Британия Оролбўйи сайғоқларини асрашга ярим миллион доллар беради -Ўзбекистон, Марказий Осиё

Сурат манбаси, Andrey Gilev & Karina Karenina
Буюк Британия ҳукумати «Darwin Initiative» махсус грант дастури доирасида "Возрождение ороли: тадбиркорлик, табиатни асраш ва Орол денгизи атрофини ривожлантириш"(Resurrection Island: enterprise, conservation and development around the Aral Sea) деб номланган лойҳага 500 минг доллардан зиёд маблағ ажратишга қарор қилди.
Ушбу дастур ривожланаётган мамлакатларда био турфахилликни асраш ҳамда қашшоқликни камайтириш мақсадини кўзлайди.
Хабар қилинишича, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчилиги иштирокида олинадиган грант маблағларидан Кент Университетининг Даррел номидаги табиат ва экологияни муҳофаза қилиш институти, Сайғоқларни асраш бўйича Халқаро Альянс, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Зоология институти ва Давлат Экология қўмитаси фойдаланадилар.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост

Сурат манбаси, .
Лойиҳанинг уч йилга мўлжаллангани хабар қилинмоқда.
Лойиҳа доирасида Орол денгизидаги Возрождение ороли ва унга туташ ҳудудларга табиати муҳофаза этиладиган зоналар деган мақомни бериш йўлидаги ишлар бажарилади.
Бу нарса Возрождение оролидаги ноёб био хилма-хилликни асраб қолиш, жумладан, қирилиб кетиш хавфи остида қолган сайғоқларни ҳимоя қилишга ёрдам беради.
Айни вақтда туризмни ривожлантириш билан маҳаллий аҳолини барқарор даромад манбаи билан таъминлаш лойиҳалари ҳам ҳаётга татбиқ этилади.

Сурат манбаси, A.Esipova
Лойиҳа раҳбари, Кент Университети профессори Жозеф Булл фикрича, янги ташаббус ҳукуматлар, бизнеслар, хорижий шериклар ва маҳаллий аҳоли ҳаракатларини бирлаштириб Оролбўйини қайта тикланиш рамзига айлантириш, минтақанинг иқтисодий ва экологик салоҳиятини очишга кўмаклашишга ёрдам беради.
"Орол денгизи минтақаси ўзига буткул жалб этадиган тарихи, маданияти ва ёввойи табиатига эга. Ва ўзининг охирги бир неча ўн йилликдаги энг даҳшатли экологик фалокати билан танилган. Ушбу молиялаш дунёнинг энг ноёб қисми тақдирини ўзгартириб юбориш мақсадида ҳозирги ҳаракатларни қўллаб қувватлаш ва кенгайтириш йўлидаги ажойиб имкониятдир", деб айтди профессор Жозеф Булл.

Сурат манбаси, A.Esipova
"Мен Ўзбекистонда био хилма-хилликни асраш соҳасида 20 йилдан ортиқ вақтдан буён фаолият юритаман", дейди Сайғоқларни асраш бўйича Халқаро Альянс раҳбари Елена Бикова.
Унинг айтишича, ушбу лойиҳа Ўзбекистонда кам сонда қолган сайғоқлар ва бошқа қирилиб кетиш арафасида бўлиб қолган жониворларни асраб қолишда реал ўзгаришларга етаклайди. Шунингдек, у био турфахилликни асраб қолиш бўйича дунёдаги илғор халқаро тажрибани ўрганиш ва бу борадаги маҳаллий мутахассисларнинг салоҳиятини ошириш учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Сурат манбаси, A.Esipova
"Бу ўта муҳим ташаббус, - деб таърифлади Ўзбекистоннинг Лондондаги элчиси Саид Рустамов, - Орол денгизи минтақаси аҳолисининг турмуш шаротини ва иқтисодий имкониятларини кенгайтириш йўлида доимий чора-тадбирлар кўрилаётган бўлса-да, ҳали бу йўлда қилиниши керак бўлган ишлар кўп. Лойиҳа био хилма-хиллик соҳасидаги илғор халқаро тажрибани ёйиш ва бу борадаги узоқ муддатли салоҳиятни ошириш сабоғи учун муҳим аҳамият касб этади. Ушбу лойиҳа Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини оширишдек яна бир миллий устуворлик берилган мақсадга хизмат қилади".
2021 йил майида БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Оролбўйи минтақасини "Экологик иннвациялар ва технологиялар ҳудуди" деб эълон қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek































