Афғонистонда вазият янада ёмонлашадими? Тожикистон нимадан хавотирда? Афғонистон ва Толибон Afg‘oniston, O‘zbekiston, Tolibon, dunyo, yangiliklar

Тожикистонлик масъулларнинг Афғонистон билан боғлиқ янги режаси худди шу каби саволларни пайдо қилмай қўймаган. Бунга ўхшаш хабар Афғонистонга бевосита чегарадош Ўзбекистон ёки Туркманистондан ҳалича олинмагани билан ҳам кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортди. Ўзбекистон нашрлари ҳам бу ҳақда ёзишди.
Мамлакатдаги етакчи Asia-Plus нашрининг хабар беришича, Тожикистон Афғонистон билан бевосита чегарадош вилоятида афғон қочқинлари учун махсус муваққат бошпана қурмоқчи.
Толибон ўз ҳужумларини кучайтирган сўнгги ҳафталарда Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош қолган икки давлатидан бунга ўхшаш хабар олинмаган.
Маълум бўлишича, Тожикистон томонининг сўнгги режасини шу ҳафта бошида Хатлон вилояти раиси шахсан очиқлаган.
Қурбон Ҳакимзода душанба кунги матбуот анжумани чоғида Жайхунда бунинг учун махсус жой ва давлат бюджетидан лозим миқдорда маблағ ажратилганини билдирган.
Бунга қўшимча вақтинча бошпанани қуриш ишлари билан Тожикистон Ички ишлар вазирлиги шуғулланиши, аммо унинг хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда барпо этилишини ҳам айтган.
Аммо Хатлон вилояти раиси бундан ортиқ тафсилотларга тўхталмаган.
Бошпананинг айнан нима учун ҳозир қурилаётгани, Тожикистонга қанчага тушиши, аниқ нечта қочқинга мўлжаллангани ва уларнинг бу ерда кўзда тутилаётган қолиш муҳлатларини очиқламаган.
Тожикистон Қирғизистон билан бирга Марказий Осиёнинг нисбатан камбағал иккита давлатидан биттаси бўлади.
Энг узун чегара хавфи

Сурат манбаси, AFP/GETTYIMAGES/ILLYUSTRATIVTASVIR
Тожикистон Марказий Осиёнинг Афғонистон билан чегараси энг катта давлати бўлади, узунлиги 1350 кмдан ошади.
Толибларнинг Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги сўнгги ҳужумлари манзарасида ҳам энг кўп қочқиннинг айнан Тожикистонга қочиб ўтгани кузатилган.
Қочқинларнинг умумий сони 2 мингдан ошгани, уларнинг орасида афғон ҳарбийлари, маҳаллий қуроллилардан ташқари оддий аҳолининг ҳам борлиги айтилган.
Бунга ўхшаш воқеълик эса, шу пайтгача Марказий Осиёнинг Афғонистонга қўшни бирор бир мамлакатида кузатилмаган.
Бошқа томондан, Тожикистон томонининг янги режасига оид янгилик мамлакат масъулларининг барча афғон қочқинлари аллақачон ортга - Афғонистонга қайтариб бўлинганига оид баёнотлари манзарасида ўртага чиққан.
Шу кунларда Қирғизистон томони расман нота юбориб, ўзларига беришларини сўраган юзлаб афғонистонлик афғон қочқинларини ҳам Афғонистоннинг ўзига жўнатиб юборгани маълум бўлган.
Уларнинг бу қарорига расмий Бишкекнинг расмий муносабати ноаён қолган, ҳозирча Ташқи ишлар вазирлигининг бу хусусда бирор бир расмий баёнот билан чиққани кўрилмаган.
Аммо ўтган ой Тожикистон ҳукумати 10 мингтагача афғон қочқинини қабул қилишлари мумкинлигини айтган.
Бу гал ҳам айни мазмундаги баёнот билан чиққан биринчи минтақа мамлакати бўлган.
Худди шу манзарада ўзи ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти кўмагида Афғонистон билан давлат чегараси ҳимоясини кучайтиришга ҳам киришган.
Узун экани баробарида бориш қийин бўлган тоғли ҳудудлардан ўтгани боис бу икки қўшни давлат чегараси муҳофазасини таъминлаш эса ҳар доим қийин экани, бўлгани айтиб келинган.
Лекин ўтган ой амалий ташриф билан Москвада экан, Толибон сиёсий қаноти юқори мартабали ҳайъати Россия томонини Марказий Осиё давлатлари чегараларини бузиш ниятлари йўқлиги ишонтиргани ҳам расман хабар берилган.
Ўзбекистон ва қочқинлар

Сурат манбаси, Screenshot
Айрим минтақавий нашрларда Ўзбекистон Термиз ташқарисида эҳтимолий қочқинлар учун ўнлаб чодирлар тиклаётганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган, аммо улар ҳалича ўзининг расмий тасдиғини топмаган.
Афғонистон дунёнинг Ўзбекистондан кейин энг кўп сондаги ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати бўлади.
Уларнинг сони имконли бўлган манбаларда бир неча миллионга нисбат берилади.
Толибон сўнгги ҳафталарда Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош шимолий Балх вилоятидаги деярли барча туманларни ҳам босиб олган.
Орада толибларнинг шиддатли ҳужумларидан қочиб, ўнлаб афғон ҳарбийси ва улар билан бир сафда жанг қилган маҳаллий қуролли гуруҳ вакилларининг Ўзбекистон чегарасини ҳам бузиб ўтишгани кўрилган.
Ҳозирча оддий афғонларнинг жанглардан қочиб, Ўзбекистонга ўтганликларига оид расмий хабарлар олинмаган.
Шимол ва шимол-шарқ

Сурат манбаси, official
Толибон ҳозирга келиб Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадошлари дохил шимоли ва шимоли-шарқидаги деярли барча туманлар, муҳим назорат-ўтиш нуқталари ва минтақавий аҳамиятга молик айрим йирик портларни эгаллаб бўлган.
Минтақадаги мухбирларимиз улар ҳаммасининг ҳали-ҳануз Толибон назорати остида эканини айтишади.
Сўнгги кунларда толибларнинг Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида ҳам айнан вилоят марказлари - йирик шаҳарларни эгаллаш ҳаракатида эканликлари кўрилади.
Тинчлик жараёнининг Афғонистонда толибларни ҳам ўз ичига олувчи коалицион ҳукумат тузилишини мақсад қилган якуний - афғонлараро мулоқотлар босқичи ҳануз ўз поёнига етмаган. Куни-кеча Доҳада бўлиб ўтгани ҳам муваққати бўладими ёки доимийси - бирор бир сулҳ битимисиз якунланган.
Толибон ҳужумларининг янада кучайиб бораётгани манзарасида АҚШ маъмурияти, ҳарбийлари ва Нато Бош котиби бундан кейин ҳам Афғонистон хавфсизлик кучларини ташлаб қўймасликлари, уларни ҳар томонлама дастаклашларини баён қилган, аммо ҳалича бу хусусда аниқ режалари тафсилотлари кўзга ташланмайди.
Агар, Россия томонининг даъвосига таянилса, уларнинг ҳарбий база масаласида айрим Марказий Осиё давлатларига қилган мурожаатлари ҳам бежавоб қолган.
"Ҳал қилувчи йил"

Сурат манбаси, Getty Images
Аксарият экспертларнинг бирдек эътироф этишларича, жорий йил Афғонистон учун "ҳал қилувчиси" бўлади.
Шу ой бошида Ғарбнинг айрим нуфузли нашрлари АҚШ уч Марказий Осиё давлатидан 9 мингга яқин афғонга вақтинча бошпана бериб туришини сўрагани ҳақида ҳам ёзишган.
Улар бу давлатлар сирасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистоннинг номини тилга олишган.
Қозоғистон яқинда АҚШ ҳукумати афғон қочқинлари масаласида ўзларига расман мурожаат қилмаганини маълум қилган.
Расмий Тошкент ва Душанбенинг бу хусусда бирор бир расмий баёнот билан чиқишгани ҳалича кузатилмаган.
Кузатувчилар эса, Марказий Осиё давлатлари афғон қочқинларини қабул қилишга розилик билдиришса, бу минтақавий хавфсизликни издан чиқариши мумкинлигидан хавотирдалар.
Уларга кўра, АҚШ бу қочқинларни қайта-қайта текширувдан ўтказиб, мутаассиб эмасликларига кафолат бериши лозим.
Орада Россия Хавфсизлик Кенгашининг котиби ҳам бундай розиликнинг эҳтимолий оқибатларидан огоҳлантириб чиққан.
Куни-кеча АҚШ маъмурияти ўз ҳарбийлари билан бирга ишлаган минглаб афғонга виза беришга киришгани ҳам хабар қилинган.
АҚШ ўтган ҳафта рамзий маънода АҚШнинг Афғонистондаги энг узоқ урушига якун ясаган, ҳарбийларининг 11 сентябрга қолмай, 31 августгача мамлакатни тарк этишларини айтган.
Аммо башоратлар хавотирли: хорижий иттифоқ қўшинларининг буткул чиқиб кетиши Афғонистонда воқеаларнинг даҳшатли тус олиши, олти ойнинг ўзидаёқ афғон ҳукуматининг қулаши ва мамлакатда фуқаролар уруши бошланишига олиб келиши мумкин, деган қўрқувлар бор.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek































