Тожик-Қирғиз можароси ёки қувончли ва таҳликали Рамазон - Tojikiston, Qirg'iziston Markaziy Osiyo dunyo yangiliklar

Тожик-қирғиз можаросида вайрон бўлган уйлардан бири
Сурат тагсўзи, Рамазон ойида келиб чиққан қонли низо ўнлаб инсоннинг умрига зомин бўлган. Унинг сўнгги йилларда кузатилган энг ёмони экани айтилди
    • Author, Мустақил журналист
    • Role, Тожикистон
  • Published

Эртага Ҳайит. Рамазоннинг охирги жумасида Тожикистоннинг аксарият Жомеъ масжидларида ўзгача манзара кузатилди. Уларда тожик-қирғиз низосида жабр чеккан ва ҳалок бўлганлар оилалари учун намозхонлардан маблағ тўпланди. Рамазон ойида келиб чиққан қонли низо ўнлаб инсоннинг умрига зомин бўлган. Унинг сўнгги йилларда кузатилган энг ёмони экани айтилган.

Бир томондан ковиднинг қайта бош кўтариш хавфи, бошқа ёқдан ошиб бораётган нарх-наволар ҳам бугун Тожикистондаги Рамазон ойига соя солган.

Имом-хатиблар тинчликнинг бебаҳо неъмат эканини таъкидлар эканлар, намозхонлардан тожик-қирғиз чегарасида келиб чиққан қуролли можаро боис мол-мулкидан, уй-жойидан ажралган, яраланган ва ҳалок бўлган инсонлар оилаларига ихтиёрий равишда қўлларидан келганча хайрия қилишни сўрашган.

Аввалроқ Тожикистон Уламолар кенгаши жорий йилги закотни айни шу можаро жабрдийдаларига беришни тавсия этганди.

Бу йилги ҳисоб-китобларга қараганда, моли нисобга етган ўзига тўқ кишилар берадиган закот 625 сомоний ($60 АҚШ долларига яқин) қилиб белгиланган.

Рамазон моҳиятига соя солган низо

Тожикистоннинг Исфарасидаги вайрон бўлган уйларнинг бири

Сурат манбаси, Asia-Plus

Сурат тагсўзи, Тожикистоннинг Исфарасидаги вайрон бўлган уйларнинг бири

Айни бир пайтда икки қўшни мамлакат орасида келиб чиқкан низо жабрдийдалари учун махсус ҳисоб рақами очилган.

Ҳукумат томонидан эса, мазкур низода яраланганлар - Исфара шаҳри ва Бобожон Ғафуров тумани яшовчилари ва мамлакат куч тизимлари вакиллари - 87 нафар кишига ёрдам кўрсатилган.

Яраланганларга Суғд вилояти ҳукумати бюджети ҳисобидан 10 минг сомонийдан 20 минг сомонийгача ($900-$1800 АҚШ долларига яқин) бир марталик моддий ёрдам кўрсатилган.

Умуман, Тожикистон ҳукумати томонидан низода ҳалок бўлганларнинг ҳар бирининг оиласи учун 70 минг сомонийдан ( $6,2 минг АҚШ долларидан кўпроқ) маблағ ажратилган.

Вилоят раиси Ражаббой Аҳмадзода Исфара шаҳри ва Бобожон Ғафуров туманида ҳалок бўлган инсонлар хонадонларида бўлиб, кўнгил сўраган.

Шунингдек, қуролли тўқнашувда ҳалок бўлган аскар йигит - Жасур Суярқулов яшаган Деваштич ноҳиясидаги қишлоқда бўлиб, марҳумнинг оиласига ҳамдардлик билдирган.

У Исфара шаҳри ва Бобожон Ғафуров тумани беморхоналарида даволанаётган ярадорлар ҳолидан ҳам хабар олган.

Ражаббой Аҳмадзода яраланганлар тўлиқ даволаниб, оёққа туриб кетишлари учун Тожикистон ҳукумати барча зарур чораларни кўришини билдирган.

У чегарадаги низода ҳалок бўлган кишиларнинг фарзандлари балоғат ёшига етганларича ғамхўрлик қилиниши, улар ўрта мактабни битирганларидан сўнг олий ўкув юртларига квота, имтиёзли йўлланма берилишини айтган.

Суғд вилояти раиси

Сурат манбаси, official

Имом-хатиблар Рамазон ойида можаро келиб чиқиши, бегуноҳ инсонларнинг қон тўкилишини қоралар эканлар, маҳаллий ҳукуматнинг низо жабрдийдаларига моддий ва маънавий ғамхўрлик кўрсатаётганлигини хайрли, савоб иш деб баҳолашган.

"Ўтган йили пандемия туфайли масжидлар ёпилганди. Бу йил барча катта-кичик масжидларда Таровеҳ намози ўқиш учун ҳам ижозат берилганидан хурсанд бўлдик. Шукрона қилиб, намоз ўқиётганимизда чегарада юз берган фожиали воқеалардан, рости гап, мен ғазабландим. Ислом - тинчлик дини. Мен муқаддас Рамазон ойида тинч яшаётган одамлар уйини ёндирган, инсон қонини тўккан кимсаларни Исломдан бехабар деб биламан", деди Хўжанддаги Шайх Маслаҳатуддин Жомеъ масжиди намозхонларидан бири Шариф Носиров.

Россия Мусулмонлар диний бошқармаси бошлиғи, муфтий шайх Равил Ғайнуддин ҳам Тожикистон ва Қирғизистондаги мазҳабдошларига чегарадаги низо муносабати билан мурожаат этар экан, муқаддас Рамазон ойида қалбларда нафрат, ҳасад, ўч олиш фикрлари ва ҳиссиётлари пайдо бўлишга йўл қўймасликни таъкидлади.

"Бу кунларда Фарғона водийси - ривожланган давлатлар ва халқлар бешиги, мусулмон тамаддунининг ўчоқларидан бирида қардош қирғиз ва тожик халқлари орасида юз берган душманликни кўриш мен учун оғриқлидир ва жуда оғирдир... Ҳатто бизнинг Ватанга нисбатан энг тоза ҳиссиётларимиз ҳам инсонийлик ҳиссиётларимиз, Аллоҳ динидаги биродарлигимизни англашимизга соя солмаслиги зарур", деган таниқли уламо.

У барча баҳсталаб, низоли вазиятларни қурол кучи билан эмас, балки ҳалол ва виждонан музокаралар билан ҳал этиш йўлларини излашга чақирган.

Расмий маълумотларга кўра, тожик-қирғиз чегарасида юз берган низода ҳар икки томондан 300 нафарга яқин киши яраланган, 55 нафар инсон ҳалок бўлган.

"Худо кўрсатмасин - ковид қайта бош кўтармасин"

Тожикистондаги масжидларнинг бирида намоз ўқилмоқда

Сурат манбаси, courtesy

Сурат тагсўзи, Тожикистонда бу йил Таровеҳ намозлари масжидларда, жамоат бўлиб ўқилган

Фақат Шариф Носиров эмас, Тожикистондаги юз минглаб намозхонлар пандемия туфайли масжидлар ёпилгач, биргина Таровеҳ эмас, балки жума намозлари, умуман жаноза намозидан ташқари жамоат бўлиб ибодат қилиш имкониятидан деярли ўн ой маҳрум бўлишди.

Жорий йилда Тожикистонда COVID-19 га оид вазият енгиллашгач, масжидлар эшиги қайта очилди. Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлигига кўра, мамлакатда беш ойдан буён бирон кишининг ковидга чалиниши қайд этилмаган.

Лекин масжидлар очилишига рухсат берилар экан, пандемия шароитида қабул қилинган санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш шартлиги таъкидланган.

Имом-хатиблар бу қоидаларга амал қилишни ҳар жума намозларида такрорлашади.

Лекин, кузатувчиларга кўра, ҳозирда масжидлар қайта очилган дастлабки кунлардаги каби бу қоидаларга риоя қилиш қатъий талаб этилмаяпти.

Ҳали жума намози бошланмасидан анча олдин ҳатто масжид ҳовлилари ҳам намозхонлар билан тўлиб кетяпти.

Кўпчилик намозхон ҳимоя ниқоби тақмасдан, ижтимоий масофага риоя қилмасдан ибодат қилмоқда.

"Ўтган йили ковидга чалиниш ва ўлим ҳоллари кўпайиб кетганида, санэпидеммарказ ходимлари бунинг сабаблари сифатида жаноза намозларида кўп одам йиғилаётгани, зич бўлиб жаноза ўқилаётганини айтишганди. Жаноза намозига қатнашувчилар сони белгилаб қўйилганди. Лекин бозорларда мавжуд қоидаларга риоя қилинмаслиги билан ҳеч кимнинг иши бўлмаганди", дейди маҳаллий кузатувчи Аҳмад Бобожонов.

"Худо кўрсатмасин, ишқилиб, ковид қайтадан бош кўтармасин. Ўшанда биринчи навбатда масжидлар ёпилиши мумкин", дейди у сўзида давом этиб.

Осмонга кўтарилган нархлар ва савобталаб инсонлар

Тожикистондаги бозорлардан бири

Сурат манбаси, courtesy

Сурат тагсўзи, Тожикистонда ҳам Рамазон ойида мева-чевадан тортиб, гўшт, ўсимлик ёғи, шакаргача қимматлашиб кетган

Рамазонда тожикистонликларни ташвишга солган яна бир нарса - бозорлардаги озиқ-овқат нархининг ошиб кетиши бўлди. Мол ва қўй гўшти, ўсимлик ёғидан тортиб шакаргача қимматлашиб кетган.

Ўзбек ва тожикларнинг Рамазон ойида хуш кўриб истеъмол қиладиган миллий ширинликлари - нишолда ва новвот нархи ҳам кўтарилиб кетган.

"Нишолда нархини оширишга мажбур бўлдик. Чунки шакар нархи ошиб кетди. Савоб учун ночорларга арзонроқ сотамиз. Лекин бутунлай ўз зараримизга ишлай олмаймиз-ку! Қозон қайнатиш учун сотиб оладиган бошқа нарсаларнинг нархи ҳам ошиб кетган бўлса!", дейди нишолдапазлардан бири.

"Болаларимга мева олмоқчи эдим. Ананасни айтмайин. Кўз ўйнатувчи олмаларнинг нархи ҳам осмонда экан. Чўнтагим кўтармади. Майли, ҳозирги олмалар чет элдан келтирилгани учун қимматдир. Лекин ўзимизнинг боғларда пишган гилоснинг нархи бултургидан икки баравар ошиб кетибди", дейди тўрт нафар кичик фарзанди борлигини айтган хўжандлик аёл.

Маҳаллий ҳукуматлар бозор нархини тушириш учун чора-тадбирлар кўра бошлади. Жумладан, саноат шаҳарларида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари савдо-ярмаркалари ташкил этилди. Бу ярмаркаларда маҳсулотлар бозор нархидан 20-30 фоизгача арзон сотилди.

"Лекин бу ярмаркалар жуда озчиликнинг эҳтиёжини қоплай олади, холос, СССР пайтидан қолиб кетадиган навбатлар уёқда турсин, талаш, тўс-тўполонни ўша ерда кўрасиз. Устига айрим маҳсулотларнинг сифати қониқарсиз", дейди ярмаркага бормасдан, қиммат бўлса-да, бозордан харид қилаётганини айтган Аҳрор Турсунов.

Лекин қимматчиликка қарамай, Рамазон ойида хайрли, савоб ишларга қўл ураётган кишилар кўпайди.

Хўжанд марказида ҳали қиш ойларида ташкил этилган бепул нон қутисига нон келтириб қўядиганлар кўпайди. Муҳтож оилаларга озиқ-овқат тарқатилди.

Бобожон Ғафуров туманида кимлигини билдирмаган саховатли инсон ҳар саҳарда 40-50 кило гуручга ош дамлатиб, рўзадорларга, муҳтожларга тарқатмоқда.

Тожикистонда худди Ўзбекистондаги каби Рамазон ҳайити 13 майда ўтказилади.

Намоздан олдинги амри маъруфларда тинчлик, осойишталикнинг муҳимлиги, азалий қўшниларнинг тинч-тотув яшашлари ҳақида ҳам сўз бориши кутилмоқда. Ва намоз ўқишга киришишдан олдин намозхонлар хайр йўлида садақа беришга даъват этиладилар.

Садақа сандиқчаси

Сурат манбаси, courtesy

Садақа фақат масжидлардаги махсус қутиларга ташланмасдан, одатга кирган усул - масжид ходимлари намозхонлар қаторлари орасида юриб, пул йиғишади. Намозхонлар эса, ҳимматларига яраша пул беришади.

Рамазон Ҳайити куни йиғиладиган маблағни асосан тожик-қирғиз можароси жабрдийдалари учун бериш кўзда тутилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek