-би-си веб-сайтларига тўсиқ қўйди.

    Ушбу қадам Россия ҳокимиятинининг мустақил оммавий ахборот воситаларига қарши кампаниясининг бир қисмидир.

  15. АЭС ҳужуми олтита Чернобль фалокатига етаклаши мумкин эди - Зеленский

    Украина Президенти Владимир Зеленский айтишича, Энергодар шаҳридаги Запорожия АЭСига Россия ҳужумлари "олтита Чернобль- фалокатига тенг вайронагарчиликларга етаклаши мумкин эди.

    Ўзининг телевизион мурожаатини Зеленский шундай бошлади: "Украина халқи! Биз тарих йўналишини, Украина тарихи, Европа тарихини тўхтатиши мумкин бўлган тундан омон қолдик".

    Зеленский сўзларига кўра, АЭСни тўғридан-тўғри бомбардимон нишонига олиш билан Россия нималар қилаётганини жуда яхши билган ва бу амални "қулоқ эшитмаган даражадаги террор" деб атади.

    Россия халқига мурожаат қилиб Зеленский шундай деди:

    "Қандай қилиб бу нарса рўй бериши мумкин? Ахир биз сиз билан бирга 1986 йили Чернобль фалокати оқибатларини бартараф этмаганмидик?"

    Зеленский россияликларни, "кўчаларга чиқиб ҳукуматингизга бизнинг яшагимиз келаяпти деб айтинглар", деди.

    Президент Зеленский дунё раҳбарлари билан мулоқотда бўлиб турганини, сўнгги ҳодисадан ҳаммалари "ларза тушганлари"ни айтганлар.

    Президент Зеленский яна бир бор Украина осмони устида парвозлар тақиқланган ҳудуд эълон қилишни, "ядровий террорчи давлатга" қарши санкциялар жорий этишни сўраган.

    "Радиация Россия қаердалигини билмайди. Радиация сизнинг мамлакатингиз чегараси қаердалигини билмайди", деб айтган у.

    Бундан олдин Украина Президенти Владимир Зеленский Россия Президенти Владимир Путинни юзма-юз гаплашишга чақирган, Франция Президенти Эммануэл Макрон билан Кремлда бўлганидек "30 метр узоқликда эмас", ёнма-ён ўтириб гаплашиб олишга чақирганди.

    Украина Президенти Владимир Зеленский
  16. "Оққуш кўли" билан билан хайрлашилди

    Россиянинг энг сўнгги мустақил телеканалларидан бири "Дождь ТВ" Украинадаги урушни ёритиши ортидан босимлар остида қолганидан кейин фаолиятини номаълум муддатга тўхтатганини эълон қилди.

    Россиянинг телекоммуникация регулятори Роскомнадзор аллақачон "Дождь ТВ"ни блоклаган, интернет телеканални "экстремизмга гижгижлаш, Россия фуқароларини ҳақоратлаш, жамоат осойишталиги ва хавфсизлигига оммавий путур етказиш ва норозилик намойишларига рағбатлантириш"да айблаган.

    3 март куни "Дождь ТВ"нинг энг сўнгги кўрсатуви онлайн эфирга узатилган.

    “Урушга йўқ”, деб айтган телеканал асосчиларидан бири Наталья Синдеева, телеканал ходимлари бирма-бирма студияни тарк этишар экан.

    Сўнг Чайковскийнинг "Оққуш кўли" балети рақсидан парча намойиш этилган.

    Совет замони теле ва радиоларини кўрган ва эшитган инсонлар "Оққуш кўли" қандай пайтларда намойиш этилганини яхши эслайдилар.

    1980 йилларда СССР раҳбарлари ўлган кунларда ҳамма телевизион кўрсатувлар тўхтатилар ва фақат шу балет намойиш этилар эди.

    1991 йили Совет Иттифоқи қулашига етаклаган ГКЧП бошқарувни Москвада қўлига олган кунларда ҳам телевизордан шу балет кўрсатилган эди.

    Оққуш кўли балети намойиши

    Сурат манбаси, Twitter Дождь ТВ

  17. Дунё раҳбарлари Россиянинг Украина АЭСига ҳужумини қораламоқдалар

    Дунё раҳбарлари бутун Европани хавф остига қўйган Украина атом электр станциясига Россия ҳарбий кучлари ҳужумларини қоралаб чиқдилар.

