Сичқондан фил ясашмоқчими ёки мамонтларни тирилтириш мумкинми? Видео

sichqon

Сурат манбаси, Colossal Biosciences

Сурат тагсўзи, Бу сичқонлар жунлироқ бўлсин, деб генетик жиҳатдан ўзгартирилган.
Published
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Генетик муҳандислик ёрдамида яратилган жунли сичқонлар келажакда Арктикани жунли, генетик ўзгартирилган филлар билан тўлдиришга ва сайёра исишини тўхтатишга ёрдам бериши мумкин.

4 март куни АҚШ компанияси "мамонтга ўхшаш" сичқонлар яратганини эълон қилди. Colossal Biosciences компаниясининг пировард мақсади Арктикадаги абадий музликлар эришини тўхтатишга ёрдам берадиган мамонтсимон жонзотларни яратишдир.

Бу лойиҳага кўплаб танқидлар ёғилди. Хусусан, мамонтсимон мавжудотларни яратиш сичқонларни жунли қилишдан анча мураккаб жараён эканлиги, бундай тажрибалар ахлоққа зидлиги ва бутун лойиҳа шунчаки пиар учун қилинаётгани таъкидланди.

Бироқ компания бу танқидлар асоссизлиги, сичқонлар Ернинг қашшоқлашган табиатини тиклаш йўлидаги муҳим восита эканлигини айтмоқда.

Colossal Biosciences'нинг таъкидлашича, жунли сичқонлар билан ўтказилган тажрибалар филларни жунли ва совуққа чидамли қилиш учун генетик ўзгартириш йўлидаги муҳим қадам бўлган.

Уларнинг мақсади Арктика тундрасида яшайдиган мамонтсимон мавжудотлар подаларини яратиш. Компаниянинг фикрича, бу жонзотларнинг ўтлоқда ўтлаши яйловларнинг кўпайишига олиб келади ва эриб бораётган абадий музликлардан ажралиб чиқадиган карбонат ангидрид миқдорини камайтиради.

Карбонат ангидрид иссиқхона гази бўлиб, глобал исишнинг асосий сабабчиларидан биридир.

Аммо танқидчилар сичқонлардаги бу ўзгаришларни филларда қўллашдан олдин ҳал қилиниши лозим бўлган жиддий илмий муаммолар мавжудлигини таъкидлашмоқда

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Colossal'нинг ҳаммуассиси ва бош директори Бен Лам BBC News'га берган интервьюсида жунли сичқонлар катта ютуқ эканлигини айтди.

"Биз 2028 йилгача совуққа мослашган филни яратиш йўлидан борамиз ва бу 2026 йил охиригача биринчи эмбрионларни ҳосил қилишни англатади," деди у.

"Вақт ўтиши билан бизда совуққа мослашган филларнинг бутун авлоди пайдо бўлади. Уларни ёввойи табиатга қайтариб, ўзаро кўпайишига имкон яратамиз."

mamont

Сурат манбаси, SPL

Сурат тагсўзи, Сичқонни ана шундай мамонтга айлантиришмоқчи. Бу имконлими ўзи?

Жунли сичқонларнинг саккизта гени ўзгартирилди: еттитаси жун ўсиши билан боғлиқ сичқон генлари ва саккизинчиси тана ёғини кўпайтириш билан боғлиқ мамонт гени эди.

Тадқиқотчилар ҳайвонларнинг жунлари узунроқ ва жингалакроқ бўлганини аниқлади, аммо мамонтнинг ёғни кўпайтирувчи гени таъсир қилганига ҳеч қандай далил топилмади.

sichqon

Сурат манбаси, Colossal Biosciences

Сурат тагсўзи, Жунли сичқоннинг юнг ўсишига алоқадор еттита гени ўзгартирилган.

