Рамазон Ҳайити 13 майда бўлади, закотни қирғиз-тожик можароси жабрдийдаларига беринг - Tojikiston, Qirg'iziston Markaziy Osiyo dunyo yangiliklar

Тожикистондаги масжидларнинг бирида намоз ўқилмоқда

Сурат манбаси, courtesy/arxiv

Published

Рамазон Ҳайити 13 майда бўлади, закотни қирғиз-тожик можароси жабрдийдаларига беринг. Тожикистон Ислом маркази Уламолар Кенгаши худди ана шундай қарорга келди. Минтақада биринчиси бўлди. Ўзбекистонда ҳайит қачон бўлади?

Тожикистондаги етакчи Asia-Plus интернет нашрининг хабар беришича, уламолар кеча, 6 май куни йиғилишган.

Уларнинг бу йилги Рамазон Ҳайити санаси ва закотни айнан кимларга берган мақбул эканига оид хулосаси худди ана шу йиғин ортидан янграган.

Ҳозирча аксар аҳолиси мусулмон бўлган қолган бирор бир Марказий Осиё давлатидан бунга ўхшаш хабар олинмаган.

Бу йилги Рамазон ойи ҳам худди ўтган галгиси каби глобал коронавирус пандемияси ва минтақанинг аксарият мамлакатларида коронавирус билан боғлиқ аҳвол қайта ёмонлашаётган бир пайтга тўғри келган.

Аммо бу йил уларнинг бирор бирида масжидлар эшиклари жамоат намозлари учун ёпилмаган, мусулмонларга карантин чораларига қатъий риоя қилган ҳолда "Таровеҳ" намозларини ўқишларига ҳам изн берилган.

Тожикистонда бу йил закот миқдори маҳаллий пул бирлигида 625 сомоний - қарийб $55 АҚШ доллари этиб белгиланган.

Ислом маркази бу йил закотни камбағал ва муҳтожлардан ташқари, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги сўнгги қуролли можарода қурбон бўлганлар оилаларига ҳам бериш мумкинлигини айтган.

Тожикистоннинг Исфарасидаги вайрон бўлган уйларнинг бири

Сурат манбаси, Asia-Plus

Сурат тагсўзи, Тожикистоннинг Исфарасидаги вайрон бўлган уйларнинг бири

Бу икки қўшни давлат ўртасида сув устидан келиб чиққан энг ёмон тўқнашувлардан бири бўлган, қонли низо Рамазон ойига тўғри келган.

Можарода ҳар икки томондан жами 50 дан ортиқ киши қурбон бўлган, яна юзлаби яраланган.

Юздан ортиқ уй вайрон қилинган, бизнеслар ва бошқа турли объектлар ҳам зиён кўрган.

Қуролли тўқнашувлар боис, ўн минглаб одам ўз турар-жойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлишган.

Томонлар ҳануз ўрганиш ва аниқлаш ишлари давом этаётганини айтиб, ҳалича можаро оқибатида етган моддий зиённинг бор кўламига оид аниқ расмий маълумотларни очиқлашмаган.

Имконли бўлган маълумотлар эса, қуролли низода энг кўп Қирғизистон томонининг жабр кўрганига далолат қилганди.

Тожикистон Қирғизистондан фарқли тарзда, ўз талафотларига оид расмий рақамларни ҳам можародан беш кун ўтиб, кеча, 6 май куни расман очиқлаган.

Низода ўз томонларидан жаъми 19 киши қурбон бўлиб, 87 киши яраланганини маълум қилган.

Бунгача Тожикистондаги маҳаллий нашрлар ўз манбаларига таяниб, уларнинг сонини 14-15 нафарга нисбет бериб келишганди.

Суғд вилояти раиси матбуот хизмати уларнинг оилалари учун кўзда тутилган молиявий ёрдам миқдорига ҳам ойдинлик киритган.

Расмий хабар тафсилотларидан бу сумманинг 3 миллион сомоний - $265 минг АҚШ долларини ташкил этишини кўриш мумкин бўлган.

Суғд вилояти раиси

Сурат манбаси, official

Маълум бўлишича, Сўғд вилояти раиси ва Тожикистон Чегара қўшинлари қўмондони 5 май куни шахсан мамлакат президентининг топшириғи билан можарода қурбон бўлганларнинг уйларига боришган, уларнинг яқинлари билан кўришишган ва ҳар бир оилага 70 минг сомоний($6,2 минг АҚШ)дан бериб қайтишган.

Ражаббой Аҳмадзода давлат қурбонларнинг оилаларини бундан буёғига ҳам ташлаб қўймаслиги, ҳар доим қўллаб-қувватлашини таъкидлаган, уларнинг фарзандлари ҳақида ҳам қайғуришларини айтган.

Қирғизистон ва Тожикистон сўнгги низода ҳам яна бир-бирларини айблашган.

Ҳар икки давлат юз берган можаро юзасидан ўзларида бир-бирларига қарши жиноят ишларини ҳам очишган.

Аммо худди шу манзарада томонлар чегаралар деморкацияси ва делимитацияси борасидаги музокараларини ҳам давом этдиришган.

Кеча, 6 май куни Қирғизистон ва Тожикистоннинг Ворухга элтувчи алоҳида автомобиль йўли қуришга келишиб олишгани ҳам маълум бўлган.

Қирғизистон президенти Боткенда

Сурат манбаси, official

Худди шу куни Қирғизистон президентининг Боткент вилояти - Тожикистон билан чегарага боргани хабар берилган.

Айтилишича, Садир Жапаровга Лайлак туманида барпо этилаётган ҳарбий шаҳарчани кўрсатишган, президент у ердаги уйлардан бирининг тамал тошини қўйган.

Қирғизистон президенти яна "Бужум" ҳарбий полигони ва "Головной" сувтақсимлагичини бориб кўрган.

Маҳаллий аҳоли билан учрашган, одамларни Тожикистон билан чегара делимитацияси ва демаркацияси жараёни қандай кечаётганидан бохабар этган.

Чегара - ўзининг фаолиятидаги энг устивор масалалардан бири эканини ҳам таъкидлаган.

Маълум бўлишича, Қирғизистон президенти можарода қурбон бўлганларнинг яқинларига аввал берилган 50-100 сомга қўшимча, яна 1 миллион сомдан товон пули берилишини айтган.

Бу ҳақда Қирғизистоннинг 25.kg ахборот агентлиги хабар берган.

Қирғизистон томонининг расмий маълумотларига кўра, Тожикистон билан қуролли низода 36 фуқароси қурбон бўлган, 149 нафари яраланган.

Расмийларнинг ваъдалари ва кўмаклари манзарасида ҳам Қирғизистон ва ҳам Тожикистондан оддий одамларнинг ўзлари ёрдам ташаббуси билан чиқишаётганига оид хабарлар олинган.

Боткенга ёрдам

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Жабрланганлар учун инсонпарварлик ёрдами тўплаш ва юбориш ишлари бутун мамлакат бўйлаб бошланиб кетгани, уларга маҳаллий тадбиркорлар, фаоллар, масжидлар ва миллий маданий марказлар бош қўшишаётгани маълум бўлган.

Ўзаро келишмовчилик шу йилнинг 29 апрель куни "Головной" сув тақсимлаш ҳудуди атрофида келиб чиққан.

Аҳоли ўртасидаги тортишув қуролли тус олган, икки давлат ҳарбийлари ўртасидаги қарама-қаршиликка айланган.

Томонларнинг бир неча бор муросага бориш уринишлари ортидан, икки кунлик можаро шу йилнинг 1 май куни ниҳоя топгани хабар берилган.

Орада Ўзбекистон илова қатор минтақа давлатлари ва халқаро ташкилотлар мавжуд вазиятдан ўз хавотирларини расман изҳор этиб чиқишган.

Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида чегаралари аниқланмаган ҳудудда яшовчи аҳоли расмийларни бу муаммони тезроқ ҳал этишга ундаб келади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek