Янгиликлар: Украина уруши Марказий Осиёни ортиқ қўрқита олмайдими, Ўзбекистон-чи, ким томон ёки минтақа шунчалик бирлашдими? O'zbekiston Rossiya Xitoy Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Rasmiy
Минтақада янги баёнотлар янгради...
Алоқадор мавзулар:
Тожикистон шу кунларда минтақадаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига қаратди.
Украина уруши борасида ўзининг камдан-кам баёнотларининг бирини берди.
Урушнинг минтақадаги иқтисодий ва геосиёсий мувозанатга таъсирига ҳам ўзлари мисолида ойдинлик киритгандек бўлди.
Тожикистон Қирғизистон билан бирга Россиянинг минтақадаги энг яқин иттифоқчилари сифатида кўрилади.
Россия қолган барча Марказий Осиё давлатлари мисолида бўлгани каби Тожикистоннинг ҳам энг йирик савдо-иқтисодий, ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкори саналади.
Йилларки, Россия энг кўп сондаги тожикистонликлар учун меҳнат бозори вазифасини ҳам бажариб келади.
Тожикистонда, бундан ташқари, Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси ҳам жойлашган.
Тожикистон Қозоғистон ва Қирғизистон билан бирга Россия шамсияси остидаги ва ўзининг Тезкор кучларига эга Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига ҳам аъзо.
Қолган аксарият Марказий Осиё давлатлари билан таққосланганда, Украина уруши борасида расман деярли баёнот бермасликни маъқул кўриб келаётган давлат сифатида эътиборга тушган.

Сурат манбаси, .
Тожикистон томонининг кутилмаганда баён қилишича, "Тожикистон Россия ва Украина ўртасидаги ҳодиса бўйича нейтрал мавқеъни эгаллайди. Ҳеч бир томонга устунлик бермайди".
Мамлакат президенти қошидаги Стратегик тадқиқотлар маркази директори 4 август куни матбуот анжумани берди.
Хайриддин Усмонзоданинг баён қилишича, Тожикистон Россия ва Украинадаги воқеаларнинг мамлакат иқтисодий ҳаётига салбий таъсирини камайтиришга ҳам муваффақ бўлган.
Унга кўра, бунга Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг мустаҳкамланиши имкон берган.
Стратегик тадқиқотлар маркази директорининг айтишича, Тожикистон икки давлат ўртасидаги воқеаларда прагматик сиёсат олиб борган.
Шунинг учун бу можаро Тожикистоннинг иқтисодий ривожланиш суръатига у қадар таъсир қилмаган.
"Биз мавжуд вазиятда минтақа давлатлари алоқаларимизни мустаҳкамлашга ҳаракат қилаяпмиз. Бугунги кунда минтақа давлатлари ўзларининг иқтисодий алоқаларини бир-бирига яқинлаштирди. Марказий Осиё мамлакатлари орасидаги иқтисодий муносабатларнинг мустаҳкамланиши Россия ва Украина ўртасидаги воқеаларнинг Тожикистон иқтисодий ҳаётига салбий таъсирини камайтириш имконини берди", - деб айтган Хайриддин Усмонзода.

Сурат манбаси, Reuters
У Украинадаги воқеалардан кейин Тожикистонда Россиянинг мавқеи заифлашиб, Хитойнинг таъсири кучайганига оид баҳоларни ҳам рад этган.
Хитой эса, Тожикистон ва шу жумладан, қолган минтақа давлатларининг ҳам энг йирик кредитори ҳамда сармоячиларидан бири бўлади, жорий пайтда минтақадаги энг қудратли геоиқтисодий куч саналади, минтақада Марказий Осиёни ҳам ўз ичига кўп миллиард долларлик лойиҳалар билан чиққан ва чиқа олган дунёнинг ягона давлати бўлади.
Яқинда Марказий Осиё билан ҳар томонлама ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган улкан лойиҳасини ошкор қилган, ўзининг бу режаси билан минтақа қолиб, дунёда эътиборни ўзига тортган.
Тожикистон президенти қошидаги Стратегик тадқиқотлар маркази раҳбарининг баён қилишича, мамлакати "барча қудратли давлатлар билан мувозанатни сақлайди ва бу ҳолатда ҳеч бир томонга устунлик бермайди".
"Тожикистон сиёсати апрробация жараёнини бошидан кечирмоқда. Бу ҳам минтақавий, ҳам трансминтақавий даражада кўзга ташланади. Баъзи бошқа мамлакатлардаги хавфсизлик ҳамда иқтисодий жабҳаларда юз берган силкинишлар Тожикистонда кузатилмади", - дея қўшимча қилган Стратегик тадқиқотлар маркази раҳбари.

