Дунё нигоҳи Ўзбекистон сукукига қадалган

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Халқаро молия янгиликлари орасида Ўзбекистон ўзининг сукукини чиқариши ҳақидаги хабар Исломий молия иштирокчиларининг қизиқишини орттирди. Ҳам мамлакат ичкарисида ва ҳам хорижда Ўзбекистоннинг илк исломий облигациялари муомалага чиқарилишини ва уларни харид қилишни кўзлаб турганлар жуда кўп.

Қизиқиш ортишига Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси 29 июл куни «Капитал бозори тўғрисида»ги янги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилгани сабаб бўлди.

Лойиҳа ҳали иккинчи ва учинчи ўқишларда кўриб чиқилиши талаб қилинади.

Шундан кейин расман қабул қилиниши, Сенат маъқуллови ва президент имзолашидан ўтиши керак бўлади.

Бу сукук чиқарилиши учун Ўзбекистонда ҳуқуқий асос яратилиши бўлади.

Сукук нима?

Ўзбекистонда исломий молия саводхонлигини ошириш билан узоқ йиллардан буён шуғулланиб "Ислом молияси" веб-нашри Телеграм каналида сукукни шундай тушунтиради:

"Сукук қимматли қоғозларнинг исломий тамойилларга мос келувчи тури бўлиб, маблағларни жалб этишда ва инвестиция киритишда облигацияларга эквивалент сифатида фойдаланилади. Ғарб олим ва мутахассислари сукукни облигациянинг шариатга мос келувчи бир тури сифатида талқин қилишади. Яқин шарқ ва Жануби-шарқий Осиёда уни қимматли қоғозларнинг алоҳида тури эканлигини таъкидлашади. Биз ҳам ушбу иккинчи ёндашувни қўллаб қувватлаган ҳолда фикримизни давом эттирамиз.

Сукук – ("сакк"нинг кўплиги, араб тилидан акт, ҳужжат, чек) инвестицион фаолият ёки унинг активига нисбатан эгалик ҳуқуқидаги улушини кўрсатувчи шариат тамойилларига асосланган эмиссиявий қимматли қоғоз бўлиб, турига кўра фойда ва зарарга шерикчиликни ифодалайди, қайтарилиши (тўланиши, сўндирилиши) ва фойда даражаси лойиҳа хатарига асосланади.

Соддароқ қилиб айтганда, сукуклар оддий акция ва облигацияларнинг айрим жиҳатларини ўзида мужассамлаштирган ислом қимматли қоғози ҳисобланади. Сукук чиқарувчи уни сармоядорларга сотади ва ундан тушган пул маблағларини маълум бир лойиҳани молиялаштиришга йўналтиради. Сармоядор ва сукук чиқарувчи (эмитент) ушбу лойиҳа фойдасидан манфаатдор ҳисобланади ва соф фойда аввалдан белгиланган улушда тақсимланади".

Ўзбекистон сукукига нега қизиқиш кучли?

Ҳали Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йиллариданоқ фақат исломий молия талаблари асосида сармоя киритиш истагидаги хорижлик пулдорлар кўп бўлган.

Аммо Ўзбекистон банк тизими исломий молия талабларига жавоб бермас, исломий молия ҳуқуқий асослари яратилмаган эди.

Шу йил бошидан бу йўналишда сезиларли қадамлар қўйилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 27 март куни Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини очишга бағишланган қонунни имзолади.

Июл ойи бошидан кучга кирган қонунга мувофиқ, 2026 йили Ўзбекистондаа камида битта тижорат банкида исломий "дарча" фаолиятини йўлга қўйиш, 2026-2030 йилларда тўлиқ исломий банк фаолиятини амалга оширадиган иккита банк ташкил этиш режалаштирилган.

"Капитал бозори тўғрисидаги" қонун қабул қилиниши билан Ўзбекистонда сукук чиқариш учун алоҳида ҳуқуқий асос замини яратилади.

Шу вақтгача исломий молияси тамойиллари асосида йирик лойиҳаларни молиялаштириш имконияти чекланган, янги қонун қабул қилиниши билан, "Ислом молияси" экспертларига кўра:

  • маҳаллий ва хорижий сармоядорларни жалб қилиш имконияти кенгаяди;
  • Яқин Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари(GCC)дан сармоя кириб келиши тезлашади;
  • инфратузилма, энергетика ва транспорт соҳалари учун қўшимча маблағ манбалари пайдо бўлади;
  • Ўзбекистон Марказий Осиёдаги ислом молияси марказларидан бирига айланиши мумкин.

Ўзбекистонда исломий банк фаолияти учун зарур инфратузилмани яратиш ҳақидаги Президент Шавкат Мирзиёев қарори 2018 йили эълон қилинган, охирги йилларда бу мақсаддаги ҳаракатлар суст бораётгани ҳақидаги танқидлар ҳам билдирилди.

"Дунёда 4 триллион долларлик бозор очиқ турипти. Бу бозор Ўзбекистон очилишини кутаяпти, холос", дейишди соҳа билимдонлари.

Дунёдаги ҳалол молиявий маҳсулотларни солиштириш ва танлаш учун мўлжалланган платформа - HalalWalletнинг сўнгги тадқиқотига кўра, жами исломий молия активлари 4,5 триллион доллардан ошган.

Исломий молиявий хизматлар бўйича халқаро кенгаш (IFSB) маълумотига кўра, 2024 йилда жаҳон исломий молия активлари 3,88 триллион долларга етган, йиллик ўсиш 14,9% ни ташкил қилган.

Манбалардаги фарқ методологиялар турличалиги билан изоҳланади.

Аммо умумий ҳолат қуйидагича: исломий молия активлари 2024–2026 йиллар оралиғида 3,9 – 4,5 триллион доллар атрофида ўсган.

Шунинг учун Ўзбекистон қанчалар тез исломий молия бозорига очилса, шиддат билан ривожланиб бораётган бозор манфаатларидан тезроқ фойда кўради.