Ўзбекистон ва Тожикистон энди иттифоқчи, халқаро ташкилотлар президентни ҳақоратлашда айбланган "психушка"даги блогерни озод этишга чақирди ва ўзбекистонликлар "бахтли миллатлар" қаторидан ўрин олди – дайжест
Куннинг энг долзарб хабарлари билан дайжестимизда танишинг.

Сурат манбаси, President's press service
31 март куни Ўзбекистон ва Тожикистон расман иттифоқчи давлатларга айланган.
Шу куни Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистон ташқи ишлар вазирлари икки мамлакат ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг кучга кириши ҳақидаги баённомани имзолаган ва ратификация ёрлиқларини алмашган.
Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон ушбу шартномани ўтган йили 18 апрель куни Душанбеда ўтган икки томонлама саммитда имзоланган эди.
31 март куни Мирзиёев Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон президентларининг уч томонлама учрашувида иштирок этиш учун Хўжандга борган.
Аэропортда уни шахсан Раҳмоннинг ўзи кутиб олган.
Қўшнилар муносабатини янги босқичга олиб чиққан олий даражадаги учрашувда уч мамлакат давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома ҳам имзоланган.
Шунингдек, давлат раҳбарлари уч мамлакат чегаралари туташган ерда Дўстлик стелласини тантанали равишда очиб берган.
"Ушбу ёдгорлик қардош мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганининг янги рамзи бўлади", маълум қилган Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.
"Блогерни озод қилинг"

Сурат манбаси, Facebook/Valijon Kalonov
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форуми ва Human Rights Watch ташкилотлари 2021 йилдан бери психиатрия шифохонасида сақлаб келинаётган блогер Валижон Калоновни зудликда озод этишга чақирган.
Ташкилотлар, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати блогерга товон тўлаши ҳам кераклигини таъкидлаган.
28 февраль куни БМТ экспертлари расмий Тошкентга нисбатан ўхшаш чақириқ билан чиққан эди.
"Валижон Калоновнинг психиатрия шифохонасида мажбуран ушлаб турилиши унинг ҳукумат сиёсатини танқид қилгани учун ўч олинишдан бошқа нарса эмас. Калонов зўравонликка чақирмаган, зўравонлик билан таҳдид қилмаган ёки кимгадир хавф солмаган", деган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форуми директори Умида Ниёзова эълон қилган қўшма баёнотда.
1969 йилда дунёга келган жиззахлик блогер ижтимоий тармоқда Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан танқидий чиқишлари, шунингдек, Хитойнинг уйғурларга нисбатан сиёсатига қарши постлари билан танилган эди.
Шундай чиқишлари ортидан 2021 йил апрель ойида Калоновга нисбатан жиноят иши очилгани маълум бўлганди.
Ўшанда, Жиззах вилояти прокуратураси блогер "Ўзбекистон президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг жамоатчиликка нотўғри талқин қилиб, давлат раҳбарининг обрўсига путур етказиш ва камситувчи маълумотларни тарқатиб келгани"ни билдирганди.
Кейинроқ – 2022 йил февралида инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов жиззахлик блогер Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айблангани ҳамда суд тиббиёт экспертизаси томонидан ақлий носоғлом деб топилиб, Самарқанд шаҳридаги 1-сонли психатрия шифохонасига мажбурий даволаш учун юборилганини хабар қилган.
ЖКнинг 158-моддаси 3-қисмида "Ўзбекистон президентини омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек, матбуот ёки бошқа оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникация тармоқларидан ёки Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда уни ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш" ҳақида сўз боради.
31 март куни қўшма баёнот эълон қилган халқаро ташкилотларининг таъкидлашича, бу Ўзбекистон ҳукуматининг танқидчи фаолларга нисбатан мажбурий руҳий даволаниш жазосини илк бор қўллаши эмас.
"Ўзбекистон ҳукумати танқидчиларнинг оғзини ёпиш ва обрўсизлантириш мақсадида асоссиз руҳий экспертизалар ҳамда мажбурий психиатрия муолажаларини қўллаши илк бор кузатилмаяпти. Калоновнинг ҳибсга олиниши ҳам шу каби ҳолатлар изчил такрорланаётганидан далолат бўлиб, аввалги вазиятларда ҳам фаоллар давлат буюртмаси билан ўтказилган суд-психиатрия экспертизаси асосида нотўғри равишда руҳий касаллик ташхиси билан сиқувга олинган", дейилади баёнотда.
"Марказий Осиёда сил кўрсаткичи ортмоқда"

Сурат манбаси, U.S. Embassy in Uzbekistan
Марказий Осиё ва Кавказ сил касаллигидан энг кўп азият чекаётган ҳудудлар сифатида эълон қилинди – у ерда силга чалиниш кўрсаткичлари тобора ошиб бормоқда, дея хабар беради Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ).
ЖССТ 24 март куни эълон қилган Европа ва Марказий Осиёда сил касаллиги билан боғлиқ ҳолатга оид ҳисоботда собиқ Совет давлатларидан Россия, Украина, Ўзбекистон ва Қозоғистон текширувда иштирок этган барча давлатлар орасида "сил касаллиги" энг кўп қайд этилган ўлкалар сифатида кўрсатилган.
Ҳисоботда силнинг тарқалганлик даражаси (ёки умумий аҳоли сонига нисбатан ҳисобланганда сил касаллиги кўрсаткичи) энг юқори бўлган давлат Қирғизистон экани айтилади: бу ерда ҳар 100 минг аҳолига 112 та касаллик ҳолати тўғри келади.
Озарбайжон, Тожикистон ва Қозоғистонда ҳам нисбатан юқори кўрсаткичлар аниқланган.
Марказий Осиёдаги барча давлатлар ҳисоботда – сил касаллиги тарқалиши даражасини ҳисобга олганда – "устувор аҳамиятга эга давлатлар" дея қайд этилган бўлиб, минтақада сил касаллиги кўрсаткичи ҳар 100 минг аҳолига 46 ёки ундан юқорироқни ташкил этгани айтилмоқда.
ЖССТ мазкур ҳисоботни тузишда 2023 йилги маълумотларга асосланган.
Кавказдаги уч давлат – Арманистон, Озарбайжон ва Грузия ҳам ЖССТ ҳисоботида "устувор давлатлар" рўйхатига киритилган. Бироқ Арманистонда сил касаллиги даражаси (ҳар 100 минг аҳолига 25 та ҳолат) белгиланган мезондан пастроқ экани қайд этилган.
"Ўзбекистонликлар – бахтли миллат"

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Авторитар сиёсий тузумга эга бўлишига қарамай, Қозоғистон ва Ўзбекистон Евроосиёдаги энг бахтли аҳоли сонига эга давлатлар деб топилди.
Бу ҳақда "Дунё бахт ҳисоботи 2025" (World Happiness Report 2025)да сўз боради.
Ҳисоботда глобал миқёсда 147 давлат фуқароларининг кайфияти "ғамхўрлик ва эътибор" мезонлари нуқтаи назаридан баҳоланган.
Тадқиқот доирасида "ғамхўрлик" (бировга яхшилик, хайрия қилиш каби кўрсаткичлар), оила муносабатлари, ижтимоий ҳамжиҳатлик ҳамда субъектив фаровонлик каби омилларни ўрганиш асосида бахтли миллатлар рейтинги тузилган.
Қозоғистон ва Ўзбекистон ушбу сўровга киритилган Евроосиё давлатлари орасида энг юқори натижаларга эришиб, 147 давлат орасида мос равишда 43 ва 53-ўринларни банд этган.
Гарчи кўнгилли фаолият (волонтёрлик) бўйича рейтингда анча паст ўринларни эгаллаган бўлсада, ҳар икки мамлакат ҳам хайр-эҳсон ва одамгарчилик бобида нисбатан яхши кўрсаткич қайд этган.
Финляндия, Дания ва Исландия ҳисоботда дунёнинг энг бахтли миллатлари сифатида ўрин олган.





























