Эркак кишининг жинсий аъзоси унинг соғлиғи қандайлигини кўрсатадими?

Сурат манбаси, Serenity Strull/ BBC
- Author, Дэвид Робсон
- Role, BBC
- Published
- Ўқилиш вақти: 7 дақ
Эректил дисфункция юрак хуружи, инсулт, қандли диабет ва деменциянинг илк огоҳлантирувчи белгиси бўлиши мумкин. Тадқиқотчилар фикрича, энди бу ҳолатга ҳам беморлар, ҳам шифокорлар жиддий эътибор қаратиши вақти келди.
Эректил дисфункцияни (эрекцияга эришиш ёки уни сақлаб туришдаги қийинчилик) «жим эпидемия» деб аташ мумкин. Турли сўровлар натижаларига кўра, у 40 ёшдан ошган эркакларнинг ярмидан кўпроғига таъсир қилади. Бироқ уларнинг жуда кам қисми бу муаммо ҳақида ўзининг яқинлари билан очиқ гаплаша олади.
Бу мавзу суҳбатларда тилга олинган тақдирда ҳам, кўпинча ҳазил-мутойиба мавзуси сифатида қабул қилинади. Аслида эса, сўнгги йиллардаги кўплаб тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, жинсий аъзо кўпинча эркакнинг умумий соғлиғи ҳолатининг ўзига хос барометри ҳисобланади. Эректил дисфункция эса қандли диабет, юрак хуружи, инсулт ва деменция каби қатор оғир касалликларнинг илк даракчиси бўлиши мумкин.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Римдаги Тор Вергата университети сексологи Эммануэл Жаннини бу ҳолатни «кўмир конидаги канарейка»га қиёслайди. У яқинда мазкур мавзуга оид илмий далилларни жамлаган китоб муҳаррири ҳам бўлган. Унинг таъкидлашича, эректил дисфункцияни яхшироқ аниқлаш орқали шифокорлар эркаклар саломатлигига таҳдид солувчи кўплаб жиддий касалликларни улар ҳали оғирлашиб кетмасидан аввал ташхислаши мумкин.
Бироқ кўплаб эркакларнинг жинсий саломатлиги ҳақида гапиришдан уялиши ёки қочиши уларни ана шу муҳим имкониятдан маҳрум қилмоқда.
Қуйида бу жуда кенг тарқалган муаммо ҳақида билишингиз лозим бўлган асосий маълумотлар ва нима учун у шифокор учун жиддий огоҳлантирувчи белги бўлиши мумкинлиги ҳақида сўз юритамиз.
Қон айланишидаги муаммо
Кўплаб тиббий ҳолатларда бўлгани каби, эректил дисфункциянинг аниқ қай даражада кенг тарқалгани уни қандай таърифлаш ва қандай усулда ўлчашга боғлиқ. Шунинг учун турли тадқиқотларда катта ёшли эркаклар орасида унинг тарқалиш даражаси 3 фоиздан 76,5 фоизгача деб келтирилади. Бу жуда катта фарқдир. Бироқ энг йирик ва батафсил тадқиқотлардан бири тахминан 1200 нафар иштирокчини махсус сўровномалар орқали ўрганиб чиққан ва унда 40 ёшли эркакларнинг 39 фоизи мунтазам равишда маълум даражада эрекция билан боғлиқ муаммоларга дуч келиши, 70 ёшга келиб эса бу кўрсаткич 67 фоизга етиши аниқланган.
Кўп жиҳатдан қараганда, эректил дисфункция қон айланиши билан боғлиқ муаммодир.
Олат бўйлаб corpora cavernosa (каверноз таначалар) деб аталувчи иккита ғоваксимон тузилма жойлашган бўлади. Одатда улар бўш ҳолатда туради. Эркак жинсий қўзғалганида, мия жинсий аъзодаги артериялар атрофидаги мушакларни бўшатиш учун сигнал юборади. Натижада қон ушбу иккала каверноз таначага жадал оқиб киради. Улар кенгайиши билан бир вақтда ташқи томонга қон олиб чиқувчи веналарни сиқиб қўяди ва шу тариқа қон жинсий аъзо ичида ушланиб қолади.
Ҳаво билан тўлдирилаётган шар каби, жинсий аъзо ҳам катталашиб, қаттиқлашади. Агар жинсий аъзодаги «қувурлар» орқали қон оқими камайса, эркакда эрекцияга эришиш ёки уни сақлаб туриш қобилияти сусаяди.
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Кўп ҳолларда муаммо психологик омиллар билан боғлиқ бўлади. Адреналин ва кортизол каби стресс гормонлари ишлаб чиқарилиши қон томирларининг торайишига олиб келиши мумкин. Бу эса каверноз таначаларнинг қонга тўлиб қаттиқлашишига тўсқинлик қилади. Юқори даражадаги стресс тестостерон ишлаб чиқарилишини ҳам издан чиқариши мумкин. Бу эса жинсий хоҳишнинг пасайиши ва жинсий қўзғалишнинг сусайишига сабаб бўлади. (Шу билан бирга, гипогонадизм каби безлар фаолияти билан боғлиқ касалликларга чалинган одамларда ҳам тестостерон ишлаб чиқарилиши камаяди ва бу ҳам эректил дисфункцияга таъсир қилиши мумкин.)
Бундан ташқари, стресс инсоннинг диққатини чалғитади, бу эса жинсий яқинликка тўлиқ эътибор қаратишни қийинлаштиради.
Бунинг эволюциямиз давомида шаклланган муҳим сабаби бўлган: агар стресс жинсий қўзғалишни тўхтатса, бу хавфли вазиятларда организм омон қолиш учун ўз ресурсларини тежаб қолишини таъминлайди.
"Агар атроф-муҳит хавфли бўлса, кўпайиш ҳақида эмас, тирик қолиш ҳақида ўйлаш муҳим", дейди Жаннини.
Бироқ замонавий дунёда стресс ҳар доим ҳам ҳаёт учун хавфли вазиятлар туфайли юзага келмайди. Шу сабабли организмнинг бу ҳимоя механизми керагидан ортиқ ҳолатларда ҳам ишга тушиши мумкин.
Юрак ва мия билан боғлиқ муаммолар
Кўп ҳолларда эректил дисфункция организмдаги анча жиддий ва кенг кўламли саломатлик муаммоларининг белгиси бўлиши мумкин. Масалан, у атеросклероз — қон томирлари деворларининг қаттиқлашиб, торайиши билан кечадиган касаллик натижасида юзага келиши мумкин. Бу ҳолат юрак-қон томир касалликлари хавфини кескин оширади. Жинсий аъзодаги артериялар организмдаги энг ингичка қон томирларидан бўлгани учун, улар одатда биринчи бўлиб зарарланади. Шу боис эректил дисфункция кўпинча юрак-қон томир тизимидаги жиддий муаммоларнинг илк огоҳлантирувчи белгиси бўлиши мумкин.
154 794 нафар инсон ҳақидаги маълумотлар таҳлил қилинган сўнгги тадқиқотлардан бирига кўра, эректил дисфункцияга эга эркакларда юракнинг коронар касаллиги ривожланиш эҳтимоли 59 фоизга, инсултга чалиниш хавфи эса 34 фоизга юқори бўлган.
Буюк Британиядаги Манчестер метрополитан университети репродуктив фанлар бўйича мутахассис, шунингдек, шу ёзда нашр этилиши режалаштирилган «Your Nuts: The Science of How They Work and What It Means For Your Fertility» ("Мояклар: улар қандай ишлайди ва фарзанд кўриш қобилиятига қандай таъсир қилади") китобининг муаллифи Майкл Карролл бу ҳақда шундай дейди:
"Қон томирлари соғлом эканини кўрсатувчи энг яхши кўрсаткичлардан бири – яхши эрекциядир".

Сурат манбаси, Serenity Strull/ BBC/ Getty Images
Ҳатто жинсий аъзо саломатлиги ёмонлашиши ақлий қобилиятларнинг пасайиши бошланаётганининг илк белгиси бўлиши мумкинлигини кўрсатувчи дастлабки далиллар ҳам мавжуд. Масалан, Тайванда ўтказилган бир тадқиқотда эректил дисфункция ташхиси қўйилган эркакларда етти йиллик кузатув давомида деменция ривожланиш эҳтимоли бошқаларга нисбатан 68 фоизга юқори экани аниқланган.
Бунинг сабаби шундаки, жинсий аъзо каби, мия ҳам ўз вазифасини тўғри бажариши учун яхши қон айланишига муҳтож. Қон мияга зарур озуқа ва кислородни етказиб беради, шунингдек, зарарли чиқиндиларни организмдан чиқаришга ёрдам беради. Агар қон айланиши бузилса, бу нафақат эрекцияга, балки мия фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Қандли диабет билан боғлиқлик
Эректил дисфункцияни кузатиб бориш айниқса қандли диабет ривожланиши хавфи юқори бўлган одамлар учун муҳим ҳисобланади. Чунки диабет турли механизмлар орқали қон айланиш ва асаб тизимларига зарар етказиши мумкин. Масалан, касаллик яхши назорат қилинмаганда қондаги шакар миқдорининг кескин ошиб кетиши қон томирлари деворларидаги оқсилларга ортиқча глюкоза ёпишиб қолишига олиб келади. Бу жараён гликация деб аталади ва қон томирларининг эластиклигини йўқотишига сабаб бўлади. Атеросклерозда бўлгани каби, бу ҳам организмнинг турли қисмларига қон етиб боришини қийинлаштиради. Жинсий аъзодаги нозик қон томирлари эса, одатда, биринчи бўлиб зарарланади.
Испаниянинг Барселона шаҳридаги Сант Пау тадқиқот институти тадқиқотчиси Богдан Влахонинг айтишича:
"Қандли диабет ва эректил дисфункция ўртасидаги боғлиқлик жуда кучли. 2-тур қандли диабети бор эркакларда эректил дисфункция ривожланиш эҳтимоли диабети бўлмаган эркакларга қараганда тахминан уч баравар юқори".
Qon tomirlari sog‘lom ekanini ko‘rsatuvchi eng yaxshi ko‘rsatkichlardan biri – yaxshi ereksiya.
Влахо яқинда ўтказган илмий таҳлилга кўра, ҳам қандли диабет, ҳам эректил дисфункцияга эга беморларда диабетнинг ўзи бўлганларга нисбатан периферик нейропатия – қўл ва оёқлардаги асабларнинг шикастланиши – анча кўп учрайди. Шунингдек, уларда кўриш қобилиятининг йўқолишига олиб келиши мумкин бўлган диабетик ретинопатия ва яраларнинг секин битиши хавфи ҳам юқори бўлади. Айрим ҳолларда бу ҳатто оёқ-қўлларни кесиб ташлашга (ампутацияга) ҳам олиб келиши мумкин.
Шунга қарамай, қандли диабетга чалинган беморларда эректил дисфункцияни аниқлаш учун мунтазам скрининг ўтказиш одатий амалиёт эмас.
"Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, тиббиёт ходимлари бу масалада беморлар билан етарлича суҳбатлашмайди", дейди Испаниядаги Барселона университети эндокринологи, мазкур тадқиқотлар шарҳи муаллифларидан бири Сантяго Мартинес.

Сурат манбаси, Serenity Strull / BBC / Getty Images
Даволаш имкониятлари
Буюк Британиядаги Урология жамғармаси ўтказган сўровнома натижаларига кўра, эректил дисфункцияга чалинган эркакларнинг ярмидан кўпроғи уялиш ва хавотир туфайли шифокорга мурожаат қилмайди. Иштирокчиларнинг 20 фоизи эса ҳатто бу муаммо бўйича мутахассисга кўринишдан кўра бир ой давомида пиво ичмасликни афзал кўришини айтган.
Бироқ Майкл Карроллнинг таъкидлашича, эректил дисфункцияга дуч келган ҳар бир эркак албатта шифокорга мурожаат қилиши керак. Бу нафақат инсонга руҳий азоб ва стресс келтирувчи муаммони ҳал қилишга ёрдам беради, балки умумий саломатлик ҳақида жуда муҳим суҳбатни бошлаш имконини ҳам яратади. Айрим ҳолларда бу ҳаётни сақлаб қолиши ҳам мумкин.
"Муаммони эрта босқичда аниқлаш ва даволаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга", дейди у.
Ахир эректил дисфункция давосиз касаллик эмас.
Масалан, Viagra (силденафил) каби дори воситалари жинсий аъзодаги қон томирларини кенгайтиради. Айрим кузатувларга кўра, бу дорини жинсий ҳаётини яхшилаш мақсадида қабул қилган беморларда юрак-қон томир тизими билан боғлиқ натижалар ҳам яхшиланган, жумладан, юрак етишмовчилиги хавфи камайган. Бироқ бу ҳозирча клиник тадқиқотларда тўлиқ исботланган эмас. Қизиғи шундаки, Viagra дастлаб юқори қон босими билан оғриган беморларни даволаш учун юрак-қон томир дори воситаси сифатида ишлаб чиқилган. Кейинчалик тадқиқотчилар унинг машҳур бўлиб кетган ножўя таъсирини – эрекцияни яхшилаш хусусиятини аниқлашган.
