Ўзбекистон Сурия ва Ироқ билан савдони кенгайтирмоқчими?

Published
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўзбекистондаги маҳаллий нашрларнинг хабар беришларича, Ўзбекистон ва Қозоғистон Сурия ва Ироққа қўшма бизнес ҳайъатини юборишни режаламоқда.

Podrobno.Uz веб-саҳифасининг хабар беришича, Яқин Шарқ бозорларига экспортни кенгайтириш ва тижорий алоқаларни чуқурлаштириш мақсадида Сурия ва Ироққа қўшма бизнес миссиялари тайёрланмоқда.

Хабарга кўра, илк қўшма ҳайъат 2026 йил сентябр ойи охирида Суриянинг Ҳалаб шаҳрига ташриф буюриши кутилмоқда. Ундан сўнг октябр ойи бошларида ҳам Ироқнинг Курдистон минтақасидаги Эрбил шаҳрига бизнес миссияси уюштирилади.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳҳобов 20-30 нафар тадбиркордан иборат ҳайъат тузилиб, Ҳалаб шаҳрида Ўзбекистон, Қозоғистон ҳамда Сурия компаниялари иштирокида уч томонлама бизнес форум ўтказишни таклиф қилган.

"Сафар шу йил Ҳалаб шаҳрида Ўзбекистон савдо уйининг расмий очилиш маросимидан сўнг кузатилмоқда", дейилади хабарда.

Нашрнинг ёзишича, Сурияда озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари, ўсимлик ёғи, гўшт ва металл маҳсулотларига талаб юқори. Шунингдек, Қозоғистон хом ашёсидан фойдаланиб Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган кунгабоқар ёғи аллақачон Сурияга экспорт қилинмоқда.

Мақола BBC Monitoring маълумоти асосида тайёрланган.

Ироқ ва Сурия ишончли савдо ҳамкорими?

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Ироқлик ҳамкорлар ҳар ойда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қандолат маҳсулотларининг етти-саккиз юк машинаси ҳажмида, шунингдек Фарғона вилоятида ишлаб чиқарилган сопол ва гранит маҳсулотларини импорт қилишга қизиқиш билдирганини ҳам маълум қилган.

Бу ташаббус Марказий Осиё давлатлари экспорт бозорларини турфахиллаштириш ва минтақавий саноат ҳамкорлигини мустаҳкамлашга интилишлар кузатилаётган манзарада илгари сурилмоқда.

Россияпараст Telegram канали MediaStan га кўра, режалаштирилаётган савдо алоқалари Остона ва Тошкентнинг Қозоғистоннинг хом ашё базаси ҳамда Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш қувватларини уйғунлаштириб, Яқин Шарқ бозорларига чиқиш бўйича кенгроқ стратегиясини акс эттиради.

"Шу тариқа Марказий Осиё Форс кўрфази ва Ўрта ер денгизи ҳудудларига тўғридан-тўғри савдо йўлларини очмоқда. Ироқ ва Сурия кўп йиллик можаролардан кейин асосий товарлар тақчиллигини бошдан кечираётган йирик бозорлардир", дея хулоса қилган MediaStan.

"Ироқ ва Сурияда инфратузилмаларни тиклаш учун қурилиш материаллари, металл маҳсулотлари, тўқимачилик ва озиқ-овқат маҳсулотларига улкан талаб мавжуд. Ғарб ширкатлари хавф-хатарлар туфайли бу бозорларга киришга эҳтиёткорлик билан ёндашаётган бир пайтда, Ўзбекистон ва Қозоғистон мазкур бўшлиқни тўлдиришга ҳаракат қилмоқда", дея илова қилади MediaStan.

Шунингдек, Украина инқирози ва Яқин Шарқдаги кескинлик манзарасида Марказий Осиё мамлакатлари транспорт йўналишлари ва бозорларини турфахиллаштиришдан манфаатдор эканликлари, анъанавий, тўлиб-тошган ёки жазо чоралари хавфи юқори бўлган йўналишларни четлаб ўтиб, хом ашё ва тайёр маҳсулотлар экспортини ошириш мақсадига эга эканликлари таъкидланган.

Ироқ бозори Ўзбекистонга нима бера олади?

Ироқнинг Эрбил шаҳри божсиз ҳудуд мақомга эга, хавфсиз молиявий макон сифатида қаралади ва йирик логистика марказига айланиш салоҳиятига эга.

Айни вақтда таҳлилчилар Ироқ ва Сурия билан савдо ҳамкорлиги стратегик жиҳатдан муҳим, аммо хавфли лойиҳа бўлиши мумкинлигига эътибор қаратишмоқда.

Чунки тўғридан-тўғри банк ўтказмалари билан боғлиқ муаммолар сабабли ҳам Ўзбекистон ва ҳам Қозоғистон юқорироқ молия ўтказма харажатларига дуч келишлари мумкин. Шунинг учун ташаббус муваффақияти транзит йўналишларининг барқарорлиги ва учинчи мамлакатлар банклари билан келишувларга боғлиқ бўлиши айтилмоқда.

Январь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳукумат ва мамлакатнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарига экспортни ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш топшириғини берган эди. У Ироқни "ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилари учун истиқболли йўналиш", деб атаганди.

Июл ойи ўрталарида Тошкентда Ироқ Курдистонининг савдо-саноат Федерацияси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида иқтисодий форум ўтказилган.

Форумда тижорий ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари, бизнес доиралари билан тўғридан-тўғри алоқаларни кучайтириш ва қўшма сармоя ва ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш йўллари кўриб чиқилган.

Ушбу форумда Ироқнинг Эрбил, Ҳалабжа, Сулаймония, Киркук ва Доҳук шаҳарларидан ва Ўзбекистоннинг бизнес доираларидан вакиллар дохил 400 киши иштирок этган.

Ўзбекистон Савдо-санот палатасига кўра, охирги йилларда Ироқ билан иқтисодий алоқалар мунтазам ривожланиб келмоқда.

Форумда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Ироқ Курдистони Савдо-саноат палаталари Федерацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

Сурия – янги ҳамкор

The Caspian Post ва UzDaily нашрларининг хабар беришларича, шу йил май ойида Суриянинг Ҳалаб шаҳрида Ўзбекистон-Сурия тижорат уйи расман очилган. Бу икки давлат ўртасидаги савдо ва иқтисодий алоқаларни ривожлантириш йўлида қўйилган йирик қадам сифатида баҳоланмоқда.

Ушбу савдо Уйи Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Сурия бозорларида тарғиб қилиш, тўғридан – тўғри бизнес алоқаларини кенгайтириш ва икки мамлакат ўртасида логистик ва тарқатиш йўлларини ривожлантириш мақсадида хизмат қилиши айтилган.

Ҳозирда Ўзбекистондан Ҳалабга бир контейнер маҳсулотни етказиш учун 10 кун кетиши, нархи эса 2.5 минг долларга тушиши айтилмоқда.

Савдо уйи ушбу харажатларни камайтириш ва "Made in Uzbekistan" бренди учун янги имкониятларни яратишига умид қилинган.

Савдо алоқаларининг кенгайтирилиши Ўзбекистон ва Яқин Шарқ бозорларини яқинлаштириб савдо соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириши, шунингдек, Ўзбекистон маҳсулотлари учун Яқин Шарқ бозорларига олиб чиқиш йўлларини очиши кўзда тутилмоқда.

Сурия ва Ироқ ҳозирда Ўзбекистон савдо қилаётган мамлакатларнинг йирик 10 лигига кирмайди.

Савдо-саноат палатасининг 2026 йил январ-июн ойлари ўртасидаги маълумотларига биноан, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси рўйхатида 1- ўринда Хитой турибди. Хитой билан жорий йилнинг биринчи ярмида 9.5 миллиард долларлик савдо алмашинуви амалга оширилган.

Хитойдан кейинги 2 – ўринда Россия Федерацияси. Россия билан ярим йилда 7 миллиард долларлик тижорат қилинган.

Шундан сўнг Қозоғистон, Туркия, Афғонистон, Корея Республикаси, Франция. БАА, Қирғизистон ва Германия билан ҳам савдо айланмаси ҳажми анчайин катта.

Сурия ва Ироқ ҳозирча йирик савдо ҳамкорига айланиб улгургани йўқ ва бу жараённинг дастлабки паллаларида турганликлари айтилади.