Сурат манбаси, Reuters
Россия қўшинлари Украинага 2022 йилнинг 24 февралида кирган, Путин буни "махсус амалиёт", Украина ва Ғарб эса, тўлақонли уруш, деб атаган.
Мамлакатининг бу ҳақдаги расмий мавқеига ойдинлик киритар экан, шу йил февраль ойида Тожикистон Ташқи ишлар вазири гапни калтa кесган.
Сирожиддин Муҳриддин, "Бизнинг стратегик шеригимиз - Россия ва Украина билан муносабатларимиз яхши. Биз бу можароларга тезроқ барҳам берилиши тарафдоримиз", - деб айтган.
Марказий Осиё Россия, АҚШ ва Хитой мисолида дунёнинг глобал геосиёсий, геоиқтисодий ва ядровий қудратлари манфаатлари тўқнашган минтақалардан бири бўлади.
Улар сўнгги йилларда постсовет ҳудудидаги Россия ўзининг сиёсий ва геосиёсий орбитасига янада кучлироқ тортиш илинжида бўлган мамлакатлар сифатида кўрилишади.
Қолган Марказий Осиё давлатлари ҳам Тожикистон каби Россиянинг Украинадаги урушини тўғридан-тўғри на-да расман қоралашган ва на-да ошкора қўллашган, каттаю кичик минбарларда ўзларининг бу борада нейтрал мавқеъда эканликларини намоён этиб келишади.
Аммо Ўзбекистон ва Қозоғистон Украина мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олишлари, Украинага инсонпарвалик кўмаги юборишлари, бу масаланинг тинч йўл билан ҳал қилиниши тарафдори эканликларини бир эмас, бир неча бор таъкидлашган.
Қудратларга нисбатан ташқи сиёсатда ўзларининг миллий манфаатларига содиқ қолишларини баён қилишган.
Расмий Тошкент бунга қўшимча, Ўзбекистон ҳеч қандай халқаро ҳарбий блокка қўшилмаслигини ҳам баён қилган.
Ўзи Украинага очган уруш сабаб, Ғарбнинг устма-уст санкциялари остида қолиши эса, Россияни айнан минтақа давлатлари билан ҳар томонлама алоқаларини янада кучайтириш, шу йўл билан ҳам жазо чоралари оқибатларини юмшатишга ундаган.
Расмий Кремлнинг бу каби саъй-ҳаракатлари Ғарбнинг эътиборидан четда қолмаган, Ғарб Марказий Осиёни давлатларини устма-уст огоҳлантирган, санкцияларни четлаб ўтишида Россияга кўмак берган тақдирларида, иккиламчи санкцияларга юз тутишларини айтган, айрим минтақа давлатлари мисолида эса, аллақачон жазо чораларини жорий этиш ҳаракатида эканлиги ҳам маълум бўлган.
"Ўзбекистон ким томон?"

Сурат манбаси, .
Шавкат Мирзиёев бугун "Ўзбекистон ким томон?", деган "оғир савол"га яқинда шахсан ўзи жавоб берган.
Бу дунёнинг глобал геосиёсий ва геоиқтисодий қудратлари рақобати янада кучайган минтақада бугун халқаро эътиборда бўлган савол ҳам бўлади.
Ўзбекистон президентининг маълум қилишича, "замон жуда мураккаб" ва ҳозир"катта, катта давлатлар" томонидан худди шу каби савол қаршисида қолишган.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни ўз томонларига ўтишга "қаттиқ, қаттиқ даъват қилаётган" мамлакатлар номига тўхталмаган.
Аммо Ўзбекистон президентининг сўнгги баёноти минтақада геосиёсий тангликни янада кучайтирган Россия Украинага очган уруш манзарасида янграган.
Россия, Ғарб, Европа вакилларининг Ўзбекистон, Марказий Осиёга ташрифлари ўта фаоллашган, ҳар икки томоннинг ҳам минтақа давлатларига янада яқинлашиш ва улар билан алоқаларини ҳар томонлама кучайтириш илинжи, ҳаракатида бўлган, минтақани ўзларининг муҳим ҳамкорлари, дея атаётган, + форматидаги мулоқотларига зўр бераётган бир пайтга тўғри келган.
Путин Ўзбекистонни ҳам қолган Марказий Осиё давлатлари каби Россиянинг сиёсий орбитасига тортмоқчи, деган жиддий хавотирлар бўй кўрсатиб турган бир фонда кузатилган.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг худди шу каби ташрифлар манзарасида расман аксар ноаён қолаётган мавқеига шахсан ўзи ва қатъий аниқлик киритган.
Ўзбекистон президенти бу саволга жавоб фақат "битта" эканини таъкидлаган.
"Бир томонман - миллатим, халқим, буюк Ўзбекистонимнинг манфаати учун ўлишга ҳам тайёрман, деб жавоб бериши"ни баён қилганди.
Минтақавий кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон президенти ўзининг айни мазмундаги жавоби билан "тараф талашаётган" қудратларга нисбатан ташқи сиёсатда ўзларининг миллий манфаатларига содиқ қолишларини таъкидлаган.
Aйнан мустақил Ўзбекистон минтақанинг кўпқутбли ташқи сиёсат юритиш ҳаракатида бўлган давлати бўлади.
Ҳали-ҳануз Россия шамсияси остида бўлган ва расмий Кремлнинг геосиёсий, геоиқтисодий лойиҳалари саналувчи аксарият ҳарбий, сиёсий, иқтисодий ташкилот ва иттифоқларга тўлақонли аъзо бўлиб кирмаган.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek





























