Эрон қийин танлов қаршисида: можаро алангаланиши ёки кучсиз кўриниш

Эронлик аёл ва Теҳрон шаҳри кўчасида Эрон олий руҳоний раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий ва собиқ оятуллоҳ Ҳумайний тасвирланган сурат(21 October 2024)

Сурат манбаси, EPA

    • Author, Жереми Боуэн
    • Role, Би-би-си Халқаро муҳаррири
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Исроилнинг Эронга қарши ҳужуми Яқин Шарқдаги урушни янада кескинлаштирди. Қатъий жавоб зарбаси бериш ёки ҳужумни шунчаки эътибросиз қолдириш Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий ва унинг асосий маслаҳатчилари кун тартибида муҳим масалага айланди.

Улар мавжуд хавфли қарорлар қаторидан энг кам хавф яратадиганини танлашлари керак. Бир томондан, Эрон расмийлари баллистик ракеталар билан зарба беришни яна бир марта кўриб чиқишлари мумкин. Бироқ, агар у юз берадиган бўлса, Исроил бу каби ҳужумни ҳам жавобсиз қолдирмаслигини таъкидлаган.

Бошқа томондан эса Хоманаий маслаҳатчилари Эрон ҳудудига тўғридан-тўғри ҳужумларни тугатиш ҳақида қарор беришлари мумкин. Бироқ, бу халқаро саҳнада Исроилнинг АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган ҳарбий кучи ва сиёсий қатъиятига мағлуб бўлган Эрон қиёфасини яратади.

Алалоқибат, Олий раҳбар ва маслаҳатчилари Исломий режим суверинитетига энг кам зарар етказадиган қарорни қабул қилишлари эҳтимоли юқори.

Жереми Боуэн
BBC
Eron o‘z dushmanlarini tiyib qo‘yishning yangi yo‘lini izlayotgan bo‘lishlari mumkin. Xususan, ballistik raketalar uchun yadroviy kallak ishlab chiqish...
Jeremi Bouen
BBC Xalqaro muharriri

Қуруқ таҳдидлар?

Исроил ҳужумидан олдин ва кейин Эрон расмий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган баёнотлар жавоб зарбаси қандай кўринишда бўлиши хусусида аллақачон бир тўхтамга келинганини кўрсатмоқда. Унинг эҳтимолий тили Исроилникига ўхшаш ва Эрон суверинитетига қарши қилинган таҳдидлардан ўзини ҳимоя қилиши кераклигини урғулайди. Бироқ, вазият шу даражада кескинки, Эрон ўз жавоб зарбаси режасини қайта кўриб чиқиши мумкин.

Буюк Британия Бош вазири Сер Кир Стармер ҳам воқеалар шундай тус олишига умид боғлайди. У АҚШнинг Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга, деган талабини қўллав-қувватлайди.

“Ишончим комилки, Исроил Эрон тажовузига қарши ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга”, деди у. “Яна шуниси муҳимки, биз минтақавий кескинликнинг янада кучайишига йўл қўймаслигимиз ва барча томонларни ўзини тийишга чақиришимиз керак. Эрон жавоб бермаслиги лозим.”

Эроннинг бу борадаги баёнотлари 1 октябр кунги Исроилга қилинган баллистик ракета ҳужумларидан бери изчил бўлиб келмоқда. Бир ҳафта олдин Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи Туркиянинг NTV тармоғига берган интервьюсида “Эронга қарши ҳар қандай ҳужумнинг амалга оширилиши биз учун қизил чизиқдан ўтиш ҳисобланади. Ва бундай ҳужум жавобсиз қолдирилмайди”, деган эди.

Исроил ҳужумидан бир неча соат олдин, Эрон ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бақоий “Исроил режими томонидан Эронга қилинадиган ҳар қандай тажовузкорликка тўлиқ куч билан жавоб қайтарилади” дея таъкидлади. У, шунингдек, Эрон Исроилнинг чекланган ҳужумини жавобсиз қолдириши ҳақида тарқалган даъволарни “хато ва асоссиз” деб атаган.

Исроил самолётлари ҳарбий базага қайтар экан, Эрон ташқи ишлар вазирлиги БМТ Низомининг 51-моддасига асосан Эрон ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эканлигини таъкидлади. Баёнотда Эрон хорижий тажовуз ҳаракатларига жавоб беришга мажбур эканлиги айтилган.

Ҳалокатли ҳужумлар

Исроил баҳордан бери эскалация суръатини белгилаб келмоқда. У Эронни ўтган йилнинг 7 октябрида тахминан 1200 одамнинг, жумладан, исроилликлар ва 70 дан ортиқ хорижликнинг ўлимига сабаб бўлган Ҳамас ҳужумларининг асосий қўллаб-қувватловчиси деб билади. Исроилнинг эҳтимолий зарбалари рўй беришидан хавотирланган Эрон эса доимий равишда Исроил билан тўлақонлиурушга кириш нияти йўқлигини такрорлаб келади.

Теҳрондаги раҳбарлар тўлиқ урушдан кўра яхшироқ амалий ғояга эга эдилар. Эрон ўзининг “қаршилик ўқи”даги иттифоқчилари ва воситачилари ёрдамида Исроилга ҳужумларни амалга оширди. Ямандаги Хусийлар Қизил денгиздаги кемаларни тўхтатиб, йўқ қилишди. Ливандан Ҳизбуллоҳнинг ракета ҳужуми камида 60 000 исроилликни ўз уйларини ташлаб чиқишга мажбур қилди.

Урушнинг олтинчи ойида Исроилнинг жавоб зарбалари икки баравар кўп ливанликларни жанубдаги уйларини тарк этишга мажбур қилди, аммо Исроил бундан-да кўпроқ зарар етказиши ҳам мумкин эди. Исроил Ҳизбуллоҳ ўз ракета ҳужумларини тўхтатмас ва чегарадан чекинмас экан, уни муқаррар жазо кутётгани билан таҳдид қилган.

Ҳизбуллоҳ ҳужум ҳаракатларини тўхтатмагач, Исроил Эроннинг чекланган уруши туфайли шаклланган жанг майдонидан чиқишга қарор қилди. Бу кучли зарбалар Эрон Исломий режимини издан чиқарди ва унинг стратегиясини барбод қилди. Исроилнинг сўнгги зарбалари Эрон раҳбарларини хавфли танловлар қуршовида қолдирди.

Исроил Эроннинг тўлиқ урушдан қочишини заифликнинг бир кўриниши сифатида талқин қилади ва босимни кучайтиришда давом этди. Президент Жо Байденнинг қатъий қўллаб-қувватловига эга Бош вазир Бенямин Нетаняҳу ва Исроил қўмондонлари таваккал қилишга тайёр эдилар. Байден Исроилни ҳимоя қилишга содиқлигини иботлаш учун АҚШ денгиз ва ҳаво кучларини Яқин Шарққа юборди.

1 апрел куни Исроил ҳаво ҳужуми Дамашқдаги Эрон дипломатик мажмуасининг бир қисмини йўқ қилди ва Эроннинг юқори даражадаги қўмондони, бригада генерали Муҳаммад Ризо Зоҳидий ва бошқа Эрон Исломий инқилоб қўриқчилари зобитларини ўлдирди.

АҚШ бу ҳужум ҳақида олдиндан ўзлари огоҳлантирилмаганлигини қаттиқ танқид қилди, аммо Жо Байденнинг Исроилни қўллаб-қувватлаши бу билан сусайиб қолмади. 13 апрел куни Эрон дронлар, қанотли ва баллистик ракеталар билан Исроилга қарши ҳужум амалга оширди. Уларнинг кўпчилиги Исроил мудофааси, АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Иордания ҳарбий кучлари ёрдамида уриб туширилди.

Вазият янада хавфли тус олмаслигига умид қилган Байден Исроил “ғалабасини қабул қилиш”га чақирган эди. Исроил Эрон ҳужумига қарши жавоб зарбасини амалга оширишда ҳаво мудофаа базаси билан чекланганида Байденнинг режаси ишга тушаётгандек туюлганди.

Аммо ёздан бери Исроил Эрон ва унинг иттифоқчилари билан урушни қайта-қайта кучайтирди. Энг катта зарбалар Эроннинг энг муҳим иттифоқчиси Ҳизбуллоҳга қаратилди. Эрон йиллар давомида Ҳизбуллоҳнинг қурол-яроғ захирасини тўлдириш устида ишлаб келди ва бу мудофаа стратегиясининг асосий қисми бўлиб хизмат қилди. Бундан кўзланган мақсад Исроил Эронга ҳужум қилишни режа қилса, Ҳизбуллоҳ Ливан чегараси орқали Исроилга зарба бериши таҳдиди билан Исроилни тўхтатиш эди.

Ҳамаснинг 2023 йил 7 октябридаги ҳалокатли ҳужумларида аҳлок бўлган Шаҳар ва Шломи Матиас портрети

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ҳамаснинг Исроилга 7 октябрдаги ҳужуми оқибатида 1200 га яқин инсон ҳалок бўлган

Бироқ Исроил биринчи бўлиб ҳаракат қилди ва Ҳизбуллоҳ билан 2006 йилги тўқнашувдан кейин ишлаб чиқилган режаларини амалга оширди. Исроил Ҳизбуллоҳ сотиб олган портловчи моддаларга ўрнатилган пейжерлар ва радиостанцияларни портлатди, Ливаннинг жанубига бостириб кирди ва Ҳизбуллоҳнинг узоқ йиллик раҳбари, ўнлаб йиллар давомида Исроилга қарши қаттиқ қаршиликнинг тимсолига айланган Шайх Ҳасан Насруллоҳни ўлдирди.

