Сиз ушбу сайтнинг камроқ интернет сарфлайдиган, фақат матндан иборат версиясини кўрмоқдасиз. Барча суратлар ва видеоларни ўз ичига олган сайтнинг асосий версиясини кўринг.
Россия-Толибон келишуви: Ўзбекистон ва минтақа хавотирланиши керакми? Видео
Россия яна ҳеч ким қилмаган ишни қилди.
Афғонистондаги Толибон ҳукумати билан ҳарбий ҳамкорликка ҳам борди.
Дунёнинг эътиборини яна ўзига қаратди.
Аммо ҳеч бир томон янги келишув тафсилотларини очиқламади.
Москва ниманинг режасида?
Толибон-чи, бундан нимани кўзлаяпти?
Бу икковлон ўртасидаги янги битим Ўзбекистон ва минтақа учун нимани англатади?
Бунга Ғарбнинг жавоби қандай бўлади:
Афғонистонда икки глобал ядровий қудрат манфаатлари тўқнашадими?
Ўзбекистон, минтақага ҳам чегарадош Афғонистон яна беқарорлашадими?
Мавзу таҳлили DIQQAT BBC дастуримизнинг махсус сонида.
Видеони кўриш учун илова қилинган линкни босинг:
Янги режами?
Россия устма-уст кутилмаган қадамга борди.
Афғонистондаги ҳукуматини тан олишидан бир йил ўтмай, расман Толибоннинг ҳарбий ҳамкорига ҳам айланди.
Яна дунёдаги ҳеч бир давлат қилмаган ишни қилди.
Россия глобал ядровий ва ҳарбий қудратлардан бири.
Шу кунларда Толибон Афғонистонда қудратга қайтганига роппа-роса беш йил тўлади.
Аммо шу вақт оралиғида Афғонистонда унинг ҳукуматини фақат ва айнан Россиягина расман тан олган, холос.
Толибон эса яқин-яқингача минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ саналган.
Жангарилари ва тарафдорлари сони бир неча юз мингга нисбат берилган.
Ҳаракат "Ал-Қоида" каби глобал жангари тармоқлар билан ҳам иттифоқчилик қилган.
Ўз вақтида илдизлари Фарғона водийсига бориб тақалувчи Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг ҳам яқин иттифоқчиси бўлган.
Марказий осиёликлар ИШИДнинг Хуросон қаноти бўладими ёки бошқа, Афғонистондаги турли жангари гуруҳлар сафларида ҳам жанг қилишган.
Шундай экан, Москва бугун ниманинг режасида?
Алишер Илҳомов
Халқаро таҳлилчи, Лондон
Алишер Илҳомов: Менимча, бу ерда камида икки хил жиҳатни инобатга олиш керак. Хўш, аввало, минтақадаги вазиятдан келиб чиқиб, бунинг геосиёсий жиҳатлари бор. Бу ўзига хос уч томонлама қадам ёки истанг, ташаббус.
Ҳиндистон омили
Алишер Илҳомов: Бир томондан, Афғонистоннинг Покистон билан зиддиятда эканлигини биласиз. Россия томонининг қуроллари эса Афғонистонга бу можарони давом эттириш ёки унга дош беришида ёрдам бериши мумкин. Бу, ўз навбатида, Покистон манфаатларига зид келади. Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар эса танг. Худди шу нарса ҳисобга олинса, бу, маълум маънода, Ҳиндистоннинг манфаатларини қониқтиради. Яъни, билвосита айтганда, Ҳиндистонга қўл келади. Бу асосийси бўлмаса-да, афтидан, кўзда тутилган, ўз ўрнига эга омил ва жиҳатлардан бири бўлиши мумкин.
Эрон омили
Алишер Илҳомов: Иккинчи жиҳати Эрон билан боғлиқ бўлиши мумкин. У эҳтимолий ҳарбий ҳамкорлик ниқоби остида кечмоқда. Кўринишидан, қандайдир канал – масалан, ҳарбий техникани ўзаро етказиб бериш механизми йўлга қўйилмоқда. Айни пайтда Эрон бунга кўпроқ эҳтиёж сезаётган бўлиши мумкин. Россия "Шаҳид" дронлари таъминоти масаласида Эрондан қарздор. Бундан муҳим иттифоқчини йўқотмаслик учун бу қарзни қандайдир тарзда қайтариши керак. Бу эса, ўз навбатида, Америка Қўшма Штатларига босим ўтказиш учун ўзига хос ричаг, яъни дастак вазифасини ҳам ўтайди. Расман олганда, Россия қандайдир бетарафликни сақлаб турибди. Бироқ, умуман олганда, унга Трамп маъмуриятига нисбатан қандайдир таъсир ўтказиш воситалари керак.
Марказий Осиё омили
Алишер Илҳомов: Бу ерда эътибор қаратилаётган учинчи йўналиш – Марказий Осиё ҳам бўлиши эҳтимоли йўқ эмас. Маълумки, Ўзбекистон ҳозирда Афғонистон ҳудуди орқали ўтадиган ва денгизга чиқиш имконини берувчи жанубга йўналтирилган логистика йўлагини яратишга фаол ҳаракат қилмоқда. Албатта, Покистон билан боғлиқ можаро туфайли ҳозирда бу ишлар маълум даражада секинлашган. Маълум маънода бу ҳам Марказий Осиё давлатларига босим ўтказиш воситасига айланиши мумкин. Чунки улар парда ортида туриб, Толибон раҳбариятини бу ишга шошмасликка ундашлари ёки шундай қилишга уриниб кўришлари мумкин. Бундан мақсад эса, Марказий Осиёнинг Россия иштирокидаги йўналишларга кўпроқ таянишини таъминлаш, уларнинг ўзлари билан муносабатларини кўпроқ қадрлашларига эришиш бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Бошқача айтганда, ушбу сиёсат Марказий Осиёни амалда ўз бурчагига қамаб қўйиш — унинг жаҳон бозорлари ёки денгизга чиқишига йўл қўймаслик — ва шу тариқа уни ўзларига қарам ҳолда сақлаб қолишдан иборат. Бу, таъбир жоиз, учта геосиёсий жиҳат.
