You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Нега ёшлар орасида 11 хил саратон кўпаймоқда? Англияда сабаблардан бири аниқланди
- Author, Жеймс Галлахер
- Role, Соғлиқни сақлаш ва илм‑фан бўйича мухбир
- Published
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Кенг миқёсли таҳлил кўрсатишича, Англияда ўн бир турдаги саратон ёшлар орасида тобора кўпроқ учрамоқда.
Саратон касаллиги даражаси нима учун ўсиб бораётгани сабаблари ҳозирча мавҳум қолмоқда.
Бироқ тадқиқот кўрсатишича, гарчи бу ягона сабаб бўлмаса-да, одамларнинг ўнлаб йиллар давомида борган сари кўпроқ семизликка мойил бўлиб бораётгани бунда маълум рол ўйнаши мумкин.
Саратон тадқиқотлари институти ва Лондон Империал коллежи олимлари таъкидлашича, ёшларда саратон ҳали ҳам кам учрайди ва ҳар бир киши соғлом турмуш тарзига амал қилиб, касаллик хавфини камайтириши мумкин.
Нима учун саратон ўсмирлар, 20, 30 ва 40 ёшлилар орасида кўпайиб бораётгани олимларни йилларча ўйлантириб келади.
Портсмутлик Бредли Кумбс ичак саратонидан вафот этганида атиги 23 ёшда эди. Унинг онаси Кэролайн Маусдейлнинг айтишича, ўғлида ичак саратонининг кўплаб хавфли белгилари бўлганига қарамай, шифокорлар уни бу касалликка чалиниш учун жуда ёш деб ҳисоблаган.
Онасининг айтишича, у "чинакам соғлом ва бақувват йигит" бўлиб, ярим профессионал футбол шартномасини имзолаш арафасида ва ҳаётдан завқ олиб яшаётган эди. Уни хавф остига қўядиган ҳеч қандай аниқ сабаб йўқ эди, дейди у.
Аммо университетнинг биринчи курсидан сўнг у кескин оза бошлаган ва қорнида оғриқ пайдо бўлган. Кейин эса ич кетиши ва ахлатда қон кўринган.
Касалликка ташхис қўйиш учун 18 ой вақт кетди. У колоноскопия, яъни ичакларни видео-текширувдан ўтказганида, ўсимта шунчалик катталашиб кетган эдики, у камеранинг ичкарига киришига тўсқинлик қилган.
Жарроҳлик амалиёти ва кимётерапия ўсимтанинг ўсишини тўхтата олмади ва Бредли вафот этди.
"Ҳар бир ота-она сингари мен ҳам футбол унинг орзуларини рўёбга чиқаради, ажойиб ҳаёт кечиради, деб ўйлагандим. Аммо бу имконият ундан тортиб олинди, чунки ичак саратони ўз вақтида аниқланмади", дейди Кэролайн.
Бирор одамда нима учун саратон ривожланганини камдан-кам ҳолларда аниқ билиш мумкин. Бироқ бир гуруҳ олимлар бирор қонуният топиш мақсадида саратон ва турмуш тарзимиздаги тенденцияларни ўрганиб чиқишди.
Улар ичак саратонидан ташқари, қалқонсимон без, кўп сонли миелома, жигар, буйрак, ўт пуфаги, ошқозон ости бези, бачадон шиллиқ қавати (ёки эндометрий), оғиз бўшлиғи, кўкрак ва тухумдон саратони ҳам кўпайиб бораётганини кўрсатди.
• Ичак ва кўкрак саратони ёшлар орасида энг кўп тарқалган бўлиб, йилига жами 11500 та ҳолат қайд этилади, ошқозон ости бези ва ўт пуфаги саратони эса анча кам учрайди.
• Фақат ичак ва тухумдон саратони айнан ёшлар орасида кўпайган, қолган тўққиз турдаги саратон эса кекса ёшдагилар орасида ҳам ортган.
Саратон тадқиқотлари институти ва Лондон Империал коллежи ўтказган тадқиқотда саратон хавфини ошириши аллақачон маълум бўлган хулқ-атвор шакллари ҳам таҳлил қилинди.
Аммо таҳлил чекиш, спиртли ичимликлар истеъмоли, жисмоний фаоллик даражаси, қизил ва қайта ишланган гўшт истеъмоли ҳамда толали овқатлар кам таомлар сони каби кўрсаткичлар яхшиланаётгани ёки ўзгаришсиз қолаётганини кўрсатди.
Бу хулқ-атворларнинг барчаси саратонда рол ўйнаса-да, касаллик нима учун кўпайганини изоҳлаб бера олмайди.
Ҳисоботда айтилишича, саратоннинг кўпайишига мос келадиган ягона маълумот 1990-йиллардан бери ўсиб келаётган ортиқча вазн ва семизлик даражасидир.
Ортиқча ёғ тўқимаси организмдаги инсулин каби гормонларни ўзгартиради ва бу саратон хавфига таъсир қилиши мумкин, деб тахмин қилинади.
Бироқ, бу ҳам тўлиқ жавоб эмас.
Масалан, тадқиқотчилар ҳисоб-китобларига кўра, ичак саратонида ҳар 100 та янги ҳолатнинг 20 таси ортиқча вазн туфайли келиб чиқиши мумкин, 80 тасининг сабаби эса ҳануз номаълум.
Тадқиқотчилар таъкидлашича, фақат "қўшимча" ҳолатларнинг эмас, балки барча саратон турларининг олдини олиш муҳим. Ҳисоб-китобларга кўра, дунё бўйлаб чекмаслик каби зарарли турмуш тарзини ўзгартириш орқали саратон касалликларининг қарийб 40 фоизи олдини олиш мумкин.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
"Ёшлар орасида саратон кўпаяётгани ҳақидаги хабарни эшитиш жуда ташвишли", дейди Саратон тадқиқотлари институти профессори Монтсеррат Гарсия-Клосас Би-би-сига.
"Шундай бўлса-да, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш орқали саратон хавфини камайтириш мумкин – масалан, жисмоний фаол бўлиш ва соғлом вазнни сақлаш".
Тадқиқотчилар, шунингдек, ёшлар орасида саратон кўпаяётган бўлса-да, бу кўрсаткич кекса ёшдаги беморлар сонидан анча паст эканлигини унутмаслик муҳимлигини айтишди.
Уларнинг сўзларига кўра, ҳар йили 1000 нафар ёш одамдан (20, 30 ва 40 ёшдагилар) бирига саратон ташхиси қўйилса, кекса ёш гуруҳларида (50, 60 ва 70 ёшдагилар) бу кўрсаткич ҳар 100 кишидан бирига тўғри келади.
Бошқа хавф омилларини излаш давом этмоқда. Лондон Империал коллежи профессори Марк Гантернинг айтишича, ўта қайта ишланган озиқ-овқатлар, "абадий кимёвий моддалар" ва антибиотиклардан фойдаланиш ҳақида баҳслар бор, бироқ у "биз билмайдиган нарсалар кўплигини" қўшимча қилди.
Шунингдек, ширин ичимликлар, яллиғланиш, ҳаво ифлосланиши, ичак бактериялари ва бегона ўтларга қарши воситалар ҳам эҳтимолий сабаблар сифатида тилга олинган.
Саратонни аниқлаш усуллари такомиллашуви унинг ёшроқ даврда кўпроқ аниқланишига олиб келаётгани ҳам ўрганилмоқда.
Тадқиқот натижалари BMJ Oncology журналида эълон қилинган.