Қозоғистон гапни қисқа қилди, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон нима деди, Ўзбекистон ва Россия-чи? O‘zbekiston Rossiya Dunyo Yangiliklar

Markaziy Osiyo prezidentlari

Сурат манбаси, Rasmiy

Published

Минтақада нима гап?

Алоқадор мавзулар:

Британ сайловлари ва Марказий Осиё

Британияда янги Бош вазирнинг қудратга келиши минтақада ҳам эътиборсиз кечмади.

Британ парламентига сайловлар 4 июл куни бўлиб ўтган, унинг натижасига мувофиқ, Британияда 14 йил деганда, қудрат яна алмашган, консерваторлар ўрнига ҳокимиятни лейбористлар эгаллаганди.

Янгилик Марказий Осиёда ҳам кенг ёритилди ва унинг сарлавҳаларга ҳам чиққани кўрилди.

Минтақадан олинаётган расмий хабарлардан эса, тўрт Марказий Осиё давлат президентларининг барчаси бирдек лейборист сэр Кир Стармерни расман қутлагани маълум бўлди.

Бу ҳақда Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон президентларининг матбуот хизматлари, Туркманистоннинг эса, давлат ахборот агентлиги расман хабар берди.

Британия янги Бош вазирини табриклаганлар орасида Ўзбекистон президентининг бор-йўқлиги эса, ҳозирча маълум эмас.

Бу ҳақдаги хабар президентнинг расмий веб сайти ва ижтимоий тармоқлардаги акаунтларида ҳалича кўзга ташланмайди.

Имконли бўлган сўнгги расмий хабарларда Шавкат Мирзиёевнинг Масъуд Пезешкиённи Эрон Ислом Республикаси президенти этиб сайлангани билан табриклагани айтилади.

Британ парламентига 4 июл кунги сайлов Россия Украинага очган уруш ҳануз тинмаган ва ўзининг учинчи йилига кириб бораётган бир вазиятга ҳам тўғри келган.

Британия Россияга қарши урушида Украинани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётган энг олд Ғарб давлатларидан бири бўлади, глобал саҳнада ҳам Америка Қўшма Штатларининг энг яқин иттифоқчиси.

Аммо Украина уруши манзарасида барча Марказий Осиё давлатлари билан ҳам ҳар томонлама ҳамкорлигини кучайтириш ва мустаҳкамлаш истагини расман ва ошкора баён қилган яна бир глобал ўйинчи.

Британия томони ҳали шу йил апрелида Марказий Осиёни "дунёнинг муҳим минтақаси", деб атаган.

Марказий Осиё давлатлари мустақиллигини, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашларини расман баён қилган.

Britaniya sobiq Tashqi ishlar vaziri

Сурат манбаси, Yevgeniy Sorochin / «Gazeta.uz»

Айни мазмундаги баёнотлар консерватор британ ҳукумати ташқи ишлар вазирининг минтақа бўйлаб махсус турнеси чоғида янграган.

Дэвид Кэмерон ўшанда тўрт Марказий Осиё президентлари билан юзма-юз мулоқот қилган.

Шавкат Мирзиёев қисқа меҳнат таътилида экани боис, Ўзбекистондаги учрашувлари Ташқи ишлар вазири ва Олий Мажлис Сенати раиси билан чекланган.

Минтақанинг энг йирик ва геостратегик жиҳатдан муҳим давлати эмасми, Британия Ташқи ишлар вазирининг Ўзбекистонга сафари нега президенти билан мулоқотисиз кечгани ижтимоий тармоқларда турли талқин ва таҳлилларга сабаб бўлгани ҳам кўрилган.

Улар орасида буни "Россия фактори" билан боғлаётган фикрлар ҳам учраган.

Аммо Британиянинг ўзида бу ҳолат бирор бир маънода эътибор ва изоҳ топгани кўрилмаган, расмий протоколлар аввалбошда айни даражадаги учрашувни кўзда тутгани ёки йўқлиги ҳам ноаён қолганди.

Аммо худди шу ташриф чоғида Британия томони минтақанинг икки йирик давлати - Ўзбекистон билан Кенг қамровли шерикчиликка оид декларация, Қозоғистон билан Стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолаган.

Дэвид Кэмерон "Марказий Осиё ўзлари тўқнаш келаётган айрим энг йирик муаммолар ўчоғида жойлашгани, унинг равнақ топиши Буюк Британия ва минтақа учун муҳим"лигини баён қилган.

Британия Ташқи ишлар вазири ўшанда "минтақада жуда қудратли қўшнилари борлиги"ни эътироф этган ҳолда, "Марказий Осиёдан ҳамкорлар ўртасида танлов қилишни сўрамасликлари"ни ҳам таъкидлаган.

Iqtibos

Британия Ташқи ишлар вазирининг минтақа бўйлаб турнеси, сафари чоғида янграган баёнотлари, берган ваъдалари ва имзолаган шартномаю келишувларига эса, Россиянинг расмий муносабати ноаён қолганди.

Шавкат Мирзиёевнинг бир британ Бош вазирини сайловдаги ғалабаси билан сўнгги бор 2019 йилда расман табриклаган, ўшанда Буюк Британиянинг янги Бош вазири этиб консерватор сиёсатчи Борис Жонсон тайинланганди.

Марказий Осиё, йилларки, Россиянинг таъсир остидаги минтақа сифатида кўрилади, сўнгги пайтларда геосиёсий таъсир учун курашга Хитойнинг ҳам қўшилаётгани кўрилади.

Би-би-сининг етакчи сиёсий экспертларига кўра, лейборист янги ҳукумати бошқаруви даврида ҳам Британиянинг ташқи сиёсати эскисига яқин бўлади.

Жумладан, сиёсий шарҳловчи Роб Вотсонга кўра, Британиянинг ташқи сиёсатини, барибир, асосан тарих, жўғрофия ва хавфсизлик манфаатлари белгилайди.

Табриклар

Qozog'iston prezidenti

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Оқ Ўрданинг бу ҳақдаги расмий хабарига таянилса, Қозоғистон президенти Кир Стармерни фақат" Лейбористлар партиясининг умумий сайловлардаги ғалабаси ва Буюк Британия Бош вазири этиб тайинлангани билан табриклаган".

Агар чоп қилинган санасига қаралса, Британия янги Бош вазирини минтақадан биринчи бўлиб Қозоғистон президенти қутлаган.

Аммо, қолган уч Марказий Осиё давлати раҳбарлариники билан қиёсланганда, Қасим-Жомарт Тоқаевнинг 5 июл кунги табриги энг қисқаси экани кўрилган.

Оқ Ўрданинг бу ҳақдаги расмий хабарига таянилса, Қозоғистон президенти Кир Стармерни фақат" Лейбористлар партиясининг умумий сайловлардаги ғалабаси ва Буюк Британия Бош вазири этиб тайинлангани билан табриклаган".

Tojikiston prezidenti

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Президент Эмомали Раҳмон ўзининг табригида Тожикистон "Буюк Британияни Ғарбий Европадаги муҳим ҳамкори, деб билиши"ни айтган.

Тожикистон ва Қирғизистон президентларининг анчайин батафсил табриклари эса, орадан кун ўтиб, 6 июл санаси остида чоп қилинган.

Президент Эмомали Раҳмон ўзининг табригида Тожикистон "Буюк Британияни Ғарбий Европадаги муҳим ҳамкори, деб билиши"ни айтган.

Шу нуқтаи назардан, "Британия билан кўп қиррали алоқаларни ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари доимий эътиборларида экани, ўзаро манфаатли барча соҳаларда ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлашдан манфаатдор" эканликларини баён қилган.

Ўзларининг бу жараённи самарали ривожлантириш учун турли даражаларда биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттиришга тайёр эканликларини ҳам билдирган.

Садир Жапаров эса, ўзининг табригида "Қирғизистон билан Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги ўртасидаги икки томонлама муносабатлар бундан буён ҳам халқлари манфаатлари йўлида сиёсий мулоқот, иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали ўзаро манфаатли асосда жадал ривожланиб боришига ишонч" билдириб қолган.

Sadir Japarov

Сурат манбаси, Rasmiyviagazeta.uz

Сурат тагсўзи, Садир Жапаров ўзининг табригида "Қирғизистон билан Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги ўртасидаги икки томонлама муносабатлар бундан буён ҳам халқлари манфаатлари йўлида сиёсий мулоқот, иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали ўзаро манфаатли асосда жадал ривожланиб боришига ишонч" билдириб қолган.

Қирғизистон президенти ҳам Эмомали Раҳмонга ўхшаб табриги сўнгги Британиянинг янги Бош вазирига "мустаҳкам соғлик" ҳам тилаган.

Британия Ташқи ишлар вазирининг Марказий Осиёга апрел ойидаги сафари Москвадаги қонли ҳужумдан роппа-роса бир ой ўтган бир пайтга ҳам тўғри келган.

Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи масъулиятини ўз зиммасига олиб чиққан мазкур ҳужумга алоқадорликда эса, Россияда меҳнат муҳожирлигида банд Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари айбланиб, гумон қилинишган.

Худди шу манзарада Дэвид Кэмероннинг минтақага сафарини Душанбедан бошлаганлиги ўшанда кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган воқеъликка айланган.

Россияга қарши санкциялар, минтақавий хавфсизлик ва мавсумий меҳнат муҳожирлиги эса, Британия Ташқи ишлар вазирининг бу икки минтақа давлати президентлари билан музокаралари чоғида кун тартибидаги энг муҳим масалалар бўлгани айтилганди.

Шу йил май ойидаги худди шу ҳужумдан кейин Россия ўзининг аксилмиграцион сиёсатини кескинлаштирган, бунинг натижасида Тожикистон ва Қирғизистон расман ўз фуқароларига Россияга бормай туришни маслаҳат беришгача боришган, аммо ҳозиргача ўзбекистонликлар бўладими ёки тожикистонликлар, уларнинг Россияга киришга қийналишаётгани, ортга қайтариб юборилишаётганига оид хабарлар тинмаган.

Россия эса, йилларки, аксарият Марказий Осиё давлатлари фуқаролари учун энг йирик меҳнат бозори бўлиб келган.

Turkmaniston prezidenti

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Сердар Бердимуҳамедов Туркманистон ҳукумати ва халқи номидан йўллаган "самимий" табригида ўз мамлакатида "мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатларга юксак баҳо берилаётганини таъкидлаган".

Агар, имконли бўлган расмий хабарларга таянилса, Сердар Бердимуҳамедов эса, Британия янги Бош вазирини энг сўнгги қутлаган Марказий Осиё президенти бўлган.

Туркманистон давлат ахборот агентлиги бу ҳақда 7 июл куни хабар берган.

Сердар Бердимуҳамедов Туркманистон ҳукумати ва халқи номидан йўллаган "самимий" табригида ўз мамлакатида "мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатларга юксак баҳо берилаётганини таъкидлаган".

"Бу алоқаларнинг икки халқ манфаатлари йўлида янада ривожланиши ва мустаҳкамланишига қатъий ишонч билдирган".

Туркманистон президенти ҳам Кир Стармерга "мустаҳкам соғлик" ва ишларида "катта муваффақиятлар" тилаб қолган.

