Янгиликлар: Президент шунчалик уялдими? Минтақа ва сиёсат Yangiliklar Mintaqa Siyosat

Rossiyadagi migrantlar

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Сурат тагсўзи, Кузатувчиларнинг фикрича, Тожикистон Президенти биринчи марта кўпчилик олдида меҳнат муҳожирларига ғамхўрлик қилинмаётгани, эътиборсизлик учун Ҳукуматни айблаган.
    • Author, Мустақил журналист
    • Role, Тожикистон
  • Published

Президент ҳукуматга шунчалик кескин кетдими? Бунақаси ҳали бўлмагани айтилмоқда...

Алоқадор мавзулар:

Президент нимадан уялди?

Ҳар йили Ватанга юзлаб тожик муҳожирларининг ўлиги олиб келинмоқда. Чет элдаги муҳожирларнинг ҳаёт шароитидан уялмаймизми?

Бу сўзлар Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг Тожикистон Олий Мажлисига навбатдаги йиллик мурожаатида янгради.

Кузатувчиларнинг фикрича, Тожикистон Президенти биринчи марта кўпчилик олдида меҳнат муҳожирларига ғамхўрлик қилинмаётгани, эътиборсизлик учун Ҳукуматни айблаган.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

"Мен чет элдаги муҳожирлар ҳаёт шароитини яхши биламан. Бу бизга уят эмасми? Фақат эркакларгина эмас, балки минглаб тожик аёллари муҳожирликда юришибди. Ориятимиз борми ўзи? Ҳар йили юзлаб тожик муҳожирларининг ўлигини Ватанимизга олиб келишади: ўз болалари ҳаёти учун пул ишлаб топиш мақсадида мамлакатдан четга чиқиб кетган одамларнинг ўликларини. Бунга сабаб - биз, юқоридан тортиб пастгача бўлган раҳбарлар фақат ўзимиз ҳақимизда ўйлаймиз!", деган Тожикистон Республикаси Президенти.

Халқаро кузатувчиларнинг фикрича, меҳнат муҳожирлари муаммоси фақат Тожикистондагина эмас, балки Ўзбекистон ва Қирғизистонда ҳам мавжуд. Расмий равишда фақат Тожикистондан бир ярим миллион нафарга яқин киши меҳнат муҳожирлигида эканлиги айтилади. Норасмий маълумотларга қараганда, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони бу рақамдан камида икки, ҳатто уч баравар кўп бўлиши мумкин.

"Россияга аскарлар керак!"

Migrantlar

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Сурат тагсўзи, Россия Хавфсизлик кенгаши 2022 йилнинг октябрь ойида муҳожирлик сиёсатига ўзгартиш киритиб, муҳожирлар устидан назоратни кучайтирди.

Эмомали Раҳмон Россия Президенти Владимир Путин ва Россиянинг бошқа юқори лавозимли расмий шахслари билан учрашувларда тожикистонлик меҳнат муҳожирларига енгиллик бериш масаласини кўтариб турди. Ана шундай учрашувлардан сўнг Россия ҳукумати томонидан бу мамлакатдан маълум муддатга чиқариб юборилган муҳожирларни авф этиш борасида қарорлар чиқарилди. Лекин таҳлилчилар мазкур авф этишларнинг иккинчи томони ҳам борлигини айтиб чиқишди. Бу Россиядаги қурилишларга ишчи кучи етишмай қолишига боғлиқ деб айтилди.

Айни бир пайтда муҳожирларга нисбатан турли хил босимлар ва уларни назорат этиш кучайиб бормоқда. Масалан, Россия Хавфсизлик кенгаши 2022 йилнинг октябрь ойида муҳожирлик сиёсатига ўзгартиш киритиб, муҳожирлар устидан назоратни кучайтирди.

"Россия Ҳукумати назорат баҳонасида муҳожирларни текширишларни, турли босимларни кучайтираётган бўлса, маҳаллий аҳолининг муҳожирларни камситишлари, ҳужум қилишлари ҳам тез-тез учраб турибди", деди Россияда ишлаб қайтган Валижон Умаржонов.

Муҳожирга нисбатан энг кейинги ҳужум Санкт-Петербургда содир бўлди. 24 декабрь куни тўрт нафар ўн тўрт-ўн бешли маҳаллий ўсмир тожикистонлик меҳнат муҳожирига ҳужум қилган. 26 ёшли бу муҳожир буюртмани уни буюрган кишининг уйига олиб бораётганда кутилмаган ҳужумга учраган. Ўсмирлар унинг кўзига газ пуркашган. Сўнгра бошига тепиб, уришган. Муҳожир бош чаноғи жароҳатланган, мияси чайқалган.

Олдинроқ худди шу Санкт-Петербург шаҳрида бошқа ўсмирлар ҳовли супурувчи бўлган муҳожирларга ҳужум қилишган эди. Улар муҳожирлар кўзига қалампирли сочма пуркаб, сўнгра дўппослашганди.

2023 йилда Москва яқинидаги Котельники шаҳри ижтимоий тармоқларда меҳнат муҳожирларига нисбатан ишлатилган устма-уст зўравонликлар билан машҳур бўлди.

