Ўзбекистон ва Туркманистон чегараси: янги бозор, нотаниш қариндошлар ва сўнмаган умид - видео

- Author, Ibrat Safo
- Role, BBC News Uzbek muxbiri
- Published
- Ўқилиш вақти: 9 дақ
Мен Хоразм вилоятининг Шовот туманиданман. Болалигимда Туркманистоннинг Дошовуз шаҳрига кўп борар эдик, у Урганчдан ҳам яқин. Шовотликлар орасида Дошовузда қариндоши бўлмаган одамни топиш қийин. Лекин, икки давлат мустақил бўлгач, орадаги чегара назорати кучайтирилди ва борди-келди деярли тўхтаб қолди.
Яқинда чегарада бозор очилибди. Шу бозорни кўриш баҳонасида мен чегаранинг икки тарафида яшаётган халқлар учун ҳаёт қандай эканлигини кўрсатиб бермоқчиман.
Шавкат Мирзиёев давлат тепасига келиши биланоқ "яқин қўшничилик" сиёсатини ўз ташқи сиёсатнинг асосий йўналиши қилди. Марказий Осиё давлатлари билан аввал ёпиқ ёки баҳсли бўлган чегаралар бўйича музокаралар фаоллашди. 2016 йилдан кейин Ўзбекистон Қирғизистон ва Тожикистон билан кўплаб чегара пунктларини қайта очди; виза ва ўтиш тартибларини енгиллаштирди; савдо ва транспорт алоқаларини кучайтирди.
Аммо, Ўзбекистон президентининг кўплаб ҳаракатларига қарамай, Туркманистон билан виза тизими сақланиб қолмоқда. Туркманистон ҳали ҳам Марказий Осиёдаги энг қаттиқ чегара назоратига эга давлатлардан бири. Шундай бўлса-да, Туркманистонга, масалан, Ўзбекистондан кўра Эрондан кириш осонроқ – Эрондан ўтаётганлар учун таклифнома талаб қилинади ва чегаранинг ўзида виза босиб берилади. Ўзбекистонда эса виза Тошкентдаги Туркманистон элчихонасидан олиниши керак.
Ҳужжатли филмни томоша қилинг
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Шовотдан Туркманистон чегараси томон йўл олдим. Менинг илдизим Туркманистонга Шовотдан ҳам яқин. Отам чегаранинг ёнгинасидаги Моноқ қишлоғида туғилиб ўсган. Туркманистонга етаклайдиган катта йўл яхшигина таъмирланибди. Балки бунга бозор сабабдир?
Чегаранинг қандай бўлишида, шубҳасиз, давлат раҳбарларининг характери ва хавотирлари ҳам катта рол ўйнаган. 2001 йилда Туркманистон президенти бўлган Самармурот Ниёзов Ўзбекистон билан 1700 километрлик чегарага симтўсиқ ўрнатишни бошлаганди. Туркманбоши буни ўшанда ноқонуний савдо ва жиноятчилардан ҳимоя дея изоҳлаган.
Бир йил ўтиб, 2002 йил ноябрида у ўзига қарши давлат тўнтариши ҳаракати бўлганини айтганида, бу ҳаракатни уюштиришда айбланган туркман мухолифат лидери Борис Шухмурадов Ашҳободдаги Ўзбекистон элчихонасидан топилгани иддао қилинган. Ислом Каримов ҳукумати буни рад қилган. Ўшанда мен Тошкентда Би-би-сининг туркман хабарлари бўйича монитори эдим. Бу можарода ўзбек элчиси Туркманистондан чиқариб юборилгани ва икки давлат орасига кескин совуқлик тушиб, чегара назорати янада кучайганини яхши эслайман.
Узоқ кутилган учрашув
Чегарага яқинлашар эканман, ўзимни болалигимда менга йирик метрополис бўлиб кўринган Дошовузнинг бозорига кираётган ҳис қиляпман. У Москва таъминотидаги бозор дея афзал кўриларди. Чегарадагиси янгиси эса мен ўйлагандек ўртада битта, туркман ва ўзбек дўконлари аралаш эмас, икки айри бозорлар экан. Ёнма ён турган икки ҳудудга кириб чиқиш учун алоҳида чегара ва божхоначилар назоратидан ўтиш керак.

