Эрон мушакларини кўрсатиб қўйдими?
- Author, Фарзад Сейфикаран
- Role, BBC Форс хизмати
- Published
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Эрон яқинда Исроил ва АҚШ каби давлатлар тажовузига қарши ишлатилиши мумкин бўлган янги махфий ер ости бункерлари тўпламини ошкор қилди.

Сурат манбаси, Tasnim
"Агар бугундан бошлаб ҳар ҳафта битта ракета шаҳрини очсак ҳам, икки йилда тугата олмаймиз. Улар шунчалик кўпки..."
Эрон яқинда Исроил ва АҚШ каби давлатлар тажовузига қарши ишлатилиши мумкин бўлган янги махфий ер ости бункерлари тўпламини ошкор қилди.
Reuters ахборот агентлигига анонимлик шарти билан маълум қилинишича, АҚШ сўнгги ҳафта ичида Эрон ва Яманга яқин жойлашган ҳарбий базага АҚШнинг энг оғир бомбаларини таший оладиган олтитагача қўшимча ҳарбий самолёт жўнатган.
Эрон бунга жавобан, Америка "шиша уйда ўтиргани"ни "бошқаларга тош отмаслиги" кераклигини айтди.
Эрон, шунингдек, Ҳинд океанидаги Британия ҳудуди бўлган ва Маврикийга қайтарилиш арафасидаги Диэго Гарция оролида жойлашган базани бомбалаш билан таҳдид қилди. Эрон илгари бунча масофадаги объектни бомбалай олишини айтмаган эди.
Хўш, "ракета шаҳарлари" деб аталаётган жойлар аслида нима? Нима учун Эрон ҳозир янги имкониятларини ошкор қилмоқда ва бу Яқин Шарқдаги эҳтимолий можаро учун нимани англатади?
Эроннинг "ракета шаҳарлари" нималардан иборат?

Сурат манбаси, IMA Media
"Ракета шаҳарлари" – Эрон ҳарбий кучлари, яъни Исломий Инқилоб Қўриқчилари Корпуси (ИИҚК) йирик ер ости ракета базаларини шундай атайди. Бу базалар кўпинча тоғли, стратегик ҳудудларда жойлашган бўлиб, мамлакат бўйлаб кенг тармоқланган, чуқур ва ўзаро боғланган туннеллар тизимидан иборат.
Улар баллистик ва қанотли ракеталарни ҳамда дронлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари каби бошқа стратегик қуролларни сақлаш, тайёрлаш ва учириш учун ишлатилади.
ИИҚК қўмондонлари айтишича, бу ракета шаҳарлари нафақат ракеталарни сақлаш жойлари, балки уларнинг баъзилари "ракеталарни ишлаб чиқариш ва тайёрлаш учун" заводлар ҳамдир.
Ушбу ракета базаларининг аниқ жойлашуви номаълум ва ҳеч қачон расман эълон қилинмаган.
Эрон инқилоби гвардияси ҳаво-космик кучлари қўмондони генерал Амир Али Ҳожизода давлат телерадиокомпанияси ИРИБга берган интервьюсида сўнгги "ракета шаҳри"ни кўрсатувчи, баллистик ракеталар ва чуқур ер остидаги дронлар акс этган видеони намойиш этди. Би-би-си бу видеода кўрсатилганларни мустақил текшира олмайди.
Давлат оммавий ахборот воситалари Теҳрон бу қуроллардан "Эрон халқига қарши ҳар қандай душманлик ҳаракатига" жавобан фойдаланажагини маълум қилди.
"Агар Эронга минтақадаги исталган базадан ёки Эрон ракеталари диапазонидан ҳужум қилинса, Британия ёки Америка кучларини нишонга олишда фарқ бўлмайди," деб таъкидлади Эрон.
Сўнгги ўн йил ичида ИИҚК вақти-вақти билан кўплаб ракеталар, дронлар ва мудофаа тизимлари сақланадиган ер ости туннеллари суратларини эълон қилган ва уларни "махфий ракета шаҳарлари" деб атайди.
Бу АҚШ ва Исроил учун қанчалик аҳамиятли?
Эрон ўз имкониятларини кўрсатиб, Исроил ва АҚШни кейинги ҳужумлардан қайтармоқчи.
Сўнгги кадрларда «Хайбар Шекан», «Ҳаж Қасам», «Эмад», «Сежжил», «Қадар-Ҳ» ва «Павеҳ» қанотли ракеталарини кўриш мумкин.
Эрон 2000 километр узоқликдаги нишонни ура олиши билан мақтанди.
«Эмад» баллистик ракеталари Эроннинг 2024 йил апрел ойида Исроилга қилган ҳужумида қўлланган бўлиб, Исроил марказидаги Наватим ҳаво базасига зарар етказган.
Эрондан Исроилгача бўлган энг қисқа масофа Ироқ, Сурия ва Иордания орқали тахминан 1000 километрни ташкил этади. Исроил 2024 йил апрел ойида снарядларнинг 99 фоизи уриб туширилганини айтди. Октябрь ойидаги иккинчи ҳужум эса жиддий зарар етказа олмади.
Бироқ, Эрон ракеталарининг масофаси ва ҳалокатлилиги ҳақида шубҳалар мавжуд, бу эса уларнинг Диэго Гарциядаги ҳарбий базасига етиб бора олиши ҳақидаги сўнгги даъволарни муҳим янгиликка айлантиради.