23 май куни кечқурун Котельники полиция бўлимига 100 нафарга яқин тожикистонлик муҳожир олиб келинган. Уларни тожикистонликларга қарашли "Дийдор", "Роҳат", "Амина" каби умумовқатланиш муассасаларида ўтказилган рейдлар даврида ушлаб олиб кетишган.

Тожикистонлик муҳожирлар полиция бўлимида 12 соат тик оёқда туришга мажбурланган.

ОМОНчилар уларни камситиб, оғизларига келган сўзлар билан ҳақоратлашган. Муҳожирларни Украинага, хандақ қазишга жўнатишни айтиб, камситишган, ҳақорат қилишган.

Лекин муҳожирларни Украина урушига жўнатиб юбориш борасидаги таҳдидлар фақат ОМОНчилар тилидангина янграган эмас.

Россия Давлат думаси депутати Михаил Матвеев ўртага "Тожик батальони қаерда?", дея савол ташлаб, тожикистонлик муҳожирларни Украина урушига сафарбар этишни таклиф этган.

Айнан Котельники шаҳридаги масжидга, жума намози тугагач, Омончилар ва Росгвардиячилар бостириб киришган. Улар ҳужжат текширилгандан сўнг ўнлаб нафар намозхонларни Балашиха шаҳридаги чақирув пунктига олиб кетишган.

"Мен Россия фуқаролигини олиш учун ариза ёзиб, зарур ҳужжатларни тайёрлаган эдим. Ҳужжатлар тайёр бўлганлиги, Россия паспортини олишим мумкинлиги ҳақида хабар келгач, айтилган ерга етиб бордим. Лекин менга паспорт беришларидан олдин бир ҳужжатга имзо чекишим шартлигини айтишди. Ўқиб қарасам, Украинага қарши урушга қатнашишга розилик экан. Мен қўл қўйишни рад этдим". Россиянинг Урал минтақасидаги шаҳарлардан бирида ишлаган тожикистонлик 30 ёшли кишининг айтишича, гарчи унда Тожикистон фуқароси сифатида Россияда ишлаш ҳуқуқига эга эканлигига оид ҳужжатлари мавжуд бўлса-да, Россиядан чиқариб юборишган.

2022 йил сентябрь ойида Украина урушига қисман сафарбарлик эълон қилингандан сўнг кўп ўтмай Владимир Путин Россия армиясида бир йилдан кам бўлмаган муддатда хизмат шартномаси тузган чет элликликларга Россия фуқаролиги беришни осонлаштириш борасида қонунга имзо чекди. Бунгача чет элликлар Россия фуқаролигини 3 йиллик шартномавий хизматдан сўнг олишлари мумкин эди.

"Мен ҳужжатларимни янгилаш мақсадида Москвадаги муҳожирлик хизмати марказига бордим. У ерда менга Украинага қарши урушишга розилик берсам, ҳужжатларимни тезда тўғрилаб беришларини айтишди. Мен фақат Тожикистон қонунларига кўра эмас, балки эътиқодим бўйича урушга бормаслигимни, қон тўкмаслигимни айтдим. Мени Россиядан чиқариб юборишди", деди Душанбе шаҳридаги қишлоқлардан бирида яшайдиган 35 ёшли Нормурод.

Тожикистон қонунларига кўраб бошқа мамлакатлар ҳудудида жангда қатнашган мамлакат фуқаролари 12 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этилади.

Россия мусулмонлар идораси раҳбари Равиль Ғайнутдин президент Владимир Путиннинг асосий диний бирлашмалар билан ўтказган учрашувида куч ишлатар мақомотларнинг масжидларда жума намози ўқилганда уюштирган рейдлари ушланганларни масжиддан тўғридан-тўғри ҳарбий комиссиариатларга олиб кетилаётгани масаласини кўтариб чиққан.

Тожикистон Ташки ишлар вазирлигига эса, Россиянинг бу мамлакатдаги элчиси чақирилиб, унга Тожикистон фуқароларининг Россияда оммавий тарзда ҳибсга олишлар ташвиш уйғотаётганлиги билдирилган.

Россия Давлат Думаси депутати Михаил Матвеев эса, икки фуқаролиги бор кишиларни урушга сафарбар этиш қоидасини ўзгартиришни айтиб чиққан.

У жорий май ойида Telegram да, ҳар йили Ўрта осиёликлар, биринчи навбатда тожикларнинг "бутун бир армияси" Россия фуқаролигини олаётгани, лекин улар худди шундай оммавий тарзда фронтга боришмаётгани, "Ватан учун Россиянинг туб халқи, биринчи навбатда рус эркаклари ҳалок бўлишаётгани"ни таъкидлаган. "Нега уларни сафарбар этишмайди? Тожик батальонлари қаерда? Уруш давом этяпти. Россияга аскарлар керак…", деган Россия думаси депутати.

Нега четда ишлаш учун интилиш камаймаяпти?

Migrantlar

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Сурат тагсўзи, Президент аҳоли талаботини қондириш мақсадида мамлакат халқ хўжалигининг турли соҳаларида ҳар йили 100 мингтадан янги иш ўрни таъсис этиш зарурлигини таъкидлаган.