Сурат манбаси, Rasmiy
Мен эса ундаги савдодан ҳам кўра, бу бозорда Туркманистонда яшайдиган қариндошимни кўришимни ўйлаб, ҳаяжон босяпти. Дошовузга келин бўлиб тушган аммамнинг мен тенги ўғли Илҳом билан бирга ўйнаб катта бўлганмиз. Лекин уни Совет Иттифоқи қулаганидан бери кўрмаганман. Учрашувни бугунга белгилаганмиз.
Шовот-Дошовуз савдо ҳудуди ўтган йил ноябрда Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳаммедовнинг виртуал иштирокида тантанали очилди. Унинг ҳудуди 6 гектарни ташкил қилади. Икки давлат фуқаролари зонага соддалаштирилган тартибда кириши мумкин ва кечқурунги соат 7:00да ёпилгунча чиқиб кетишлари керак. Лойиҳа икки давлат ўртасида савдо, логистика ва чегараолди иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш учун ташкил қилинган дейилди.
Бозорнинг Ўзбекистон ҳудудидаги қисмига раҳбарлик қилувчи Комилбек Жуманиёзов мени дарвозада қарши олди. У менга бозорга келувчилар учун яратилган шароитлар: савдо маркази, меҳмонхона, ошхоналарни кўрсатмоқчи.

Сурат манбаси, Ibrat Safo/BBC
Бозор очилганида унга икки томондан келувчилар шу ердаги меҳмонхоналарда 15 кунгача қолишлари мумкинлиги ҳам айтилганди. Аммо, Жуманиёзовга кўра, бу ҳали режада. Ҳозирча қариндошлар асосан ошхонада ўтириб, дийдорлашадилар, дейди у.
У мени шундай дийдорлашувлардан бирини кўришим учун ошхонага бошлайди. Каттагина залда бир-бирига уланган узун столда 50 нафарча одам чақчақлашиб тамадди қиляпти.
«Ким Туркманистондан, ким Ўзбекистондан», - деб сўрайман улардан. Кимнингдир акаси, яна кимнингдир қизи, яна кимнингдир опаси чегаранинг нариги тарафида экан. Ораларида қорақалпоғистонликлар кўп. Бу қариндошлар бир-бирларини кўрмаганларига 22 йил бўлибди.
Савдо мажмуасига кирганимда эса, унинг очилиш тантанаси тасвирларида кўринган расталар тўла мева ва сабзавотлару, маҳсулотга тўла дўконларни кўрмадим, лекин бир нечта туркман аёллари ва эркаклари Ўзбекистонда чиқадиган ширинликлар, пластик идишлар ва сопол буюмларни олишаётганди. «Илонлидан келдим», - дейди анъанавий узун туркман либосидаги аёл.

"Менинг барча туғишганларим Ўзбекистонда, ўзим эса 1956 йилда Дошовузга ўтиб қолганман", - дейди бир онахон. У қариндошлари билан шу ерда кўришибди, лекин бир марта Туркиядан депорт бўлгани учун бозордан Хоразмга чиқа олмас экан. "Икки президентнинг жони соғ бўлсин", дея дуо қилади у.
Бозорда, кам бўлса-да, савдо бўляпти. Бир дўкондор Шовотдаги уй фабрикасида ишлаб чиқарилган пойафзал ва кийим-кечакларни сотяпти.
Бозорнинг бу қисми Ўзбекистон томонида бўлса ҳам, унда икки давлатнинг ҳам пул бирлигини қўллаш мумкин. Маҳсулотлар эса импорт эмас, Ўзбекистонники бўлиши керак, аксинча божхонадан ўтказилмайди.

Ўзбекистонни тарк этиб, Туркманистон ҳудудидаги бозорга ўтаман. Чегарадан ўтиш жараёнини тасвирга олиш мумкин эмас, камера ҳам тақиқланган. Қисқа музокаралардан сўнг кичик камерамга рухсат берилди, лекин формали ходимларни суратга олмаслик уқтирилди. Бозорга кирганимда эса афтидан формасиз хавфсизлик ходимларининг назарига тушдим ва улардан бири биздан бозорни видеога олмасликни сўради. Бир дўкондор ҳатто бу ерда видеога олиш 5 миллион манат (17 миллион сўм) жарима билан жазоланишини айтди.
Бу ёқда улгуржи савдо анча қизиган экан, хоразмлик савдогарлар арзон туркман маҳсулотларини ўраб ётишганди. Уларга кунига 60 килограм туркман маҳсулотини Ўзбекистонга олиб ўтишга рухсат бор. Менга айтишларича, бошида ўсимлик ёғи арзонлигидан, уни Ўзбекистонга шу қадар кўп олиб ўтишганки, энди сотилиши тўхтатилибди.
Майли, савдони қўйиб турай, узоқ кутилган учрашувимнинг вақти келди.
Мен фақат Илҳомни кўраман деб ўйласам, Дошовуздаги бошқа кўплаб қариндошларим ҳам келишибди. Болаликда қарийб ҳар ҳафта кўришадиган, тўй-маракаларни биргаликда ўтказадиган яқинларим йилларки чегара ортида биздан узилиб қолишган.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Яқинларим билан айрилиқда ўтказилган йилларни муҳокама қилиб, гапимиз тугамайди. Афсуски, Ширин аммам яқинда оламдан ўтди, Ўзбекистондан ҳеч ким жанозага бора олмади. Унинг ўғли Илҳом эса энг катта ўғлига, менга ўхшасин деб, Ибрат деб исм бергани ҳам мен учун кутилмаган воқеа бўлди.
Узун столимиз атрофида Моноқда яшайдиган катта амаким Жумамурот оғам, ёнида бобомнинг Дошовузда яшайдиган жияни Бахтиёр оғам. Бу амакиваччалар бир-биридан атиги бир неча дақиқалик масофада яшасалар-да, кўп йилларки кўриша олишмаган. Бахтиёр оғамни охирги кўрганимда мен 10 ёшларда эдим. Оёқлари оғришидан узоқ масофага юра олмай қолибдилар.
Дошовузнинг ўзида, охирги чамаларга кўра, 500 мингга яқин этник ўзбеклар яшайди. Туркманистонда ўзбеклар - иккинчи энг йирик этник гуруҳ. Уларнинг яшаш тарзи ҳақида кўп ҳам гапира олмайман, айнан уларнинг хавфсизлиги учун. Лекин нафақат чегаралар, балки интернет орқали алоқа ҳам қийин бўлган мамлакатда яшашни ўзингиз ҳам тасаввур қилсангиз керак. Мен улар билан ҳатто интернет ёки телеграм орқали ҳам боғлана олмагандим.
«Чегарадан йиғлаб қайтдик»
Қариндошлар билан учрашувнинг эртасига, Жумамурот амаким учун бу учрашувнинг аҳамияти қандай бўлганини билай деб яна Моноққа йўл олдим. Йўл четини томоша қилиб кетарканман, оппоқ қатламни кўраман. Бу – туз. У эсимни таниганимдан бери бор. Хоразм воҳасида ер ости сувлари юзага жуда яқин жойлашган ва уларнинг таркибида туз миқдори юқори. Қуриган Орол денгизи тубидан шамол орқали кўтариладиган туз ва чанг зарралари ҳам атрофдаги экин майдонларига, шу жумладан Хоразм ерларига келиб ўтиради. Хоразмлик деҳқонлар унумдорликни сақлаб қолиш учун ҳар йили баҳорги экишдан олдин ер шўрини ювадилар, яъни ерга кўп миқдорда сув тараб, тузни оқизиб юборадилар. Атрофдаги ажойиб экинзорлар, одамларнинг томорқа боғларига қараб, бунинг ортида шунча меҳнат ётганини илғаш қийин.
Bu xalqlarni shunday ajratdilarki, Gestapo ham bunday qilmagandir, deb o'ylaysan.
Кун бугун жуда иссиқ. Жумамурот оғам мени кутиб, айвонида мизғиб ётган эканлар.
Тушлик қилгач, улардан кечаги учрашувдан таассуротларини сўрайман.
«Кўп вақтдан бери учрашолмай юргандик. Ўзимдан катта опам – Ширин опамнинг жанозасига боролмадик. Оғайни, қариндошларни кўриш истагим бор эди. Ҳар ҳолда, йўқдан яхши бўлди. Улар ҳам соғинган экан. Қани энди, аввалгидек ўта олсак, ўзи 15 дақиқалик йўл у. Чегара тарафида ўзи бир халқ, икки халқ эмас. Бир халқни иккига бўлиб қўйибдилар. Ўзим билан бирга ишлаган одамларнинг яқинда бирининг акаси, бирининг синглиси оламдан ўтди, иккови ҳам бора олмади», - дейди амаким.
«Наҳотки, яқиним вафот этди, деган бир қоғоз бўлса-да, ўтказмаса?»
«Ўтказмайди. Сапарбой акам ўлганида, чегарага бордик. Ўзбекистон чегарачилари ўтказишди, лекин у ёқдагилар сизни ўтказмайди дейишди. Туркман аскарларига «ҳеч бўлмаса, икки соат беринг», десак ҳам, йўқ дейишди. Чегарадан йиғлаб қайтиб келдик. Визани олиш учун эса Тошкентга бориш керак. У ҳам 10 кунда, баъзида 15-20 кунга чўзилиб кетади. Лекин, ундай маракалар кутиб турмайди-ку одамни."
Ота қабрини зиёрат қила олмаётган дўстим
Кеча чегарадаги бозорга борганимда, мен билан Шовотда ёнма-ён уйда туғилиб ўсган жўрам Баҳодир ҳам келганди. Унинг ҳаёти Дошовузга меникидан анча яқин – унинг марҳум ота-онаси дошовузлик, тўйлари ҳам Дошовузда бўлган, сўнг Шовотга жойлашиб оила қурганлар. Баҳодирнинг аксар қариндошлари чегаранинг нариги тарафида.

Кеча у амакиси билан кўришганида, у Туркманистондан бозорга келиш учун ҳам талаб қилинадиган рухсатномасини кўрсатди. Бундай рухсатномани олиш учун Туркманистондагилар маҳаллий ҳокимиятга мурожаат қилишлари керак экан. Баҳодирнинг бошқа қариндошлари учун бу рухсатнома чиқмай қолибди ва амакиси якка ўзи келибди.
Баҳодирнинг дадаси Қуронбой ака Довошузда дафн қилинган, лекин ўлим ҳужжатига фамилияси бошқача ёзилиб қолгани сабаб у виза учун ота қабри зиёратини сабаб қилиб кўрсата олмаяпти.
«Охирги марта 2001 ё 2002 йилда ўтгандим дадамнинг қабрини зиёрат қилишга. У вақти визасиз ўтса бўларди. Ҳозир мен, масалан, амакиларимнинг невараларини танимайман. Кўрмаганман ҳам. Шу ерга ўтиб келиб қолишса, кўчада кўрсам танимайман... Авваллари кўп борардик, бир кўча тўла қариндошлар, бириникидан иккинчисига чиқиб, кун ўтганини билмай қолардик», - деб эслайди Баҳодир.
Ҳозир бир йўли туристик виза билан бориш экан, дейди у. «Унда ҳам тўғри қариндошларинг уйига боролмайсан, гид ёллаб, туристик маршрут бўйича юрасан ва меҳмонхонада турасан.»
Туркман қурувчилар
Туркманистон чегараси, ҳозир қанчалар ёпиқ бўлмасин, ундан қариндошлар ёки маҳсулотлардан ташқари, ҳатто меҳнат мигрантлари ҳам ўтаётганини эшитдим. Яъни Туркманистондан аҳоли келиб Ўзбекистонда ишлаётгани мен учун янгилик бўлди. Ҳатто янги қурилаётан «Шовот Сити»да ҳам кўп қурувчилар туркманистондан дейишди.

Танишларим орқали туркман қурувчиларнинг бригадирининг исмини топдим. Қурвансаат деган йигит. Қурилиш майдонига киришим биланоқ биринчи учратган қурувчим ҳам Туркманистондан бўлди. Аммо уларни гапиртириш осон иш эмас.
Қурувчи йигитдан қаерданлигини сўрайман. У Туркманистонлик ўзбек эмас, Мари вилоятидан келган туркман экан. Маридан Шовотгача 500 километрча йўлни босиш керак.
У сим қоқиб Қурвансаатни чақирди. Қурвансаат етиб келгач, камерага уни олмаслигимни сўради, лекин қурувчилар шароитларини кўрсатишга рози эканини айтди. У ҳам Маридан экан.
«Маридан, Дошовуздан 30 тача бола бор бу ерда», - дейди у.
«Ойликлари яхшими?»
«Яхши, 5 миллиондан 8 миллионгача олишади, кунига ва соатига қараб. Баъзилар 9 миллион ҳам ишлаб топади.»
Шовотда мен суҳбатлашган таксичига кўра, туркманистонлик меҳнат муҳожирларининг келиши кўпайган. «Мен чегарадан уларни Бухоро, Самарқандларгача олиб бордим. Кафеларда ишлар эканлар», - дейди у.
"Кафеда ишлаш учун шунча йўлга боришарканми? Қанча ишлаб топишаркан?»
«Ҳа-да. 600-700 доллар ишлаб топамиз дейишди. Бирининг айтишича, унга Туркманистонда 100 доллар бир ой яшашга етар экан. Бизнинг пулимиз улар учун қадрли, биздан бу пул етмайди.»
Уч кунлик рухсат
Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида 2004 йил кучга кирган битимга кўра, икки давлатнинг чегарабўйи вилоятларида яшовчи аҳоли чегара оша бир ойда бир марта визасиз ўтишлари ва кўпи билан уч кун бўлишлари келишилганди.
Маҳаллий аҳолининг айтишича, бу келишув бир қанча вақт амалда бўлди, сўнг тўсатдан тўхтатилди.
Унинг қачон ва нега тўхтатилгани борасида ҳеч бир томон расман эълон қилмаган.
Шовотлик адвокат Умрбек Бакиев бу келишувнинг тақдири нима бўлганини билиш учун Шавкат Мирзиёев президентлигининг илк кунларида унинг порталига мурожаат қилган.

Сурат манбаси, president.uz
«Битимдаги бир моддада агар қандайдир форс-мажор, фавқулодда вазият юз берадиган бўлса, икки томондан бири чегарани ёпиб қўйиши мумкинлиги белгиланган. Мен «шу уч кунлик рухсат олдин бор эди, ҳозир нима бўлди унинг тақдири» дея сўровнома юборганимда, маъсул ташкилот менга шундай модда борлиги ва шу сабаб ёпилган бўлиши мумкинлигини айтишган. Улар ҳам аниқ билмаган. Сўровим Хоразм вилоятидаги қайсидир ташкилотга йўлланган. Ўшалар жавоб берган менга», - дейди адвокат.
Умрбекнинг ўзи ҳам хоразмлик туркманлардан. Унинг отаси Шовот туманининг Чўдирлиқ қишлоғида яшовчи чўдир туркманларидан келиб чиққан. Умрбек Туркманистонга бешта аммаси келин бўлиб тушгани ва уларнинг оилалари билан борди-келди қийин бўлиб қолганини айтади.
"Энди янги бозор қурилгани яхши қадамми", - деб сўрайман ундан.
"Бозор очилгани яхши қадам бўляпти. Савдо йўлга қўйиляпти. Бу яхши. Лекин, ҳозир Туркманистон фуқаролари бозорга келиш учун махсус рухсатнома олишлари керак. Бошида ўтқазиб турганди бу ёққа, ҳозир ўтқазмаяпти. Шунинг учун, у ёқдан фуқаролар келиши тўхтаб қолган. Бу нарса қариндошлар алоқаларига ҳам таъсир қиляпти, ва савдога ҳам таъсир қиляпти. Ўзбекистон маҳсулотларини олиб кетадиган туркманлар камайган.»
Қандай бўлмасин, хоразмликлар янги бозорга шукур қилишяпти. Кўплар Ўзбекистон ҳукумати томонидан чегарани очиш ёки юмшатиш йўлида қилинаётган ҳаракатларни олқишлашяпти.
Баъзилар «майли, савдо бўлмасин, лекин ҳеч бўлмаса яқинларнинг бир-бирини бориб кўришларига йўл очиб беришсин», дейишяпти. Улар бу кунларни орзиқиб кутиб яшаяптилар.
Лекин, умр ўтиб боряпти. Одамлар ҳам.
Мен ҳам ўша куни Илҳом билан хайрлашар эканман, кейинги учрашувимиз яна 40 йилдан кейин бўлмасин дея ҳазиллашдик.






