Colossal Biosciences'нинг ишини компанияга алоқаси бўлмаган олимлар шубҳа билан қабул қилди. Уларнинг хавотирлари қуйидагилардан иборат:

  • Colossal жамоаси узоқ вақтдан бери жун ўсиши билан боғлиқ сичқон генларини ўзгартириб, жунли сичқонлар яратди. Беш йил ичида жунли сичқонлардан совуққа мослашган, жунли филларга ўтиш жуда катта сакраш.
  • Битта жунли филни етиштириш етарлича мураккаб бўлса, Арктика тундрасини тиклаш учун зарур бўлган юзлаб ёки минглаб филларни етиштириш янада мураккаброқ бўлади.
  • Сичқонларда ишлаган генетик ўзгаришлар филларда турли хил аномалияларга олиб келиши ва ҳайвонларнинг азоб чекишига сабаб бўлиши мумкин.
  • Бу ўзгартирилган жонзотларни бошқа филлар ғалати деб қабул қилмаслиги ва ўз тўдасидан четлатилиши мумкин.

"Бу ишнинг амалий фойда ёки ҳақиқий илмий қиймати йўққа ўхшайди," деди GeneWatch ташкилоти вакили доктор Ҳелен Уоллес.

"Бу шунчаки пиар учун қилинган," дея қўшимча қилди у.

Бунга жавобан, Colossal тадқиқотчилари ҳақсиз танқид қилинганликларини айтишмоқда. Уларнинг фикрича, сичқонлар мазкур генетик ўзгаришларни филларда синаб кўришдан олдин самарали ва хавфсиз эканлигини текшириш учун воситадир.

"Бу лойиҳанинг муваффақияти ҳақиқатан ҳам жуда қувонарли бўлади," дейди компаниянинг бош илмий ходими, профессор Бет Шапиро.

fil

Сурат манбаси, Colossal Biosciences

Сурат тагсўзи, Colossal Biosciences асосчиси Бен Лем унинг илмий жамоаси жараён хавфсизлигига ишонч ҳосил қилингачгина филлар устида тажриба бошлашини айтади.

У яна қўшимча қилишича, ширкатда эмбрион ривожланишини ўрганиш ва генетик ўзгартирилган филларни ўстириш учун сунъий бачадон яратиш каби бошқа тадқиқот дастурлари ҳам параллел олиб борилмоқда. Компания бу лойиҳалар ёрдамида бир неча йил ичида совуққа чидамли филларни яратишини таъкидламоқда.

Профессор Шапиро бу ишнинг фойдасиз эканлиги ҳақидаги фикрларни қатъий рад этади. Унинг таъкидлашича, компаниянинг додо ва Тасмания йўлбарси, шунингдек, мамонт каби йўқолиб кетган турларни қайта тиклаш режаси йўқолган экологик бўшлиқларни тўлдиради ҳамда биологик хилма-хилликни тиклайди ва атроф-муҳитга фойда келтиради.

У яна қўшимча қилишича, ҳозирда ишлаб чиқилаётган генетик воситалар йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги турларга ёрдам бермоқда. Булар орасида филлар учун хавфли вирусга қарши вакцина ишлаб чиқиш; Австралияда қамиш қурбақаси ишлаб чиқарадиган нейротоксинларга чидамли "қурол" деб аталувчи генетик ўзгартирилган халтали сут эмизувчиларни яратиш; ва Маврикийда пушти каптарнинг генетик хилма-хиллигини қайта тиклаш каби лойиҳалар бор.

Профессор Шапиро филлар зарар кўрмаслигини таъкидлайди. Жамоа фақат яшовчан эмбрионларни саралаш усулларини ишлаб чиқмоқда ва унинг ишонишича, бу филларга бошқалар одатий қарайди.

"Биз уларнинг ДНК кодидаги фақат бир нечта ҳарфларни ўзгартирмоқчимиз, холос. Филлар оналаридан туғилганда уларга ғалати деб қаралмайди, чунки улар оналарига жуда ўхшаш бўлади, фақат жунлари кўпроқ ва совуқроқ иқлимда яшай олади."