    Запорожия АЭСи Европадаги энг йирик атом электр станцияси бўлиб, тунда АЭС Россия ҳужумига тутилган.

    Оқибатда ёнғин келиб чиққан.

    Украина фавқулодда хизматлари ёнғинни ўчирган.

    Бироқ Украина расмийларига кўра, Россия қўшинлари АЭСни қўлга киритишга муваффақ бўлганлар.

    АЭС ҳудуди ҳужумга тутилганини кузатув камералари муҳрлаган

    Сурат манбаси, Reuters

    Сурат тагсўзи, АЭС ҳудуди ҳужумга тутилганини кузатув камералари муҳрлаган
  18. Украина ва Россия музокаралари бошланди

    Айни дақиқаларда Беларусь Ташқи ишлар вазирлиги хабар қилишича, Украина ва Россия делегацияларининг музокаралари бошланган.

    Музокаралар Беларуснинг Беловеж Пушшасида бўлиб ўтиши хабар қилинганди.

    Музокара бошланганини Украина расмийлари ҳам тасдиқладилар.

    Украина президенти идораси раҳбарининг ўринбосари Михаил Подоляк сал олдинроқ ижтимоий тармоқларда музокарага йўл олишгани ҳақида ёзиб фото эълон қилган эди.

    Жаноб Подоляк музокара кун тартибидаги асосий масалалар қуйидагилар эканини билдирган: ўт очишни дарҳол тўхтатиш, сулҳ ва инсонпарварлик йўлакларини очиш.

    Россия Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Украинага талаблари жуда оз деб билдирган.

    "Ал-Жазира" телеканалига интервью берган Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россиянинг Украина томонига қўяётган шартларини санаб ўтган: Қримни Россиянинг ҳудуди деб тан олиш, Донецк ва Луганск вилоятлари ҳудудларини ДХР ва ЛХР деб тан олиш ва "демилитаризация".

    3 март куни Президент Владимир Путин Франция Президенти Эммануэл Макрон билан телефонда сўзлашгани хабар қилинди.

    Суҳбат якунида Франция томонидан хабар қилишларича, Путин Россия операцияси ўз мақсадига эришишига ишончи комиллигини айтган, бу мақсадлар - Украинанинг нейтрал мақоми ва Украинани "демилитаризациялаш", деган.

  19. Полиция видеоси: Чернигив бомбардимони оқибатлари

    Украина полицияси мамлакат шимолида жойлашган Чернигив шаҳри бомбардимонга тутилганидан кейинги аҳволни намойиш этадиган видеони эълон қилди.

    Видеода бир неча бинолар ва автомобиллар вайрон бўлгани кўринади.

    Чернигив Россия босқини бошланганидан буён қаттиқ ҳужумлар остида қолган, аммо сўнгги маълумотларга кўра, ҳалигача Украина қўлида қолмоқда.

    Ўтказиб юборинг YouTube пост
    Google YouTube контентига рухсат бериш

    Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

    Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

    Охири YouTube пост

  20. Путин Макронга: Россия ўз мақсадига эришади

    Россия Президенти Владимир Путин Франция Президенти Эммануэл Макронга, Россия Украинани муваффақиятли демилитаризациялайди ва нейтрал мақомига эришади, бу бизнинг мақсадимиз, деб айтган.

    Хабарларга кўра, икки президент телефон орқали бир ярим соат суҳбатлашганлар.

    Хабар қилинишича, Президент Путин Президент Макроннинг бир кун олдинги маърузаси билан келишмаслигини айтган.

    Ўз чиқишида Эманнуэл Макрон уруш бошланишида Россия президентининг ёлғиз ўзини масъул деб айтган.

    Франция томони хабарларига кўра, Путин агар Украина тарафи музокараларни чўзаверса, Россиянинг талаблари ортиб бораверади, дея огоҳлантирган.

    Шундан сўнг Президент Макрон телефон орқали Украина Президенти Владимир Зеленский билан суҳбатлашган.

    Айни дақиқаларда Россия ва Украина музокара ҳайъатлари Беларуснинг Беловеж Пушшасига етиб борганлари хабар қилинмоқда.

    Россия Президенти Владимир Путин

    Сурат манбаси, Reuters