Янгиликлар. Марказий Осиё: Бугун Россияга “Йўқ”, деб бўладими? Rossiya Ukraina Markaziy Osiyo Yangiliklar

Сурат манбаси, official
Минтақада зиддиятли баёнотлар янгради. Президент Имомали Раҳмон яқинда ўзининг Путинга ошкора эътирози билан ҳам катта шов-шувга сабаб бўлганди...
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев қудратларга кескин кетди, нима учун “ўлишга тайёр” эканини ҳам айтди
- Янгиликлар: Ташқи таҳдидга қандай қарши туриш мумкин, Қозоғистон Россиядан қўрқмайдими ва Россия Марказий Осиёни ким сифатида кўради? Видео
- Минтақа ва Ўзбекистон Путинни нега қўлламаган, Хитой Россия борасида нима дейди?
- Ўзбекистон. Кун саволи: Россия ва Хитой гегемонлиги қаршисида бугун Туркий давлатлар нима қила олади?
Нима гап?

Сурат манбаси, .
Украина уруши манзарасида яна бир минтақа давлати Россияга нисбатан ўзининг бугунги ташқи сиёсатига ойдинлик киритди.
Тожикистон Россия ва Украина уруши борасидаги баёнотлари билан сўнгги бир неча ҳафтанинг ўзида иккинчи бор минтақадаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига қаратди.
Бу гал Тожикистон Ташқи ишлар вазири журналистларнинг саволларига жавоб берди.
Сирожиддин Муҳриддинга кўра, "Дунёдаги ҳозирги вазият Тожикистон ва Россия ўртасидаги сиёсий муносабатларга салбий таъсир қилмаслиги керак".
"Бизнинг асосий стратегик шериклар ва ҳамкорлар, жумладан, Россия билан муносабатларимиз ташқи шароитларга боғлиқ эмас. Биз бу муносабатларни изчил, мантиқан, мамлакатимизнинг миллий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ривожлантирмоқдамиз", - дея баён қилди Тожикистон Ташқи ишлар вазири.
Тожикистондаги етакчи мустақил интернет нашри Asia-Plus нинг ёзишича, вазир иштирокидаги матбуот анжумани кеча, 15 август куни пойтахт Душанбеда бўлиб ўтган.
Тожикистон қонунчилиги эса, ўз фуқароларига айнан Россия билан икки фуқароликка эга бўлишга ҳам рухсат бериши, икки давлат ўртасида ўртасида бу масалани тартибга солувчи махсус халқаро шартнома имзолангани айтилади.
Шу яқин кунларда минтақадан олинган хабарларда ҳам Украина уруши манзарасида Россия фуқаролигини олаётганлар рўйхатида Тожикистоннинг пешқадамлик қилганини кўриш мумкин бўлган.
Устма-уст баёнотлар

Сурат манбаси, .
Сирожиддин Муҳриддиндан аввал Тожикистон президенти қошидаги Стратегик тадқиқотлар маркази директори мамлакатининг Россия Украинада очган урушга нисбатан мавқеига ойдинлик киритган.
Хайриддин Усмонзода 4 август кунги матбуот анжумани чоғида "уруш"ни "ҳодиса", деб атаган.
"Тожикистон Россия ва Украина ўртасидаги ҳодиса бўйича нейтрал мавқеъни эгаллаши, ҳеч бир томонга яққол устунлик бермаслиги"ни таъкидлаган.
Стратегик тадқиқотлар маркази директори Украинадаги воқеалардан кейин Тожикистонда Россиянинг мавқеи заифлашиб, Хитойнинг таъсири кучайганига оид баҳоларни ҳам рад этган.
Хитой эса, Тожикистон ва шу жумладан, қолган минтақа давлатларининг ҳам энг йирик кредитори ҳамда сармоячиларидан бири бўлади, жорий пайтда минтақадаги энг қудратли геоиқтисодий куч саналади, минтақада Марказий Осиёни ҳам ўз ичига кўп миллиард долларлик лойиҳалар билан чиққан ва чиқа олган дунёнинг ягона давлати бўлади.
Расмий Пекин яқинда Марказий Осиё билан ҳар томонлама ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган улкан лойиҳасини ҳам ошкор қилган, ўзининг бу режаси билан минтақа қолиб, дунёда эътиборни ўзига тортган.
Хайриддин Усмонзода ҳам Тожикистон "барча қудратли давлатлар билан мувозанат сақлаши ва бу ҳолатда ҳеч бир томонга устунлик бермаслиги"ни таъкидлаган.
У Украина урушининг минтақадаги геосиёсий мувоназатга таъсиридан ташқари, иқтисодий оқибатларига ҳам тўхталиб ўтган.
Хайриддин Усмонзода Тожикистон икки давлат ўртасидаги воқеаларда прагматик сиёсат олиб боргани, қолган Марказий Осиё давлатлари билан иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлаб, можаронинг мамлакати иқтисодий ҳаётига салбий таъсирини камайтиришга муваффақ бўлганини ҳам баён қилганди.
Ким нима дейди?