Ливандаги манбалар, Исроилнинг ҳужумлари 2500 дан ортиқ одамни ўлдирганини ва 1,2 миллиондан ортиқ аҳолини ўз уйларини ташлаб чиқишга мажбур қилганини айтади. Бироқ буларнинг ҳеч бири Ҳизбуллоҳни жанг қилишда ва Исроил ҳарбийларини ўлдиришда давом этишдан тия олгани йўқ.

Ўз стратегиясининг инқирози билан юзма-юз келган Эрон очиқ ҳужум қилишга мажбур эканлигини тушунди. Ўз иттифоқчиларини ёлғиз курашишга ва ҳалок бўлишга қўйиб бериш, ҳамда бунга жавоб бермаслик Эроннинг минтақада Исроил ва Ғарбга қарши кучлар етакчиси сифатидаги мавқеини йўқотишига олиб келарди. Эроннинг жавоби 1 октябрдаги Исроилга катта баллистик ракета ҳужумлари бўлди.

25 октябр, жума куни Исроил ҳаво ҳужумлари бунга жавоб берди. Ушбу ҳужумларнинг амалга оширилиши кутилганидан кўра кўпроқ вақт ўтгач содир бўлди. Исроил режаларининг ошкор бўлиши бунга сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Исроил, шунингдек, Ғазо шимолида катта ҳужумларни амалга оширмоқда. БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Турк буни Ғазо урушидаги энг қоронғу дақиқа деб атаган, чунки Исроил армияси бутун ҳудудни бомбардимон қилиб, аҳолини қамал ва очарчилик хавфи билан юзлаштирмоқда.

Эронни нишонга олган Исроил ҳужумларининг вақти халқаро эътиборни Ғазодан чалғитиш учун мўлжалланганми ёки йўқми, аниқ эмас. Аммо бу ҳисоб-китобнинг бир қисми бўлган бўлиши мумкин.

Исроил "Темир гумбази" Тел-Авив осмонида ракетани тутиб қолган вақт

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Исроилнинг "Темир гумбаз" ҳаво ҳужуидан мудофаа тизими 1 октбяр куни Эрон баллистик ракеталарининг аксарини уриб туширди

Қаршилик ҳаракатларини тўхтатиш

Томонлар жавоб зарбаси бермаслик халқаро саҳнада ўзларининг кучсиз қиёфасини яратишидан қўрқар эканлар, ўзаро қарши ҳужумларни тўхтатиш масаласи яқин орада мураккаб масалалигича қолиши тайин. Эрон урушнинг айни бу босқичида Исроилга сўнгги сўзни беришга тайёрми ёки йўқлиги эса савол остида қолмоқда.

Президент Байден 1-октябрдан кейин Исроилнинг жавоб зарбасини қўллаб-қувватлади, лекин у яна бир бор Эроннинг энг муҳим ядровий, нефть ва газ иншоотларини нишонга олишдан қайтарди. АҚШ Исроил мудофааси учун THAAD ракетага қарши тизимини жойлаштирди ва Бош вазир Нетаняҳу бу гал унинг маслаҳатига қулоқ тутди.

5 ноябрдаги АҚШ президентлик сайловлари Яқин Шарқ можаросининг келгуси тадқирида муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, агар Доналд Трамп иккинчи муддатга қайта сайланса, у Эроннинг ядро, нефть ва газ иншоотларига зарба берилишига нисбатан қатъий қаршилик қилмаслиги мумкин.

Яқин Шарқ эса кутишда давом этади. Исроилнинг Эрондаги энг қиммат иншоотларга зарба бермаслик қарори Теҳрон дипломатларига уруш тақдири хусусида мулоҳаза қилиш учун вақт берди.

Ўтган ой БМТ Бош Ассамблеясида Эрон вакиллари ядро масалалари бўйича музокаралар столига ўтиришга тайёр эканликларини билдиришган эди.

Бу ҳолат Яқин Шарқдан ташқаридаги дунё учун ҳам катта аҳамиятга эга бўлиши лозим. Эрон ҳар доим ядровий бомба яратиш истаги борлигини инкор қилиб келган, бироқ унинг ядровий технологиялари ва уранни бойитиш тажрибаси қурол яратиш имкониятини оширган.

Эрон раҳбарлари ўз душманларини тийиб қўйишнинг янги йўлини излаётган бўлишлари ҳам мумкин. Хусусан, баллистик ракеталар учун ядровий каллак ишлаб чиқиш уларнинг кун тартибида бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002