Яна икки муҳим омил
Алишер Илҳомов: Масаланинг моҳиятан бошқа яна бир жиҳати бор. Россия ҳозир халқаро саҳнада нисбатан иҳоталаниб қолган. Шу боис, қандай қилиб бўлмасин, халқаро майдонда ўзини намоён этишни, ўз ўрнига эга бўлишни истайди. Ҳозир юзага келган вазият шундайки, Афғонистонда уруш тугаган. Энди бу мамлакат иқтисодий ёрдамга, масалан, Қўштепа каналини қуриш ишларида кўмакка ўта муҳтож. Гап шунчаки канални қазиш ҳақида кетаётгани йўқ. Чунки бунга пул топилиши мумкин. Канал қуришда, одатда, унинг туби бетонланади. Бироқ ҳозир маблағ етишмайди. Шу боис бундай қилинмаяпти. Ҳолбуки, бу сувни маълум даражада тежаши, икки, уч йилдан сўнг Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ва Туркманистон муқаррар юз тутиши мумкин бўлган инқироз оқибатларини қисман юмшатиши мумкин. Россия эса, халқаро молиявий ташкилотлар жиддий ёрдам бермаётган, активлари музлатилган, ўта муҳтож аҳволдаги ривожланмаган давлатни бирор бир тарзда қўллайди. Шу тариқа халқаро майдонда ўзини "глобал учинчи дунё" ёки "глобал жануб" томонида намоён этади. Бу эса, халқаро майдонда ўзига нисбатан ишонч ва эътироф (легитимлик) қозониш воситаси бўлиб хизмат қилади. Менимча, бу ерда айнан шу икки омил ҳам муҳим рол ўйнаган.
Толибон ниманинг илинжида?
Россия билан ҳарбий ҳамкорликка оид битим имзоланган сўнгги Халқаро Хавфсизлик форумида Толибон ҳукуматини Мудофаа вазирининг шахсан ўзи намоён этган.
Москва мезбонлик қилган шу йил май ойидаги форум Россия ҳукуматини тан олиши ортидан бир Толибон мулозими қатнашган энг олий даражадаги йиғин бўлган.
Мавлавий Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид илк бор Россияга борган.
У Афғонистон Толибон ҳаракати ҳамасосчиси ва ҳозирда марҳум илк етакчиси Мулла Умарнинг ўғли.
Мазкур омил ҳам ўшанда ушбу шов-шувли хабарлар аҳамиятини янада бўрттирган.
Толибон вазири ҳали Москвада экан, яна Россияни "муҳим глобал қудрат", деб ҳам атаган.
Мавлавий Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид янги битимнинг "ўта муҳим"лигини таъкидлаган.
Афғонистон ҳозир яна Исломий Амирлик.
Беш йилдирки, уни Толибоннинг якка ўзи бошқаради.
Амирликка сиёсий, диний ва ҳарбий масалалар бўйича Олий раҳбари бошчилик қилади.
Ҳаракат Афғонистондаги қолган сиёсий мухолиф гуруҳлар билан тинчлик музокаралари истиқболини йўққа чиқарган.
Афғонистон минтақанинг кўпмиллатли давлатларидан бири.
Бунгача мамлакат сиёсий саҳнасида ўз миллатлари манфаатларини ифода этган сиёсий партияларнинг сони эса оз бўлмаган.
Ҳатто қанчалик турфа ва мухолифатда экани билан минтақада хос эътибор ҳам топиб келган.
Ўзбекистондан кейин энг катта сондаги Ўзбекларнинг ҳам айнан Афғонистонда яшаши айтилади.
Шундай экан, Россия билан ҳарбий ҳамкорликка оид битим айнан ҳозир Толибонга нега керак?
Довуд Аъзамий
Халқаро эксперт, BBC
Довуд Аъзамий: Россия ва Афғонистондаги Толибон ҳукумати имзолаган ҳарбий-техник ҳамкорликка оид битимнинг тўлиқ тафсилотлари ва матни жамоатчиликка эълон қилинмади. Бироқ ҳар икки томоннинг чиқишлари ва баёнотларига таянилса, гап Толибон ихтиёридаги Совет давридан қолган ҳарбий техникани таъмирлаш ҳақида бормоқда. Шўролар Иттифоқи Афғонистонда ўн йил – 1979 йилдан 1989 йилгача жанг қилган. Кейин мағлубиятга учраб, Афғонистонни тарк этган. Улар ўша пайтда Афғонистонда кўплаб қурол-яроғ ва ҳарбий техника қолдирган. Толибон ҳукумати энди енгил ва оғир қуроллар, зирҳли техника, тикучарларни таъмирлаш ва тиклаш учун Россиянинг ёрдами ва тажрибасига муҳтож. Афғонистонда АҚШ ва НАТОдан ҳам кўплаб қурол-аслаҳа қолган. Бу ҳарбий техника Шўроларникига қараганда анча замонавий. Бироқ улардан фойдаланиш кўлами тобора камайиб бормоқда. АҚШ ва НАТОнинг эса, уларга техник хизмат кўрсатиши, эҳтиёт қисмлари ва ўқ-дорилар билан таъминлаши эҳтимолдан йироқ. Шу сабабли, АҚШ ёки НАТО томонидан ишлаб чиқарилган техникани қайта тиклаб бўлмаслиги мумкин. Иккинчидан, Толибон ҳаракати Афғонистонда беш йилдан буён ҳокимиятда. Гуруҳ ўз жангариларини мунтазам Армияга айлантириш ҳаракатида. Бунинг учун улар ўз аскарлари ва зирҳли бўлинмаларини дуч келаётган таҳдидларга қарши самарали курашишга мос тарзда жиҳозлантиришлари керак. Хабарларга кўра, келишув, шунингдек, қўшинларни тайёрлаш ва жосуслик соҳасидаги ҳамкорликни ҳам ўз ичига олади. Бу Толибон ҳарбий кучларининг маҳоратини, шунингдек, умумий таҳдидларга қарши курашиш, ҳам Россия ва ҳам Толибон таҳдид деб ҳисобловчи гуруҳлар, айниқса, ИШИДни заифлаштириш ва йўқ қилиш салоҳиятини оширади.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
Томонлар ниманинг илинжида?
Россия Украинага уруш очган, беш йилдирки, Украина билан урушиб келади.
Покистон эса Толибон ҳукуматига, уни яксон этмоқчи.
Ҳозир яна Россиянинг Афғонистонга чегарадош анъанавий иттифоқчиси Эрон ҳам нотинч. АҚШ ва Исроилнинг ҳужумига учраган.
Россия ва Толибон ҳукумати ўртасидаги янги битим четда шуниси билан ҳам алоҳида эътибор тортган.
Янги ҳарбий ҳамкорлар энди бир-бирларини кучайтиришлари мумкин, деган хавотирларни пайдо қилди.
Айни мазмундаги саволлар Ғарбда сарлавҳаларга ҳам чиқиб бўлди.
Россиянинг Украинага қарши урушга хорижликларни ёллашга уринаётгани аллақачон ноодатийлигини йўқотган мавзулардан бири.
Ён-атрофларидаги бу икки урушга Марказий Осиё давлатлари ҳам бефарқ эмас, хавотирдалар.
Уларга тинч йўл билан ечим топишга чақириб келишади.
Бу можароларнинг минтақа учун оқибатлари аллақачон алоҳида таҳлил мавзуига ҳам айланиб бўлган.
Бу давлатлар Марказий Осиё учун ҳам сиёсий, ҳам геосиёсий, ҳам иқтисодий ва ҳам хавфсизлик нуқтаи назаридан муҳим.
Толибон бу орада минтақадаги энг йирик Қуролли кучларга эга бўлиш истагини ҳам ошкора изҳор этган.
Ҳаракатнинг айни мазмундаги баёноти яна қудратга қайтишидан қисқа вақт ўтмай янграган.
Шундай экан, Россия толибларга қурол-яроғ бериши, Толибон эса ўз жангчиларини Украинага юбориши мумкинми?
Икковлон ўртасидаги ҳарбий, ҳарбий-техник ҳамкорликка оид янги битим манзарасида бу каби саволлар қанчалик асослию ўринли?
Келишув вақти муҳимми?
Довуд Аъзамий: Келишувнинг вақти муҳим аҳамиятга эга. Чунки битим Толибон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар танглигича қолаётган, ҳар икки томон бир-бирини ўз рақибларига бошпана бериш ва уларни қўллаб-қувватлашда айблаётган бир пайтга тўғри келмоқда. Покистон Афғонистон ичкарисига бир неча бор ҳаво зарбалари берди. Афғонистоннинг фақат ўзларига чегарадош вилоятлари эмас, пойтахт Кобулни ҳам нишонга олди. Толибон бунга Покистон чегара постларига ҳужум қилиш билан жавоб қайтарди. Чегара оша оддий дронларини ҳам ишга солди. Икки ўртадаги бу каби қуролли ҳодисалар минтақавий барқарорлик борасидаги хавотирларни кучайтирди. Толибон ҳукумати Афғонистоннинг Покистонга нисбатан мавқеини мустаҳкамлашга уринмоқда. Толибон ҳукумати ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига ўта муҳтож. Толибон ҳукумати Россиядан айрим қуролларни сотиб олишга ҳам қизиқиш билдирмоқда. Бироқ ушбу келишув салмоқли ҳарбий ёрдамга айланиши ҳақидаги умидлар, ҳеч бўлмаганда ҳозирча, реал эмасдек кўринади. Ушбу келишув, афтидан, долзарб хавфсизлик ва сиёсий масалаларни ҳал этишга қаратилган. Яъни, чуқур стратегик шериклик ҳисобланмайди. Шу сабабли ҳам, унинг амалий фойдаси ҳар икки томон учун ҳам чекланган бўлади.
Толибон энди кучаядими?
Антонио Жустоцци
Халқаро эксперт, Лондон
Антонио Жустоцци: Рамзий маънода бу — бир давлатнинг Амирликка расман ҳарбий, ҳарбий хусусиятга эга ёки хавфсизлик соҳасида ёрдам кўрсатаётган илк ҳолатдир. Битим амалда кўп нарасани ўзгартирмас. Аммо, масалан, ИШИДнинг чегаралар бўйлаб фаолият юритишини бироз қийинлаштира олади. Чунки ИШИД ҳамон Афғонистон ва Покистон ўртасидаги чегарадан фаол фойдаланади. Ўзаро чегарада серқатнов. Демак, битим қандайдир таъсирга эга бўлади. Аммо, шунда ҳам, менимча, у асосан рамзий аҳамиятга эга бўлади. Менимча, Россия Толибон Қуролли кучларини ҳарбий жиҳатдан кучайтириш ниятида эмас. Албатта, Россия истаса, буни қила олади. Россия ҳозир Украина уруши билан банд. Аммо бу урушга ярамаса-да, Толибонга қўл келиши мумкин бўлган қурол-аслаҳа захирасига эга. Толибон ҳам Россиядан шундай қурол-аслаҳаларни сўраган. Дейлик, учоқларга қарши кўчма ракеталарга умид қилган. Чунки уларни дронларга қарши ҳам қўллаш мумкин. Толибларга энг замонавий ускуналар керак эмас. Ҳатто 20 йил олдинги техника ҳам улар учун ҳеч нарсадан кўра яхшироқ бўлади. Аммо русларда бундай жиҳозларни тақдим этиш нияти бор деб ўйламайман. Россияликлар, чамаси, мавжуд техникани — асосан юк машиналарини — таъмирламоқчи. Чунки Афғонистонда ҳозир ҳам катта сондаги "Камаз"лар бор. Уларга эҳтиёт қисмлари ва таъмир кераклиги аниқ. Шунингдек, чекланган сондаги зирҳли уловларни. Айтайлик, эҳтимол, бир неча ўнлаб зирҳли техникани. Улар Афғонистонда жуда узоқ вақтдан бери бор ва аллақачон эскириб қолган. Бу зирхли уловлар Покистонга қарши урушда иш бермас. Аммо Толибонга қандайдир фойдаси тегиши мумкин. Менимча, толиблар тикучарларни таъмирлашда ҳам ёрдам сўрашади. Уларда ҳали ҳам Россияда ишлаб чиқарилган тикучарлар бор. Бироқ Россиянинг катта миқдорда янги ҳарбий техника етказиб бериши даргумон. Лекин, назаримда, Толибон хосан сўрамаган эса-да, Россия Афғонистон чегара қўшинларини замонавийлаштириш ва уни тайёргарликдан ўтказишни мақсад қилган. Яъни, афтидан, фойдали, шу билан бирга, покистонликларнинг ғашига тегмайдиган бир иш қилмоқчи. Энг аввало исёнчи гуруҳлар, бу ўринда, катта эҳтимол билан, ИШИД нинг чегара орқали кириб келишининг олдини олишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган чегара қўшинларини тайёрлаб, жиҳозлантирмоқчи. Бу эса Покистон учун ҳарбий жиҳатдан катта ўзгариш ясамайдиган, айтайлик, махсус либос, тайёргарлик ва чегараларни назорат қилишда қўлланиладиган жиҳозлар, енгил қуролларни англатиши мумкин. Покистонликларнинг жанг усулига келсак, улар асосан ҳаво зарбалари ёки дрон ҳужумларига таянишади. Тўғри, чегарада ҳам айрим тўқнашувлар бўлиб туради. Аммо уларни йирик ҳарбий тўқнашув, деб атаб бўлмайди. Шундай экан, аслида Толибон Покистоннинг ҳаводаги устунлигига қарши тура оладиган воситага эга бўлишни истаган. Чунки ҳозирда Толибон ёки Афғонистонда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими мутлақо йўқ. Улар ҳатто ўз ҳаво ҳудудларини қўриқлаш ва кузатиш имкониятига эга эмаслар. Аммо бу ҳам улар ҳозирча ололмайдиган нарсалардан бири.
Толибон-чи, Россияни қўллайдими?
Антонио Жустоцци: Йўқ, менимча, бунинг бирор бир эҳтимоли йўқ. Толибоннинг кимнидир қаергадир юбориш нияти борлигига ишонмайман. Россиянинг ҳам Афғонистондан афғонларни ёллашга алоҳида эҳтиёжи бор, деган фикрдан йироқман. Тўғри, масалан, Эрондаги афғон қочқинларини ёллашга уринишлар бўлди. Айримлар ёлланди ҳам. Аммо умумий ҳисобда улар камчиликни ташкил этди. Режа муваффақиятли амалга ошмади. Россияликларнинг хорижий кўнгиллилар билан боғлиқ бунга ўхшаш тажрибалари аслида сезиларли натижа бермаяпти. Бунга қисман ёлланаётганлар сонининг унчалик ҳам кўп эмаслиги сабаб бўлмоқда. Яна, таъбир жоиз бўлса, ўнлаб турли давлатдан келган ёлланма аскарлар бўлинмаларини тасаввур қилиб кўринг. Амалий нуқтаи назардан қараганда, улардан жанг майдонида фойдаланиш унчалик осон эмас. Бундай ёллаш ишларини асосан хусусий ҳарбий компаниялар бажаради. Чунки улар жалб қилинганлар сонига қараб ҳақ олишади. Аммо гап жанговар ҳаракатларга келганда, бу усул унчалик самара бермайди. Назаримда, ҳозир бу ишларга россияликлар ўзларининг ҳам қизиқишлари бир қадар сўниб бормоқда. Негаки бу сонлар юқори ҳарбий салоҳиятга айланмаяпти. Бу самарали ҳарбий бўлинмаларни шакллантиришнинг мақбул йўли эмас. Чунки уларга ҳужумкор бўлинмалар керак. Хорижликларни логистика ишлари учун жалб қилишмайди. Аксинча, уларнинг ҳарбий амалиётларнинг олдинги қаторида, ҳужумчи бўлинмалар сафларида бўлишлари учун олиб келишади. Шу боис, турли тилларда сўзлашадиган, ҳар хил муҳитдан келган ва тегишли ҳарбий тайёргарликка эга бўлмаган шахслардан иборат бундай тарқоқ бўлинмалар эса, самарали эмасдек кўринади.
Янги битим минтақа учун нима дегани?
Россия ҳам, Афғонистон ҳам Марказий Осиёга чегарадош.
Россия минтақа давлатларининг ҳам энг йирик ҳарбий ва ҳарбий техник ҳамкори бўлади.
Яна энг муҳим стратегик шериги ва иттифоқчиларидан бири.
Иккита энг йирик савдо-иқтисодий шеригидан ҳам биттаси.
Марказий Осиёда Россиянинг энг кўп ҳарбий иншоотлари ҳам жойлашган.
Аммо Россия ва Толибон ҳукумати ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликка оид битимга уларнинг расмий муносабатлари ноаён қолган.
Бошқа томондан, айнан Афғонистон таҳдиди, йилларки, Марказий Осиё давлатларига ўзининг босимини ўтказишида Кремл қўлидаги энг самарали таъсир воситаларидан бири сифатида кўрилади.
Яна ҳали Афғонистондаги ҳукуматини биринчи бўлиб тан олишининг ўзиёқ Россия Толибонни минтақага қарши қўллаши мумкин, деган хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаганди.
Шундай экан, янги битим Ўзбекистон, минтақа учун нимани англатиши мумкин?
Фарҳод Толипов
Сиёсий таҳлилчи, Тошкент
Фарҳод Толипов: Агардаки, биз тахмин қилиб, фараз қилиб, бунинг кетидан Марказий Осиёгами ёки бошқа давлатларгами қандайдир бир ишора, челленж деймиз ёки бир босим қилиш мақсадида қилинаётган бўлса, бунинг ҳам жиддий ўлчамлари бўлиб, тўғридан-тўғри, дарров битим имзоландию унинг Марказий Осиёга зарари, салбий оқибати бўлади, дейиш ҳам ҳозирча жуда эрта. Агардаки, Россия томонидан Марказий Осиё давлатларига, хусусан, Ўзбекистонга қандайдир ғаразли мақсади бўлаётган бўлса, Россиянинг бунга қанчалик салоҳияти бўлади, бу - бир. Талафотга учраганини Украинадаги урушнинг ўзи кўрсатиб ётибди. Иккинчидан, Россияга на Ўзбекистон, на бошқа Марказий Осиё давлатлари ҳеч қандай бир шубҳаланиш учун сабабларни кўрсатгани йўқ, бергани йўқ. Бу икки давлат раҳбари орасида ҳам актив мулоқот давом этаяпти. Россиянинг бизнеси, катта бизнеси бўлсину, Россия атом электр станциясининг Ўзбекистонда қурилиши ёки бошқа лойиҳалар жудаям актив тарзда давом этаяпти. Европа ва АҚШ билан ҳамкорлигимиз орқали ҳеч қандай Россияга нисбатан бир қарши ҳаракат бўлаяпти деган бир белгиларни ҳам берганимиз йўқ, кўрсатганимиз йўқ. Шуниг учун ҳам саволингизга "йўқ", бундай шубҳаланиш ёки босим бўлишининг эҳтимоли жуда паст. Россия ва Ўзбекистон орасида ҳам стратегик шериклик тўғрисида шартнома мавжуд, ҳам иттифоқдошлик муносабатлари тўғрисида деган битим ҳам мавжуд. Афғонистон томонидан қаралганда ҳам, Афғонистон биз билан, Ўзбекистон, Марказий Осиё давлатлари Афғонистон билан баҳоли қудрат яхши муносабатларни ўрнатиб, куни-кеча Ўзбекистондан катта ҳайъат Афғонистонга ташриф буюрди. Ва бундай ташрифлар охирги пайтларда кўпайган. Бу ташриф савдо форуми деган анжуманда қатнашиш учун амалга оширилган. Демак, ҳамкорликнинг қандайдир бир келажаги ёки шу режалари Афғонистон билан ҳам жиддий, нормал кетаётган, деб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, на Афғонистон томонидан ва на Россия томонидан Ўзбекистонга қарши қандайдир бир, нима деймиз, ғаразли мақсадларни режа қилиш мавжуд бўлмаса керак.
Афғонистондан муносабат
Довуд Аъзамий: Россия Ғарб билан муносабатлардаги кескинлик туфайли кўплаб муаммоларга дуч келаётган бир пайтда, Марказий Осиё минтақаси ва Афғонистон билан чегарадош йўлак Москва учун янада нозик аҳамият касб этмоқда. Жўғрофий нуқтаи назардан, Афғонистон Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан боғловчи муҳим транзит нуқтаси ҳисобланади. Бу Эрон ва Покистондаги бандаргоҳлар орқали денгиз савдо йўлларига каттароқ йўл очади. Шу боис, Афғонистондаги барқарорлик Россия ва Марказий Осиёнинг стратегик ва иқтисодий манфаатларига мос келади. Шу билан бирга, сўнгги бир неча йил ичида Толибоннинг Марказий Осиё республикалари, хусусан, Ўзбекистон билан сиёсий ва иқтисодий муносабатлари сезиларли даражада яхшиланди. Бошқа томондан, минтақа давлатлари билан чегарадош ҳудудларда Толибон постларининг кучайтирилиши зўравон экстремистик гуруҳлар ва гиёҳванд моддалар контрабандачиларининг Марказий Осиё, у ердан эса Россияга кириб келишининг олдини олишда ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу геостратегик нуқтаи назардан ҳам муҳимдир. Россия Марказий Осиёдаги анъанавий таъсирини сақлаб қолишнигина эмас, балки кенгроқ минтақада ўз нуфузини оширишни ҳамда Афғонистондаги вазият ривожи устидан назоратни сақлаб туришни мақсад қилган.
Минтақавий зиддиятлар нима бўлади?
Аксарият Марказий Осиё давлатларининг Толибон ҳукумати билан муносабатлари яхши, фаол дипломатик мулоқотда, савдо-иқтисодий алоқаларини ҳам жадал кучайтириш ҳаракатида.
Толибон қудратга қайтишидан қисқа вақт ўтмай, Афғонистондаги вазиятга тўхталган Ўзбекистон президенти хавотир олишга ҳожат йўқлиги, мудофаа қудратлари ҳар қандай вазиятга тайёр эканини айтган.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон толиблар билан ҳали икки йил олдин мулоқотни йўлга қўйганини маълум қилган.
"Ўзбекистон томонга бирорта ўқ отилмаслиги учун ҳар қандай мулоқотга тайёр"лигини билдирган.
"Менга халқимнинг тинчлиги керак, осойишталиги керак. Ким бўлишидан қатъи назар улар билан мулоқот қиламан. Фақат ва фақат ўзбек халқимнинг, жонажон Ўзбекистоннинг тинчлигига таъсир кўрсатадиган омил бўлса, ким бўлишидан қатъи назар гаплашаман", — дея таъкидлаган.
Қозоғистон ва Қирғизистон орада Афғонистон Толибон ҳаракатини "фаолияти тақиқланган ташкилотлар" рўйхатидан чиқаришга ҳам борган.
Расмий Тошкент яқинда Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон билан ҳарбий ҳамкорлик ниятидан ҳам сўз очган.
Аммо ҳеч бир минтақа давлати Толибоннинг ҳукуматини ҳалича расман тан олмаган.
Қўштепа каналининг қурилиши бўладими, минтақада қолаётган АҚШ ҳарбий авиатехникасининг тақдири – томонлар ўртасида ҳали тўлиқ ечимини топмаган зиддиятли масалалар ҳам йўқ эмас.
Толибон томони орада яна ўзаро чегаралар мавзусини ҳам тилга олган.
Ўзбекистон илова уч Марказий Осиё давлати билан чегаралари сув тошқинлари туфайли ювилиб кетганлигини айтган.
Толибон расмийси чегараларни тиклаш бўйича янги стратегияни эълон қилган, бироқ у нималарни қамраб олиши ҳақида тўхталмаган.
Минтақа сўнгги йилларда Афғонистондан ҳужумга ҳам учраб турибди.
Шундай экан, Россия билан янги битим буларнинг барчаси учун нимани англатиши мумкин?
Фарҳод Толипов: Агарда, демоқчиманки, Марказий Осиё билан Толибон орасида зиддиятли ҳолатлар бўлса, нима учун Россия шу зиддиятли ҳолатларда Афғонистон тарафини танлаши керак-да, Марказий Осиё давлатларининг тарафини эмас, деган қўшимча савол ҳам туғилади. Ахир, ўзи ҳам жабр кўради-ку, агар, Марказий Осиёда вазият яна издан чиқиб кетса ва кескинлашиб кетса. Россия бунинг мисолларини олдин ҳам кўп кўрди. Шунинг учун бу Россиянинг ҳам манфаатларига жавоб бермайди. Шундай вазиятларда вазиятга, ҳалиги нима деймиз, "оловга сомон ташлаш"дан кўра, дипломатик йўллар билан бартараф этишга ва турлича, турлича зиддиятли вазиятларни тинч йўл билан ҳал қилишга, қайтанга, ҳаракат қилиши керак. Ва шу орқали Россия агарда "буюк давлат" деган мақомига даъвогарлик қилаётган бўлса, мана шунда кўрсатиши, менимча, кўпроқ мақсадга мувофиқ.
Ғарбнинг миллиардлаб долларлик қурол-яроғига нима бўлади?
Афғонистон узоқ йиллик урушлардан энди чиқаётган давлат.
Узоқ йиллик урушлар гирдобидаги, сўнгги чорак асрнинг ўзида Афғонистон Толибон ҳаракати мисолида бир жангари гуруҳ икки бор ҳокимиятни эгаллаган ягона минтақа мамлакати.
Афғонистондан Ўзбекларники илова турли жангари гуруҳлар ҳам бошпана топиб келган.
Сўнгги бир неча ўн йилликда Афғонистонда якуний сўзни айнан Ғарб айтган.
Янги битим манзарасида улар Афғонистонда қолдирган миллиардлаб долларлик илғор ҳарбий техника яна бир эътиборга молик масала бўлмоқда.
АҚШ Афғонистонда қиймати $7 миллиард долларга тенг ҳарбий техника қолдирган бўлса, уларнинг 70 фоизи Толибон назоратига ўтгани айтилади.
Сўнгги йилларда бу ҳарбий техника Афғонистонни улкан қурол-яроғ омборига айлантирганига оид хавотирлар ҳам кучайган.
Агар BBC ўрганган маълумотлар ва айрим Ғарб нашрларидаги хабарларга таянилса, уларнинг орасида ҳарбий самолётлар, ўнлаб қирувчи вертолётлар, катта сондаги зирҳли машиналар, кичик юк уловлари, танклар, танкларга қарши ракеталар, ўн минглаб ҳимоявий қуроллар, ўн мингдан ортиқ ҳаво-ер таснифидагилари илова миллионлаб ўқ-дори ва ракеталар, алоқа воситалари, ўқ ўтмас бронижелетлар, кўзни чалғитувчи ҳарбий либосларгача бор.
Айнан Афғонистондагиси Америка Қўшма Штатлари тарихидаги энг узоқ уруш бўлган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ўтган йил феврал ойидаги ҳисоботида таъкидланишича эса, "ал-Қоида"нинг Ўзбекистон Исломий ҳаракати каби ҳамкорлари ҳам Толибон қўлига ўтган қурол-аслаҳага имконли бўлишган ёки уларни қора бозордан харид қилганлар.
Шундай экан, Россия билан янги келишув ҳозир аксарияти Толибон ҳукумати ихтиёрида экани айтилувчи бу ҳарбий техника учун нимани англатиши мумкин?
Антонио Жустоцци: Аввало шуни айтиш керакки, бу рақамлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Америка Афғонистонга ҳеч қачон $85 миллиард долларлик ҳарбий техника бермаган. Етказиб берилган жиҳозларнинг умумий қиймати, эҳтимол, бир неча миллиардни ташкил этади. Агар, 2021 йилдаги ҳисоб-китобларга таянилса, Афғонистон армияси, полицияси ва бошқа тузилмалари ихтиёрида тахминан $7 миллиард долларлик яроқли техника ва ускуналар бўлган. Аммо бу 2021 йилги рақамлар. Покистон Ҳарбий-ҳаво кучлари Афғонистондаги ҳарбий омборларни кўп урди. Натижада у ерда сақланаётган техниканинг катта қисми йўқ қилинди. Демак, ҳозирда бу сумма, шубҳасиз, $7 миллиардни ташкил этмайди. Бунинг устига, Толибон бу техникага хизмат кўрсатиш ёки уни таъмирлашга қодир эмас. Шунинг учун уларнинг аксарияти барибир яроқсиз ҳолатда бўлади. Ҳатто 2021 йилда ҳам бу техника ва ускуналар амалда ҳисобдан чиқарилган. АҚШ Қуролли кучлари томонидан бошқа фойдаланилмайдиган иккинчи даражали техника сифатида таснифланган эди. Афғонистонда қолдирилган турли зирхли уловлар ҳам шу жумладан. Ҳали ҳам парвоз қила оладиган саноқли тикучарлар қолган. Аммо улар ҳам АҚШ Қуролли кучлари фойдаланишни тўхтатган, яъни эскириб кетган моделлардир. Аслида, у ерда америкаликлар учун қимматга эга ҳеч нарса қолмаган. Албатта, қолдирилган енгил қуроллар ҳам бор, аммо уларнинг аксарияти ҳам эскирган. Тунги кўриш ускуналари каби қимматлироқ жиҳозлар ҳам мавжуд бўлса-да, улар аллақачон қўлма-қўл бўлиб кетган. Кўпи "қора бозор"дан жой олган. Шунинг учун, қолдирилган $7 миллиард долларлик техниканинг ҳаммаси "Толибон" қўлида деб ўйламаслик керак. Ҳақиқий рақамлар анча кам. Толибоннинг Россияга мурожаат қилишига сабаб ҳам шунда. Толиблар ўзларига мерос бўлиб қолган кўплаб техниканинг жуда оз қисмидан фойдалана олишларини тушуниб етишди. Россия стандартлари нуқтаи назаридан қараганда, Америка ҳарбий техникаси анча мураккаб ва унга техник хизмат кўрсатиш қийин. Толибоннинг ўзи эса бунга умуман қодир эмас. Шу боис ҳам Россия ҳарбий техникасини ишлатиш ёки уни қайта ишга тушириш осонроқ деган ўйда. Чунки улар эски бўлса-да, мураккаб эмас, таъмирланиши осон. Қолаверса, Толибоннинг ўзи ҳам замонавий жиҳозларга эҳтиёж сезмаса керак. Чунки катта эҳтимол билан ундан қандай фойдаланишни билмайди.
Буёғи нима бўлади?
Россия Ғарбнинг минтақадаги ҳарбий ҳозирлигига кескин қарши.
Буни Толибон ҳукумати билан янги битимни имзолаган пайтда ҳам баён қилган.
Трамп бошчилигидаги янги АҚШ маъмурияти Афғонистонга оид сиёсатини ҳалича очиқламаган.
Аммо ҳали-ҳануз Афғонистонда Толибон ҳукуматини тан олмаган.
Аммо Трамп Баграмга қайтмоқчи. Толибон бунга йўқ деган.
АҚШнинг орада ўз базаларини Марказий Осиёга қайтариш уринишлари эса иш бермаган.
Афғонистоннинг геостратегик жойлашуви муҳим. Хитойга ҳам чегарадош.
Яна Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан боғлаш потенциалига ҳам эга.
АҚШ президенти ҳам Баграм назоратини яна ўзларига қайтариш истагини Хитой омили билан изоҳлаган.
Яна бир глобал ядровий қудрат бўлган Хитой эса Америка Қўшма Штатларининг энг асосий геосиёсий ва геоиқтисодий рақибларидан бири сифатида кўрилади.
Америка Қўшма Штатлари билан бирга ҳозир дунёнинг энг йирик иккита ҳарбий ва иқтисодий қудратидан биттаси.
2010 йиллар бошларида эса, Афғонистондан чиқишга ҳозирлик кўраётган АҚШ ва НАТО кучларининг улкан миқдордаги ҳарбий техникасининг катта қисмини Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда қолдиришни режалаётганига оид хабарлар бўй кўрсатган, ўшанда бундан ташвиш билдирган томон ҳам Россия экани кўрилган.
Ўзбекистон ва Тожикистон ўшанда "террорга қарши уруши"да Америка Қўшма Штатларининг ҳарбий базаларига ўз ҳудудларидан жой берган икки Марказий Осиё давлати ҳам бўлишган.
Янги битим минтақага чегарадош Афғонистонда икки глобал ядровий қудрат манфаатларининг тўқнашувига йўл очиши эҳтимоли қанчалик?
Довуд Аъзамий: Россия Толибон ҳукуматини тан олган биринчи ва ягона давлатдир. Москва Толибон ҳукуматини тан олишида бошқа сабаблар қаторида хавфсизлик билан боғлиқ хавотирларни ҳам асос қилиб кўрсатди. Уни терроризмга қарши курашда иттифоқчи, деб эълон қилди. Россиянинг Афғонистондаги асосий хавотири — экстремистик гуруҳларнинг ўз манфаатларига таҳдид солишининг олдини олиш ва минтақа бўйлаб гиёҳванд моддалар оқимини камайтиришдир. Бироқ Россия Афғонистоннинг хавфсизлик салоҳиятини қисқа муддатда сезиларли даражада ўзгартиришга имкон берадиган даражада ёрдам беришга бормаса керак. Россия ва Афғонистон ўртасидаги ҳарбий келишув келажакда хавфсизлик соҳасидаги чуқурроқ ҳамкорлик учун бошланғич нуқта бўлиб хизмат қилиши мумкин. 2022 йилда Россиянинг Украинадаги уруши бошланганидан сўнг, Кремлнинг Хитой, Шимолий Корея ва Эрон билан муносабатлари чуқурлашди. Бу Россиянинг Европадан ташқарида иқтисодий ва хавфсизлик соҳасидаги алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари билан бир хил тарзда кечмоқда.
Хорижий иттифоқ қўшинларининг Афғонистонни тарк этишлари ва Толибоннинг қудратга қайтишига эса, ҳаракат ва расмий Вашингтон ўртасида 2020 йилда имзоланган Доҳа битими йўл очган.
Афғонистонда инклюзив ҳукумат ташкил этиш бўладими ёки хотин-қизларнинг эркинлик ва ҳуқуқларининг кафолати – Толибон ҳукуматининг тан олиниши учун халқаро ҳамжамият томонидан илгари сурилган асосий шартларни бажармай келади.
Ҳаракат орада ўзининг муваққат ҳукуматини доимий, деб эълон қилган.
Бу иши билан Афғонистонда қонуний, демократик ва эркин сайловлар истиқболини ҳам йўққа чиқарган.
Ўтган йили эса Толибон ўзи "тарихий", деб атаган ана шу битимнинг тугаганини эълон қилганига оид хабарлар ҳам олинган.
Толибон шу пайтгача ўзининг Доҳа битимига содиқ қолиши, ҳеч бир жангари гуруҳга афғон тупроғидан фойдаланишига изн бермаслигини таъкидлаб келган.
Турли жангари гуруҳларнинг қанчалик кучайгани фонида 2001 йилнинг 11 сентябр куни Нью-Йорку Вашингтонга қарши уюштирилган ва худди ўша пайтда Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг ҳам яқин иттифоқчиси кўрилган "ал-Қоида" амалга оширгани даъво қилинган қўшалоқ ҳужумлар сабаб, Толибоннинг Афғонистондаги дунёнинг аксарият давлатлари томонидан тан олинмаган дастлабки тузуми АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция томонидан ағдарилган.
Бугунги кунда Марказий Осиё давлатларининг ўзи ҳам ташқи таҳдидларга бефарқ эмас, ўтган йили хавфсизлик масаласига баҳамжиҳат ёндашиш қарорига келишган.
Пойтахт Тошкентда минтақавий хавфсизлик концепциясини имзолашган.
Ўзбекистон ҳам, Қозоғистон ҳам айнан сўнгги йилларда, ён-атрофларидаги урушлар манзарасида ўзларининг ҳарбий салоҳиятини кучайтириш, ҳарбий ҳамкорларини турфалаштириш ҳаракатидалар.
Шу кунларда Россиянинг минтақанинг икки йирик давлати - Қозоғистон ва Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорликка оид келишувларини қайта кўриш чиқиш истагида эканига оид хабарлар олинган.
Аммо хабарлар мазмунидан бунинг айнан нималарни кўзда тутиши тафсилотлари ноаён қолган.
Ўзбекистон, йилларки, халқаро рейтингларда минтақада Қуролли кучлари энг жанговарларидан бири сифатида эътироф этиб келинади.