Сурат манбаси, Rasmiy
Тожикистон Ташқи ишлар вазири эса, Россияга қарши киритилган Ғарб санкцияларининг мамлакатига таъсирини рад этмаган.
Хабарларга кўра, Сирожиддин Муҳриддин шундай деркан, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни хосан тилга олган.
У, "Санкциялар нафақат ривожланаётган мамлакатлар, балки ривожланган давлатларга ҳам таъсир қилади. Шунинг учун Тожикистон ҳам бундан мустасно эмас"лигини айтган.
Сирожиддин Муҳриддин, шу билан бирга, Тожикистон Россия билан савдо-иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлаш устида иш олиб бораётганлигини ҳам қўшимча қилган.
Аммо унинг Тожикистоннинг Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзолиги масаласида айтган сўзлари 15 август кунги матбуот анжумани манзарасида четдаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган нуқтага айланган.
Тожикистон Ташқи ишлар вазири мамлакати бу масалани ҳануз ўйлаётгани, бир неча йилдан буён Қирғизистон ва Арманистон тажрибасини ўрганаётганлигини билдирган.
У бу масала Тожикистоннинг миллий манфаатлари инобатга олинган ҳолда кўриб чиқилаётганини ҳам қўшимча қилган.
Сирожиддин Муҳриддиннинг таъкидлашича, "Россия билан кўпқутбли муносабатларнинг юқори даражада экани назарда тутилса, бу борада Тожикистонга босим ўтказилаётгани йўқ".
Тожикистон нейтрал Туркманистон ва кузатувчи мақомидаги Ўзбекистон билан бирга Марказий Осиёнинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига тўлақонли аъзо бўлиб кирмаган уч давлатидан биттаси бўлади.
Айнан ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи жорий пайтда Россияга Ғарбнинг устма-уст санкцияларини айланиб ўтишда энг кўп қўл келаётган воситалардан бири сифатида кўрилади.
Аксарият минтақавий таҳлилчилар эса, ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқини Кремлнинг постсовет давлатларини ўзининг орбитасига қайта тортишга қаратилган йирик сиёсий лойиҳаси ўлароқ ҳам талқин этишади.
Расмий Душанбенинг айни мазмундаги баёнотларига Россия томони муносабати ҳозирча кўзга ташланмайди.
Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига тўлақонли аъзолиги мамлакат мустақиллиги тарихидаги энг қизғин баҳсу мунозараларга сабаб мавзулардан бири экани кўрилади.
2020 йилда ўша пайтда Ташқи ишлар вазири бўлган Абдулазиз Комиловнинг Сенат олтинчи ялпи мажлисида қилган чиқиши Россия ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига тўлиқ аъзолик масаласида мигрантлар воситасида Ўзбекистонга босим ўтказаётганига оид тасаввурларни ҳам пайдо қилган.
Тожикистон президенти эса, ўтган йил октябрь ойида Путинга ўзининг ошкора эътирози ва таъналари билан тилга тушган, постсовет ҳудудида катта шов-шув уйғотган.
Имомали Раҳмон "Марказий Осиё-Россия" саммити чоғида минтақа давлатлари билан "+" форматидаги олиймақом йиғинларнинг қанчалик амалий эканини ошкора савол остига олганди.
Сўнгги пайтларда қолган минтақа давлатлари мисолида бунга ўхшаш матбуот анжуманларига оид хабарлар олинмагани эса, Тожикистон пойтахтидан олинаётган сўнгги янгиликларнинг аҳамиятини бўрттирган.
Иттифоқчилик ва ташқи сиёсат