Сердар Бердимуҳамедовнинг Британиянинг ҳозирда собиқ консерватор Ташқи ишлар вазири билан апрел ойида пойтахт Ашхободда кечган музокаралари чоғида эса, "Туркманистон ўзининг ташқи сиёсатида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциялари билан икки марта тан олинган доимий бетарафлик ҳуқуқий мақомига амал қилиши таъкидлангани" расман хабар берилганди.

Путин Британия янги Бош вазирини расман қутлагани ёки йўқлиги ҳозирча маълум эмас, Россия президентининг расмий веб сайтида бу ҳақдаги хабар ҳалича кўзга ташланмайди.

Тарихча ўрнида:Апрел, 2024 йил - Марказий Осиё бўйлаб сафар силсиласи

Стратегик шерик ва иттифоқчи?.. Тоқаев Россиядан чўчимадими? Ўзбекистон ташқи кучлар босимидан хавотирда...

Toshkentdagi uchrashuv

Сурат манбаси, @UKinUzbekistan

Минтақада нима гап?

Алоқадор мавзулар:

Iqtibos

Марказий Осиё сафарида бўлган Британия Ташқи ишлар вазирининг Остонага сафари худди шу каби саволларни пайдо қилди.

Дэвид Кэмерон Қозоғистонда экан, шахсан президент Қасим-Жомарт Тоқаев қабулида бўлди.

Агар, расмий хабар тафсилотларига таянилса, Қозоғистон президенти Буюк Британияни "муҳим стратегик ҳамкорлари" сифатида тилга олди.

Маълум бўлишича, томонлар айни шу ташриф доирасида Стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолашган.

Британия Ташқи ишлар вазирининг сафари чоғида худди шу каби бир шартноманинг имзолангани Қозоғистон президенти ўз чиқиши чоғида алоҳида таъкидлаб ўтган энг муҳим нуқталардан бири экани ҳам кўрилган.

"Ишончим комилки, мазкур кенг қамровли ҳужжат кўп қиррали икки томонлама кун тартибимизни кенгайтириш учун сифат жиҳатидан янги пойдевор қўяди", - дея баён қилган президент Қасим Жомарт Тоқаев.

Тоқаев Британия Ташқи ишлар вазирининг Қозоғистонга ташрифи икки томонлама муносабатлар ривожига қўшимча туртки бериши нуқтаи назаридан "муҳим" эканини ҳам урғулаган.

"Муҳим" минтақа бўйлаб турне...

Kemeron va Rahmon

Сурат манбаси, RASMIY

Сурат тагсўзи, Қозоғистон Тожикистон ва Қирғизистондан кейин Британия Ташқи ишлар вазирини президентлари даражасида қабул қилган учинчи минтақа давлати бўлган.

Дэвид Кэмерон ўзининг Марказий Осиё бўйлаб сафарини 22 апрель куни бошлаган, Қозоғистон у ўзининг турнесини якунлаган сўнгги ва икки кунлик ташриф билан келган ягона минтақа давлати бўлган.

Қозоғистон Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистондан кейин Британия Ташқи ишлар вазирини президентлари даражасида қабул қилган тўртинчи Марказий Осиё мамлакати экани кўрилган.

Хабарларга кўра, Ашхободдаги учрашув чоғида Туркманистон ўзининг ташқи сиёсатида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциялари билан икки марта тан олинган доимий бетарафлик ҳуқуқий мақомига амал қилиши, Ер сайёрасида тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш мақсадида кенг халқаро ҳамкорликни амалга ошираётгани алоҳида таъкидланган.

Ўзбекистонда эса, Дэвид Кэмерон Ташқи ишлар вазири ва Олий мажлис Сенати раиси билан кўришган.

Аммо пойтахт Тошкентда ҳам Британия Ташқи ишлар вазирининг Ўзбекистон билан Кенг қамровли шерикчилик тўғрисидаги декларацияни имзолагани расман хабар берилган.

Toshkentdagi uchrashuv

Сурат манбаси, Buyuk Britaniya elchixonasi

Сурат тагсўзи, Пойтахт Тошкентда ҳам Британия Ташқи ишлар вазирининг Ўзбекистон билан Кенг қамровли шерикчилик тўғрисидаги декларацияни имзолагани расман хабар берилган.

Дэвид Кэмероннинг Тошкентга ташрифи президент Шавкат Мирзиёев қисқа меҳнат таътилининг илк кунига тўғри келган, минтақанинг энг йирик ва геостратегик жиҳатдан муҳим давлати эмасми, Британия Ташқи ишлар вазирининг Ўзбекистонга сафари нега президенти билан мулоқотисиз кечгани ижтимоий тармоқларда турли талқин ва таҳлилларга сабаб бўлгани ҳам кўрилган.

Улар орасида буни "Россия фактори" билан боғлаётган фикрлар ҳам учраган.

Аммо Британиянинг ўзида бу ҳолат бирор бир маънода эътибор ва изоҳ топгани ҳалича кўрилмаган, расмий протоколлар аввалбошда айни даражадаги учрашувни кўзда тутгани ёки йўқлиги ҳам ноаён қолган.

Франция президентининг ўтган йил ноябрь ойида Ўзбекистонга қилган сафари қанчалик "илиқ" кечгани эса, ўша пайтда четдаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортмай қолмагани ҳам бор гап.

Iqtibos

Оқ Ўрданинг расман билдиришича, Дэвид Кэмерон меҳмондўстлиги учун Қасим-Жомарт Тоқаевга миннатдорлик билдирган ва Буюк Британия Бош вазири сифатида Қозоғистонга қилган илк ташрифини ҳам "илиқлик" билан эслаган.

"Мен бу ерга 11 йил олдин стратегик мулоқот бошлаш учун келганман. Бугун Қозоғистон Ташқи ишлар вазири билан биргаликда Стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзоладик. Биз энергетика, таълим, бизнес, маданият соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш, шунингдек, инсонлараро алоқаларни мустаҳкамлаш ниятидамиз", - дея баён қилган Дэвид Кэмерон кеча, 25 апрел куни пойтахт Остонада Қозоғистон президенти билан музокараларидан кейин.

Дэвид Кэмероннинг Остонага ташрифи манзарасида эълон қилинган хабарларга кўра, Буюк Британия Қозоғистоннинг энг йирик ўнта сармоячисидан биттаси бўлади.

Қозоғистон томонига кўра, сўнгги йигирма йил ичида Британиянинг ўзларига киритган тўғридан-тўғри инвестициялари ҳажми қарийб $20 миллиард долларга етган.

Айтилишича, Қозоғистон президенти савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада ошириш учун мавжуд салоҳиятга ҳам ўзининг эътиборини қаратган.

Расмий хабарларга кўра, Британия Ташқи ишлар вазири президент Қасим-Жомарт Тоқаев билан минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашишган.

Аммо шундай дейиларкан, икки ўртада сўз айнан нималар ҳақида боргани ноаён қолган.

Британия ҳукумати юқори мартабали мулозимининг минтақага ташрифи Россия Украинага очган уруш ҳануз давом этаётган ва ўзининг учинчи йилига кириб бораётган бир вазиятда амалга ошган.

Бошқа томондан, Британия Ташқи ишлар вазирининг Марказий Осиёга сафари Москвадаги қонли ҳужумдан роппа-роса бир ой ўтган бир пайтга тўғри келган.

Қозоғистон шунчалар муҳимми?

Xarita
Сурат тагсўзи, Кремлнинг сўнгги йилларда кучайиб бораётган империалистик амбициялари фонида айнан Қозоғистон Путин ва Россиянинг бошқа номдор сиёсатчилари номини энг кўп тилга олаётган давлатлардан бири экани кўрилади.

Қозоғистон Россиянинг Украинага босқини манзарасида ўз мудофаасини кучайтиришга киришган биринчи минтақа давлати бўлади.

Марказий Осиёнинг энг йирик иқтисоди, табиий энергия захираларига бой ва минтақанинг Россияга чегарадош ягона мамлакати.

Кремлнинг сўнгги йилларда кучайиб бораётган империалистик амбициялари фонида Путин ва Россиянинг бошқа номдор сиёсатчилари номини энг кўп тилга олаётган давлат.

Сўнгги йилларда ери ва давлатчилиги Россия томонидан қайта-қайта ошкора савол остига олинган.

Расмий Остонанинг Украина, унинг бўлгинчи ва ишғол остидаги ҳудудлари мустақиллиги, аннексияси юзасидан Россия мавқеига зид чиқишлари эса, икки ўртадаги даҳанаки жангни янада қизитган.

Қолган минтақа давлатлари билан қиёсланганда, сўнгги йилларда Россия билан ўзаро муносабатларининг қанчалик танглашгани бобида айнан Қозоғистон четда эътиборга тушган.

Охирги пайтларда Ғарбнинг Қозоғистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўлловчи баёнотларининг сони ҳам ортган.

Улар Путиннинг империалистик амбициялари йўлида айнан Қозоғистон Марказий Осиёнинг аҳолиси энг катта давлати бўлган Ўзбекистон учун "буфер" вазифасини ҳам бажариб келишини таъкидлашади.

Россия ва Қозоғистон ўртасидаги чегара дунёдаги энг узун қуруқлик чегараси саналади.

Унинг узунлиги 7,5 минг километрни ташкил этади.

Этник руслар мамлакатнинг аҳолисининг салмоқли қисмини ташкил этади ва улар Қозоғистоннинг айнан Россия билан чегарадош шимолида яшайди.

Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи

Sharl Mishel va Mirziyoyev

Сурат манбаси, RASMIY

Сурат тагсўзи, Шарль Мишель ўтган йил саммит якунлари бўйича қилган нутқида Европа Иттифоқи Марказий Осиё учун ишончли ҳамкор эканлигини таъкидлаган.

Украина уруши фонида Европа Иттифоқи юқори мартабали вакилларининг ҳам Марказий Осиё давлатларига ташрифлари ўта фаоллашган.

Европа Кенгаши президенти ўтган йил июнь ойида қарийб бир йилнинг ичида иккинчи бор минтақага келган, президентлари билан юзма-юз кўришган.

Ўшанда Чўлпонотадаги саммитдан мақсад Европа Иттифоқи билан Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни "чуқурлаштириш" экани айтилган.

Шарль Мишель саммит якунлари бўйича нутқида Европа Иттифоқи Марказий Осиё учун ишончли ҳамкор эканлигини таъкидлаган.

Минтақа билан ҳамкорликлари узоқ истиқболга қаратилганини айтган.

Чўлпонотада экан, Европа Кенгаши президенти Марказий Осиё давлатлари билан "самимий ҳамкорлик"ка чақирган.

"Европа Иттифоқининг энг муҳим устунлиги унинг самимиятида эканлиги"ни айтган.

Европа Кенгаши президенти Фран-Пресс ахборот агентлигига ўзларининг "яширин мақсадлари йўқ"лиги, "беқарорлик ва манипуляцияга ҳаракат қилинмаслиги"ни ҳам таъкидлаган.

Унинг бу сўзлари ўшанда Украина уруши боис, Россия кучсизланиб қолиши башорат қилинаётган минтақада Европа Иттифоқининг мавқеини мустаҳкамлаш истаги каби талқинларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Европа Иттифоқи минтақанинг энг йирик донор ва сармоячиларидан бири бўлади.

Остонадаги саммит чоғида келтирилган рақамларга таянилса, сўнгги 10 йил ичида Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатларига жами 120 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритган.

Бу эса, минтақадаги тўғридан-тўғри хорижий сармоянинг 40 фоизи - қарийб ярмига яқинини ташкил этади.

Европа Иттифоқи Марказий Осиё бўйича янгиланган стратегиясини бундан беш йилча бурун қабул қилган.

Минтақа давлатларида Европа инвестициялари ва технологияларига катта эҳтиёж борлигини эса, президентларининг ўзлари ҳам эътироф этишади.

Европа Кенгаши президенти ўтган йил Остонада Марказий Осиё билан яқин алоқалар ўрнатишга чақирган.

Шарль Мишель, ўз ўрнида, Европа Иттифоқи учун келажакда ўз таъминот занжирларини турфалаштиришнинг муҳим эканлигини ҳам таъкидлаган.

Қозоғистон ва бутун минтақа бу масалада Европа Иттифоқининг муҳим ҳамкори бўлиши мумкинлигини қайд этганди.

Mинтақада ҳануз ўзининг якуний ечимини кутиб ётган муаммолар эса, оз эмас. Барқарорлиги ҳозир ҳам халқаро миқёсда диққат-эътибордаги масалалардан бири бўлади.

Марказий Осиё ва санкциялар

Cho'lponoatadi sammit ishtirokchilari

Сурат манбаси, RASMIY

Сурат тагсўзи, Қасим-Жомарт Тоқаев Чўлпонотадаги саммитда қилган чиқиши чоғида мисли кўрилмаган геосиёсий кескинликка қарамай, Марказий Осиё давлатлари минтақалараро мулоқотларини кучайтиришганидан мамнуниятини изҳор этган. Қозоғистон президенти бунда Европа Иттифоқининг хизматлари катта эканини айтган.

Европа Иттифоқи АҚШ ва Британия каби Россияга қарши урушида Украинани фаол дастаклаётган ва Москвага қарши санкцияларда ҳам илғорлик қилаётган томонлардан бири бўлади.

Иттифоқ Марказий Осиё давлатларини Ғарбнинг санкцияларини четлаб ўтишида Россияга кўмак бермасликка ҳам кўндириш ҳаракатида.

Яқинда ўзининг санкциялар бўйича махсус вакилини ҳам минтақага юборган, уларни иккиламчи санкциялар хавфи билан огоҳлантирган, қатор ширкатларини рўйхатига киритишга улгурган.

Минтақа давлатлари эса, Ғарб томонини Россияга қарши санкцияларига аниқ амал қилишларига ишонтириб келишади.

Қасим-Жомарт Тоқаев Чўлпонотадаги саммитда қилган чиқиши чоғида мисли кўрилмаган геосиёсий кескинликка қарамай, Марказий Осиё давлатлари минтақалараро мулоқотларини кучайтиришганидан мамнуниятини изҳор этган.

Қозоғистон президенти бунда Европа Иттифоқининг хизматлари катта эканини айтган.

Марказий Осиё давлатларидан ҳеч бири шу пайтгача Россиянинг Украинага босқинини на-да ошкора қўллаган ва на-да қоралаган.

Ғарбнинг Россияга қарши халқаро санкциялари масаласида ҳам уларнинг бунга ошкора эътироз билдириб чиқишгани ҳалича кўрилмаган.

Ҳозир ҳам расман ўзларининг кўпқутбли ташқи сиёсат тарафдори эканликлари мавқеида собит…

"Минтақадаги жуда кучли қўшнилари ва улар билан шерикликлари"ни хосан қайд этаркан, улардан "ҳамкорлари ўртасида танлов қилишни сўрамасликлари" - Буюк Британия Ташқи ишлар вазирининг Марказий Осиё давлатларига ташрифи давомида энг кўп ва такроран янграган баёнотларидан бири бўлган.

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби эса, Марказий Осиё ташқи кучлар босимини ҳис қилишда давом этаётганлигини айтган.

Виктор Маҳмудовнинг айни мазмундаги сўзлари бугун, хавфсизлик масалалари бўйича Олий вакилларнинг XII халқаро йиғилиши чоғида янграган.

Бу ҳақда шу соатларда Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги хабар берган.

Хавфсизлик Кенгаши котибининг таъкидлашича, ташқи кучлар "Марказий Осиё давлатларини миллий манфаатларини ҳисобга олмаган ҳолда танлов қаршисида қолдиришга" ҳаракат қилишаётир.

Виктор Маҳмудовнинг айтишича, "Ўзбекистон Марказий Осиёга ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида қарайди ва минтақада тинчлик, хавфсизлик ва ишонч маконини яратиш учун фаол саъй-ҳаракат қилмоқда".

Хавфсизлик Кенгаши котиби "ташқи кучлар" деркан, дунёнинг қай бир давлатларини назарда тутаётганлигини очиқламаган.

Унинг сўзлари, бошқа томондан, Британия Ташқи ишлар вазирининг Марказий Осиёга ташрифининг сўнгги кунига тўғри келган ва шуниси билан ҳам четда ўзига эътибор тортган.

Ўзбекистон президенти шу йил бошида "илгари ўз мақсад ва манфаатларини асосан дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтгани"дан ошкора хавотир билдирган.

Шавкат Мирзиёев ўшанда "афсуски" деркан, "бундай кенг кўламли ва ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири Марказий Осиё минтақаси ва унинг таркиби қисми бўлган Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаётганлиги"ни таъкидлаганди.

Глобал қудратлар ўртасида минтақада кучайиб бораётган геосиёсий ва геоиқтисодий кураш улардан қай бирининг "кўнглини олиш" - манёвр қилиш масаласида Марказий Осиё давлатларини қийин аҳволга солиб қўйишига оид қарашлар-да йўқ эмас.

Айрим минтақавий етакчи таҳлилчилар эса, ўз эътиборларини бугунги кунда Марказий Осиёда ўз мустақилликлари тарихида кузатилмаган бир даражада геосиёсий ҳамжиҳатлик мавжудлигига қаратишади.

Уларга кўра, бугун минтақа давлатлари ҳеч бир қудрат тарафида эмас ва бу сўнгги тўрт, беш йил ичида шаклланган "уникал бир ҳолат".

Минтақа давлатлари лидерларининг ўзлари ҳам сўнгги йилларда қилаётган баёнотларида бугунги мавқеъларига расман ва ошкора ойдинлик киритишаркан, глобал қудратларга нисбатан ташқи сиёсатларида фақат миллий манфаатларига содиқ қолишларини баён қилишган.

Дэвид Кэмероннинг энди Мўғулистонга ташрифи кутилмоқда.

23 апрел. Янгиликлар: Марказий Осиё шунчалик 'муҳим'ми ёки Ғарб нега бугун яна улар суверенитетидан ташвишда?

Toshkentdagi uchrashuv

Сурат манбаси, @UKinUzbekistan

Британия Ташқи ишлар вазирининг минтақага ташрифи янги саволларни пайдо қилди...

Дэвид Кэмерон кеча, 22 апрель куни ўзининг Марказий Осиё бўйлаб сафарини бошлади.

Душанбе ва Бишкекдан кейин Британия Ташқи ишлар вазири бугун, сешанба куни пойтахт Тошкентга келди.

Олинаётган хабарларга кўра, Тошкентда экан, Британия Ташқи ишлар вазири Ўзбекистон билан Кенг қамровли шерикчилик тўғрисидаги декларация, минтақавий ва халқаро боғлиқлик ҳамда инфратузилма соҳаларидаги ҳамкорликка оид англашув меморандумини имзолаган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг маълум қилишича, музокаралар чоғида иқтисодий муносабатларни жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Марказий Осиё, йилларки, Россиянинг таъсир остидаги минтақа сифатида кўрилади.

Британия ҳукумати юқори мартабали мулозимининг минтақага ташрифи Россия Украинага очган уруш ҳануз давом этаётган ва ўзининг учинчи йилига кириб бораётган бир вазиятда амалга ошди.

Марказий Осиё эса, Ғарбда худди шу уруш боис ўзлари киритаётган санкциялар оқибатларини юмшатиш ва уларни четлаб ўтиш учун Россия сўнгги йилларда ҳар томонлама яқинлашиш ҳаракатида бўлган минтақа сифатида хавотир уйғотиб келади.

Britaniya Tashqi ishlar vaziri

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Британия томонининг расман маълум қилишича, Дэвид Кэмерон террорчиликка қарши курашдан тортиб, иқлим ўзгаришигача - минтақа давлатлари лидерлари билан ўзлари тўқнаш келиб турган умумий муаммолар бўйича ҳамкорликни кучайтириш мақсадида учрашувлар ўтказади.

Бошқа томондан, Британия Ташқи ишлар вазирининг Марказий Осиёга сафари Москвадаги қонли ҳужумдан роппа-роса бир ой ўтган бир пайтга тўғри келди.

Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи масъулиятини ўз зиммасига олиб чиққан мазкур ҳужумни уюштирганлик ва унга алоқадорлик гумони билан асосан Россияда меҳнат муҳожирлигида банд Тожикистон фуқароларининг қўлга олинганликлари ва айбланганликлари манзарасида Дэвид Кэмероннинг минтақага сафарини Душанбедан бошлаганлигини кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган воқеъликка айланди.

Тожикистон ва Қирғизистон пойтахтларидан олинган расмий хабарлар тафсилотларидан ҳам санкциялар, минтақавий хавфсизлик ва мавсумий меҳнат муҳожирлиги Британия Ташқи ишлар вазирининг бу икки минтақа давлати президентлари билан музокаралари кун тартибидаги энг муҳим масалалар бўлгани кўрилди.

Аммо минтақа пойтахтларидан олинаётган расмий хабарларда томонларнинг ўзаро манфаатли, деб кўрган бу масалалар юзасидан аниқ қандай тўхтамга келишгани тафсилотлари ноаён қолди.

Британия Ташқи ишлар вазирининг мезбон давлатлар билан, бундан ташқари, инсон ҳуқуқлари ва ислоҳотлар масаласини ҳам кўтариши айтилди.

Британия Америка Қўшма Штатлари билан бирга Россияга қарши урушида Украинани ҳар томонлама дастаклаб келаётган икки олд Ғарб давлатидан биттаси бўлади.

Британия ҳукумати юқори мартабали мулозимининг Марказий Осиё бўйлаб қилаётган сафарига ҳозирча расмий Москва муносабати имконсиз.

Дэвид Кэмероннинг турнеси минтақадан кейин Мўғулистонни ҳам ўз ичига олади.

Агар, Британия Ташқи ишлар вазирлигининг кеча, 22 апрель куни тарқатган расмий хабарига таянилса, Дэвид Кэмероннинг Марказий Осиёга ташрифидан мақсад "муҳим" минтақа билан ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган.

Украина уруши манзарасида Буюк Британия бундай ниятни изҳор этаётган биринчи Ғарб давлати эмас.

Сўнгги йилларда Америка Қўшма Штатлари ва Европа Иттифоқи ҳам худди шундай оҳангдаги баёнотларини кучайтирган, минтақани ўз ҳамкорликларининг "маркази"га қўйишган, уларнинг баёнотлари Россиядан ташқари, қудратли Хитой ҳам Марказий Осиё билан ҳамкорлигини ҳар томонлама кучайтириш режаси ва ҳаракатида бўлган бир пайтга тўғри келган.

Toshkentdagi uchrashuv

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Олинаётган хабарларга кўра, Тошкентда экан, Британия Ташқи ишлар вазири Ўзбекистон билан Кенг қамровли шерикчилик тўғрисидаги декларация, минтақавий ва халқаро боғлиқлик ҳамда инфратузилма соҳаларидаги ҳамкорликка оид англашув меморандумини имзолаган.

Дунёнинг глобал қудратларининг бу каби истаклари Марказий Осиё атрофида геосиёсий тангликни қанчалик кучайтираётгани сўнгги йилларда ҳатто минтақа давлатлари ҳукуматларининг ошкора хавотирларига сабаб воқеъликка айланган.

Улар бугун ким тараф эканликлари масаласида ўз мавқеиларини расман очиқлашгача боришган ва қудратларга нисбатан ташқи сиёсатларида ўзларининг миллий манфаатларига содиқ қолишларини баён этишган.

Сўнгги йилларда ўзаро геосиёсий рақобатда бўлган глобал қудратлар ёки минтақавий ўйинчилар томонидан Марказий Осиё давлатлари мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини дастаклашга оид баёнотларнинг сони ҳам ортган.

Расмий хабарларга таянилса, Британия ҳукумати ҳам минтақа давлатлари суверенитети ва мустақиллигини қўллаб-қувватламоқчи, худди шу мақсадда келаси уч йилни кўзлаб £50 миллион фунт стерлинг ажратмоқчи.

Ташқи ишлар вазири, бундан ташқари, Британия Кенгашининг Марказий Осиёда инглиз тилини тарғиб қилиш бўйича янги ташаббусини ҳам эълон қилмоқчи.

Марказий Осиё эса, рус тилининг таъсири мустақилликларидан 30 йил ўтиб ҳам, минтақа давлатлари жамоатчилигининг жиддий хавотирларига сабаб ва мавқеи, ҳолати ҳали-ҳануз расмий Москванинг диққат-эътиборидаги масала экани кўрилади.

Британия томонининг расман маълум қилишича, Дэвид Кэмерон террорчиликка қарши курашдан тортиб, иқлим ўзгаришигача - минтақа давлатлари лидерлари билан ўзлари тўқнаш келиб турган умумий муаммолар бўйича ҳамкорликни кучайтириш мақсадида учрашувлар ўтказади.

"Бридженддан тортиб, Бишкеккача янги иш ўринларини яратиш ва иқтисодий ўсишга эришиш учун Британия бизнесини қўллаб-қувватлайди".

"Британия бизнеси минтақа давлатларининг қийинчилик билан эришилган суверенитетлари"га дахл қилмасдан, иқтисодий ўсишни таъмилайдиган барқарор ва сифатли сармоялар тақдим этишини кўрсатади".

Toshkentdagi uchrashuv

Сурат манбаси, RASMIY

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон президенти ҳужумдан саноқли кунлар ўтиб, АҚШ сенатори Стивен Дэйнс ва Вакиллар палатаси қўмитаси раиси, конгрессмен Майк Рожерс бошчилигидаги делегацияларни шахсан қабул қилган.

Россия эса, йилларки, Марказий Осиё давлатларининг энг йирик савдо-иқтисодий ҳамкори ва тужорий шерикларидан бири ҳам бўлиб келади. Минтақанинг катта - миллионлаб сондаги аҳолиси учун дунёдаги энг йирик меҳнат бозори.

"Биз рақобатли дунёда яшаймиз. Агар сиз Британия манфаатларини ҳимоя қилмоқчи ва илгари сурмоқчи бўлсангиз, у ерга бориб, беллашишингиз керак", - дея баён қилган Британия Ташқи ишлар вазири.

Расмий хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, Дэвид Кэмерон Буюк Британия, Марказий Осиё ва Мўғулистон ўртасидаги юқори даражадаги муносабатлар ва унинг минтақадаги узоқ муддатли ҳамкор сифатидаги ролини мустаҳкамлайди.

Бу бир Британия Ташқи ишлар вазирининг мустақил Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонга илк ташрифи бўлади.

Ўзбекистонга эса, Британия ҳукуматининг айни даражадаги юқори мартабали мулозими биринчи ва сўнгги бор 1997 йилда борган.

Ўша пайтда Малькольм Рифкинд мустақил Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум биринчи президенти Ислом Каримов томонидан қабул қилингани ҳам хабар берилган.

Ҳозир амалда бўлган Британия Ташқи ишлар вазирининг Тошкентга бу галги ташрифи эса, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қисқа меҳнат таътили билан бир пайтга тўғри келган.

Айрим кузатувчилар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Британиянинг юқори лавозимли мулозими билан учрашмаётганини Россия раҳбариятидан истиҳола сифатида баҳолашган.

Дэвид Кэмероннинг Ўзбекистонда фақат мамлакат Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан учрашиши айтилган.

Британия Ташқи ишлар вазири Москванинг "Крокус Сити Ҳолл"идаги қонли ҳужум ортидан Ўзбекистонга ташриф буюраётган илк хорижий давлат вакили эмас.

Ўзбекистон президенти ҳужумдан саноқли кунлар ўтиб, АҚШ сенатори Стивен Дэйнс ва Вакиллар палатаси қўмитаси раиси, конгрессмен Майк Рожерс бошчилигидаги делегацияларни шахсан қабул қилган.

Бунинг ортидан, Хитой Халқ Республикасининг Шинжон-Уйғур автоном райони Халқ ҳукумати раиси ва Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, жамоат хавфсизлиги раиси бошчилигидаги ҳайъатлар билан ҳам устма-уст учрашган.

Британия Ташқи ишлар вазирининг 24-25 апрел кунлари энди Қозоғистонда бўлиши айтилмоқда.

22 апрел: Британиянинг нуфузли мулозими Дэвид Кэмерон Марказий Осиёда - муносабатларда "янги давр" бошланадими?

uchrashuv

Сурат манбаси, President.tj

Британия Ташқи ишлар бўйича давлат котиби Дэвид Кэмерон Марказий Осиё давлатларига сафарини бошлади. Минтақада Россия таъсири ҳукмрон бўлиб турган бир вақтда Британиянинг нуфузли мулозими нималарни кўзлаяпти?

Дэвид Кэмерон минтақа бўйлаб сафарини Тожикистондан бошлади. Уни 22 апрел куни Душанбедаги Миллатлар саройида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон қабул қилган.

"Биз Буюк Британияни Ғарбий Европадаги муҳим ҳамкор сифатида биламиз", деган Тожикистон давлат раҳбари.

Independent нашри Дэвид Кэмерон Тожикистонга ташриф буюрган Буюк Британиянинг илк Ташқи ишлар бўйича давлат котиби бўлганидан мамнунлигини изҳор этганини иқтибос келтирган.

Британия юқори лавозимли мулозими бундай лавозимдаги шасхнинг Тожикистон келиши учун узоқ вақт талаб қилганидан афсусдалигини билдирган.

Британиянинг собиқ Бош вазири Дэвид Кэмерон Тожикистон президенти билан Тожикистонга сармоя киритиш борасида гаплашган. Томонлар "яшил энергия" ва "яшил иқтисод"га ўтиш борасида ҳам фикр алмашган.

iqtibos

Шунингдек, минтақадаги сув ва иқлим билан боғлиқ муаммоларнинг ечими борасида ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида ҳам гап борган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ва Британия Ташқи ишлар бўйича давлат котиби Дэвид Кэмерон Тожикистон ва Британия ўртасида ҳаво қатновига доир ҳукуматлараро битим имзолаган.

Ушбу келишув келажакда Душанбе ва Лондон ўртасида тўғридан-тўғри парвозлар қўйилишига йўл очиши мумкин.

Дэвид Кэмерон Британия минтақага сармоя киритишни уч баробар орттириш истагида эканлигини айтган.

"Айнан шунинг учун бу сафарни амалга оширяпман, ривожланиш учун сармоямизни 3 баробар орттириш. Мен буни биз биргаликда фуқароларимизни янада ҳимояланган ва фаровон яшашига эришиш учун қиляпман. Муносабатларимизни янги босқичга олиб чиқиш учун учта устувор йўналиш кўряпман", деган у.

У Қозоғистон ва Ўзбекистондан Британияга ҳафтада бир неча марта самолётлар қатнови йўлга қўйилганини ва минтақадан 10 минглаб мавсумий ишчилар Буюк Британияда ишлаётганини таъкидлаган.

Тожикистонга сафаридан сўнг Кэмерон Тошкентга йўл олади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матубуот котиби Аҳрор Бурхонов Би-би-сига Буюк Британия мулозимининг Ўзбекистонга ташрифи 23 апрел куни кутилаётганини маълум қилди.

У Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан учрашади.

Буюк Британия ва Марказий Осиё муносабатларида "янги давр" бошланадими?

Британиянинг нуфузли Independent нашри Дэвид Кэмерон минтақага ташрифи давомида Британия ва Марказий Осиё давлатлари муносабатларида "янги давр"ни излайди, сарлавҳали хабар чоп қилди.

Унда айтилишича, Кэмерон 5 кунлик сафари давомида Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Монголия давлатларида бўлади.

"Дэвид Кэмерон Россия савдо санкцияларини қўшни давлатлар орқали айланиб ўтишидан хавфсираш манзарасида Британия ва Марказия Осиё ўртасидаги муносабатларда "янги давр" бошланаётганидан мужда берди", дейилади хабарда.

Мақолада айтилишича, у Марказий Осиё "биз дуч келаётган айрим катта муаммоларнинг ўчоғида" эканлигидан огоҳлантиради ва уларнинг "қийинчилик билан эришилган суверенитетини" қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор чора-тадбирларни эълон қилади.

Қирғизистон сафари

Куннинг иккинчи ярмида Британия Ташқи ишлар бўйича давлат котиби Дэвид Кэмерон Қирғизистонга борган.

Буюк Британиянинг Қирғизистондаги элчихонаси ташрифдан мақсад "шусиз ҳам яхши бўлган икки томонлама алоқаларга янги импулс бериш" ҳамда икки томонлама манфаатли бўлган соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш эканлигини айтган.

Кэмерон Бишкекда Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Вазирлар маҳкамаси раҳбари билан учрашади.

"Биз рақобатли дунёда яшаяпмиз. Агар биз Британия манфаатларини ҳимоя қилиш ва олдинга юришни истасак, рақобатга бардошли бўлишимиз керак. Марказий Осиё биз дуч келаётган айрим энг йирик муаммолар ўчоғида жойлашган. Унинг равнақ топиши Буюк Британия ва минтақа учун ўта муҳим", дея Дэвид Кэмерондан иқтибос келтиради Британия элчихонаси.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002