Қозоғистон президенти: хорижий сармоядорларни жалб қилиш керак

Қозоғистон хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича дунёда илғор 20 давлат орасида.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Қозоғистон хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича дунёда илғор 20 давлат орасида.
Published

Қозоғистон интернет нашрларига кўра, Президент Нурсултон Назарбоев мамлакатда "хорижий инвесторлар учун жаннат" шароит яратиб беришни талаб қилган.

Назарбоев хорижий сармоядорлар жалб қилинмас экан, ҳукуматни истеъфога чиқаришини билдирган.

"Кўп гапдан фойда йўқ. Агар биз айтадиганимиздек, инвесторлар учун жаннатий шароит яратишни истар эканмиз, келинглар қилайлик",- деб айтган жаноб Назарбоев Саноат ва янги технологиялар вазири Асет Исекешевга қарата ҳукумат мажлисида.

"Сен аниқ масала тўғрисида жуда кўп гапирасан, молия вазирини мамлакатда тушунишлари учун эзоп тилида эмас, табиий инсон тилида гаплашиш керак", деб танқид қилади Назарбоев Молия вазири Ербўлат Дўсаевни.

Назарбоев мамлакатда тўққизта махсус иқтисодий ҳудуд мавжудлигини эслатар экан, шу ерда инвесторлар учун қулай шароит пайдо қилиш мумкинлигини таъкидлайди.

"Саноатлаштириш қачонки трансмиллий ширкатлар кириб келганида бўлиши мумкин ва улар билан бирга йирик ишлаб чиқаришни оча оламиз. Биз инвесторлар билан умумий тил топишимиз лозим. Бизда хорижликлар билан уларнинг тилида гаплашадиган мутахассислар йўқ, ҳамма муаммо шунда. Агар сиз буни қилмас экансиз, буни ҳукуматнинг бошқа таркиби амалга оширади. Мен сизни огоҳлантираман. Бу биз учун жуда муҳим. Бизда бу борада бошқаларга қараганда устунлик бор, лекин ундан охиригача фойдалана олмаяпмиз", деб айтади жаноб Назарбоев.

Ўтган йилда Қозоғистон хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича дунёда илғор 20 давлат орасида 19 ўринни эгаллаганди.