Сурат манбаси, Rasmiy
Тожикистон Қирғизистон билан бирга Россиянинг минтақадаги энг яқин иттифоқчилари сифатида кўрилади.
Россия қолган барча Марказий Осиё давлатлари мисолида бўлгани каби Тожикистоннинг ҳам энг йирик савдо-иқтисодий, ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкори саналади.
Йилларки, Россия энг кўп сондаги тожикистонликлар учун меҳнат бозори вазифасини ҳам бажариб келади.
Ўзбекистон ва Қирғизистон мисолида бўлгани каби Россияда меҳнат муҳожирлигида банд фуқаролари ортга юбориб келаётган йирик миқдордаги маблағлар Тожикистон иқтисоди учун ҳам муҳим аҳамият касб этиб келади.
Қолган Марказий Осиё давлатларидан фарқли тарзда, Тожикистонда, бундан ташқари, Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси ҳам жойлашган.
Тожикистон Қозоғистон ва Қирғизистон билан бирга Россия шамсияси остидаги ва ўзининг Тезкор кучларига эга Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига ҳам аъзо.
Қолган аксарият Марказий Осиё давлатлари билан таққосланганда, Украина уруши борасида расман деярли баёнот бермасликни маъқул кўриб келаётган давлат сифатида эътиборга тушган.
Марказий Осиё Россия, АҚШ ва Хитой мисолида дунёнинг глобал геосиёсий, геоиқтисодий ва ядровий қудратлари манфаатлари тўқнашган минтақалардан бири бўлади.
Улар сўнгги йилларда постсовет ҳудудидаги Россия ўзининг сиёсий ва геосиёсий орбитасига янада кучлироқ тортиш илинжида бўлган мамлакатлар сифатида кўрилишади.
Қолган Марказий Осиё давлатлари ҳам Тожикистон каби Россиянинг Украинадаги урушини тўғридан-тўғри на-да расман қоралашган ва на-да ошкора қўллашган, каттаю кичик минбарларда ўзларининг бу борада нейтрал мавқеъда эканликларини намоён этиб келишади.
Аммо Ўзбекистон ва Қозоғистон Украина мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олишлари, Украинага инсонпарвалик кўмаги юборишлари, бу масаланинг тинч йўл билан ҳал қилиниши тарафдори эканликларини бир эмас, бир неча бор таъкидлашган.
Қудратларга нисбатан ташқи сиёсатда ўзларининг миллий манфаатларига содиқ қолишларини баён қилишган.
Ўзи Украинага очган уруш сабаб, Ғарбнинг устма-уст санкциялари остида қолиши эса, Россияни айнан минтақа давлатлари билан ҳар томонлама алоқаларини янада кучайтириш, шу йўл билан ҳам жазо чоралари оқибатларини юмшатишга ундаган.
Расмий Кремлнинг бу каби саъй-ҳаракатлари Ғарбнинг эътиборидан четда қолмаган, Ғарб Марказий Осиёни давлатларини устма-уст огоҳлантирган, санкцияларни четлаб ўтишида Россияга кўмак берган тақдирларида, иккиламчи санкцияларга юз тутишларини айтган, Қирғизистон мисолида айрим минтақа давлатларига эса, аллақачон ўзининг жазо чораларини қўллаб бўлган.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.




