Кейинги йилларда тожикистонликларнинг Россия фуқаролигини олишга интилишлари камайган эмас. Расмий маълумотларга қараганда кейинги уч ярим йил орасида 420 минг нафардан ортиқ тожикистонлик Россия фуқароси бўлган. Шу ўринда расмий маълумотларга қараганда, Тожикистонда 10 миллиондан бироз кўпроқ киши яшашини эслатиш жоиз.

Украина урушига жўнатиш хавфи соя солиб турганда, камида 20 нафар тожикистонлик бу урушда ҳалок бўлгани айтилаётган бир пайтда Россия фуқаролигини олишга интилишнинг сабаби нимада, дея савол қўяди кузатувчи Аҳмад Бобожон. Унинг фикрича, ҳозиргача Тожикистонда иш ўринлари етишмаслиги ва меҳнат ҳақининг озлиги, устига Россия фуқароси бўлганда патент ва бошқа тўловлардан озод қилиниши ҳамда ўз ихтисоси бўйича ишлаш имкониятига эга бўлиш асосий сабаблардандир.

Оммавий ахборот воситаларида ёзилишича, кейинги йилларда Тожикистонга 400 та, ҳатто 500 тагача тобут келтирилган. Аввалги йиллари тожикистонликлар, айниқса қурилиш, йўллардаги фалокатлар, беморлик, скинхедлар каби миллатчиларнинг ҳужумлари каби сабабларга кўра ҳалок бўлишган. Энди эса, жасадлар орасида Украинага қарши урушда қатнашиб ҳалок бўлганлар сони ҳам ортмоқда. Турли манбаларда уларнинг сони 20 нафардан 50 нафаргача деб ёзилади.

Лекин бу хавф-хатар ё Россиянинг тобора кўпроқ минтақаларида муҳожирлар ишлаши чекланаётгани ҳам тирикчилик мақсадида юртидан чиқиб кетаётган тожикистонликлар сонини камайтирмаяпти. Биргина 2022 йилда Россиянинг Калининград, Тюмень., Челябинск, Курган, Калуга каби вилоятларида, Ханти-Манси автоном округида муҳожирларнинг жамоат транспортини бошқариш, таълим ва соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат савдоси билан шуғулланиш, болалар егуликларини ишлаб чиқариш каби соҳаларда ишлашлари тақиқлаб қўйилди.

Янги йилнинг биринчи кунидан Кузбассда ҳам муҳожирлар бир қатор соҳаларда ишлашдан маҳрум бўлишади. Улар орасида жумладан такси ҳайдовчилари, маориф соҳаси бор.

Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг мамлакат Парламентига йиллик Мурожаатида аҳолини доимий иш билан таъминлашга алоҳида эътибор берилаётгани ва берилиши зарурлиги таъкидланган. Мурожаатда келтирилишича, кейинги беш йилликда мамлакатда меҳнатга қобилиятли аҳоли сони 8, 4 фоиз ортган.

Президент аҳоли талаботини қондириш мақсадида мамлакат халқ хўжалигининг турли соҳаларида ҳар йили 100 мингтадан янги иш ўрни таъсис этиш зарурлигини таъкидлаган. У бу иш ўринларида меҳнат қиладиган кишиларнинг муносиб иш ҳақи олишларини урғулаган.

Кейинги икки йил давомида Тожикистонда 11 минг кишини доимий иш билан таъминлаган 1200 та корхона ва цех ишга туширилган.

"Мен беш йилдан буён Москвадаги қурилишда ишладим. Ўтган ёзда уйга қайтиб, уйландим. Тегирмонга ишга кирдим. Лекин икки ой ишлаб, яна Россияга бормасам бўлмаслигини тушундим. Тегирмонда бериладиган пулга қорин тўйдириш мумкин, лекин иккита синглимни узатишимиз керак. Етарли ойлик олганимда оиламни ташлаб, Россияга кетмаган бўлардим", деди Бобожон Ғафуров ноҳиясида яшайдиган Шавкат.

Эмомали Раҳмон мамлакатда камбағаллик даражаси 1999 йилдаги 83 фоиздан 2023 йилда 21,2 фоизгача камайгани ва яқин йиллар орасида бу кўрсаткич 10 фоизгача камайтирилишини айтган.

"Йигирма бир фоиздан ортиқроқ дегани мамлакат аҳолисининг 2 миллион нафардан кўпроғи ҳамон камбағал, етишмовчиликда ҳаёт кечираётгани дегани. Ўз юртида муносиб иш топа олмай, муҳтожликка юз тутиш эса, одамни тирикчилик учун албатта бошқа мамлакатларга бошлайди. Гарчи ишчи кучига муҳтож бўлса-да, Россияда қучоқ очиб кутиб олишмайди. Одамларимизнинг у ердаги турмуш шароитидан уялиш зарурлиги айтилаётган экан, Тожикистон Ҳукумати Муҳожирлик сиёсатига оид кескин чоралар кўриши зарур деб ўйлайман", дейди кузатувчи Аҳмад Бобожон.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002