885 мингдан ортиқ бемор ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилган яна бир тадқиқотга кўра, бу турдаги дорилар Алцгеймер касаллиги ривожланиш хавфини тахминан икки баравар камайтириши мумкин.
Камида, агар сиз эректил дисфункция ҳақида шифокорга айтсангиз, у сизда юрак касалликларининг кенг тарқалган хавф омиллари – масалан, юқори қон босими ёки атеросклероз бор-йўқлигини текшириши мумкин. Шунингдек, юрак-қон томир саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи ортиқча вазн каби омиллар бўйича ҳам тавсиялар беради. Айрим ҳолларда овқатланиш тартибини ўзгартириш ва жисмоний фаолликни оширишнинг ўзиёқ фойда келтириши мумкин. Қандли диабетга чалинганлар учун эса қондаги шакар миқдорини назорат қилиш жуда муҳим ҳисобланади.
Бироқ Сантяго Мартинес ва Богдан Влахо таъкидлашича, бу даволаш усуллари эректил дисфункциядан ташқари бошқа асоратлар хавфини ҳам камайтира олиш-олмаслиги ҳақидаги тадқиқотлар ҳали дастлабки босқичда.
Бундан ташқари, эректил дисфункциянинг аниқ сабабини топиш ҳамиша ҳам осон эмас. Чунки бу муаммо фақат жисмоний касалликлар эмас, балки порнографияга қарамлик, руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммолар ёки жинсий хоҳишга таъсир қилувчи психологик омиллар натижасида ҳам келиб чиқиши мумкин.
"Агар эркакда қандли диабет ёки юрак-қон томир касаллиги бўлса, унинг сабабини аниқлаш ва даволаш, одатда, осонроқ бўлади. Аммо спиртли ичимликлар истеъмоли, чекиш ёки порнографиядан ҳаддан ташқари фойдаланиш каби турмуш тарзи омиллари психологик ва хулқ-атвор билан боғлиқ омиллар билан бирга келса, муаммони ҳал қилиш анча қийинлашади. Кўпинча бундай эркаклар ўз одатлари ҳақида очиқ гапиришни истамайдилар", дейди Карролл.
Йўқолган суяк
Бу кашфиётлар бугунги тиббиёт учун муҳим аҳамиятга эга эканидан ташқари, Эммануэл Жаннини жинсий аъзонинг инсон саломатлигининг ўзига хос «барометри» экани эволюция нуқтаи назаридан қандай аҳамиятга эга бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳам ўйлаб кўрган.
Инсонлар бу жиҳатдан бошқа кўплаб турлардан анча фарқ қилади. Чунки одамларда эрекция асосан қон оқими ҳисобига юзага келади. Аксарият бошқа приматларда, жумладан, бизнинг энг яқин қариндошларимиз бўлган шимпанзеларда эса бакулюм деб аталувчи тортилиб турадиган жинсий аъзо суяги мавжуд. Жинсий қўзғалиш вақтида бу суяк олдинга силжиб, эрекцияни ушлаб туришга ёрдам беради. Шу сабабли уларнинг жинсий қобилияти инсонларники каби умумий саломатлик ҳолатига бунчалик кучли боғлиқ эмас.
Унда нега инсон эволюция жараёнида бакулюмдан воз кечиб, унинг ўрнига эрекциянинг қон айланишига боғлиқ механизмини ривожлантирди? Бу эволюцион биологларни узоқ йиллардан бери қизиқтириб келаётган саволлардан бири.
Жаннинининг тахминича, инсон эркаклари жинсий аъзо суягини йўқотиши аёлларга энг соғлом жуфтни танлашда ёрдам берган бўлиши мумкин. Яъни эректил функция эркакнинг умумий соғлиғи ҳақида ишончли маълумот берган ва шу орқали яхши генларни кейинги авлодга ўтказиш эҳтимоли юқори бўлган жуфтларни ажратиш имконини яратган.
"Кўпайиш учун энг муҳим суякни йўқотганимиз жуда ғалати, чунки эрекцияга таъсир қилувчи омиллар жуда кўп ва унинг қандай кечиши ҳар доим ҳам олдиндан айтиб бўлмайди. Аммо айнан шу хусусият уни сурункали касалликларни аниқлаш учун мукаммал биомаркерга айлантиради", дейди Жаннини.





