У ерда 1970-йиллар бошидан бери Буюк Британия ва АҚШ қўшма ҳарбий базаси жойлашган. Аммо орол базаси яхши ҳимояланган ва Эроннинг энг яқин нуқтасидан 3800 километрга яқин масофада жойлашган.
Бу ҳафта Эрон ўзининг "Шаҳид 136Б" дронлари 4000 километр масофагача уча олиши ҳақидаги даъвосини такрорлади, аммо бу ҳали исботланмаган.
Эрон ҳозирда 2000 километрдан ортиқ масофага учадиган ракетага эга эмасдек кўринса-да, назарий жиҳатдан оролга етиб боришнинг бошқа йўллари ҳам бор, масалан, денгиз кучларидан фойдаланиш ёки мавжуд ракета тизимларини ўзгартириш.
Яқин Шарқда аллақачон АҚШнинг катта миқдордаги ҳарбий кучлари мавжуд ва яқин келажакда уларга яна иккита авиаташувчи кема қўшилади.
Қуйидаги сунъий йўлдош тасвирларида Диего Гарцияда B-2 бомбардимончи самолётлари кўринади; улар яқинда Ямандаги ҳусийларга қарши бомбалаш кампаниясида ишлатилди.
Agar Eronga mintaqadagi istalgan bazadan yoki Eron raketalari diapazonidan hujum qilinsa, Britaniya yoki Amerika kuchlarini nishonga olishda farq bo‘lmaydi...
"Агар Эрон ёки унинг иттифоқчилари америкалик ҳарбийлар ва минтақадаги манфаатларга таҳдид солса, Қўшма Штатлар ўз халқини ҳимоя қилиш учун қатъий чоралар кўради," деди Пентагон вакили Шон Парнелл шу ҳафта берган баёнотида.
АҚШ ҳарбий кучларининг Стратегик қўмондонлиги Диего Гарцияга нечта B-2 етиб борганини айтмади ва улар иштирокидаги машқлар ёки операциялар ҳақида изоҳ бермаслигини таъкидлади.
АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларида атиги 20 та B-2 бомбардимончи самолёти мавжуд, шу сабабли улар одатда камдан-кам ҳолларда ишлатилади.
Эрон нима учун айнан ҳозир бу "ракета шаҳарлари" ҳақида гапирмоқда?
Сўнгги кадрлар Эрон, АҚШ ва Исроил ўртасида учта масала бўйича кескинлик кучайган паллада пайдо бўлди: Эрон қўллаб-қувватлаётган ҳусийлар таҳдиди; Эрон ядро дастури бўйича музокаралар; ва Ливандаги Эрон қўллаб-қувватлайдиган "Ҳизбуллоҳ" гуруҳини заифлаштиришга қаратилган Исроилнинг кейинги ҳужумлари.
АҚШ президенти Дональд Трамп ўтган якшанба куни Теҳрон Вашингтон билан ядро дастури бўйича келишмаса, Эронни бомбалаш ва қўшимча санкциялар билан таҳдид қилди.
Бу кадрлар, шунингдек, ўтган йилги Эрон ва Исроил ўртасидаги ҳарбий тўқнашув ортидан чиқди – ИИҚКнинг янги ракета полигони очилиши Эрон куч билан жавоб қайтариши мумкинлиги ҳақидаги хабарни мустаҳкамлаш учун мўлжалланган кўринади.
Эрон Исроилга қарши учинчи операцияни ўтказишга ваъда бермоқда. Бироқ, у доимий равишда жамоатчилик босими остида қолмоқда. Кўпчилик Исроил ҳужуми Эроннинг ракета салоҳиятини заифлаштиргани сабабли унинг бу ваъдани бажара олишини шубҳа остига қўймоқда.
Эрон ҳукумати фуқароларни ўзининг ҳамон кучли эканлиги ва АҚШнинг ҳар қандай таҳдидига қарши тура олишига ишонтирмоқчи.
Ер остида ракета шаҳарларини қуришдан мақсад уларнинг омон қолиш имкониятини ошириш, ҳаво ҳужумларига чидамлиликни таъминлаш ва тийиб турувчи кучни сақлаб қолишдир. Эрон ушбу ракета шаҳарларини ривожлантириш орқали ердаги базаларига ҳужум қилинганда ҳам, АҚШ ва Исроилга қарши зарба бера олишини намойиш этди.
Бу базалар номаълум жойлардан ракеталарни учиришга имкон беради ва Эроннинг ҳарбий имкониятларини баҳолашда душманни чалғитади.





























