Қирғизистон ва Тожикистон расмийлари рад этган депортациялар ҳақиқатми? Video fotoreportaj Tojikiston, Qirg'iziston Markaziy Osiyo dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Screenshot
Қирғизистон ва Тожикистон чегара ҳудудида чиққан низо бартараф этилди. Аммо унинг оқибатлари инсонлар ҳаётига таъсир этмоқда, деган хабарлар бор. Россиядаги ҳуқуқ фаоли Валентина Чупик қўшни давлат фуқароларига нисбатан ноқонуний ҳаракатлар бўлаётганидан хавотирда.
- Уларни Бишкек ва Ўш аэропортларида тутиб қолишаяпти, ноқонуний чоралар қўллашаяпти, соатлаб ушлаб туришибди, овқат берилмаяпти, ҳақорат қилишаяпти. Депортация қилинишларини айтишаяпти, - дейди юрист Валентина Чупик.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Асли ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Валентина Чупик ва унинг раҳбарлигидаги "Тонг жаҳони" ташкилоти юристлари Россияда муҳожирларга бепул хизмат кўрсатади.
Ҳуқуқ фаоли уларнинг ташкилотларига нафақат бу икки мамлакатдаги, балки Россиядан қайтаётган мигрантлар ҳам турли зиддиятли вазиятларга тушиб қолишаётганликларини айтиб, мурожаатлар қилишаётганини билдирди.
Аммо Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизмати ушбу даъволарни асоссиз, деб рад этди. Ва бу каби иддаолар миллатлараро низо чиқариши эҳтимолидан огоҳлантирди.
"Қирғизистонда депортациянинг ўзи йўқ", дейилади Чегара хизмати раддиясида.
Тожикистон томони эса, Қирғизистондан депортация қилинган 42 нафар фуқароси рўйхатини матбуотда эълон қилган.

Сурат манбаси, courtesy
Би-би-си Ўзбек хизмати Қирғизистонда мураккаб вазиятларга тушиб қолганини айтган бир неча киши ва уларнинг яқинлари билан суҳбатлашди.
- Чегарага борганимизда эркаклар тўпланиб турганди. Улар бизга бақиришди, устимиздан кулишди, сўкиб ҳақоратлашди. Биздан пул талаб қилишди, куч ишлатиб олиб қўйишди, - дейди тожикистонлик Саид.
Талабага кўра, чегарадаги одамлардан кейин қўриқчилар ҳам уларга дўқ-пўписалар қилишган.
"Нега ахир, биз оддий талабалармиз, уларга нима ёмонлик қилдик?", дейди Саид.
Россиядан Қирғизистон орқали учиш учун самолётларга чипталар нархлари нисбатан арзон.
Ватанга қайтиш учун ўзбекистонликлар ва тожикистонликларнинг айримлари шундай транзит усулини танлашади.
Тожикистонлик Гулбия Россиядан Ўш орқали қайтаётган ўғлининг бир неча кун йўқолиб қолганини айтади.
- Ўғлим Санкт-Петербургда эди. У Ўш орқали келиши керак эди. Биз ўғлим билан алоқа йўқолиб, уни икки кун топа олмагач, Тожикистон Ички ишлар бошқармасига ариза ёзгандик. Уларни бир ҳолатда топишди, - ҳикоя қилади Гулбия.
Кейинчалик аниқланишича, у Ўшда зўравонликка дуч келган.

Сурат манбаси, official
- Ўғлим аэропортга келиши билан қирғизистонлик ва тожикистонликларни алоҳида ажратишган. Улардан пул талаб қилиб, 2000 сомдан йиғиб олишган. Уларни бир машинага солиб, қаергадир олиб кетишган. Даладай жойда уларни дўппослашган. Пул ва телефонларини олиб қўйишган. Уриб-уриб, Ўзбекистон чегарасига олиб бориб ташлашган.
- Ўзбеклар ёрдам беришган, таксига йўлкираларини тўлаб, Тожикистон чегарасига юборишган. Ўғлимни суд-тиббий экспертизаси текширувидан ўтказдик. Аҳволи ёмон, - гапириб берди Гулбия.
Қирғизистонда ўқийдиган тожикистонлик талабалар таътил берилганини айтишади.
Биз гаплашган тиббиёт олийгоҳининг талабаси эса, ўзининг қўшни мамлакатдан депортация қилингани ё йўқлигини билмай ҳайрон.
- Нотинчликдан сўнг бизга 20 кун таътил беришди. Аввалига вақтинчалик онлайн тартибда ўқишимизни айтишди. Кейин эса фикрлари ўзгарди, шу билан сентябрь ойида келасизлар дейишди, - дейди Саид.
Биз ўнга яқин киши билан суҳбатлашдик. Кўпчилик айни ҳолатларни тасдиқлади.
Сўнгги кунларда эса Тожикистон ҳам ўз ҳудудидаги Қирғизистон фуқароларини депортация қилаётгани ҳақида хабарлар чиқмоқда.
Аммо ҳам Тожикистон, ҳам Қирғизистон расмийлари қўшни давлат фуқароларига қарши ноқонуний ёки зўравонлик хатти-ҳаракатлари бўлгани ҳақидаги иддаоларни қатъий рад этишади.

Қирғизистон ва Тожикистон сўнгги можаро ўзаро чегарада бу яқин йиллар ичида сув юзасидан келиб чиққан энг ёмони экани айтилган.
Қуролли тўқнашув ҳар икки томондан камида 50 кишининг умрига зомин бўлган, яна юзлаби яраланган.
Ўнлаб турар-жой ва бошқа яна кўплаб объектларга зиён етган, минглаб одам ўз турар-жойларини ташлаб чиқишга ҳам мажбур бўлишганди.
Томонлар, шунда ҳам, етказилган моддий зиён кўламини ҳануз ўрганаётганликларини айтишади.
Ўзаро низода томонлар бир-бирларини айблашган, можаро ортидан, бир-бирларига қарши жиноий ишлар ҳам очишган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek































