'Шоҳруҳ Соиповни таъқиб этгунча Алишер Соипов қотилини топинг'

Норвегия Хелсинки қўмитаси Қирғизистон Давлат Хавфсизлик қўмитаси ўшлик ўзбек журналисти Шоҳруҳ Соиповни маҳкамага тортишга қарор қилгани муносабати билан баёнот эълон қилган.
Халқаро қўмита Қирғизистон хавфсизлик қўмитасининг ушбу қадами журналист овозини бўғиш мақсадидаги таъқиб эканини эслатган.
Ўшлик журналист Шоҳруҳ Соипов Қирғизистонда Сурияга жанг қилиш мақсадида ёш мусулмонларни ёллаш мавзусига бағишланган мақола ёзган.
"Қирғизистонда Сурияга ёллаш фаоллашганидан хавотирга тушишган" деб номланган мақола "Фергана.ру" веб-сайтида рус тилида эълон қилинган.
Бу мақолада Ўшда ҳуқуқ-тартибот органлари Сурияга жиҳод қилиш учун одам ёллашда гумон қилиб ўнга яқин кишини ҳибсга олгани хабар қилинган.
Бу ҳақда Қирғиз расмийлари кўп маротаба хабар тарқатганлар.
Ушбу ҳибслардан кейин Ўш шаҳрида яшайдиган йигитлар ўзларига нисбатан босимлар кучайгани ҳақида айтганлар.
"Фергана.ру"мақоласида террорчи ёки эксремист ташкилотларга алоқадорлиги тасдиқланмаган ўшлик йигитлардан махсус хизмат ходимлари 500 доллардан пора талаб қилаётганлари айтилган.
Қирғизистон Миллий Хавфсизлик давлат қўмитасининг Ўш шаҳар бўлими ана шунинг учун мақола муаллифи Шоҳруҳ Соипов устидан маҳкамага даъво аризаси ёзган.
Қирғиз хавфсизлик хизмати 1 миллион Қирғиз соми ёки 19000 АҚШ долларидан зиёд маънавий зарарни ундириб беришни маҳкамадан талаб қилган.
Норвегия Хелсинки қўмитаси ушбу даъво Қирғизистонда президент Қурманбек Бакиев ҳукмронлиги йилларида авжига чиққан журналистларга нисбатан босим ўтказиш амалиётларини яна ортга қайтиши бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирган.
Хелсинки қўмитаси 2010 йил апрелида ҳокимият алмашганидан кейин Қирғизистонда матбуот эркинлиги аҳволи яхшиланганди, деган хулосага келган.
Норвегия Хелсинки қўмитаси шу муносабат билан Шоҳруҳнинг акаси, 2007 йил октябрида отиб ўлдирилган таниқли журналист Алишер Соипов суиқасдини тергов қилишга, Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармасини эса 17 август куни бир неча номаъоум шахс томонидан калтаклаб кетилган шоир ва "Интимақ" радиоси журналисти Даврон Насибхоновга уюштирилган ҳужум ташкилотчиларини топишга чақирган.






























